Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2201-2201/3584 Дата решения 07.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Маҳмудов Шуҳрат Муҳаммадович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение CHINOBOD OIL масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый XORAZMYO'LINDUSTRIYA унитар корхонаси
Source ID 1034679 Claim ID 3133614 PDF Hash 308a6538f28291d0... Загружено 09.04.2026 07:57 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 8
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 297-моддаси ИПК 297 law
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
ФКнинг 248-моддаси ФКнинг 248 law
бандининг иккинчи хатбошисини ФКнинг 116-моддаси бандининг иккинчи хатбошисини ФК 116 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2201-2201/3584-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – М.Қазақов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – И.Тешаев Кассация инстанциясида маърузачи судья – Ш.Маҳмудов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 7 март Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Ш.Маҳмудовнинг раислигида, судьялар А.Абдуллаев ва Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, даъвогарнинг вакили А.Рахимов (раҳбар)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг “Chinobod oil” масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар “Xorazmyo’lindustriya” унитар корхонасидан 333.224.708 сўм асосий қарз ва 66.644.941 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд қарорлари устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан берилган кассация шикоятини Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Chinobod oil” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Xorazmyo’lindustriya” унитар корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2022 йил 1 июлда ёқилғимойлаш маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида 398-сонли шартнома тузилган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда палата деб юритилади) мазкур шартномага асосан даъвогар томонидан жавобгарга жами 607.345.000 сўмлик дизел маҳсулоти етказиб берилган, бироқ, жавобгар томонидан етказиб берилган маҳсулот учун 293.160.000 сўм тўланиб, қарзнинг қолган қисми тўланмаган, натижада жавобгарнинг даъвогар олдида 333.224.708 сўм қарздорлиги вужудга келган деб ҳисоблаб, даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 333.224.708 сўм асосий қарз ва 66.644.941 сўм пеня ундириб беришни сўраган. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 314.185.000 сўм асосий қарз, 19.039.708 сўм пеня ундириш белгиланган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Палата суд қарорлари устидан кассация шикояти бериб, шикоятда Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 декабрдаги қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўзгартиришни сўраган. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогарнинг вакили илтимоснома билан мурожаат қилиб, корхона вакили Жиззах вилоят судига кетганлиги сабабли ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўради. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 171-моддаси биринчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошисига кўра, суд кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда ишни суд мажлисида кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса, ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли. Судлов ҳайъати, даъвогар ўзининг вакили суд мажлисига узрли асосга кўра кела олмаслик сабабларини ИПКнинг юқорида қайд этилган талабига биноан асосламаганлигини, ишни даъвогарнинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисоблашга асос мавжуд бўлмаганлигини ҳамда суд мажлисида даъвогар раҳбарининг ўзи бевосита қатнашиб турганлигини инобатга олиб, илтимосномани қаноатлантиришни рад этишни лозим топди. Даъвогарнинг вакили кассация шикоятини қувватлаб, уни қаноатлантиришни сўради. Палата ва жавобгар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, суд мажлисида вакили иштирокини таъминламади. ИПК 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни палата ва жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати, даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйидагиларга кўра, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2022 йил 1 июлда тузилган ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисидаги 398-сонли шартномага кўра, даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 17 июлдаги 980-сонли ҳисоб-фактурага асосан 533.160.000 сўмлик, 2022 йил 25 июлдаги 1023-сонли ҳисоб-фактурага асосан 74.185.000 сўмлик, жами 607.345.000 сўмлик дизел маҳсулоти етказиб берилган. Бироқ, жавобгар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун 293.160.000 сўм тўланган ва натижада жавобгарнинг даъвогар олдида 314.185.000 сўм қарздорлиги вужудга келган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур холатда тарафларнинг мажбуриятлари маҳсулот етказиб бериш шартномасидан келиб чиққан. ФКнинг 437-моддаси кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.3-бандига биноан, сотиб олувчи (жавобгар) ёқилғи мойлаш маҳсулотини қабул қилиб олган кундан бошлаб 3 календарь кун ичида сотувчининг (даъвогар) ҳисоб рақамига қабул қилиб олинган ЁММни имзоланган ҳисоб-варақ фактура бўйича тўлаб бериши шарт. Бироқ, жавобгар томонидан шартноманинг ушбу банди талаблари лозим даражада бажарилмасдан, 314.185.000 сўм қарздорлик белгиланган муддатда тўлаб берилмаган. Шартноманинг 4.4-бандида, сотиб олувчи ЁММ нархини белгиланган вақтдан кечиктириб тўласа, тўлов биринчи навбатда акцептсиз равишда ҳисобланган пеняни қоплашга, қолган қисми асосий қарзни қоплашга йўналтирилиши белгиланган. Даъвогар томонидан шартноманинг ушбу банди асос қилиниб, жавобгар томонидан тўланган 293.160.000 сўмнинг 19.039.708 сўми ҳисобланган пеняни қоплашга йўналтирилган. Шунга асосан жавобгардан 314.185.000 сўм асосий қарз эмас, балки 333.224.708 сўм асосий қарз ундириш сўралган. ФКнинг 248-моддасига кўра, амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганида, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса — қарзнинг асосий суммасини узади. Мазкур моддада неустойкани қоплаш назарда тутилмаган. Қолаверса, неустойка ундириш ҳақидаги талаб низоли бўлиб, судлар неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги, мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли миқдорини белгилашлари шарт. Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 2-бандида тушунтириш берилган. Шунга кўра, биринчи инстанция суди шартнома 4.4-бандининг иккинчи хатбошисини ФКнинг 116-моддасига биноан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисоблаб, асосий қарзни ундириш ҳақидаги даъво талабининг 314.185.000 сўмлик қисми ишдаги далиллар билан тўлиқ ўз исботини топганлигини инобатга олиб, даъвонинг ушбу талабини 314.185.000 сўмга қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиб, асосли хулосага келган. Даъво аризасида шунингдек, жавобгардан 66.644.941 сўм пеня ундириш сўралган. Шартноманинг 4.4-бандида, сотиб олувчи ЁММ қийматини шартноманинг 2.3-бандида белгиланган муддатда тўламаган тақдирда, кечиктирилган тўлов суммасининг ҳар бир кунига 0.4 фоизи миқдорида, бироқ кечиктирилган сумманинг 50 фоизидан ошмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган. ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга. Биринчи инстанция суди, ФКнинг 326-моддаси талаблари асосида ундирилиши сўралаётган 66.644.941 сўм пеня суммасини 19.039.708 сўмга камайтирган ҳолда қаноатлантириб, қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиб, тўғри хулосага келган. Қайд этилганларни инобатга олиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, қонуний қарор қабул қилган. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Судлар моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилганлар, шу сабабли суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса, қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Шунга кўра, судлов ҳайъати кассация шикояти учун олдиндан тўланган 30 000 сўм почта харажатини жавобгарнинг зиммасида қолдиришни, давлат божини низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисоблаб, 666 449,41 сўм давлат божини ва 75 000 сўм видеоконференцалоқа харажатларини жавобгардан ундиришни лозим топди. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: “Chinobod oil” масъулияти чекланган жамиятининг ишни кўришни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилсин. Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори ва Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилоят ҳудудий бошқармасининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “Chinobod oil” масъулияти чекланган жамиятидан: - Республика бюджетига 666 449,41 сўм давлат божи; - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳисоб рақамига 75 000 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилсин. Ижро варақалари берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Р.Хайдаров