← Назад
Решение #645985 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 72 | — | law | |
| Мазкур Кодекс | 74 | — | code_article | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1401-2201/577-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – К.Тухтаев
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – У.Эшқобилов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 28 февраль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва
Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллаевнинг котиблигида, даъвогарнинг
вакили Н.Раҳимова (2022 йил 20 декабрдаги 01-01/5065-сонли ишончнома),
жавобгарнинг вакили Ж.Сайдакбаров (2022 йил 2 июндаги 60-сонли
ишончнома)нинг иштирокида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси
Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар “Samarqand suv ta`minoti”
масъулияти чекланган жамияти манфаатида жавобгар “Агросаноат мажмуида
хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонасидан қоидабузилиш
натижасида сарфланган сув ва оқова сарфи учун 278 145 969 сўм ундириш
тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2022 йил 10 июндаги ҳал қилув қарори ва
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
19 августдаги қарори устидан “Samarqand suv ta`minoti” масъулияти чекланган
жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг
биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Samarqand suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади) 2021 йил 25 мартда “Агросаноат мажмуида
хизматлар кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади)га 645-сонли огоҳлантириш хати билан мурожаат қилиб,
хатда сувни ҳисобга олиш асбобининг давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш муддати
тугаётганлиги боис, уни навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказишни сўраган.
Шундан сўнг жавобгар 2021 йил 15 сентябрда даъвогарга SV-14-155-сонли
хат билан мурожаат қилиб, сув ўлчагич асбобини навбатдаги давлат қиёслов
кўригидан ўтказишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Шунга кўра, даъвогарнинг вакили томонидан 2021 йил 22 сентябрда
00013233-сонли далолатнома расмийлаштирилиб, назорат тамғаси ечиб олинган ва
истеъмолчига 30 кунлик муддатда сув ўлчагич асбобини давлат қиёслаш
кўригидан ўтказиб, бу ҳақда даъвогарга хабар бериш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, далолатномада истеъмолчи сув тармоғига 50 диаметрли қувур орқали
уланганлиги, 2019 йил 17 июнда сув ўлчагич асбобининг давлат қиёслаш кўриги
муддати ўтганлиги қайд этилган.
Даъвогар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув
таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш Қоидалари” (бундан
буён матнда Қоидалар деб юритилади)нинг 69-бандига мувофиқ, жавобгарга
нисбатан қайта ҳисоб-китоб натижасида 2021 йил 18 июндан 2021 йил
21 сентябргача бўлган давр учун 50 диаметрли қувур кесимидан келиб чиқиб,
456,25 м3 х 83 кун х 7345 сўм = 278 145 969 сўм тўлов ҳисоблаб, жавобгарга
278 145 969 сўм қарздорликни ихтиёрий тўлаб бериш тўғрисида 2022 йил
31 январь куни 01/14-291/52-сонли талабнома-ҳисобот юборилган. Бироқ,
жавобгар томонидан ушбу қаздорлик тўланмагандан сўнг, даъвогар жавобгардан
278 145 969 сўмни ундиришни сўраб судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2022 йил 10 июндаги ҳал қилув
қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 19 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Даъвогар суд қарорлари устидан кассация шикояти бериб, шикоятда
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2022 йил 10 июндаги ҳал қилув қарорини
ва Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил
19 августдаги қарорини бекор қилиб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантиришни
сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогарнинг вакили кассация шикояти
важларини қувватлаб, битта хат бўйича иккита почта квитанцияси тақдим
этилганлигига судлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, почта
квитанциялари номақбул далил деб топилмаганлиги, жавобгарнинг хати
2021 йил 21 июнда расмийлаштирилиб, 22 июлда даъвогарга юборилган
бўлса-да, судлар даъво талабининг 2021 йил 18 июндан 22 июнгача бўлган
даврдаги қоидабузилиш қисмини ҳам асоссиз равишда рад этганлигини таъкидлаб,
суд қарорини бекор қилишни ва даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида
янги қарор қабул қилишни сўради.
Жавобгарнинг вакили даъвогарнинг кассация шикояти асоссиз эканлигини
маълум қилиб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама
қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим
топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгарга тегишли 147400631 рақамли
сув ўлчагич асбоби 2019 йил 17 июнда қиёслов кўригидан ўтказилган бўлиб, шу
куни қиёсловчи томонидан амал қилиш муддати 2021 йил 17 июнгача бўлган
сертификат берилган.
Сув таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига 2021 йил 25 мартдаги
01/19-1203/645-сонли огоҳлантириш хати юборилган. Унда сувни ҳисобга олиш
асбобининг давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш муддати тугаётганлиги боис, уни
навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш сўралган.
