← Назад
Решение #652898 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| аролик кодекси | 565 | — | code_article | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law | |
| ИПКнинг | 343 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1407-2101/1920-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўришда
маърузачи судья – М.Тоғаев
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – У.Эшқобилов
Кассация инстанциясида маърузачи
судья- А.Абдуллаев
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 16 февраль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати Б.Исрайловнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ш.Маҳмудов
ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори
М.Қурбонова, “Samarqand kamalak invest tekstil” масъулияти чекланган
жамияти вакиллари Т.Абдурахмонов (2022 йил 22 июндаги (27/06/02-сонли
ишончномага асосан), Ж.Умаров (2022 йил 26 июлдаги 26/07-сонли
ишончномага асосан), “Juma paxta tozalash” акциядорлик жамияти вакиллари
Н.Сатторов (раҳбар), Б.Бобокелдиев (2023 йил 15 февралдаги 01/3-сонли
ишончномага асосан) иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
Самарқанд вилоят худудий бошқармасининг “Juma paxta tozalash”
акциядорлик жамияти манфаатида “Samarqand kamalak invest tekstil”
масъулияти чекланган жамиятидан 2019 йил 1 октябридан 2021 йилнинг
1 октябрига қадар, яъни 24 ой давомида асосий воситалардан
фойдаланганлиги учун 12 544 907 128 сўм ижара ҳақи, яъни асосий қарз
ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул
қилинган Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 5 июлдаги
ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарори устидан Ўзбекистон Республикаси
Бош прокурорининг ўринбосари томонидан келтирилган кассация протести
асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида
кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Juma paxta tozalash” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда
даъвогар юритилади) ва “Samarqand kamalak invest tekstil” масъулияти
чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида
2019 йил 1 октябрда 167-сонли асосий воситаларни ижарага бериш юзасидан
шартнома имзоланган бўлиб, шартноманинг 1.1 бандига кўра, даъвогар ўзига
тегишли асосий воситаларни жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги 744-сонли ва 2019 йил 18 мартдаги
“Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантиришга доир
қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 230-сонли қарорлари ижроси
юзасидан ижарага бериши, жавобгар эса ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини
олган.
Шартноманинг 2.1 бандида ижара хақи Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 253-сонли қарорининг
2-бандига асосан давлат мулки учун белгиланган энг кам ижара ставкаси
ва мулк ҳамда амортизация ажратмаларини ҳисобга олган ҳолда
ҳисобланиши ва ижара хақи фойдаланган давр учун бир ойга
524 787 797 сўмни ташкил этиши белгиланган.
Мазкур шартноманинг тўлов қисми бўйича тарафлар ўртасида ўзаро
келишмовчилик юзага келган, ушбу ҳолат бўйича низони судгача ҳал қилиш
чоралари кўрилган, бироқ ижобий келишувга эришилмаган.
Шу боис Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят
худудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) даъвогар
манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан
2019 йил 1 октябридан 2021 йилнинг 1 октябрига қадар, яъни 24 ой давомида
асосий воситалардан фойдаланганлиги учун 12 544 907 128 сўм ижара
ҳақини яъни асосий қарз ундиришни сўраган.
Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, жавобгар даъвогарга
нисбатан қарши даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, унда ижара
шартномасининг шаклига риоя қилинмаганлиги, яъни тарафлар ўртасида
тузилган ижара шартномасининг 1-иловасида ижара объектининг таснифи
(таркиби, техник ҳолати ва бошқалар) берилган бўлиб, ушбу иловада ижарга
берилган асосий воситалар қаторида жами қиймати 282 108 796 сўмлик
6 дона автотранспорт воситалари кўрсатилганлиги ва 2019 йил 1 октябрь
куни ижара объектини топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида
жавобгарга топширганлиги, ушбу ҳолатда автотранспорт воситаларини
қонун билан белгиланган ижарага бериш тартиби бузилганлиги, шунингдек,
ижара шартномасини тузиш вақтида ижарага берилган асосий воситаларнинг
ижара нархини ҳисоблашда даъвогарнинг ҳисоб-китобини қабул қилиб
жиддий янглишганлиги, бунинг оқибатида жамиятга катта миқдорда зарар
етказилишига сабаб бўлганлигини маълум қилиб, даъвогар ва жавобгар
ўртасида тузилган 2019 йил 1 октябрдаги 167-сонли ижара шартномасини
хақиқий эмас деб топишни ва битимни ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини
қўллашни сўраган.
