← Назад
Решение #645916 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
12
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 157 | — | law | |
| нинг | 235 | — | law | |
| Ушбу кодекс | 236 | — | code_article | |
| ФКнинг | 238 | — | law | |
| ФКнинг | 535 | — | law | |
| ФК | 541 | — | law | |
| ИПКнинг | 66 | — | law | |
| ИПКнинг | 68 | — | law | |
| ИПКнинг | 72 | — | law | |
| Ушбу кодекс | 74 | — | code_article | |
| ИПК | 279 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI
QASHQADARYO VILOYAT SUDI
КАШКАДАРЬИНСКИЙ ОБЛАСТНОЙ
СУД РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
180108, Qarshi sh., Bunyodkorlik ko’chasi, 10 “A”-uy
180108, г. Карши, ул. Бунёдкорлик, дом10 “А”
Tel: (75) 221 13 20, Fax: (75) 221 13 55, e-mail: i.qashqadaryo@sud.uz
ҚАРОР
(апелляция инстанцияси суди)
Биринчи инстанция судида
ишни кўрган судья О.Қурбонов
Апелляция инстанцияси судида
маърузачи судья Ҳ.Турсунов
2023 йил 28 февраль
4-1802-2201/1649-сонли иш
Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича апелляция
инстанцияси судлов ҳайъати М.Астанов раислигида, судьялар А.Арзиев ва
Ҳ.Турсуновдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Б.Холмуродовнинг
котиблигида Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил
16 декабрдаги ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар “KITOB AGRO PLAST”
масъулияти чекланган жамиятининг апелляция шикояти бўйича ишни жавобгар
вакиллари Р.Қодиров, А.Янгибоев (ишончнома асосида), даъвогар “HISOR SABZOVOT
KLASTER” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Қосимов (шахсий
маълумотнома асосида), вакиллари Э.Зокиров, Х.Бахромов, Н.Қурбонов (ишончнома
асосида), қўшимча жавобгар “OQ SAROY KLASTER” масъулияти чекланган жамияти
раҳбари Ш.Ражабов (шахсий маълумотнома асосида), вакили Н.Қурбонов
(ишончнома асосида)лар иштирокида Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий суди
кўмаклашувида видеоконференцалоқа режимида суд биносида очиқ суд мажлисида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамияти судга
даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар “KITOB AGRO PLAST” масъулияти
чекланган жамиятидан 1 175 202 000 сўм асосий қарз, 587 601 000 сўм пеня
ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 2 декабрдаги ажрими билан жавобгар
“KITOB AGRO PLAST” масъулияти чекланган жамиятининг даъвогар
“HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамияти ҳамда қўшимча
жавобгар “OQ SAROY KLASTER” масъулияти чекланган жамиятидан 60 000 000 сўм
асосий қарз, 21 600 000 сўм пеня ва суд харажатларини ундириш ҳақидаги қарши
даъво аризаси иш юритувга қабул қилинган.
Суднинг 2022 йил 7 декабрдаги ажрими билан даъвогар “HISOR SABZOVOT
KLASTER” масъулияти чекланган жамиятининг даъво миқдорини камайтириш
ҳақидаги аризасини иш юритувга қабул қилиш рад этилган.
