← Назад
Решение #644553 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
2
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| аролик кодекси | 114 | — | code_article | |
| ФКнинг | 14 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1502-2201/885-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўришда
маърузачи судья М.Мирмаксудов
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья М.Умаров
Кассация инстанциясида маърузачи
судья Б.Убайдуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 1 март
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати судья С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
О.Халмирзаев ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг
котиблигида, “PALMA GULLAR OLAMI” масъулияти чекланган жамияти
вакиллари Г.Умаров (раҳбар), Н.Раимкулов (2022 йил 25 апрелдаги 1282-сонли
ордерга асосан), “VODIY GAZ” масъулияти чекланган жамияти вакиллари
Ж.Хасанов (раҳбар), Ф.Хакимов (2022 йил 13 июлдаги 2196-сонли ордерга асосан)
иштирокида, мазкур иш бўйича қабул қилинган Фарғона вилоят суди иқтисодий
ишлар бўйича апелляция судлов ҳайъатининг 2022 йил 12 октябрдаги қарори
устидан “PALMA GULLAR OLAMI” масъулияти чекланган жамияти томонидан
берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий
судининг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб
чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“PALMA GULLAR OLAMI” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади) “VODIY GAZ” масъулияти чекланган жамияти
(бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси
билан мурожаат қилиб, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2016 йил 20 сентябрь куни
тузилган келишув битими Қўқон туманлараро иқтисодий судининг
2021 йил 1 мартдаги ҳал қилув қарори билан хақиқий эмас деб топилганлиги
сабабли, битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллашни ва жавобгарга
даъвогарга тегишли бўлган Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42 “а”-уй манзилида қайд
этилган, қиймати 308 797 300 сўм бўлган 1,3 га ер майдони ва ундаги мавжуд
бино-иншоотларни натура ҳолида қайтариш мажбуриятини юклаш; жавобгар
томонидан қурилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчаси
бино-иншоотларини ўз ҳисобидан бузган ҳолда Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси
42 “а”-уйдан мажбурий тартибда кўчириш, натура ҳолида қайтариш имкони
бўлмаган ва муқаддам даъвогарга тегишли бўлган 0018-литердаги ҳовуз ва
0002-литердаги молхона бино-иншоотлари, 2 200 м2 асфальт майдони ҳамда
1 525 туп дарахт кўчатларининг жами 179 112 700 сўмлик қийматини пул
кўринишида ундириш, жавобгар томонидан 2016 йилнинг октябр ойидан
2022 йилнинг май ойига қадар мол-мулкдан фойдаланиб келганлик эвазига олинмай
қолган 628 090 000 сўм бой берилган фойдани ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 15 августдаги ҳал қилув қарори билан
даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан 0003-литердаги сауна,
0004-литердаги шийпон ва 1,3 га ер майдони даъвогарга олиб берилиши, жавобгар
ўзи томонидан қурилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчаси бино
иншоотларини ўз ҳисобидан бузган ҳолда, Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42-А уйдан
мажбурий тартибда кўчирилган. Жавобгар ҳисобидан 179 112 700 сўм зарар,
628 090 000 сўм бой берилган фойда ундирилган. Даъво талабларининг қолган
қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2021 йил 27 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш бўйича
янги қарор қабул қилинган. Даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш рад
этилган.
Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қарори
устидан даъвогар норози бўлиб кассация шикояти билан мурожаат қилган.
Кассация шикоятида даъвогар ўзига тегишли бўлган бино-иншоотларни
2016 йил 20 сентябрдаги келишув битимига асосан жавобгарнинг низом фондига
топширганлиги, бироқ жавобгар даъвогарга дивидент бермаганлиги, келишув
битими суд қарорига асосан ҳақиқий эмас деб топилганлиги, битимнинг ҳақиқий
эмаслиги оқибатларини қўллаш объект қисман бузилганлиги ва объектнинг
қиймати борасида низо бўлганлиги учун алоҳида даъво таратибида кўриб чиқиш
лозим деб топилганлиги, апелляция инстанцияси суди даъво талабларини
қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида нотўғри хулосага келганлиги ҳақида
важлар келтириб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал
қилув қарорини ўз кучида қолдириш сўралган.
Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакиллари кассация шикоятини
қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал
қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўрадилар.
Суд мажлисида иштирок қилган жавобгар вакиллари кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад қилишни сўрадилар.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг важларини эшитиб, шикоятда
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги
асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.
Аниқланишича, жавобгарнинг таъсисчиларининг 2016 йил 1 августдаги
02-сонли умумий йиғилиш қарорига асосан “PALMA GULLAR OLAMI” хусусий
корхонаси ўзига тегишли бўлган Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган
1,3 га ер майдонидаги бино ва иншоотлар билан 45 000 000 сўмлик 15 фоиз улуш
билан жамият иштирокчилари сафига кирган.
2016 йил 1 августда жавобгар ва даъвогар ўртасида мулкларни топшириш ва
қабул қилиб олиш тўғрисида далолатнома тузилиб, унда жавобгар таъсисчилари
сафига 15 фоиз улуш билан кираётган “PALMA GULLAR OLAMI” хусусий
корхонаси томонидан 45 000 000 сўм миқдоридаги ўзига тегишли бўлган Қўқон
шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган 1,3 га ер майдонидаги бино ва
иншоотлар тўлиқ топширилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги кўрсатилган.
Жавобгар иштирокчиларининг 2016 йил 1 августдаги 02-сонли умумий
йиғилиш қарори билан жамият таъсис ҳужжатлари (Низом ва Таъсис
шартномаси)га тегишли ўзгартиришлар киритилиб, янги таҳрирда тасдиқланган ва
Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази томонидан
2016 йил 8 августда 1541-сонли реестр рақами билан қайта давлат рўйхатидан
ўтказилган.
Жавобгар таъсис ҳужжатларига кўра, жамиятнинг низом жамғармаси (устав
фонди) 300 000 000 сўм этиб белгиланиб, иштирокчилар ўртасида қуйидагича
тақсимланган, яъни: “Бешариқ метан газ сервис” масъулияти чекланган жамияти
улуши -50 фоиз ёки 150 000 000 сўм, Ўринов Бахтиёр Турдалиевич улуши - 20 фоиз
ёки 60 000 000 сўм, Турдалиев Мухаммад Аюбхон Бахтиёржон ўғли
улуши - 15 фоиз ёки 45 000 000 сўм, “PALMA GULLAR OLAMI” хусусий
корхонасининг улуши - 15 фоиз ёки 45 000 000 сўм. Таъсис ҳужжатларида “PALMA
GULLAR OLAMI” хусусий корхонасининг улуши Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси
42-уйда жойлашган 1,3 га ер майдонидаги бино-иншоотлардан иборат бўлган.
“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар
тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб
юритилади) 11-моддасининг биринчи қисмига кўра, жамиятнинг таъсис
шартномаси ва устави жамият таъсис ҳужжатлари деб ҳисобланади; тўртинчи
қисмига асосан, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартишлар жамият
иштирокчиларининг умумий йиғилиши қарорига биноан киритилади. Жамиятнинг
таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар қонун ҳужжатларида назарда
тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак; бешинчи қисмига
мувофиқ, жамиятнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар давлат
рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга киради.
Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган 1,3 га ер майдонида
жойлашган бино ва иншоотлар “PALMA GULLAR OLAMI” хусусий корхонасининг
2016 йил 29 июлдаги қарори билан “VODIY GAZ” масъулияти чекланган жамияти
таъсисчилари сафига 15 фоиз улуш сифатида киритилиши белгиланган.
Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 4-1502-1903/1439-сонли иши бўйича
қабул қилинган 2021 йил 1 мартдаги ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатларга
кўра, “PALMA GULLAR OLAMI” хусусий корхонасининг 2016 йил 06 августдаги
1-сонли карорига асосан корхона ташкилий-ҳуқуқий шаклини “масъулияти
чекланган жамияти”га ўзгартирган ва таъсисчилар сафига фуқаролар Умаров
Фаррух Гайратжон ўғли ҳамда Умарова Азиза Акрамовналар киритилиб, “PALMA
GULLAR OLAMI” масъулияти чекланган жамияти 2016 йил 25 августда
давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб
юритилади) 50-моддасининг бешинчи қисмига кўра, бир турдаги юридик шахс
бошқа турдаги юридик шахсга айлантирилганида (ташкилий-ҳуқуқий шакли
ўзгартирилганида), қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари
топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади.
Шу сабабли даъвогар “PALMA GULLAR OLAMI” масъулияти чекланган
жамияти “PALMA GULLAR OLAMI” хусусий корхонасининг ҳуқуқий вориси
ҳисобланади.
Даъвогар ва жавобгар ўртасида 2016 йил 20 сентябрда келишув битими
тузилган бўлиб, келишув битимида “жавобгар таъсисчиларининг 2016 йил
1 августдаги 02-сонли умумий йиғилиш қарори талаблари асосида “PALMA
GULLAR OLAMI” хусусий корхонаси жамият таъсисчилар сафига ўзининг мулки,
яъни Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган 1,3 га ер майдонидаги
0001, 0002, 0003, 0004, 0005, 0012, 0018-литерлардаги бино-иншоотлари ва
2 200 м2 асфальт майдон билан “VODIY GAZ” масъулияти чекланган жамияти
Низом жамғармасига 15 фоиз улуш, яъни 45 000 000 сўм билан таъсисчи сифатида
кириши кўрсатилган.
Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 4-1502-1903/1439-сонли иши бўйича
қабул қилинган 2021 йил 1 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар таъсисчилари
Умарова Азиза Акрамовна ва Умаров Фаррух Гайратжон ўғлининг мазкур келишув
битимини ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳақиқий эмас деб топиш оқибатларини
қўллаш ҳақидаги даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар ва жавобгар
ўртасида 2016 йил 20 сентябрь куни тузилган келишув битими хақиқий эмас деб
топилган, даъвонинг битимни ҳақиқий эмас деб топиш оқибатларини қўллаш қисми
рад этилган. Апелляция инстанция судининг 2021 йил 21 апрель кунги қарори
билан биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг суд харажатларига доир
қисми ўзгартирилиб, ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2021 йил 15 июль кунги қарори билан апелляция инстанция судининг 2021 йил
21 апрель кунги қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Шундан сўнг, даъвогар жавобгарга нисбатан судга даъво аризаси билан
мурожаат қилиб, даъво аризасида 2016 йил 20 сентябрь куни тузилган келишув
битими суднинг ҳал қилув қарори билан хақиқий эмас деб топилганлигини асос
сифатида келтириб, битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўллашни ва
жавобгарга даъвогарга тегишли бўлган Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42 “а”-уй
манзилида қайд этилган, қиймати 308 797 300 сўм бўлган 1,3 га ер майдони ва
ундаги мавжуд бино-иншоотларни натура ҳолида қайтариш мажбуриятини юклаш,
жавобгар томонидан қурилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шаҳобчаси
бино-иншоотларини ўз ҳисобидан бузган ҳолда Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси
42 “а”-уйдан мажбурий тартибда кўчириш, натура ҳолида қайтариш имкони
бўлмаган ва муқаддам даъвогарга тегишли бўлган 0018-литердаги ҳовуз ва
0002-литердаги молхона бино-иншоотлари, 2 200 м2 асфальт майдони ҳамда
1 525 туп дарахт кўчатларининг жами 179 112 700 сўмлик қийматини пул
кўринишида ундириш, жавобгар томонидан 2016 йилнинг октябр ойидан
2022 йилнинг май ойига қадар мол-мулкдан фойдаланиб келганлик эвазига олинмай
қолган 628 090 000 сўм миқдоридаги бой берилган фойдани ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъво талабларини қисман қаноатлантириш
тўғрисида асоссиз хулосага келган.
