← Назад
Решение #648993 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
3
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| нинг | 234 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1401-2203/542-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Ў.Мурадов
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – У.Эшқобилов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья - Р.М.Сагатов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
ҚАРОРИ
2023 йил 23 февраль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъати
Б.Сайфуллаевнинг
раислигида,
ҳайъат
аъзолари
В.Сатторова
ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини
видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган Самарқанд вилоят
судининг ходими Д.Маматазимов, даъвогар вакили – А.Хасанов (2022 йил
26 апрелдаги 01/14-1672-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакили – Р.Рахмонов
(раҳбар)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят
ҳудудий бошқармаси (даъвогар “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган
жамияти манфаатида)нинг жавобгар якка тартибдаги тадбиркор Рахмонов Раджаб
Хакимовичдан 69 064 080 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича
юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар
томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси
Олий суди биносида видеоконференцалоқа режимида бўлиб ўтган очиқ суд
мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси
(бундан буён матнда Палата деб юритилади)нинг “Самарқанд сув таъминоти”
масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади)
манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, якка тартибдаги
тадбиркор Рахмонов Раджаб Хакимовичдан 69 064 080 сўм қайта ҳисоб-китоб
суммасини ундиришни сўраган.
Тойлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 июндаги ҳал қилув
қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар
фойдасига 23 614 001 сўм қайта ҳисоб-китоб асосида ҳисобланган қарз ва
21 600 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини
қаноатлантириш рад қилинган. Жавобгардан 472 280 сўм, даъвогардан 909 001 сўм
давлат божи республика бюджетига ундирилган.
Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 27 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги қарор
қабул қилинган. Даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогардан республика бюджетига 1 381 281 сўм давлат божи, жавобгар
фойдасига 236 140 давлат божи ва 24 000 сўм почта харажатлари ундирилган.
Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, даъвогар
Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда апелляция
инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини ўзгартиришни, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш
ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори
билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш
хизматлари кўрсатиш Қоидалари” (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади)га
риоя этилиши юзасидан 2021 йил 30 июнда 00009400-сонли далолатнома
тузилганлиги, унга кўра жавобгар фаолият кўрсатиб келаётган бино сув
таъминотига Д-20 мм.ли қувур орқали уланганлиги, сув ўлчагич асбобининг давлат
қиёлаш муддати ўтганлиги аниқланганлиги, қонунбузилиш натижасида сарфланган
сув ва оқова сарфи Қоидаларнинг 69-бандига асосан 2021 йил 1 январдан 2 июнгача
бўлган давр ҳисобидан Д-20 мм.ли қувур учун 69 064 080 сўм ҳисобланганлиги, сув
ўлчагич асбобни текшириш учун ечилгандан сўнг, жавобгар сув қувурларини
алмаштириб, полиэтилен қувурлар ўтказганлиги, ушбу ҳолат жавобгар томонидан
ҳам тасдиқланган бўлса-да, суд даъво талабини қаноатлантиришда тўловни
қоидабузилиш даврида мавжуд бўлган сув қувури бўйича ҳисобламаганлиги,
даъвогар огоҳлантириш хатини жавобгар билан тузилган шартномада назарда
тутилган манзил бўйича юборганлиги, почта алоқа бўлими томонидан почта
жўнатмаси етказилмаганда, Қоидаларда даъвогар огоҳлантириш хатини қайтадан
юбориш мажбурияти белгиланмаганлиги, жавобгар ҳам истеъмолчи сифатида
ўзининг мажбуриятларини бажарган ҳолда сув ўлчагич асбобини ўз вақтида
қиёслаш кўригидан ўтказиш чораларини кўриши лозимлигига тегишли тарзда
ҳуқуқий баҳо бермаганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида даъвогар вакили кассация шикоятда келтирилган важларни
такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни ва апелляция инстанцияси судининг
қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни
сўради.
Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг
тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари
билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб
юритилади)нинг 234-моддасига биноан мажбурият шартномадан, зиён етказиш
натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар ходимлари томонидан 2021 йил 30 июнда
расмийлаштирилган 00009400-сонли далолатномада Самарқанд шаҳри, Беруний
кўчаси, 144-уйда жойлашган савдо дўконида жавобгар фаолият кўрсатиб келаётган
бино сув тармоғига Д-20 мм.ли қувур орқали уланганлиги, сув ўлчагич асбобининг
давлат қиёслов кўриги бўйича муддат ўтганлиги қайд этилган. Натижада
аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Қоидаларга асосан сув ва оқова учун
69 064 080 сўмга ҳисоб-китоб қилиниб, жавобгарга 2022 йил 31 январда
01/14-291/81-сонли талабнома юборилган.