Суднинг 2022 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво аризаси ва
қарши даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб жавобгар “KITOB AGRO PLAST”
масъулияти чекланган жамияти апелляция шикояти билан мурожаат қилиб,
биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қарши даъво аризасини
қаноатлантиришни рад этиш қисмини бекор қилиб, қаноатлантириш тўғрисида
янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган иштирок этган жавобгар вакили апелляция
шикоятида келтирилган ҳолатлар бўйича тушунтириш бериб, дастлаб тарафлар
ўртасида омонат сақлаш шартномаси тузилганлигини, ушбу шартномага асосан
даъвогар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар сақловга олинганлигини,
бироқ тарафлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келганлиги сабабли омонат
сақлаш шартномаси ижарага шартномасига ўзгартирилганлигини, унга асосан
тарафлар ўртасида қўшимча келишувлар ҳам расмийлаштирилганлигини, ижара
шартномаси бўйича даъвогар маҳсулотни 2022 йил 31 июлда олиб чиқиб кетиши
лозим бўлганлигини, аммо даъвогар маҳсулотларни сентябрь ойида олиб
кетганлигини, ижара шартномасида ижара ҳақи тўлиқ ва тўлиқсиз ой ҳисобида
тўланиши лозимлиги кўрсатилганлигини, қарздорликни тўлаб бериш ҳақида
юборилган счёт-фактурани қабул қилиш рад этилганлигини, биринчи инстанция
суди ушбу ҳолатлар ва далилларга эътибор қаратмасдан қарши даъвони
қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида асоссиз хулосага келганлигини, иш
ҳолатлари тўлиқ ва атрофлича ўрганилмаганлигини, шу сабабли қарши даъво
аризасини қаноатлантириш лозимлигини, даъвогарнинг даъво талаби асоссиз
эканлигини, тарафлар ўртасида ҳеч қандай қарздорлик ёки зарар етказилганлиги
ҳолати йўқлигини, омонат шартномаси ижара шартномасига ўзгартирилиб, барча
ҳуқуқ ва мажбуриятлар бекор бўлганлигини маълум қилиб, апелляция шикоятини
қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор
қилишни, қарши даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул
қилишни ҳамда дастлабки даъво талабини қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Даъвогар вакиллари апелляция шикоятида келтирилган важларга нисбатан
қарши эътирозлар билдириб ва ўз даъво талабини қўллаб-қувватлаб, тарафлар
ўртасида тузилган омонат сақлаш шартномаси бўйича жавобгар маҳсулотни
шартномада кўрсатилган шартларда сақлаб туриш мажбуриятини олганлигини,
аммо жавобгарнинг айби маҳсулотлар бир хил режимда сақланмаганлиги
оқибатида маҳсулотлар ўз сифатини йўқотганлигини, зарар етказилганлигини,
бу ҳақда мутахассислар иштирокида далолатнома ҳам тузилганлигини,
қарздорликни тўлаб бериш тўғрисида юборилган талабномалар ижроси оқибатсиз
қолдирилганлигини, гарчи кейинчалик ижара шартномаси бўйича қўшимча
келишувлар тузилган бўлсада, омонат сақлаш шартномасида кўзда тутилган
шартлар ўз кучини сақлаб қолганлигини, маҳсулотларни 2 сентябрь куни олиб
чиққанлигини, биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан даъво
талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида асоссиз хулосага келганлигини,
шунингдек даъво миқдорини камайтириш тўғрисида ариза ҳам иш юритувгаа
нотўғри олинмаганлигини баён қилиб, апелляция шикояти ва қарши даъво
аризасини қаноатлантиришни рад этишни ва даъво талабини тўлиқ
қаноатлантиришни сўради.
Суд муҳокамасида иштирок этган қўшимча жавобгар (“OQ SAROY KLASTER”
масъулияти чекланган жамияти) вакили қарши даъво аризасида келтирилган
важларга эътирозлар билдириб, унинг асоссиз эканлигини, қўшимча жавобгар
ижара тўловларини тўлаб бериш тўғрисида мажбурият олмаганлигини,
шартномада иштирок этмаганлигини маълум қилиб, қарши даъво талабини
қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Суд тарафлар вакилларининг тушунтиришларини эшитиб, иш ҳужжатларини
ва тақдим этилган далилларни қонун ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқиб,
муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қисман
қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор
қилиб, янги қарор қабул қилишни, дастлабки даъво аризасини қаноатлантиришни
рад этиб, қарши даъво аризани қисман қаноатлантиришни лозим топди.
Иш ҳужжатлари ҳамда суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатлардан
маълум бўлишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2022 йил 1 майда 1-сонли
омонат сақлаш шартномаси тузилган.
