← Назад
Решение #646377 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
4
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| онуни | 181 | — | law | |
| Мазкур Кодекс | 301 | — | code_article | |
| йича ушбу Кодекс | 302 | — | code_article | |
| ИПК | 304 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1001-2207/44906-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўришда
маърузачи судья – О.Гулямова
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – Б.Кеунимжаева
Кассация инстанциясида маърузачи
судья- А.Абдуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 28 февраль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов
ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида,
“Leasing and Toshkent Group Investment” МЧЖ вакиллари – А.Мирсаматов
(2022 йил 4 июлдаги 04-07-2-сонли ишончнома асосида), У.Хасанов,
А.Савенков (2022 йил 4 июлдаги 04-07-3-сонли ишончнома асосида),
“Paxtakor Tex” МЧЖ вакили – Т.Касимов (2022 йил 18 ноябрдаги 4-сонли
ишончнома асосида) иштирокида, “Leasing and Toshkent Group Investment”
МЧЖнинг “Olimp-Baholash va Ekspertiza Markazi” МЧЖ томонидан тузилган
2022 йил 26 мартдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ишончли эмас деб
топиш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул
қилинган Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 октябрдаги
ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 1 декабрдаги қарори устидан “Leasing and Toshkent
Group Investment” МЧЖ томонидан берилган кассация шикояти асосида
ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлими
(бундан буён матнда МИБ деб юритилади) давлат ижрочиси томонидан
Пахтакор туман давлат солиқ инспекциясининг 2021 йил 12 ноябрдаги
3180269-сонли қарорига асосан “Leasing and Toshkent Group Investment”
масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда даъвогар
деб юритилади) 135 213 391,5 сўм солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан
ижро иши қўзғатиш тўғрисида 2022 йил 7 мартн қарор чиқарилган бўлиб,
унга кўра, МЧЖга нисбатан қўзғатилган 16 та, жами 641 555 937,28 сўмлик
солиқ қарзларикни ундириш тўғрисидаги ижро ишлари бирлаштирилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида МИБ томонидан МЧЖга
тегишли бўлган Пахтакор тумани, Ғалаба МФЙ, ишлаб чиқариш зонаси
ҳудудида жойлашган бино-иншоотларни баҳолатиш бўйича “Olimp-Baholash
va Ekspertiza Markazi” масъулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнда
жавобгар деб юритилади) буюртма берилган.
Жавобгар
томонидан
даъвогарга
тегишли
бино-иншоотлар
767 383 000 сўмга баҳоланиб, бу ҳақда 2022 йил 26 мартдаги 01/21-30-сонли
баҳолаш ҳисоботи МИБга юборилган.
Баҳолаш объекти 2022 йил 6 май куни электрон онлайн аукционга
чиқарилган бўлиб, бироқ талабгор аниқланмаган, 2022 йил 16 июнда қайта
электрон онлайн аукционга чиқарилиб, ушбу аукционда “Paxtakor Tex”
масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда учинчи шахс
деб юритилади) ғолиб деб топилган ва у томонидан 613 906 400 сўмлик тўлов
амалга оширилган.
Шу боис даъвогар МИБнинг баҳолаш юзасидан мутахассис тайинлаш
тўғрисидаги қарори унга тақдим этилмаганлиги, жавобгарнинг баҳолаш
ҳисоботида унга тегишли бино-иншоотлар қиймати сунъий равишда
камайтирилган ҳолда электрон онлайн аукционга чиқарилганлиги асоси
билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар томонидан
тузилган 2022 йил 26 мартдаги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ишончли
эмас деб топишни сўраган.
Суднинг ажрими билан ишга МИБ ва учинчи шахс ишга низонинг
предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс
сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 11 октябрдаги ҳал қилув қарори
билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 1 декабрдаги қарори билан
ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар
ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд ҳужжатларга етарлича ҳуқуқий баҳо
берилмаганлиги, МИБнинг баҳолаш юзасидан мутахассис тайинлаш
тўғрисидаги қарори ва баҳолаш ҳисоботи, шунингдек мол-мулкларни
электрон онлайн аукционда сотиш учун чиқариш тўғрисидаги қарори
даъвогарга тақдим этилмаганлиги, жавобгарнинг баҳолаш ҳисоботида унга
тегишли бино-иншоотлар қиймати сунъий равишда камайтирилганлиги,
даъвогарнинг иш бўйича экспертиза тайинлаш тўғрисидаги илтимосномаси
асоссиз равишда рад этилганлиги, Қонун нормалари нотўғри талқин
қилинганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиб,
даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Суд муҳокамасида жавобгар ва МИБдан вакил иштирок этмади, бироқ
иш ҳужжатларида уларнинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи
ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил
мавжуд, улардан вакилнинг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни
кўришга тўсқинлик қилмайди.
Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакиллари ўз
тушунтиришларида кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб,
объект нотўғри баҳоланганлигини маълум қилиб, суд қарорларини бекор
қилиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни
сўрадилар.
Суд муҳокамасида иштирок этган учинчи шахс вакили кассация
шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, аукцион ғолиби
бўлганлигини ва объектни сотиб олганлигини, бугунги кунда мулк эгаси
эканлигини маълум қилиб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
2023 йилнинг 27 февраль куни бўлиб ўтган суд муҳокамасида иштирок
этган МИБ вакили ўз тушунтиришида кассация шикоятида келтирилган
важларга эътироз билдириб, объект қонун талаблари асосида
баҳоланганлигини, шу боис сотувга чиқарилганлигини маълум қилиб,
суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўраган.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш
ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд
қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция
судига юборишни, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим
топади.
“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг
Қонуни 181-моддасининг биринчи ва бешинчи қисмиларига мувофиқ зарур
бўлган ҳолда, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини текшириш
учун мазкур ҳисобот қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа баҳоловчи
ташкилот томонидан шартнома асосида экспертизадан ўтказилиши мумкин.
Буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончлилиги тўғрисида олинган
эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда, низо судда кўриб чиқилиши
керак.
Мазкур модданинг мазмунига кўра, баҳолаш ҳисоботи юзасидан
фақатгина ҳисоботни буюртма қилган шахс судда низолашиши
мумкинлигини англатмайди. Аксинча, баҳолаш ҳисоботи ҳуқуқ
ва манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай шахс уни
экспертизадан ўтказиш учун буюртма бериши, унинг натижасидан норози
бўлган тақдирда эса, судда низолашиши мумкин.
Аммо, биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри
қўллаб, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳаққонийлиги бўйича фақат унинг
буюртмачиси судда низолашиши мумкинлиги, 2022 йил 26 мартдаги
баҳолаш ҳисоботининг буюртмачиси эса, МИБ бўлганлиги, даъвогарни
буюртмачи эмас деб ҳисоблаб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш
ҳақида барвақт хулосага келган.
Қолаверса, даъвогарга тегишли бўлган мулк жавобгарнинг низоли
баҳолаш ҳисоботида 767 383 000 сўмга баҳоланган бўлса, “ESTIMATION
STANDART” МЧЖнинг баҳолаш ҳисоботида 2020 йил 29 октябрь ҳолатига
10 482 619 000 сўмни ташкил этиши қайд этилган бўлиб, ушбу ҳолатга
ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Апелляция инстанцияси суди қайд этилганларни инобатга олмасдан,
ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, барвақт хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига
кўра иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун асос бўлади.
Мазкур Кодекс 301-моддасининг 3-бандида кассация инстанцияси
суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ушбу
Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг
4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув
қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати
бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақлилиги белгиланган.
Қайд этилганларга кўра, суд қарорлари бекор қилиниши ва иш янгидан
кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим.
ИПК 304-моддасининг биринчи қисмига кўра, кассация инстанцияси
судининг қарорида баён қилинган кўрсатмалар ишни янгидан кўраётган суд
учун мажбурийдир.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли
ҳолатларни тўлиқ аниқлаш мақсадида қуйидаги кўрсатмаларни бажариши
лозим:
- даъво аризасида ҳамда у бўйича билдирилган эътирозда
баён этилган ҳар бир важга баҳо бериб, ишдаги ва тақдим этиладиган янги
далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текшириш, уларга ҳуқуқий баҳо
бериш;
- баҳолаш ҳисоботининг ишончлилигини ўрганиш;
- ишда иштирок этувчи шахсларни суд муҳокамасининг вақти
ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилиш;
- ишни кўриш натижалари бўйича суд харажатларини ундириш
масаласи ҳал этиш;
- моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда
қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиш.
Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 301 - 303-моддаларини қўллаб,
судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 октябрдаги
ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 1 декабрдаги қарори бекор қилинсин.
Иш
янгидан
биринчи
инстанция
судида
кўриш
учун
Тошкент туманлараро иқтисодий судига юборилсин.
Кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари
Б.Исрайлов
А.Абдуллаев