← Назад
Решение #644461 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуннинг | 37 | — | law | |
| онуннинг | 84 | — | law | |
| онуннинг | 5 | — | law | |
| онуннинг | 89 | — | law | |
| онуни | 5 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1201-2201/2060-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўришда
маърузачи судья Б.Махмудов
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья Э.Соибназаров
Кассация инстанциясида маърузачи
судья Б.Убайдуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 1 март
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати судья С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
О.Халмирзаев ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг
котиблигида, “Record profit” масъулияти чекланган жамияти вакили
Н.Шахобиддинов (2022 йил 13 июндаги 2190-сонли ордерга асосан), “Record
profit” масъулияти чекланган жамияти вакили Ж.Гайбуллаев (раҳбар)
иштирокида, мазкур иш бўйича қабул қилинган Гулистон туманлараро
иқтисодий судининг 2022 йил 9 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят
судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 декабрдаги
қарори устидан “Record profit” масъулияти чекланган жамияти томонидан
берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий
судининг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Bonito group” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда
аризачи деб юритилади) судга ариза билан мурожаат қилиб, “Record profit”
масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда қарздор деб юритилади) ни
банкрот деб топишни сўраган.
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 9 ноябрдаги ҳал қилув
қарори билан аризачининг аризаси қаноатлантирилиб, қарздор банкрот деб
топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.
Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 14 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Қарздор Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан
мурожаат қилиб, шикоятда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида
кредиторлик қарздорлик 1 149 563 011 сўмни ташкил қилиши кўрсатилганлиги,
бироқ қарздорнинг қарздорлиги ушбу суммани ташкил қилмаслиги, Ўзбекистон
Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” Қонунининг (бундан буён
матнда Қонун деб юритилади) 5-моддасида белгиланган тўловга қобилиятсизлик
аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор
қилишни сўраган.
Суд мажлисида иштирок қилган қарздор вакили кассация шикоятини
қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция
судига янгидан кўриш учун юборишни сўради.
Суд мажлисида иштирок қилган аризачи вакили кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад қилишни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг важларини эшитиб, шикоятда
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги
асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим
топади.
Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 25 январда 1-сонли олди-сотди
шартномаси тузилган. Қарздор ушбу шартномага асосан зиммасига олган
мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги сабабли аризачи олдида
368 005 896,96 сўм қарздорлик вужудга келган. Гулистон туманлараро иқтисодий
судининг 4-1201-2104/1757-сонли иш бўйича 2021 йил 17 ноябрдаги ҳал қилув
қарори билан қарздор ҳисобидан аризачи фойдасига жами 417 067 613 сўм
ундирилган.
Аризачи қарздорнинг биринчи инстанция судининг 2021 йил 17 ноябрдаги
4-1201-2104/1757-сонли ҳал қилув қарори билан ундириш белгиланган
417 067 613 сўм қарздорликни тўлаш билан боғлиқ мажбуриятларини уч ойдан
ортиқ муддатдан буён бажара олмаётганлиги важи билан қарздорни банкрот деб
топишни сўраган.
Қонуннинг 37-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, қарздорга нисбатан
тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш,
шунингдек тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги ариза билан судга
мурожаат этиш учун қарздорнинг доимий тўловга қобилиятсизлиги асос бўлади,
бешинчи қисмига кўра эса кредиторнинг қарздорга нисбатан тўловга
қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш,
шунингдек тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида ариза билан судга
мурожаат этиши учун кредитор талабларининг асослилигини тасдиқловчи
далиллар, шу жумладан суднинг қонуний кучга кирган қарори, мазкур талаблар
қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар, нотариуснинг
ижро хати асос бўлади.
Шунга кўра, биринчи инстанция судининг 2022 йил 16 августдаги ажрими
билан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиб,
кузатув таомили жорий қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат
актив-ларини бошқариш агентлиги Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси
тавсияси асосида У. Шараев муваққат бошқарувчи этиб тайинланган.
Ажримга асосан муваққат бошқарувчи томонидан зиммасига юклатилган
вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Қонуннинг 84-моддаси талаби
доирасида тегишли тартибда кредиторларнинг биринчи йиғилиши чақирилган.