Ушбу шартноманинг 1-бандида юк топширувчи уруғли картошкани
совутгичда омонат сақлаш учун топшириши, омонат сақловчи эса маҳсулотларни
омонат сақлашга қабул қилиши, омонатга топширилган маҳсулотлар омонат
сақловчининг совутгич омборидаги 1, 6-сонли совутиш камералида сақланиши,
камераларнинг техник ҳолати ва сақлаш шароити шартнома тузилгунга қадар
тарафларнинг вакиллари иштирокида ўрганилганлиги ва кўздан кечирилганлиги,
камераларнинг техник ҳолатига эътирозлар мавжуд эмаслиги, 2-бандида
маҳсулотни омонат сақлаш муддати 2022 йил 1 майдан 2022 йил 31 майга қадар
эканлиги назарда тутилган.
Шунингдек, омонат сақлаш шартномасининг 3-бандида маҳсулотни омонатга
топшириш-қабул қилиш омонат сақловчининг совуқхона омборида тарафларнинг
вакиллари имзолайдиган далолатнома билан расмийлаштирилиши, 5-бандида
омонат сақловчи сақлаш учун қабул қилинган маҳсулотни омонат сақлаш
муддатига қадар тўлиқ сақлаш, унга зиён етказмаслик мажбуриятини ўз зиммасига
олиши кўзда тутилган.
Мазкур шартномага асосан даъвогар жавобгар томонидан омонат сақлашга
берилган маҳсулотлар лозим даражада сақланмаганлиги сабабли зарар
етказилганлигини асос қилиб, 1 175 202 000 сўм асосий қарз, 587 601 000 сўм пеня
ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилган.
Судлов ҳайъати қуйидагиларга асосан биринчи инстанция суди томонидан
даъво аризасини қаноатлантиришни ва даъво миқдорини камайтириш тўғридаги
аризани иш юритувга қабул қилишни рад этиш тўғрисида асосли хулосага келган
деб ҳисоблайди.
биринчидан, даъво аризасида зарар етказилганлиги қайд этилган бўлсада,
қарздорлик қандай асосларда юзага келганлиги асослантирилмаган. Даъвогар ва
мутахассислар иштирокида топширилган маҳсулотнинг сифати йўқолганлиги
ҳақида тузилган далолатномаларда жавобгар вакиллари иштирок этмаган;
иккинчидан, омонат сақлаш шартномасининг 1-бандида топширилган
маҳсулотлар 1, 6-сонли совутиш камералида сақланиши, камераларнинг техник
ҳолати ва сақлаш шароити шартнома тузилгунга қадар тарафларнинг вакиллари
иштирокида ўрганилганлиги ва кўздан кечирилганлиги, камераларнинг техник
ҳолатига эътирозлар мавжуд эмаслиги тарафлар вакиллари иштирокида
аниқланган;
учинчидан, тарафлар ўртасида 2022 йил 31 майда шартнома
мажбуриятларини янгилаш тўғрисида 1-сонли келишув тузилиб, ушбу келишувда
тарафлар омонат сақлаш шартномасида кўзда тутилган хизмат тури ўзгаргани ва
мақсулотни сақлаш муддати ўтганлиги муносабати билан тарафлар ўртасида
2022 йил 1 майда тузилган 1-сонли омонат сақлаш шартномасида кўзда тутилган
мажбуриятларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Хусусан, келишувнинг 1-бандида шартноманинг номланиши “ижара
шартномаси” деб, 2-бандида шартноманинг преамбуласида кўзда тутилган “омонат
сақловчи” номланиши “ижарага берувчи” деб, “юк топширувчи” номланиши
“ижарачи” деб ўзгартирилиши қайд этилган.
Шунингдек, ижара (омонат сақлаш) шартномасининг 4, 5, 6, 7, 9, 10, 17бандлари бекор қилинган.
Мазкур ҳолатда даъво талабига асос қилиб келтирилган омонат сақлаш
шартномаси ва унинг шартлари тарафлар томонидан ижара шартномасига
ўзгартирилиб, янги ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келган.
тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
(кейинги ўринда – ИПК деб юритилади)нинг 157-моддасида суд даъвонинг асоси ва
предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмаслиги белгиланган.