Суднинг 2021 йил 19 ноябрдаги ажрими билан жавобгарнинг қарши
даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган.
Суднинг 2021 йил 19 ноябрдаги ажрими билан ишга Ўзбекистон
Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш
тўрган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази
Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасидан мутахассис жалб қилинган.
Суднинг 2021 йил 1 декабрдаги ажрими билан судга оид бухгалтерия
экспертизаси тайинланган, экспертизани Ўзбекистон Республикаси Адлия
вазирлиги хузуридаги С.Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг Самарқанд
вилоят бўлимига юклатилган, ҳамда экспертнинг хулосаси олингунга қадар
иш юритиш тўхтатиб турилган.
РСЭМнинг Самарқанд вилоят бўлими суд эксперти томонидан суд
товаршунослик экспертизаси ўтказилиб, иқтисодий иш юзасидан
суд-иқтисодий экспертизаси тадқиқоти бўйича давлат суд экспертининг
2022 йил 25 январдаги № 21/08(6406)17.1Z-сонли хулосаси берилган.
Суднинг 2022 йил 28 январдаги ажрими билан иш юритиш тикланган.
Каттақўрғон
туманлараро
иқтисодий
судининг
2022
йил
4 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман
қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2 435 179 272 сўм ижара
ҳақи ундирилган. Жавобгарнинг қарши даъво аризасини қаноатлантириш
рад этилган.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 24 мартдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил
4 февралдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, жавобгардан даъвогар
фойдасига 10 279 899 080 сўм ижара ҳақи ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатининг 2022 йил 23 июндаги қарори билан Каттақўрғон
туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 4 февралдаги ҳал қилув қарори
ва Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 24 мартдаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига юборилган.
Каттақўрғон
туманлараро
иқтисодий
суднинг
2022
йил
23 августдаги ҳал қилув қарори билан Палатанинг даъво аризаси қисман
қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2019 йил 1 октябрда
тузилган 167-сонли асосий воситаларни ижарага бериш шартномаси бўйича
2021 йилнинг 1 октябрига қадар 24 ой давомида асосий воситалардан
фойдаланганлик учун 1 840 402 381,2 сўм ижара ҳақи ундирилган. Даъво
талабининг 10 704 504 746,8 сўм ундириш қисмини қаноатлантириш
рад этилган. Шунингдек, жавобгарнинг қарши даъво аризасини
қаноатлантириш рад этилган.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарори билан
даъвогарнинг апелляция шикояти қисман қаноатлантирилиб, ҳал қилув
қарори бекор қилинган. Даъво талабини қисман қаноатлантириш,
жавобгардан даъвогар фойдасига 5 926 648 064 сўм асосий қарз ундириш,
даъво талабининг 6 618 259 064 сўм асосий қарз ундириш қисмини
қаноатлантиришни рад этиш, даъвогардан республика бюджетига
102 765 181 сўм давлат божи, жавобгардан республика бюджетига
148 132 961 сўм давлат божи ундириш, жавобгарнинг қарши даъво талабини
қисман қаноатлантириш, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2019 йил 1 октябрда
тузилган 167-сонли асосий воситаларни ижарага бериш шартномасининг
9 дона автотранспорт воситаларига нисбатан қисмини хақиқий эмас деб
топиш, қарши даъвонинг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш
тўғрисида янги қарор қабул қилинган.
Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг қарори
устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари кассация
протести келтирган ва унда апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгартиришни сўраган. Бунга асос қилиб, протестда судлар томонидан
мазкур иш бўйича аниқланиши лозим бўлган муҳим ҳолатлар
аниқланмаганлиги, апелляция инстанцияси суди даъвонинг 5 926 648 064 сўм
ундириш қисмини қаноатлантиришда жавобгар тўлов ундириш белгиланган
мол-мулкларнинг айнан қайси қисмидан фойдаланганлиги, ушбу молмулклар ҳақиқатда мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш чораси
кўрилмаганлиги, суднинг хусусий ажрими асосида олиб борилаётган тергов
ҳаракатлари давомида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида
даъвогарнинг кўчмас мулкларидан даъвогар 2019 йилнинг 1 сентябридан
2021 йил 1 октябрига қадар фойдаланганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг
253-сонли қарор талаблари асосида ижара ҳақи қайта ҳисобланганда,
жавобгар ушбу давр учун ҳақиқатда 3 052 671 700 сўм ижара ҳақи тўлаши
лозимлиги аниқланганлиги, апелляция инстанцияси суди томонидан давлат
божини ҳисоблашда ҳам хатоликка йўл қўйганлигини кўрсатган.
Суд мажлисида прокурор протестда келтирилган важларни такрорлаб,
протестни қаноатлантиришни сўради.
Жавобгар вакили кассация протестида келтирилган важларни
қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, протестни қаноатлантиришни сўради.
Даъвогар вакили кассация протестида келтирилган важларга эътироз
билдириб, протестни қаноатлантиришни рад этишни сўради.
Палата суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисидаги тегишли равишда
хабардор қилинган бўлса-да, улардан вакил суд мажлисига келмади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра,
кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш
вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация
шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа
шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик
қилмайди.
Шу сабабли судлов ҳайъати ишни Палата иштирокисиз кўриб чиқишни
лозим топади.
Судлов ҳайъати тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, протестда
келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб,
қуйидаги асосларга кўра кассация протестини қаноатлантиришни
лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Пахтатўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш
бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 31 мартдаги 253-сонли
қарори 2-бандининг б-хатбошисида пахта тозалаш корхоналари ва пахта
таёрлаш пунктларининг ишлаб турган
ускуналари ва бошқа асосий
воситалари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлар ҳамда
кластерлари
ташкилотчиларига ижарага мулк ва ер солиғи ҳамда амартизация
ажратмалари ҳисобга олинган ҳолда, давлат мулки учун белгиланган энг кам
ставкалар бўйича берилиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Давлат мулкини
ижарага бериш тартибини такоминлаштириш чора тадбирлари тўғрисида”
2009 йил 8 апрелдаги 102-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат мулкини
ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низомда Ўзбекистон Республикаси
ҳудудидаги давлат мулкини ижарага бериш ва ижара суммасини ҳисоблаш
тартиблари белгиланган.
Тарафлар ўртасида 2019 йил 1 октябрда тузилган 167-сонли асосий
воситаларни ижарага бериш шартномасининг 1.1 ва 2.1-бандларида ижара
ҳақи миқдорини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб
чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида”ги 253-сонли қарорининг 2-бандига хавола
қилинган ва ижара хақи фойдаланган давр учун бир ойга 524 787 797 сўмдан
ҳисобланиши қайд этилган.
Бироқ, биринчи инстанция суди жавобгардан даъвогар фойдасига
1 840 402 382 сўм ундириш, даъвонинг 10 704 504 746 сўм ундириш қисмини
қаноатлантиришни рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган.
Чунки, тарафлар ўртасида тузилган ижара шартномасининг иловасида
ижарага берилган асосий воситалар қаторида жами 9 дона автотранспорт
воситалари ҳам кўрсатилган. Ушбу ҳолат биринчи инстанция суди
томонидан ўрганилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
565-моддасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан
ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш
шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши кераклиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил
7 мартдаги 38-сонли қарори билан тақдиқланган “Автотранспорт воситалари
билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги
Низомнинг 3-бандига кўра, нотариал тасдқиланган автотранспорт воситасини
ижарага бериш шартномаси давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати
органида хисобга олиниши лозим.