Чунки, ФК 114-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, битим ҳақиқий
бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани
қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса
мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан
ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий
эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг
қийматини пул билан тўлаши шарт.
Даъвогарга тегишли бўлган Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган
1,3 га ер майдонидаги бино ва иншоотлар даъвогарнинг 2016 йил 29 июлдаги
қарорига, жавобгар жамият таъсисчиларининг 2016 йил 1 августдаги 02-сонли
умумий йиғилиш қарорига, 2016 йил 1 августдаги мулкларни топшириш ва қабул
қилиб олиш тўғрисидаги далолатномага асосан жавобгар жамиятга даъвогарнинг
15 фоиз улуши сифатида киритилган.
Ушбу йиғилиш қарори, таъсис ҳужжатлари, шунингдек, жавобгарнинг Қўқон
шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган 1,3 га ер майдонидаги бино ва
иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқининнг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини
тасдиқловчи “Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги
тўғрисида”ги FA0037769-сонли гувоҳнома, “Бино, иншоотлар ва кўп йиллик
дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида”ги
FA0080979-сонли гувоҳномалар кучда бўлиб, улар бекор қилинмаган ёки
белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилмаган.
Шу сабабли Қўқон шаҳар Адабиёт кўчаси 42-уйда жойлашган 1,3 га ер
майдонидаги бино ва иншоотлар жавобгарнинг хусусий мулки ҳисобланади.
ФК 166-моддасининиг биринчи қисмига асосан мулк дахлсиздир ва қонун
билан қўриқланади.
Шу сабабдан мазкур ҳолатда суд томонидан ҳақиқий эмас топилган
2016 йил 20 сентябрдаги келишув битими бўйича Фуқаролик кодекси
114-моддасининг иккинчи қисми қоидаларини қўллаб бўлмайди.
Бундан ташқари, даъво аризасида келтирилган жавобгар томонидан
2016 йилнинг октябр ойидан 2022 йилнинг май ойига қадар мол-мулкдан
фойдаланиб келганлик эвазига олинмай қолган 628 090 000 сўм миқдордаги бой
берилган фойдани ундиришни сўраган талаби ҳам асоссиз бўлиб ҳисобланади.
Чунки, ФКнинг 14-моддасига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни
камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига
етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда,
ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши
лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши
(ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги
фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган
даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг
натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир
қаторда бой берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда
тўланишини талаб қилишга ҳақли.
Жавобгар томонидан 1,3 га ер майдони ва ундаги бино ва иншоотлардан
жамиятга киритилган улуш сифатида фойдаланилган ва шу сабабли даъвогарнинг
ҳуқуқлари бузилмаган ва зарар етказилмаган.
Қайд этилганларни инобатга олиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув
қарорини бекор қилиш, янги қарор қабул қилиб, даъвогарнинг даъво талабларини
қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида асосли хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда
ИПК деб юритилади) 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси
суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг
2022 йил 12 октябрдаги қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини
қаноатлантирмасдан қолдиришни, кассация шикояти учун тўланган суд
харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни, даъвогардан Олий суд депозит
ҳисоб рақамига 75 000 сўм ишни суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида
ўтказиш билан боғлиқ суд харажатларини ундиришни, ижро варақа беришни лозим
топади.
Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Фарғона вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича апелляция судлов ҳайъатининг
2022 йил 12 октябрдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти эса
қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
“PALMA GULLAR OLAMI” масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм суд харажатлари
ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Б.Убайдуллаев
ҳайъат аъзолари:
О.Халмирзаев
С.Рахмонов