Талабномага жавобгар томонидан жавоб берилмаганидан сўнг, Палата
даъвогар манфаатида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
жавобгардан 69 064 080 сўм қайта ҳисоб-китоб суммасини ундиришни сўраган.
Қоидалар 69-бандининг биринчи хатбошисига кўра, сувни ҳисобга олиш
асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тугашидан камида 30 календарь кун
аввал ИСКХ ташкилоти истеъмолчига шартномада кўрсатилган тартибда (почта
орқали, шахсан, электрон почта воситасида, ижтимоий тармоқлар ёрдамида ва
ҳоказо) огоҳлантириш хати жўнатади. Унда сувни ҳисобга олиш асбобидан
фойдаланиш муддати тугаётганлиги қайд этилади, истеъмолчи учрашиши керак
бўлган шахс, манзил, телефон рақами ва электрон манзили кўрсатилади.
Даъвогар томонидан 2020 йил 25 ноябрда жавобгарнинг манзилига, яъни
Самарқанд шаҳар, Беруний кўчаси, 144-уйга 01/19-4793-сонли огоҳлантириш хати
юборилган.
Мазкур хатда қиёслаш кўриги муддати ўтаётган сув ўлчагич асбобларининг
назорат тамғаларини ечиш ва уни навбатдаги давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш
учун мутахассис жалб қилиш тўғрисида давлат хизматлари маркази орқали хат
билан мурожаат қилиш ва қўшимча маълумот учун кўрсатилган телефон рақами
орқали боғланиш сўралган.
Бироқ, жавобгар томонидан судга тақдим қилинган почта алоқа бўлимининг
2022 йил 16 майдаги 40-11-12/663-сонли маълумотномасида жавобгарга юборилган
7354-сонли буюртма хат (2020 йил 25 ноябрдаги 01/19-4793-сонли огоҳлантириш
хати) фуқаро манзилида топилмаганлиги сабабли 2020 йил 4 декабрда
қайтарилганлиги маълум қилинган.
Қоидалар 69-бандининг иккинчи хатбошисида истеъмолчи огоҳлантириш
хатини олган кундан бошлаб уч кун муддатда ИСКХ ташкилоти вакили билан ёзма,
оғзаки ёки телефон орқали боғланиб, ушбу корхона вакили томонидан сувни
ҳисобга олиш асбобини текширишга олиб кетиш, икки томонлама далолатнома
тузиш санаси, вақтини келишиб олади.
Мазкур ҳолатда, жавобгар даъвогарнинг огоҳлантириш хатини Қоидалар
69-бандининг иккинчи хатбошисига асосан қабул қилиб олмаган.
Бунда далолатнома тузилган сана, сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш
ва қайта ўрнатиш учун кетадиган вақт, унинг кўрсаткичлари қайд этилиши
лозимлиги белгиланган.
Шунингдек, Қоидалар 69-бандининг тўртинчи хатбошисида, мазкур банднинг
биринчи хатбошида белгиланган тартибда ИСКХ ташкилоти истеъмолчига
огоҳлантириш хати бермаганда, барча гуруҳ истеъмолчилари томонидан
қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисобга олиш прибори орқали истеъмол
қилинган ичимлик суви учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиш қатъиян ман этилади.
Яъни, даъвогарнинг сувни ҳисобга олиш асбобини қиёсловдан ўтказиш
ҳақидаги огоҳлантириш хати жавобгарга берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар
мавжуд эмас.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди жавобгарга нисбатан Қоидалар
87-бандининг «б» кичик банди бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинган суммани
асоссиз деб ҳисоблаб асосли тўхтамга келган.
Шунинг учун, апелляция инстанция суди биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад
этиш ҳақида асосли тўхтамга келган.
4
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг
қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур
ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация
шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни
ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга
ҳақли.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати даъвогарнинг кассация
шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва иш юзасидан қабул қилинган
апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари даъвогар зиммасига юклатилади.
Даъвогар томонидан кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат
божи ва почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Даъвогардан Олий
суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан
боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал
кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг кассация
шикоятини қаноатлантириш рад этилсин.
Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 27 июлдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятидан Олий
суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан
боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
Б. Сайфуллаев
ҳайъат аъзолари:
В. Сатторова
Р. Сагатов