Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2219/6138 Дата решения 07.03.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Ҳайдаров Рустам Раҳмонович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "VIRIDIAN INVENTUM" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "ABDULLAJON OTA" фермер хўжалиги
Source ID 1034670 Claim ID 3099309 PDF Hash e04269e789bdadc3... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 325-моддаси ИПКнинг 325 law
Ушбу Кодекснинг 327-моддаси Ушбу Кодекс 327 code_article
чунки бу ИПК 327-моддаси чунки бу ИПК 327 law
ИПК 305-моддаси ИПК 305 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2219/6138-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья – Н.Хамидов Апелляция инстанциясида ажрим қабул қилган судья – Б.Кеунимжаева Кассация инстанциясида маърузачи судья – Р.Хайдаров ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 7 март Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “Viridan inventum” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Қодирхўжаев иштирокида, “Viridan inventum” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар “Abdullajon ota” фермер хўжалигидан 634 037 473 сўм асосий қарз, 248 807 318 сўм жарима ундиришни тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан чиқарилган Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 декабрдаги ажрими устидан жавобгар “Abdullajon ota” фермер хўжалиги томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “Viridan inventum” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва “Abdullajon ota” фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2021 йил 9 декабрда 2020 йил 25 декабрда 02/СКО/20-DAN-сонли шартнома тузилган бўлиб, унга кўра, даъвогар жавобгарга тегишли 30 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Жавобгар томонидан 2021 йил 23 апрелда даъвогарга бажариладиган ишлар учун 37-сонли тўлов топшириқномасига асосан 571 970 848 сўм аванс ўтказиб берилган. Даъво аризасида даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятлар лозим даражада бажарилиб, жавобгарга 637 397 473 сўмлик томчилаб суғориш ускуналари етказиб берилганлигини ва жавобгар томонидан қабул қилиб олинганлигини, бироқ жавобгар томонидан шартномавий мажбуриятлар лозим даражада бажарилмасдан етказиб берилган товарлар учун қисман тўлов амалга оширилиб, 634 037 473 сўм қисми тўлаб берилмаганлиги баён қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси даъвогар манфаатида иқтисодий судга мурожаат қилиб, жавобгардан 634 037 473 сўм асосий қарз, 248 807 318,88 сўм жарима ундиришни сўраган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 1 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 634 037 473 сўм асосий қарз, 34 833 000 сўм жарима, 21 600 сўм почта харажати ундирилган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 16 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 1 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилган, ҳал қилув қарори хулоса қисмининг жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилган 634 037 473 сўм асосий қарз қисми 436 414 063 сўмга ва ундирилган 34 833 000 сўм жарима қисми 7 856 000 сўмга, жавобгар ҳисобидан республика бюджетига ундирилган 17 656 895 сўм давлат божи қисми 13 092 391,88 сўмга ўзгартирилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг қароридан норози бўлиб, жавобгар апелляция шикояти билан мурожаат қилган 2022 йил 16 августдаги қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиб, бекор қилиш тўғрисидаги ариза берган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 декабрдаги ажрими билан жавобгарнинг иш бўйича 2022 йил 16 августда чиқарилган қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган. Иш юзасидан чиқарилган апелляция инстанция судининг 2022 йил 22 декабрдаги ажрими устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатини бекор қилишни сўраган. Мазкур ажрим устидан жавобгар томонидан кассация шикояти берилиб, унда тарафлар ўртасидаги шартномага асосан фермер хўжалиги томонидан даъвогарга 571 970 848 сўм тўлаб берилганлиги, сўнг Чирчиқ туманлараро иқтисодий суднинг 2021 йил 20 октябрдаги 4-1102-2101/1714-сонли ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар жавобгар манфаатида берилган даъво аризаси қаноатлантирилиб, даъвогардан жавобгар фойдасига 571 940 848 сўм ундирилганлигини, тарафлар ўртасидаги қурилиш пудрати шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги даъво талаби кўрмасдан қолдирилгани, ушбу ҳал қилув қарори асосида берилган ижро варақаси бўйича даъвогардан жавобгар фойдасига 163 669 000 сўм ундирилгани, мазкур иш бўйича апелляция инстанция судининг 2022 йил 16 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 1 апрелдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилгани, ҳал қилув қарори хулоса қисмининг жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилган 634 037 473 сўм асосий қарз қисми 436 414 063 сўмга ва ундирилган 34 833 000 сўм жарима қисми 7 856 000 сўмга, жавобгар ҳисобидан республика бюджетига ундирилган 17 656 895 сўм давлат божи қисми 13 092 391,88 сўмга ўзгартирилгани, натижада ўзаро ҳисоб китоб натижасида бугунги кунда жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 35 968 579 сўмни ташкил этганлиги сабабли апелляция инстанциясининг 2022 