Аммо, даъвогар томонидан жавобгардан 1 313 202 000 сўм етказилган
зарарни ундириш ҳақида берилган қўшимча аризада даъво предмети ва асоси бир
вақтда ўзгартирилган.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати дастлабки даъво
аризасини қаноатлантиришга асослар йўқ деб ҳисоблайди.
Бироқ, биринчи инстанция суди жавобгарнинг даъвогар ва қўшимча
жавобгардан қарздорлик ҳамда пеня ундириш ҳақида келтирган қарши даъво
аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида иш ҳужжатларини тўлиқ
ўрганмасдан туриб барвақт хулосага келинган.
Жавобгарнинг қарши даъво аризасида даъвогар томонидан 2022 йил
2 сентябрь ҳолатида қолдиқ 4 та камералар (3, 5, 8, 9-сонли) бўшатиб берилганлиги
сабабли шартнома ва қўшимча келишувлар шартларидан келиб чиқиб, 60 000 000
сўм асосий қарз, 21 600 000 сўм пеня ундириш сўралган.
Судлов ҳайъати қарши даъво аризасини ишдаги далиллар ва қонун
ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қисман асосли деб ҳисоблайди.
Чунки, тарафлар ўртасида 2022 йил 31 майда шартнома мажбуриятларини
янгилаш тўғрисида 1-сонли келишув тузилиб, ушбу келишувда тарафлар омонат
сақлаш шартномасида кўзда тутилган хизмат тури ўзгаргани ва мақсулотни сақлаш
муддати ўтганлиги муносабати билан тарафлар ўртасида 2022 йил 1 майда
тузилган 1-сонли омонат сақлаш шартномасида кўзда тутилган мажбуриятларга
ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Хусусан, келишувнинг 1-бандида шартноманинг номланиши “ижара
шартномаси” деб, 2-бандида шартноманинг преамбуласида кўзда тутилган “омонат
сақловчи” номланиши “ижарага берувчи” деб, “юк топширувчи” номланиши
“ижарачи” деб ўзгартирилиши қайд этилган.
Келишувнинг 11-бандига кўра бир ой ижара муддати деганда совутиш
камераси ижарага топширилган ойдан бошлаб тўлиқ ва тўлиқсиз календарь ой
тушунилиши белгиланган.
Бундан ташқари, қарши даъво аризасида қарздорлик мавжудлиги
кўрсатилган кичик камералар бўйича тарафлар ўртасида қўшимча келишувлар ҳам
расмийлаштирилган.
Жумладан, 2022 йил 17 июнда тузилган ижара шартномасига 3-сонли
қўшимча келишувнинг 1-бандига кўра ижарага берувчи уруғлик картошкани
совутгичга сақлаш учун 7 дона, жумладан 1 ва 6 (катта) совутиш камераларини ва
2, 3, 7, 8, 9 (кичик) совутиш камераларини ижарачига ижарага бериш, ижарачи эса
ижарани қабул қилишга келишган.
Қўшимча келишувнинг 2-бандида ижарачи ижарага олинган ҳар бир
1 (дона) катта совутиш камераси учун ижарага берувчига бир календарь ой учун
23 000 000 сўм миқдорида, ҳар бир кичик совутиш камераси учун ижарага
берувчига бир календарь ой учун 15 000 000 сўм миқдорида ижара ҳақини тўлаши,
бир ой ижара муддати деганда совутиш камераси ижарага топширилган ойдан
бошлаб тўлиқ ва тўлиқсиз календарь ой тушунилиши, юк топширувчи ижара
муддати тугаганидан сўнг маҳсулотни олиб кетмаган тақдирда ускуна ҳақиқатда
ижарага фойдаланилган давр учун (ижара шартномасининг 11-банди иккинчи
қисмида кўзда тутилган шартларда) ҳар ойлик хизмат ҳақини тўлаб беришни ўз
зиммасига олиши назарда тутилган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида 2022 йил 25 июнда ижара шартномасига
4-сонли қўшимча келишув тузилиб, унга кўра ижарага берувчи уруғлик
картошкани совутгичга сақлаш учун 10 дона, жумладан 1 ва 6 (катта) совутиш
камераларини ҳамда 2, 3, 4. 5, 7, 8, 9 (кичик) совутиш камераларини ва 1 дона
коридор камера совутиш камерасининг совутиш ускуналарини ижарачига ижара
бериш, ижарачи эса ижарани қабул қилишга келишган.
