Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1401-2203/558 Дата решения 22.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Халмирзаев Олим Дустмухамматович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Самарқанд сув таъминоти масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "MANIJA HOSTEL" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1029458 Claim ID 3126754 PDF Hash ea34ee7a681e4541... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 2
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1401-2203/558-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья Ф.Мажидов Апелляция инстанциясида маърузачи судья М.Дусматова Кассация инстанциясида маърузачи судья О.Халмирзаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 22 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Убайдуллаев ва О.Халмирзаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, “Samarqand suv ta’minoti” масъулияти чекланган жамияти вакили А.Ҳасанов (2022 йил 20 декабрдаги 01-01/5065-сонли ишончнома асосида) иштирокида “Samarqand suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамиятининг “Manija Hostel” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан берилган даъво аризаси бўйича қабул қилинган Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 10 августдаги қарори устидан берилган “Samarqand suv ta’minoti” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суд биносида видеоконфренцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Samarqand suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Manija Hostel” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 75 218 353 сўм ундиришни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 30 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган, жавобгардан даъвогар фойдасига 75 218 353 сўм ундирилган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 10 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган, янги қарор қабул қилинган, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили апелляция инстанцияси суди томонидан жавобгарнинг сув ўлчагич асбоби давлат қиёсловидан ўтказилмаганлиги ҳолатига эътибор қаратилмаганлигини, даъвони рад этишда огохлантириш хатида жавобгар учрашиши керак бўлган манзил давлат хизматлари маркази кўрсатилганлигига асосланганлигини, ушбу важлар асоссиз эканлигини билдириб, шикоятни қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Жавобгар суд мажлисида вакилларининг иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасига мувофиқ кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу боис, судлов ҳайъати ишни кассация инстанцияси судида жавобгар вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқишни мумкин деб ҳисоблайди. Судлов ҳайъати, даъвогар вакилининг тушунтиришини тинглаб, даъвогарнинг кассация шикоятида келтирилган важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра даъвогарнинг кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Иш ҳужжатлардан аниқланишича, жавобгарга тегишли бўлган “LXS32” русумли сув ўлчагич асбоби 2019 йил 15 апрелда давлат қиёслаш кўригидан ўтказилган ва унинг даврий муддати 2021 йил 15 апрелда тугаган. Жавобгар ўзига тегишли бўлган “LXS-32” русумли сув ўлчагич асбобини давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш учун мутахассис юбориш тўғрисида Нарпай туман Давлат хизматлар маркази орқали 2021 йил 14 январда муддатидан олдин мурожаат қилиб, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини ечиш ва ўрнатиш ҳамда давлат қиёсловидан ўтказиш учун 334 500 сўм ҳамда давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатиладиган пуллик хизмат учун 3600 сўм тўлов амалга оширилган. Нарпай туман Давлат хизматлар маркази томонидан орадан 7 (етти) ой муддат ўтиб, истеъмолчи Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтганлиги учун мурожаат Самарқанд шаҳар Давлат хизматлар марказига йўналтирилган. 2021 йил 17 август куни истеъмолчи давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматга яна 4000 сўм тўлов амалга оширилган. Шундан сўнг, даъвогар томонидан 2021 йил 20 августда жавобгар манзилига ўрганишга чиқиб, истеъмолчи марказлаштирилган сув таъминотига диаметри 32 ммли қувур орқали уланганлиги, “LXS-32” русумли сув ўлчагич асбоби ўрнатилганлиги, кўрсаткичи 4680 м3 эканлиги, 08964-рақамли назорат тамғаси сақланганлиги, 2019 йил 15 апрелда қиёслов кўригидан ўтказилганлиги, текшириш кунида сув ўлчагич асбобининг давлат қиёслаш кўриги муддати ўтганлиги аниқланиб, бу ҳақда 00011982-сонли далолатнома расмийлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сонли қарори билан тасдиқланган “Ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий Регламенти” юридик ва жисмоний шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди, бироқ, мазкур Регламент талаблари саноат ўлчов комплексларига нисбатан