Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1801-2003/1169 Дата решения 15.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "Насаф юксак тараққиёт қурилиш" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Қарши шахар хокимияти
Source ID 1027060 Claim ID 3109815 PDF Hash 2d6952590f217755... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 3
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 342-моддаси ИПК 342 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 305-моддаси ИПК 305 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1801-2003/1169-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья Х.Турсунов Апелляция инстанциясида маърузачи судья М.Астанов Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Убайдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 15 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар О.Халмирзаев ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори М.Курбонова, “Насаф юксак тараққиёт қурилиш” масъулияти чекланган жамияти вакили Б.Рўзиев (2022 йил 30 ноябрдаги ишончномага асосан) иштирокида, мазкур иш бўйича қабул қилинган Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 6 декабрдаги қарори устидан “Насаф юксак тараққиёт қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биносида видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Қарши шаҳар прокуратураси “Насаф юксак тараққиёт қурилиш” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қарши шаҳар ҳокимлигига (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) нисбатан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдони ўрнига Қарши шаҳар, “Табассум” МФЙ, А.Темур кўчасидаги “Тиббий ташхис маркази” биносини қуриш учун 180 кв.метр, “Табассум” МФЙ, Қарлуқбоғот кўчасидаги Китоблар савдо дўкони, кутубхона ва ўқув маркази биносини қуриш учун 280 кв.метр, “Табассум” МФЙ, Шарқ кўчасидаги “Тиббий ташхис қўйиш маркази” биносини қуриш учун 180 кв.метр, Қарши шаҳар, 4-митти туман, “Чўлқувар” МФЙ, Мустақиллик кўчасида жойлашган 4-рақамли кўп қаватли турар жой биносининг жанубий томонидан клиника биносини қуриш учун 400 кв.метр жами 4 та далолатнома бўйича тайёрланган 1 040 кв.метр, шунингдек тарафларнинг келишуви бўйича қўшимча 112 кв.метр, жами 1152 кв.метр ер майдонларини ажратиб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Қарши шаҳар прокуратурасининг “Насаф юксак тараққиёт қурилиш” масъулияти чекланган жамияти манфаатида берган даъво аризаси қаноатлантирилган. Даъвогар жавобгарга нисбатан судга ариза билан мурожаат қилиб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 972 км. метр бўлган 4 та ер участкаларини ажратиб бериш ҳақидаги ҳал қилув қарорининг ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириб, 838 391 558 сўмлик бозор қийматини ундиришни сўраган. Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими билан аризани қаноатлантириш рад этилган. Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 6 декабрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган. Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Олий судига суд қарорлари устидан кассация шикояти билан мурожаат қилиб, шикоятда биринчи инстанция суди Ўзбекистон Республикаси “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуни кучга кирмаганлиги ва товон тўлаш мажбурияти “BIG AGRO EXSPORT” МЧЖга юклатилганлиги асослари билан аризасини қаноатлантиришни рад қилганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги” Низомнинг (бундан буён матнда Низом деб юритилади) 41-бандига киритилган ўзгаришлар инобатга олинмаганлиги ҳақидаги важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиб, ижро усули ва тартибини ўзгартириб, жавобгарга ер майдони ажратиб бериш ўрнига 838 391 558 сўм бозор қийматини ундириб бериш бўйича ижро варақасини беришни сўраган. Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакили кассация шикоятини қаноатлантиришни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган прокурор суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Жавобгар суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, унинг вакили суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни жавобгар вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг важларини ва прокурорнинг фикрини эшитиб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Аниқланишича, даъвогарга 2014 йил 21 январдаги 006/2014-ОС-сонли олди-сотди шартномасига асосан тегишли бўлган Қарши шаҳар, Қарши-Бешкент йўли 3 км.да жойлашган “Ёрдамчи бино темир бетон панелли девор” нотурар жой биноси эгаллаб турган ер майдонининг 1352 кв. метр қисми Қарши шаҳар ҳокимининг 2017 йил 4 августдаги Х-1669/8-сонли қарори билан “BIG AGRO EXSPORT” МЧЖга ажратилиши ҳисобига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Қарши шаҳар ҳокимининг ушбу қарорининг 5-бандида ер участкасидаги бузилишга тушган нотурар-жойлар учун товон тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарорига асосан “BIG AGRO EXSPORT” МЧЖ зиммасига юклатилган. Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан “Насаф юксак тараққиёт қурилиш” масъулияти чекланган жамияти фойдасига Қарши шаҳар ҳокимлигидан жами 1152 кв.метр ер майдонларини ажратиб бериш мажбурияти юклатилган. Мазкур ҳал қилув қарорига асосан 2020 йил 26 октябрда ижро варақаси берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сонли Фармонига асосан ҳокимларнинг ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ ваколатлари тугатилган. ИПК 342-моддасининг биринчи қисмига кўра, ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар мавжуд бўлганда суд давлат ижрочисининг, ундирувчининг ёки қарздорнинг аризасига кўра суд ҳужжатининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Қонунчиликда, аризада кўрсатилган ажратилмаган ер участкасига нисбатан бозор қийматини ундириш билан боғлиқ ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш орқали суд ҳужжати ижросини таъминлаш назарда тутилмаган. Шу сабабли ариза асоссиз ҳисобланади. Қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, биринчи инстанция суди даъвогарнинг суд ҳужжати ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги аризасини қаноатлантиришни рад этиш, апелляция инстанцияси суди эса биринчи инстанция судининг ажримини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида асосли хулосага келган. Кассация шикоятида келтирилган важлар, жумладан Низомнинг 41-бандига киритилган ўзгаришлар инобатга олинмаганлиги ҳақида важлари ҳам асоссиз бўлиб, суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Мазкур Низомнинг 41-банди “б” кичик бандида олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиб берилиши кўрсатилган бўлса-да, ушбу ҳолат кўчмас мулк объектлари бузиб ташланиши муносабати билан тўлаш назарда тутилган. Аризада эса туман ҳокими томонидан ажратиб берилмаган ва олиб қўйилмаган 4 та ер участкалари учун ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиб бериш сўралган. ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. ИПК 305-моддасининг биринчи қисмига кўра биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Ушбу модданинг учинчи қисми 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди апелляция инстанцияси судида кўрилган ажрим, қарор, апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича биринчи инстанция судининг ажримини, қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 6 декабрдаги қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни, кассация шикояти учун тўланган суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни, Олий суд фойдасига ишни суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатларини даъвогардан ундиришни, ижро варақасини беришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими ва Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 6 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. “Насаф юксак тараққиёт қурилиш” масъулияти чекланган жамиятидан Ўзбекистон Республикаси Олий суд фойдасига 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: С.Рахмонов ҳайъат аъзолари: О.Халмирзаев Б.Убайдуллаев