Мазкур камераларнинг совутиш ускуналарини техник ҳолати ва сақлаш
шароити шартнома тузилгунга қадар тарафларнинг вакиллари иштирокида
ўрганилганлиги ва кўздан кечирилганлиги, ускуна ва камераларнинг техник
ҳолатига эътирозлар мавжуд эмаслиги назарда тутилган.
Қўшимча келишувнинг 2-бандига асосан ҳар бир 1 (бир) дона катта совутиш
камераси учун ижарага берувчига бир календарь ой учун 23 000 000 сўм, ҳар бир
1 (бир) кичик совутиш камераси учун ижарага берувчига 15 000 000 сўм, 1 (бир)
дона коридор-камера совутиш камераси учун ижарага берувчига бир календарь ой
учун 40 000 000 сўм миқдорида ижара ҳақини тўлаши, бир ой ижара муддати
деганда совутиш камераси ижарага топширилган ойдан бошлаб тўлиқ ва тўлиқсиз
календарь ой тушунилиши, юк топширувчи ижара муддати тугаганидан сўнг
маҳсулотни олиб кетмаган тақдирда ускуна ҳақиқатда ижарага фойдаланилган
давр учун (ижара шартномасининг 11-банди иккинчи қисмида кўзда тутилган
шартларда) ҳар ойлик хизмат ҳақини тўлаб беришни ўз зиммасига олиши
белгиланган.
Ушбу қўшимча келишувлар шартлари асосида ижарага берилган 3, 5, 8, 9
кичик камералар бўйича тўлиқ ва тўлиқсиз ойлар учун 15 000 000 сўмдан
ҳисобланган жами 60 000 000 сўм миқдорида қарздорликни тасдиқлаб бериш
тўғрисида юборилган счёт-фактуралар даъвогар томонидан асоссиз равишда рад
этилган.
Сабаби, совутиш камерасини ижарага бериш муддати 2022 йил 31 июлда
тугаган бўлсада, даъвогар ижара объектидан 2022 йил 2 сентябрга қадар ҳам
амалда фойдаланиб келган.
Даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 15 сентябрда юборилган
13-сонли хатда 2022 йил 30 августдан 2022 йил 2 сентябргача 562 тн картошка
тозалаш учун олиб чиқиб кетилганлиги, 2022 йил 7 октябрда юборилган
16-сонли хатда “картошка 29-31 август кунлари ташиб кетилганлиги, келтирилган
зарар қоплаб берилиши ва шундан сўнг фойдаланилган кун учун электрон
счёт-фактура юбориш” сўралган.
Ушбу ҳолатни суд муҳокамаси давомида даъвогар вакилларининг ўзи ҳам
тасдиқлади.
Тарафлар ўртасида тузилган қўшимча келишувларда бир ой ижара муддати
деганда совутиш камераси ижарага топширилган ойдан бошлаб тўлиқ ва тўлиқсиз
календарь ой тушунилиши, юк топширувчи ижара муддати тугаганидан сўнг
маҳсулотни олиб кетмаган тақдирда ускуна ҳақиқатда ижарага фойдаланилган
давр учун (ижара шартномасининг 11-банди иккинчи қисмида кўзда тутилган
шартларда) ҳар ойлик хизмат ҳақини тўлаб беришни ўз зиммасига олиши
белгиланган.
Шу сабабли ҳам жавобгар даъвогардан ижарага олинган ва амалда
фойдаланилган 3, 5, 8, 9 кичик камералар бўйича тўлиқ ва тўлиқсиз ойлар учун
15 000 000 сўмдан ҳисобланган жами 60 000 000 сўм миқдорида қарздорликни
ундириш ҳақида қарши даъво аризаси тақдим этмаган.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати қарши даъво талабининг
қарздорликни асосий жавобгар ундириш қисмини тўлиқ асосли деб ҳисоблайди.