Муваққат бошқарувчининг қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлили ва
ҳисоботидан кўринишича, кредиторларнинг 2022 йил 7 октябрдаги биринчи
йиғилишида рўйхатга олинган кредиторлар талаблари реестрида қарздорнинг
2022 йил 1 октябрь ҳолатига жами 1 149 563 011 сўм, шундан аризачи олдида
417 067 637,87 сўм, “Agro Teks Alliance” масъулияти чекланган жамияти олдида
276 145 412,50 сўм, “R-B Gold Texstil” масъулияти чекланган жамиятидан
250 215 974,40 сўм, “Hududgaztaminot” АЖ олдида 206 133 987 сўм миқдорида
қарзи мавжудлиги аниқланиб, кредиторлар йиғилишининг 2022 йил
7 октябрдаги қарори билан қарздорга нисбатан банкротликнинг кейинги
таомилини қўллаш, яъни тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида қарор
қабул қилинган.
Қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик
аломатлари қуйидагилардан иборат:
вақтинча тўловга қобилиятсизлик - агар тегишли мажбуриятлар юзага
келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса,
шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар
томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида
қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги;
доимий тўловга қобилиятсизлик - агар судга ариза бериш санасидаги ва
ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг
биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида
қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса.
Қонуннинг 89-моддасига кўра, кредиторларнинг биринчи йиғилишида
қуйидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилинади:
суд санацияси ёки ташқи бошқарув тартиб-таомилини жорий этиш ҳақида
илтимоснома билан судга мурожаат қилиш тўғрисида;
қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш
ҳақида илтимоснома билан судга мурожаат этиш тўғрисида;
кредиторлар қўмитаси аъзоларининг сони ва уларни сайлаш тўғрисида;
санация қилувчи бошқарувчининг, ташқи бошқарувчининг ёки тугатувчи
бошқарувчининг номзодларини маъқуллаш тўғрисида;
ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалалар бўйича.
Қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, биринчи инстанция суди аризани
қаноатлантириб, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни
бошлаш, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз
қолдириш тўғрисида асосли хулосага келган.
Кассация шикоятида келтирган важлар, жумладан шикоятда биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорида кредиторлик қарздорлик
1 149 563 011 сўмни ташкил қилиши кўрсатилганлиги, бироқ қарздорнинг
қарздорлиги ушбу суммани ташкил қилмаслиги, Қонунининг 5-моддасида
белгиланган тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги
важлари асоссиз бўлиб, суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўлмайди.
Чунки, Мажбурий ижро бюроси Гулистон шаҳар бўлимининг 2022 йил
29 сентябрдаги 10/1913-22-сонли хатида аризачи олдида 417 067 637,87 сўм,
“Agro Teks Alliance” масъулияти чекланган жамияти олдида 276 145 412,50 сўм,
“R-B Gold Texstil” МЧЖдан 250 215 974,40 сўм, “Hududgaztaminot” АЖ олдида
206 133 987 сўм миқдорида қарзи мавжудлиги қайд этилган.
Шунингдек, тугатиш бошқарувчиси ҳисоботига кўра, қарздорнинг соф
активлари қиймати 74 445 300 сўмни, бошқа корхоналардан дебиторлик
қарздорлиги 786 734 400 сўмни ташкил қилган. Мазкур ҳолатда қарздорнинг
мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган ва тўловга
қобилиятсизлик аломатлари мавжудлиги ўз тасдиғини топган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация
инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича
ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати Гулистон туманлараро иқтисодий
судининг 2022 йил 9 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сирдарё вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 декабрдаги қарорини
ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, кассация
шикояти учун тўланган суд харажатларини қарздор зиммасида қолдиришни,
қарздордан Олий суд депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм ишни суд мажлисини
видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларини
ундиришни, ижро варақа беришни лозим топади.
Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Гулистон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 9 ноябрдаги ҳал қилув
қарори ва Сирдарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 14 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти эса
қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
“Record profit” масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм суд
харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
С.Рахмонов
ҳайъат аъзолари:
О.Халмирзаев
Б.Убайдуллаев