татбиқ этилмаслиги келтириб ўтилган. Жавобгарга тегишли LXS-32 русумли сув ўлчагич асбоби бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича хизматлар кўрсатилмайди. Судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди жавобгар ўзига тегишли бўлган “LXS-32” русумли сув ўлчагич асбобини давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш учун мутахассис юбориш тўғрисида Давлат хизматлари маркази орқали эмас, балки, тўғридан-тўғри даъвогарнинг ўзига мурожаат қилиши лозим эди деган хулосага келиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш ҳақида, барвақт хулосага келган деб ҳисоблайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Истемолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматларини кўрсатиш Қоидалари”нинг (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) 69-банди 1-хатбошисига кўра, сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланишнинг чекланган муддати тугашидан камида 30 календарь кун аввал ИСКХ ташкилоти истеъмолчига шартномада кўрсатилган тартибда (почта орқали, шахсан, электрон почта воситасида, ижтимоий тармоқлар ёрдамида ва ҳоказо) огоҳлантириш хати жўнатади. Унда сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланиш муддати тугаётганлиги қайд этилади, истеъмолчи учрашиши керак бўлган шахс, манзил, телефон рақами ва электрон манзили кўрсатилиши белгиланган. Даъвогар жавобгарга 2021 йил 20 январдаги 01/19-215-сонли огоҳлантириш хатини 2021 йил 11 феврал куни почта алоқа хизмати орқали юбориб, унда сувни ҳисобга олиш асбобидан фойдаланиш муддати тугаётганлигини қайд этиб, истеъмолчи учрашиши керак бўлган манзил “давлат хизматлари маркази” деб кўрсатиб, сувни ҳисобга олиш асбобини давлат қиёслаш кўригидан ўтказиб, қайта рўйхатга қўйишни сўраб, жавобгарни расман огоҳлантирган. Қоидаларнинг 69-банди 4-хатбошисига кўра, мазкур банднинг биринчи хатбошида белгиланган тартибда ИСКХ ташкилоти истеъмолчига огоҳлантириш хати бермаганда, барча гуруҳ истеъмолчилари томонидан қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисобга олиш прибори орқали истеъмол қилинган ичимлик суви учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиш қатъиян ман этилади. Шунга кўра, даъвогар томонидан жавобгарга тегишли бўлган “LXS32 русумли сув ўлчагич асбобини давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш учун даъвогарга мурожаат қилиши лозимлиги қайд этилмасдан, истеъмолчи учрашиши керак бўлган манзил “давлат хизматлари маркази” деб кўрсатилганлиги боис, жавобгарнинг қиёсловдан ўтказиш муддати тугаган ҳисобга олиш прибори орқали истеъмол қилинган ичимлик суви учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиши Қоидаларга мувофиқ эмас. Жавобгар томонидан 2021 йил 14 январь кунидан бошлаб сув ўлчагич асбобини давлат қиёслаш кўригидан ўтказиш учун ҳаракатлар муддатидан олдин бошланган. Даъвогарнинг огоҳлантириш хатида учрашиши керак бўлган манзилнинг нотўғри кўрсатилганлиги оқибатида, жавобгар томонидан сув ўлчагич асбобини ўз вақтида рўйхатга қўйиш билан боғлиқ мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 333-моддасида қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади. Ушбу ҳолатда, даъвогар томонидан жавобгарга юборилган огоҳлантириш хатида Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиши кўрсатилган, жавобгар ўзига боғлиқ бўлган чораларни амалга оширган. Демак, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини рад этиш ҳақида асосли асосли хулосага келган. Судлов ҳайъати, даъвогарнинг кассация шикоятидаги жавобгарга вақтида сув ўлчагич асбобини давлат қиёсловидан ўтказиш ҳақида огоҳлантириш берилганлиги, учрашиши керак бўлган манзил давлат хизматлари маркази деб кўрсатилиши унинг огоҳлантирилмаган деб ҳисоблашга асос бўлмаслиги ҳақидаги важлари асоссиз, чунки жавобгар даъвогарнинг кўрсатмасига асосан Давлат хизматлари марказига мурожаат қилган, сув ҳисоблагичнинг белгиланган муддатда давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаслигида жавобгарнинг айби йўқ. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 10 августдаги қарорини ўзгаришсиз, даъвогарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини тақсимлаш масаласини муҳокама қилиб, олдиндан тўланган суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни, даъвогардан Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозитига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатларини ундиришни лозим топади. Юқорида баён қилинганларга асосланиб, ИПКнинг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 10 августдаги қарори ўзгаришсиз, “Samarqand suv ta’minoti” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “Samarqand suv ta’minoti” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари Олий суд депозитига ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: С.Рахмонов Ҳайъат аъзолари: Б.Убайдуллаев О.Халмирзаев