Қоидалар 69-бандининг биринчи хатбошисига кўра, сувни ҳисобга олиш
асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тугашидан камида 30 календарь
кун аввал ИСКХ ташкилоти истеъмолчига шартномада кўрсатилган тартибда
(почта орқали, шахсан, электрон почта воситасида, ижтимоий тармоқлар ёрдамида
ва ҳоказо) огоҳлантириш хати жўнатади. Унда сувни ҳисобга олиш асбобидан
фойдаланиш муддати тугаётганлиги қайд этилади, истеъмолчи учрашиши керак
бўлган шахс, манзил, телефон рақами ва электрон манзили кўрсатилади.
Мазкур Қоидалар 69-бандининг бешинчи хатбошисида, ИСКХ ташкилоти
истеъмолчига огоҳлантириш хати юборгандан сўнг белгиланган муддатда даврий
қиёсловдан ўтказилмаган ҳисоблаш асбобининг кўрсаткичлари инобатга
олинмаслиги ва ҳисоб-китоб I гуруҳ истеъмолчилари учун — ушбу Қоидалар
87-бандининг «а» кичик банди бўйича, II ва III гуруҳ истеъмолчилари учун —
ушбу Қоидалар 87-бандининг «б» кичик банди бўйича ҳисоб-китоб қилиниши
белгиланган.
Бироқ, жавобгар 2021 йил 22 июнда даъвогарга SV-14-106-сонли хат билан
мурожаат қилиб, сувни ҳисобга олиш асбобини навбатдаги давлат қиёслаш
кўригидан ўтказишда амалий ёрдам беришни сўраган.
Шунга биноан, биринчи инстанция суди сувни ҳисобга олиш асбоби
белгиланган муддатда давлат қиёслаш кўригидан ўтказилмаслигига сув таъминоти
корхонаси ўзининг мажбуриятларини Қоидаларда белгиланган муддатда
бажармаганлиги, истеъмолчи томонидан Қоидалар талаблари бузилмаганлиги
ҳолатларини инобатга олиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида,
апелляция инстанцияси суди қайд этилганларни инобатга олиб, биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асосли
хулосага келган.
Даъвогарнинг кассация шикоятида судлар томонидан битта хат бўйича
иккита почта квитанцияси тақдим этилганлигига ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги,
почта квитанциялари номақбул далил деб топилмаганлиги ҳақида важлар
келтирилган.
Судлов ҳайъати, даъвогарнинг ушбу важи билан қуйидагиларга кўра
келишмайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади)нинг 72-моддасига кўра, қонунчиликка мувофиқ
муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар
билан тасдиқланиши мумкин эмас.
Мазкур Кодекс 74-моддасининг биринчи-учинчи қисмларига кўра, суд
далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга
амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз
ички ишончи бўйича баҳо беради.
Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи
назаридан, далилларнинг йиғиндиси эса, етарлилиги нуқтаи назаридан
баҳоланиши лозим.
Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса,
у ишончли деб тан олинади.
Даъвогарнинг ушбу эътирозини текшириб кўриш учун апелляция
инстанцияси суди томонидан 2021 йил 21 июндаги SV-14-106-сонли хатнинг ва бу
хат даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи почта квитанциясининг асл
нусхалари олиб ўрганилган ва иш ҳужжатларига қўшиб қўйилган.
Мазкур далилларга кўра, ҳақиқатан ҳам жавобгар 2021 йил 22 июнда почта
орқали даъвогарга SV-14-106-сонли хат билан мурожаат қилиб, сувни ҳисобга
олиш асбобини навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказишда амалий ёрдам
беришни сўраганлиги ўз тасдиғини топган.
Демак, судлар томонидан текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри
келиши аниқланган. Аксинча, почта квитанциясининг қалбакилаштирилганлиги
ёки сохталаштирилганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки тергов
органининг қарори билан тасдиғини топмаган.
Шу сабабли, судлар томонидан ушбу далилларга тўғри баҳо берилган.
Шунингдек, жавобгарнинг хати 22 июлда даъвогарга юборилган бўлса-да,
судлар даъво талабининг 2021 йил 18 июндан 22 июнгача бўлган даврдаги
қоидабузилиш қисмини ҳам асоссиз равишда рад этганлиги ҳақидаги
даъвогарнинг важларини ҳам асосли деб ҳисоблаб бўлмайди. Чунки, ушбу кунлар
дам олиш кунларига тўғри келган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Судлар моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш
ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган қарорлар қабул қилган. Шу
сабабли суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация
шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни
ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан
қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз,
кассация шикоятини эса, қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддасига биноан, кассация шикояти учун олдиндан тўланган
суд харажатларини даъвогарнинг зиммасида қолдириш, видеоконференцалоқа
харажатларини даъвогардан ундириш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва
303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л а д и:
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2022 йил 10 июндаги ҳал қилув
қарори ва Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 19 августдаги қарори ўзгаришсиз, “Samarqand suv ta`minoti” масъулияти
чекланган жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.
“Samarqand suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм
видеоконференцалоқа харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари
А.Абдуллаев
Р.Хайдаров