Аммо, судлов ҳайъати қарши даъво талабининг қўшимча жавобгарга
нисбатан қисмини иш ҳужжатлари билан муҳокама қилиб, асоссиз деб баҳолайди.
Чунки, 2022 йил 31 майдаги шартнома мажбуриятларини янгилаш тўғрисидаги
1-сонли келишув ҳамда унга асосан расмийлаштирилган ижара шартномаси бўйича
қўшимча келишувлар даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган бўлиб, ушбу низо
даъвогар ва асосий жавобгар ўртасида шартномавий муносабатлардан келиб
чиққан бўлиб, унда қўшимча жавобгарлар иштирок этмаган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (кейинги ўринда – ФК деб
юритилади)нинг 235-моддасида мажбурият унда тарафлар сифатида қатнашмаган
шахслар (учинчи шахслар) учун бурчлар ҳосил қилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, судлов ҳайъати қарши даъво талабининг қўшимча жавобгарга
нисбатан қисмига асос сифатида келтирилган даъвогар, жавобгар ва қўшимча
жавобгар иштирокида 2022 йил 8 августда тузилган 4-сонли қарзни бошқа шахсга
ўтказиш тўғрисидаги шартнома билан келишмайди. Сабаби, ушбу шартномага
асосан янги қарздор (қўшимча жавобгар) дастлабки қарздор (даъвогар)нинг
кредитор (жавобгар) олдидаги 191 000 000 сўм миқдорида қарздорлигини тўлаб
бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Бундан ташқари, судлов ҳайъати қарши даъво аризасининг 21 600 000 сўм
пеня ундириш қисмини ҳам муҳокама қилиб, уни қаноатлантиришга асослар йўқ
деб ҳисоблайди. Чунки, низога ва ижара шартномаси бўйича қўшимча
келишувларга асос бўлган тарафлар ўртасида 2022 йил 31 майда тузилган
шартнома мажбуриятларини янгилаш тўғрисидаги 1-сонли келишувнинг амал
қилиш муддати 2022 йил 31 июлда тугаган бўлиб, жавобгар даъвогарга нисбатан
пеня ундиришга ҳақли эмас.
ФКнинг 8, 234-моддаларига кўра мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш
натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Ушбу кодекснинг 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият
шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва
талаблар бўлмаганида эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган
бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши, 237-моддасига кўра
мажбуриятларни бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.
ФКнинг 238-моддасига мувофиқ эса мажбурият келишилган ва тарафлар
учун мақбул усулда бажарилиши шарт.
ФКнинг 535-моддасига кўра мулк ижараси ижараси шартномаси бўйича
ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш
ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади,
544-моддасига мувофиқ ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни
ўз вақтида тўлаб туриши шарт, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш
тартиби, шартлари ва муддатлари мулк ижараси шартномаси билан белгиланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик (Олий суди) суди
Пленумининг 2011 йил 1 декабрдаги “Мулк ижарасига оид фуқаролик қонун
ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўллашнинг айрим
масалалари ҳақида”ги 234-сонли қарорининг 9-бандига асосан мулк ижараси
шартномаси ҳақ эвазига тузиладиган шартнома ҳисобланади, шу сабабли ижарага
олувчининг асосий мажбуриятларидан бири мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни,
яъни ижара ҳақини ўз вақтида тўлашдир. Ижара ҳақини тўлаш муддатлари
тарафлар томонидан белгиланади ва шартномада кўрсатилади. Ижара ҳақини
тўлаш муддати муайян сана ёки давр билан белгиланиши мумкин.
Судлар назарда тутишлари лозимки, ижарага олувчининг ижара ҳақини
тўлаш мажбурияти ижарага берилган мулк унга топширилган пайтдан бошлаб
вужудга келади. Шунингдек, ижара шартномаси муддати тугаганидан кейин ҳам
ижарачи ижарага олинган мулкдан амалда фойдаланишни давом эттираверса,
ижарага олувчи бутун фойдаланган давр учун ижара ҳақини тўлашга мажбур.
