Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2301-2104/1822 Дата решения 23.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение TOQMANGIT NUKUS ЖШЖ Ответчик / Подсудимый QISHLOQ QURILISH BANK АТВ
Source ID 1028594 Claim ID 3113968 PDF Hash 5a9e6f86f7377e3f... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онуннинг 13-моддаси онуннинг 13 law
онуннинг 61-моддаси онуннинг 61 law
онун 13-моддаси онун 13 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2301-2104/1822-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья М.Каримбаева Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Б.Ктайбеков Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 23 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари В.Сатторова ва И.Таджиевдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Қорақалпоғистон Республикаси судининг ходими Б.Рўзимбетов, даъвогар вакиллари – А.Мырзамбетов (раҳбар) ва адвокат А.Саекеев (2022 йил 10 октябрдаги 318-сонли ордер асосида), Банк вакили – Банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси амалиёт бошқармаси етакчи юрисконсульти С.Алланазарова (2023 йил 23 февралдаги 01/01-476-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар “Тўқмангит Нукус” масъулияти чекланган жамиятининг “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банки ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиалидан 187 944 314,29 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банки (бундан буён матнда Банк деб юритилади)нинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали (бундан буён матнда Банк филиали деб юритилади) ва “Тўқмангит Нукус” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда қарз олувчи ёки даъвогар деб юритилади) ўртасида 2018 йил 4 июнда 718-сонли кредит шартномаси тузилган. Унга кўра, Банк филиали томонидан қарз олувчига 36 ой муддатга йиллик 20 фоиз тўлаш шарти билан қурилиш материалларини сотиб олиш учун 150 000 000 сўм миқдорида кредит ажратилган. Қарз олувчи томонидан ажратилган кредит ва унга ҳисобланган фоизлар ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) Банк филиали манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ушбу суднинг 2019 йил 28 июндаги ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномаси бекор қилинган, қарз олувчи ва унинг бошлиғи А.Мырзамбетовдан солидар тартибида Банк филиали фойдасига 144 972 868,48 сўм кредит қарзи ва 8 507 253,86 сўм фоиз, жами 153 494 313, 34 сўм ундирилиб, ундирув гаров нарсасига қаратилган. Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2019 йил 25 сентябрдаги ажрими билан ҳал қилув қарорининг ижроси 3 ойга, яъни 2019 йил 25 декабрга қадар кечиктирилган. Қарз олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига 2019 йил 25 декабрда келиб тушган 86 616 915,42 сўмнинг 69 181 859,90 сўми, 2020 йил 13 мартда келиб тушган 76 616 915,42 сўмнинг 76 005 227,90 сўми Банк филиали томонидан қарз олувчининг кредит ва фоизлардан бўлган қарздорлигига йўналтирилган. Бу билан суднинг ҳал қилув қарори билан ундирилган 153 494 313,34 сўмнинг 145 187 087 сўми қопланган. Шунингдек, 2020 йил 22 июнь куни қарз олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига 21 541 000 сўм миқдорида пул маблағлари келиб тушган ва Банк филиали ушбу пул маблағларини кредит фоизлари ҳисобига ечиб олган. Қарз олувчи (даъвогар) Банк ва унинг филиалига нисбатан иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Банк филиали томонидан ўзбошимчалик билан ечиб олинган 21 541 000 сўмни ундиришни сўраган. Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Банкдан даъвогар фойдасига 13 233 775,47 сўм ундирилган. Қорақалпоғистон Республикаси судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 28 сентябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2021 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шундан сўнг, Палата Банк манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарз олувчидан 19 188 323,96 cўм фоизлар бўйича қарзни ундиришни сўраган. Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 21 октябрдаги ҳал қилув қарори билан Палатанинг даъво аризаси қаноатлантирилган. Қорақалпоғистон Республикаси суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 11 январдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2021 йил 21 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шундан сўнг, даъвогар (қарз олувчи) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Банк ва унинг филиалидан 185 518 010,19 сўм жарима ва 2 426 304,10 сўм банк фоизи ундиришни сўраган. Бунга асос қилиб, даъво аризасида Банк филиали томонидан 2020 йил 22 июнь куни жамиятнинг банк ҳисобварағига келиб тушган 21 541 000 сўм пул маблағлари ўзбошимчалик билан кредит фоизлари учун ечиб олинганлиги, аслида Банк филиалида фақатгина суд қарорининг ижро қилинмаган қисми 8 307 225,53 сўмни ечиб олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганлиги, даъвогар ва Банк филиали ўртасида 2018 йил 22 май куни тузилган банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2-бандида мижоз ҳисобварағига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун банк устав капитали энг кам миқдориниинг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланганлиги, Банкнинг устав капитали 1 855 180 101 897 сўмни ташкил қилиши ва ушбу сумманинг 0,01 фоизи 185 518 010,19 сўмни ташкил қилиши, Банк филиали даъвогарнинг пул маблағларидан 2020 йил 22 июнидан 2021 йил 14 ноябрга қадар фойдаланган ҳар бир кун учун 5 075,96 сўм, жами 2 426 304,10 сўм банк фоизи ҳисобланганлигини кўрсатган. Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 21 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қисман қаноатлантирилган ва Банкдан қарз олувчи фойдасига 25 972 521,42 сўм жарима, 1 855 180,10 сўм давлат божи ва 21 600 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Банк филиалига нисбатан иш юритиш тугатилган. Қорақалпоғистон Республикаси суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Банкдан даъвогар фойдасига 2 426 304,10 сўм банк фоизи ундирилган. Ҳал қилув қарорининг Банкдан даъвогар фойдасига 25 972 521,42 сўм жарима ундириш қисми 10 000 000 сўмга, 1 855 180,10 сўм давлат божи 124 263,04 сўмга ўзгартилган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, кассация шикоятини қаноатлантиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда даъвогар тарафлар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2-бандига асосан Банк устав капитали 1 855 180 101 897 сўмнинг 0,01 фоизи миқдорида, яъни 185 518 010,19 сўм жарима ундиришни сўраганлиги, аммо биринчи инстанция суди Банк филиали томонидан шартнома бўйича мажбуриятларини қўпол равишда бузганлиги, жамиятнинг мулкий аҳволини ҳамда манфаатларини эътиборга олмасдан, ҳеч бир асоссиз ундирилиши сўралган суманинг 14 фоизинигина ундириш ҳақида қарор қабул қилганлиги, жамиятнинг мулкий аҳволи оғирлиги боис ўша 21 541 000 сўм пул маблағларини молиявий ёрдам тариқасида жамият раҳбари жамият ҳисобрақамига ташлаб берганлиги, апелляция инстанцияси суди “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) 13-моддасининг биринчи қисмини, яъни банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этиши лозимлигини асос қилиб, 10 000 000 сўм жарима ундириш ҳақида қарор қабул қилганлиги, бироқ, апелляция инстанцияси суди Қонуннинг 13-моддасини нотўғри талқин қилганлиги, чунки ушбу моддада янги ташкил қилаётган банк устав капиталининг энг кам миқдори белгиланганлиги, ундан, яъни 100 млрд. сўмдан кўп бўлиши ушбу Қонунга зид эмаслиги, лекин 100 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги кераклиги, Қонун ушбу моддасининг иккинчи қисмида банкнинг устав капитали Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида шакллантирилиши ҳамда банк муассислари ва акциядорлари киритган пул маблағларидан ёки давлатнинг қимматли қоғозларидан ташкил топилиши назарда тутилганлиги, бунда устав капиталининг энг кам миқдори кўрсатилмаганлиги, тарафлар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2-бандида банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлаши дейилганлиги, Қонуннинг 13-моддаси асос қилиб кўрсатилмаганлиги, Қонуннинг 61-моддасида банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади деб белгиланганлигини қўрсатган. Суд мажлисида даъвогар вакиллари шикоятда келтирилган важларни такрорлаб, Банк билан тузилган банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2бандида белгиланган қоида юзасидан Марказий банкка адвокатлик сўровнома юборганлиги ва унга олган жавобда шартномавий муносабатларда юзага келадиган масалалар ўзаро келишув билан ҳал қилиниши қайд қилинганлиги, шунинг учун жавобгар Банк устав капиталининг 0,01 % миқдорида жарима тўлаши лозимлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни ва суд ҳужжатларини бекор қилишни сўрашди. Банк вакили шикоятда келтирилган важларга эътироз билдириб, Банк ва даъвогар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2-бандида “Қишлоққурилишбанк” АТнинг устав капитали эмас, балки банк устав капиталининг энг кам миқдори дейилганлиги, шунинг учун, апелляция инстанцияси суди банк устав капиталининг энг кам миқдоридан келиб чиқиб жарима ундирганлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра шикоятни қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 234-моддасининг иккинчи қисмига биноан мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари банк ҳисобварағи шартномасидан келиб чиққан. ФК 771-моддасининг биринчи қисмига кўра, банк ҳисобварағи шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит муассасаси (бундан буён матнда - банк) иккинчи тарафнинг - мижознинг (ҳисобварақ эгасининг) ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва киритиб қўйиш, мижознинг ҳисобварақдан тегишли суммаларини ўтказиш ва тўлаш ҳамда ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги фармойишларини бажариш мажбуриятини олади. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар ва Банк филиали ўртасида 2018 йил 22 май куни банк ҳисобварағи шартномаси тузилган. Ушбу шартноманинг 2.1-бандида мижоз ўз ҳисобварағидаги пул маблағларини эркин тасарруф қилиши, Банк мижознинг ҳисобварағидаги пул маблағларини унинг топшириғи асосида ўтказиши, мижознинг розилигисиз ҳисобварақдаги пул маблағларини ўтказишга, тўлашга суднинг қарори, шунингдек, амалдаги қонунчиликда ва мазкур шартномада белгилаб қўйилган ҳолатларда йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ, Банк филиали 2020 йил 22 июнь куни мижоз (даъвогар)нинг ҳисобварағидаги 13 233 775,47 сўм миқдоридаги пул маблағларини асоссиз ечиб олган. Бу ҳолат Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори билан тасдиқланган. 8.1.2-бандида мижоз ҳисобварағига пулларни ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун банк устав капитали энг кам миқдориниинг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган. Қонун 13-моддасининг биринчи қисмига кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этиши лозим. Бироқ, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жарима ундириш талабини қисман қаноатлантириш ва 25 972 521,42 сўм жарима ундиришда банк устав капиталининг энг кам миқдоридан эмас, балки жавобгар (Банк)нинг устав капитали миқдори, яъни 1 855 180 101 897 сўмдан 0,01 фоиз жарима ҳисоблаб, ФКнинг 326-моддасида белгиланган ҳуқуқдан фойдалданган ҳолда жарима суммасини камайтирган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган хатоликни тузатиб, Қонун 13-моддасининг биринчи қисмида белгиланган банк устав капиталининг энг кам миқдори, яъни юз миллиард сўмдан келиб чиқиб 10 000 000 (100 000 000 000 х 0,01 %) сўм жарима ундириш ҳақида асосли тўхтамга келган. Шунингдек, ФК 327-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак. Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Даъвогар фуқаролик қонунчилигининг ушбу нормасига асосланиб, Банк филиали даъвогарнинг пул маблағларидан 2020 йил 22 июнидан 2021 йил 14 ноябрга қадар фойдаланган ҳар бир кун учун 5 075,96 сўм, жами 2 426 304,10 сўм банк фоизи ҳисобланган ва уни жавобгардан ундиришни сўраган. Биринчи инстанция суди Банк филиали даъвогарнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолмаганлиги, уларни қайтариб беришдан бош тортмаганлиги ёки уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктирмаганлиги асоси билан даъвогарнинг жавобгардан банк фоизи ундириш талабини қаноатлантиришни рад қилган. Бироқ, Банк филиали томонидан 2020 йил 22 июнь куни мижоз (даъвогар)нинг ҳисобварағидаги 13 233 775,47 сўм миқдоридаги пул маблағларини асоссиз ечиб олганлиги Нукус туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори билан тасдиқланган ва Банк филиали ушбу пул маблағларини суд қарори асосида 2021 йил 14 ноябрда қайтарган. Яъни, Банк филиали даъвогарнинг 13 233 775,47 сўм миқдоридаги пул маблағларини 2020 йил 22 июнидан 2021 йил 14 ноябрга қадар ғайриқонуний ушлаб қолган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг жавобгардан банк фоизи ундириш талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган. Бундан кўринадики, апелляция инстанцияси суди иш юзасидан қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаган ва моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаган ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартирган. Даъвогарнинг тарафлар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2-бандида банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлаш кўрсатилганлиги, Қонуннинг 13-моддасига асос қилиб кўрсатилмаганлиги ҳақидаги важи билан судлов ҳайъати келишмайди. Чунки, банк ҳисобварағи шартномасининг 8.1.2-бандида жавобгар (Банк)нинг устав капитали миқдорининг эмас, балки банк устав капиталининг энг кам миқдорининг 0,01 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асоослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъвогар зиммасига юклатилади ва кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ва почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Шунингдек, иш кассация инстанцияси судида видеоконференцалоқа режимида кўрилганлиги сабабли даъвогардан Олий суднинг депозит рақамига 75 000 сўм суд харажатлари ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Тўқмангит Нукус” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Қорақалпоғистон Республикаси суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 24 мартдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Тўқмангит Нукус” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суднинг депозит рақамига ишни ви деоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: В. Сатторова