йил 16 августдаги қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилишни сўраб берилган ариза, апелляция инстанция суди томонидан асоссиз рад этилганлигини, шу сабабли апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 22 декабрдаги ажримини бекор қилиб, жавобгар томонидан берилган апелляция инстанциясининг 2022 йил 16 августдаги қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакили тушунтириш бериб, ҳақиқатдан ҳам суд ҳужжатларига асосан жавобгарнинг даъвогар олдида 35 968 579 сўм қарздорлиги қолганлигини, бироқ, аризада кўрсатилган ҳолатлар апелляция инстанцияси судининг қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлмаслигини билдириб, ажримни ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинган Палата ва жавобгар вакиллари суд мажлисида иштирок этмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунга кўра судлов ҳайъати ишни Палата ва жавобгар вакили иштирокисиз кўришни лозим топди. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахснинг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ИПКнинг 325-моддасига кўра, суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин. Ушбу Кодекснинг 327-моддасига асосан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат: 1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар; 2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса; 3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари; 4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 111-сонли Қарорининг 4-бандида янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлаолмаслиги, чунки бу ИПК 327-моддасининг 1-банди мазмунига зид бўлиши, янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлмасдан, ишни апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳолатда ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш мумкин эмаслиги, бундай ҳолларда иқтисодий суд кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд эмаслигига асосланиб, ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни рад этиши лозимлиги, суд ҳужжати қабул қилингандан кейин вужудга келган янги ҳолатлар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун эмас, балки янги даъво билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунтиришлар берилган. Мазкур ҳолатда ишни апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун асос сифатида билдирилган важлар, яъни аввал қабул қилинган Чирчиқ туманлараро иқтисодий суднинг 2021 йил 20 октябрдаги 4-1102-2101/1714-сонли ҳал қилув қарори, мазкур иш бўйича қабул қилинган апелляция инстанцияси қарори ва тарафларнинг бир бирига тўлаган тўловлари ҳисоб-китоби натижасида бугунги кунда жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарздорлиги 35 968 579 сўмни ташкил этиши ва бу қарздорлик тарафлар имзолаган солиштирма далолатнома билан ўз исботини топганлиги ҳақидаги важлари қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлмайди. Қайд этилган Пленум қарорининг 5-бандида суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлаётган ҳолатлар жиддий бўлиши, яъни суд ҳужжатини қабул қилишда иқтисодий суд хулосасига таъсир кўрсатадиган даражада бўлиши лозимлиги, бу ҳолат иқтисодий суд томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далиллар эмас, балки айнан юридик фактларнинг ўзи бўлиши лозимлиги, суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкинлиги, агар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш давомида суд келтирилган далиллар аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлганлигини аниқласа, янги очилган ҳолатлар бўйича келтирилган аризани қаноатлантириш рад этилиши лозимлиги ҳақида тушунтирилган. Мазкур ҳолатларга асосан апелляция инстанция суди жавобгарнинг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризасида келтирилган ҳолатлар янги очилган ҳолат, яъни айнан юридик фактларнинг ўзи эмас, балки иқтисодий суд томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далил ҳисобланиши сабабли уни қаноатлантиришни рад этиб тўғри хулосага келган. ИПК 305-моддасининг иккинчи қисмига кўра, апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган кассация шикояти (протести) ушбу бобда кассация шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кассация инстанцияси суди томонидан кўрилади. Ушу модда учинчи қисмининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор, апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган шикоятни кўриш натижалари бўйича биринчи инстанция судининг ажримини, қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилган ҳолда асосли ажрим чиқарилган ва уни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас. Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, апелляция инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз қолдиришни, ИПК 118-моддасига асосан жавобгар томонидан шикоят беришда ихтиёрий тўланган почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим топади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301, 303, 305-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қ и л д и: Жавобгар “Abdullajon ota” фермер хўжалигининг кассация шикояти қаноатлантирмасдан, Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 22 декабрдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилсин. Қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев Р.Хайдаров