ФК 541-моддаси иккинчи қисмининг мазмунига кўра мулкни ижарага
берувчи томонидан ижарага олувчига топширилиши топшириш далолатномаси
асосида амалга оширилади. Шу билан бирга судлар шуни инобатга олишлари
лозимки, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги
ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, топшириш далолатномасининг
мавжуд эмаслиги ижарага берувчининг ижара ҳақини ундириш тўғрисидаги
талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмайди.
ИПКнинг 66-моддасига кўра иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа
қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар
бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва
эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун
аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини
аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг
хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг
кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан
аниқланади.
ИПКнинг 68-моддасига асосан ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва
эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши шарт.
ИПКнинг 72-моддасига асосан қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар
билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан
тасдиққланиши мумкин эмас.
Ушбу кодекснинг 74-моддасига мувофиқ суд далилларга ишнинг барча
ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар
томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо
беради. Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаиназаридан, далилларнинг йиғиндиси эса етарлилиги нуқтаи-назаридан
баҳоланиши лозим. Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри
келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади.
ИПК 279-моддасининг биринчи қисмига кўра ҳал қилув қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун биринчи инстанция судининг ҳал қилув
қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг
тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли
бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган
хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
асос бўлади.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи
шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
уларнинг зиммасига юклатилади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга кўра мулкий хусусиятга эга даъво
аризаларидан даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш
миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи тўланиши
лозимлиги кўрсатилган.
Шунингдек, ушбу Қонунга асосан иқтисодий судларга апелляция ва кассация
тартибида берилган шикоятлардан биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун
аризалар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи
ундирилиши лозим.
Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қисман
қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор
қилиб, иш бўйича янги қарор қабул қилишни, даъво аризасини қаноатлантиришни
рад этиб, қарши даъво аризасини қисман қаноатлантиришни ҳамда суд
харажатларини қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб
равишда тарафлар зиммасига юклашни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 8, 234, 235, 238, 541моддаларига ҳамда Иқтисодий процессуал кодексининг 66, 68, 72, 74, 118, 260, 276280-моддаларига асосланиб, судлов ҳайъати
қарор қилди:
Жавобгар “KITOB AGRO PLAST” масъулияти чекланган жамиятининг
апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 16 декабрдаги
ҳал қилув қарори бекор қилинсин.
Иш бўйича янги қарор қабул қилинсин.
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамиятининг
даъво аризасини қаноатлантириш рад этилсин.
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамияти
томонидан олдиндан тўланган 3 000 000 сўм давлат божи, 24 000 сўм почта
харажати зиммасида қолдирилсин.
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамиятидан
республика бюджетига 32 256 060 сўм давлат божи ундирилсин.
Жавобгар “KITOB AGRO PLAST” масъулияти чекланган жамиятининг қарши
даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин.
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамиятидан
жавобгар “KITOB AGRO PLAST” масъулияти чекланган жамияти фойдасига
60 000 000 сўм асосий қарз, 600 000 сўм давлат божи, 24 000 сўм почта харажати
ундирилсин.
Қарши даъво аризасининг пеня ва қўшимча жавобгар “OQ SAROY KLASTER”
масъулияти чекланган жамиятига нисбатан қисмини қаноатлантириш рад этилсин.
Олдиндан тўланган давлат божининг қолган қисми қаноатлантирилган
даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгар “KITOB AGRO PLAST”
масъулияти чекланган жамияти зиммасида қолдирилсин.
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамиятидан
жавобгар “KITOB AGRO PLAST” масъулияти чекланган жамияти фойдасига
300 000 сўм давлат божи ундирилсин.
Апелляция шикояти бўйича олдиндан тўланган давлат божининг қолган
қисми қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда
жавобгар “KITOB AGRO PLAST” масъулияти чекланган жамияти зиммасида
қолдирилсин.
Даъвогар “HISOR SABZOVOT KLASTER” масъулияти чекланган жамиятидан
Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм суд
харажати ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради,
уни устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят
(протест келтириш) бериш мумкин.
Раислик қилувчи
М.Астанов
Судьялар
А.Арзиев
Ҳ.Турсунов