Аниқланишича, шартнома иловасида кўрсатилган 9 дона автотранспорт
воситаларининг техник ҳужжатлари жавобгарга тақдим қилинмаган ва улар
йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органида ҳисобга олинмаган.
Шунингдек, мазкур 9 дона автотранспорт воситаларининг 1 донаси
яъни 2008 йилда ишлаб чиқарилган Мидибус SAZ (автобус) МИБ идоралари
томонидан олиб қўйилганлиги муносабати билан жавобгарга берилмаган.
Мазкур ҳолатда апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор
қилиб, жавобгарнинг қарши даъво талабини қисман қаноатлантириш,
даъвогар ва жавобгар ўртасида 2019 йил 1 октябрда тузилган 167-сонли
асосий воситаларни ижарага бериш шартномасининг 9 дона автотранспорт
воситаларига нисбатан қисмини ҳақиқий эмас деб топиш, қарши даъвонинг
қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул
қилиб, тўғри хулосага келган.
Бироқ, апелляция инстанцияси суди жавобгардан даъвогар фойдасига
5 926 648 064 сўм асосий қарз ундириш, даъво талабининг 6 618 259 064 сўм
асосий қарз ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги
қарор қабул қилишда хатоликка йўл қўйган.
Чунки, апелляция инстанцияси суди даъвонинг 5 926 648 064 сўм
ундириш қисмини қаноатлантиришда, даъвогарга тегишли мол-мулкларнинг
айнан қайси қисмидан жавобгар фойдаланганлиги, ушбу мол-мулклар
ҳақиқатда мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, уларнинг топширилганлиги
ёки топширилмаганлигини аниқлаш чорасини кўрмаган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Бош
прокуратурасининг иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида
мутахассислар жалб қилиниб, улар томонидан “Ўзпахтасаноат” АЖ
тизимидаги 11 та пахта тозалаш корхоналари (шу жумладан “Juma paxta
tozalash” акциядорлик жамияти) томонидан пахта тўқамачилик кластер
корхоналарига ижарага берилган мулклар учун Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги 253-сонли қарорининг
2-бандига асосан фойдаланган давр учун мулк ва ер солиғи ҳамда
амортизация ажратмалари ҳисобга олинган ҳолда, давлат мулки учун
белгиланган энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган ижара ҳақларининг
ҳаққонийлиги тақдим қилинган ҳисобот ва ўрганиш маълумотлари асосида
таҳлил қилинган ва натижаси бўйича 2023 йил 11 январь куни далолатнома
тузилган. Ушбу далолатномада даъвогарнинг асбоб-ускуналаридан жавобгар
2019 йилнинг 1 октябридан 2021 йил 1 октябрига қадар фойдаланганлиги
учун Вазирлар Маҳкамасининг 253-сонли қарори талаблари асосида ижара
ҳақи қайта ҳисобланганда, жавобгар ушбу давр учун ҳақиқатда
3 052 671 700 сўм ижара ҳақи тўланиши лозимлиги аниқланган. Чунки,
тергов давомида даъвогар томонидан ўзганинг мулкидан асоссиз
фойдаланганлик учун тўлов миқдорини ҳисоблашда даъвогарда аслида
мавжуд бўлмаган асфальт майдонлари учун ҳам ижара ҳақи ҳисобланганлиги
аниқланган ва бу ортиқча ҳисобланган сумма мутахассислар томонидан
асосий қарздорликдан чегириб ташланган.
Бундан кўринадики, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини
бекор қилиш ва жавобгардан даъвогар 5 926 648 064 сўм асосий қарз
ундириш, даъво талабининг 6 618 259 064 сўм асосий қарз ундириш қисмини
қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишда иш учун
аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламаган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига биноан иш учун
аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги биринчи инстанция
судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддасининг 4-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгартиришга ҳақли.
Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация протестини
қаноатлантиришни, иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартиришни, жавобгардан даъвогар фойдасига
3 052 671 700 сўм ундиришни, апелляция инстанцияси суди қарорининг суд
харажатларини тақсимлаш қисмини бекор қилишни лозим топади.
ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишни биринчи инстанция судида кўриш учун республика бюджетига
жавобгардан
мулкий
хусусиятга
эга
даъво
талаби
бўйича
61 053 434 (3 052 671 700 х 2 %) сўм, даъвогардан 189 844 708,56
(12 544 907 128 – 3 052 671 700 = 9 492 235 428 х 2 %) сўм давлат божи
ундирилади. Даъвогар томонидан апелляция шикояти суд ҳужжатининг
фақат мулкий хусусиятга эга даъво талабига оид қисмига берилган бўлиб,
шунинг учун 94 922 354,28 (9 492 235 428 х 2 % = 189 844 408,56 х 50 %) сўм
давлат божи тўлаши лозим бўлса-да, даъвогар томонидан 107 045 047,45 сўм
тўланган.
Шунинг
учун,
жавобгардан
даъвогар
фойдасига
30 526 717 (3 052 671 700 х 2 % = 61 053 434 х 50 %) сўм давлат божи,
шунингдек, битимни ҳақиқий эмас деб топиш талаби бўйича 10 БҲМ
(базавий ҳисоблаш миқдори), яъни 2 700 000 сўм биринчи инстанция суди
учун чегирилган ҳолда жами 27 826 717 сўм давлат божи ундирилади,
даъвогар томонидан тўланган 64 396 000 сўм давлат божи унинг зиммасида
қодирилади ва ортиқча тўланган 12 122 693,17 (107 045 047,45 - 30 526 717 94 922 354,28) сўм давлат божи миқдорига ишни биринчи инстанция судида
кўриш учун даъвогардан ундирилиши лозим бўлган давлат божи суммаси,
яъни 12 122 693,17 сўмга камайтирилади. Кассация протести суд
ҳужжатининг 2 873 976 364 (5 926 648 064 – 3 052 671 700) сўм ундириш
қисми устидан берилганлиги сабабли даъвогардан республика бюджетига
28 739 763,64 (2 873 976 364 х 2 % = 57 479 527,28 х 50%) сўм давлат божи
ҳамда Олий суднинг депозит рақамига 30 000 сўм почта харажатлари
ундирилади. Шунингдек, жавобгардан Олий суднинг депозит рақамига ишни
2022 йил 23 августда видеконференцалоқа режимида кўриб чиқиш билан
боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилади. Тарафлар томонидан
тўланган почта харажатлари улар зиммасида қолдирилади.
ИПКнинг 343-моддасига асосан апелляция инстанцияси судининг
қарори бўйича ундирув бекор қилинади.
Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301- 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов
ҳайъати
8
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг кассация
протести қаноатлантирилсин.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарори ўзгартирилсин.
“Samarqand kamalak invest tekstil” масъулияти чекланган жамиятидан
“Juma paxta tozalash” акциядорлик жамияти фойдасига 3 052 671 700 сўм
ундирилсин.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарорининг суд
харажатлари тақсимлаш қисми бекор қилинсин.
Республика бюджетига:
- “Samarqand kamalak invest tekstil” масъулияти чекланган жамиятидан
61 053 434 сўм давлат божи;
- “Juma paxta tozalash” акциядорлик жамиятидан 177 722 015,39 сўм
давлат божи ундирилсин.
“Samarqand kamalak invest tekstil” масъулияти чекланган жамиятидан:
- “Juma paxta tozalash” акциядорлик жамияти фойдасига 27 826 717 сўм
давлат божи;
- Олий суднинг депозит рақамига ишни видеконференцалоқа режимида
кўриб чиқиш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарорининг қолган қисми
ўзгаришсиз қолдирилсин.
Ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун “Juma paxta tozalash”
акциядорлик жамиятидан:
- республика бюджетига 28 739 763,64 сўм давлат божи:
- Олий суднинг депозит рақамига 30 000 сўм почта харажатлари
ундирилсин.
Ижро варақалари берилсин.
Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати
апелляция инстанциясининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарори бўйича ундирув
бекор қилинсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга
киради.
Раислик қилувчи:
Б.Исрайлов
ҳайъат аъзолари:
Ш.Маҳмудов
А.Абдуллаев