Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1407-1801/3745 Дата решения 14.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение АТИБ Ипотекабанк Ответчик / Подсудимый Охун хусусий корхонаси
Source ID 1022841 Claim ID 3092916 PDF Hash 8dcdae0684e9fbb3... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 12
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 327-моддаси ИПКнинг 327 law
збекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси збекистон Республикаси Жиноят кодекси 228 code_article
Жиноят кодексининг 64-моддаси Жиноят кодекси 64 code_article
аролик кодекси 281-моддаси аролик кодекси 281 code_article
ИПК 333-моддаси ИПК 333 law
бандида келишув битимининг мазмуни ИПКнинг 132-моддаси бандида келишув битимининг мазмуни ИПК 132 law
ИПКнинг 134-моддаси ИПКнинг 134 law
ИПК 281-моддаси ИПК 281 law
олатда апелляция инстанцияси суди ИПК 281-моддаси олатда апелляция инстанцияси суди ИПК 281 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 343-моддаси ИПКнинг 343 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1407-1801/3745-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни судья К.Тухтаев кўрган Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Т.Абдраманов Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 14 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р.Сагатов ва И.Таджиевдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар (Банк) вакиллари – бошқарма бошлиғи Д.Мусаев (2022 йил 17 ноябрдаги 17-4/009-сонли ишончнома асосида), бош юрисконсульт У.Махаммадиев (2022 йил 1 ноябрдаги 507-сонли ишончнома асосида), Банк филиали юрисконсульти Ш.Иброгимов (2022 йил 7 сентябрдаги 365-сонли ишончнома асосида), жавобгар (“Oxun” хусусий корхонаси) вакиллари – М.Бойбеков (раҳбар) ва иш юритувчи Ю.Бакаев (2023 йил 6 февралдаги 14-х/ш-сонли ишончнома асосида), “Bobo-Sher” МЧЖ вакили – М.Бойбеков (раҳбар)нинг иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси (“Ипотека-Банк” акциядорлик тижорат банки манфаатида)нинг жавобгарлар “Oxun” хусусий корхонаси ва “Bobo-Sher” масъулияти чекланган жамиятидан солидар тартибида 1 911 463 867 сўм ундириш, ундирув гаров нарсасига қаратиш ва бошланғич сотиш баҳосини белгилаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 октябрдаги ажрими ва 25 октябрдаги қарори устидан даъвогар томонидан берилган кассация шикоятлари асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки (бундан буён матнда Банк ёки даъвогар деб юритилади) ва “Oxun” хусусий корхонаси (бундан буён матнда қарздор деб юритилади) ўртасида 2017 йил 20 июнда 676-сонли кредит шартномаси тузилган. Унга асосан Банк томонидан қарздорга балиқчиликни ривожлантириш мақсадида 36 ой муддатга, йиллик 9 фоиз устама тўлаш шарти билан 2 009 665 163 сўм кредит ажратилган. Мазкур кредит шартномаси бўйича қарздорнинг мажбуриятлари ижросини таъминлаш мақсадида Банк, қарздор ва “Bobo-Sher” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда ипотекага кўювчи деб юритилади) ўртасида 2017 йил 22 июнда гаров (ипотека) шартномаси тузилган ва унга кўра қарздорга тегишли Пастдарғом тумани, “Чимбой” ҚФЙ манзилида жойлашган жами ер майдони 46,60 га, умумий эгаллаб турган майдони 29,58 га.м.дан иборат бўлган 12 та балиқчилик ҳовузи ҳамда ипотекага қўювчига тегишли Пастдарғом тумани, “Чимбой” ҚФЙ манзилида жойлашган жами ер майдони 100,0075 га, умумий эгаллаб турган майдони 63,49 га.дан иборат бўлган 31 та балиқчилик ҳовузи гаровга қўйилган, томонларнинг келишувига биноан қарздорга тегишли гаров нарсаси 750 000 000 сўмга, ипотекага қўювчига тегишли гаров нарсаси 1 762 081 454 сўмга баҳоланган. Қарздор кредит шартномасидаги мажбуриятларини мунтазам равишда бузиб келганлиги сабабли 2018 йил 1 ноябрь ҳолатига 316 211 837 сўм муддати ўтган кредит қарзи ва 69 357 044 сўм кредит фоизи вужудга келган. Шунинг учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) Банк манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, қарздор ва ипотега қўювчидан солидар тартибда 1 774 877 000 сўм кредит қарзи, 69 357 044 сўм кредит фоизи, 17 855 748 сўм банк комиссияси, 393 876 сўм пеня, жами 1 862 483 669 сўм ундиришни, ундирувни гаровга қўйилган қарздор ва ипотека қўювчига тегишли гаров нарасасига қаратиб, гаров нарсаларининг ким ошди савдоси бошланғич реализация баҳосини гаров шартномаси ва баҳолаш далолатномасига кўра қарздорга тегишли 12 та балиқчилик ҳовузини 750 000 000 сўм миқдорида ва ипотекага қўювчига тегишли 31 та балиқчилик ҳовузини 1 762 081 454 сўм миқдорида белгилашни сўраган. Иш кўриш жараёнида Банк судга ариза билан мурожаат қилиб, 2018 йил 13 декабрь ҳолатига 2018 йил 1 ноябрь куни берилган даъво талаблари миқдори ўзгарганлиги сабабли 1 911 463 867 сўмлик қарздорликни ундиришни сўраган. Суднинг 2018 йил 14 декабрдаги ажрими билан даъвогарнинг даъво талаблари миқдорини ўзгартириш тўғрисидаги аризаси иш юритишга қабул қилинган. Шунингдек, тарафлар судга ариза билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган 2018 йил 14 декабрдаги келишув битимини тасдиқлашни сўрашган. Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 14 декабрдаги ажрими билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланган ва иш бўйича иш юритиш тугатилган. Самарқанд вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2018 йил 14 декабрдаги ажрими бекор қилинган. Даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиниб, қарздордан Банк фойдасига 466 211 837 сўм муддати ўтган кредит қарзи ҳамда 1 258 665 163 сўм муддати ўтмаган кредит қарзи ундирилган ва ундирув гаров нарсасига қаратилиб, қарздорга тегишли 12 та балиқчилик ҳовузининг бошланғич сотиш баҳоси 750 000 000 сўм ва ипотека қўювчига тегишли 31 та балиқчилик ҳовузининг бошланғич сотиш баҳоси 1 762 081 454 сўм деб белгиланган. 2022 йил 23 августда қарздор судга ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган. Бунга асос қилиб, аризада тарафлар томонидан 2017 йил 20 июнь куни тузилган биргаликдаги келишув баҳолаш далолатномасига асосан қарздорга тегишли 12 та балиқчилик ҳовузи 750 000 000 сўмга ва ипотека қўювчига тегишли 31 та балиқчилик ҳовузлари 1 762 081 454 сўмга баҳолашга келишилганлиги, Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ ТБнинг 2022 йил 8 августдаги айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорига асосан, дастлабки тергов жараёнида тўпланган далиллар билан 2017 йил 20 июндаги баҳолаш бўйича келишув далолатномаси Банкнинг Кўксарой филиали ходимлари томонидан сохталаштирганлиги ўз тасдиғини топганлиги, унинг асосида имзоланиб, 2017 йил 22 июнь куни Пастарғом тумани 4-сонли давлат нотариал идорасида тасдиқланган ипотека (гаров) шартномаси ноқонуний ҳисобланиши ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган низони томонлар тегишли тартибда фуқаролик ёки иқтисодий ишлар бўйича судларда ҳал қилиниши лозимлиги қайд этилганлиги кўрсатилган. Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 октябрдаги ажрими билан Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарори янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган. Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 октябрдаги қарори билан Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 14 декабрдаги келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими бекор қилинган. Палатанинг даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиниб, жавобгардан даъвогар фойдасига 1 258 665 163 сўм муддати ўтмаган кредит қарзи ва 466 211 837 сўм муддати ўтган кредит қарзи, жами 1 724 877 000 сўм кредит қарздорлиги ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 18 октябрдаги ажрими ва 25 октябрдаги қарори устидан даъвогар кассация шикоятлари билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатлариини бекор қилишни сўраган. Суд мажлисида Банк вакили шикоятларда келтирилган важларни такрорлаб, Самарқанд вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорига асосан гаров нарсалари савдога чиқарилганлиги ва 6 маротаба савдо бўлиб ўтганлиги, аммо, гаров нарсалари сотилмаганлиги ва давлат ижрочисининг таклифига асосан 2020 йилнинг июнь ойида Банк гаров нарсаларини ўз балансига қабул қилиб олганлиги, жавобгарлар ҳудуддан чиқмаганлиги ва Банкнинг даъво аризасига асосан суд жавобгарларни мажбурий чиқариш ҳақида қарор қабул қилганлиги, аммо, суд қарори ижро қилинмаганлиги, чунки жавобгарлар қаршилик билдирганлиги, Навоий вилоят судининг 25 октябрдаги қарорига асосан биринчи инстанция суди қайтарма ижро варақаси бериш ҳақида ажрим чиқарганлиги ва унинг асосида гаров нарсалари жавобгарларга қайтарилганлиги ва бугунги кунда гаров нарсалари жавобгарларнинг ихтиёрида эканлиги, қарздор жами 160 млн.сўм тўлаб берганлиги ва кредит қарздорлиги 2,247 млрд.сўмни ташкил қилишини баён қилиб, шикоятларни қаноатлантиришни ва апелляция инстанцияси судининг ажрими ҳамда қарорини бекор қилиб, Самарқанд вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Қарздор вакили кассация шикоятига эътироз билдириб, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертизаси маркази Самарқанд вилоят бўлимининг хулосалари билан гаров нарсаларининг қиймати 17,590 млрд.сўм этиб белгиланганлиги, Банк эса гаров нарсаларининг нархини 2 млрд.сўм деб баҳолаб, сохта ҳужжатлар ясаганлиги, кредит шартномаси бўйича кредит суммаси бир ой ичида қарздорга берилиши лозим бўлса-да, Банк 2 йил давомида бермасдан келганлиги ва фақат суд қарорига асосан 2019 йил 2 май куни кредит суммасини берганлиги, бу билан Банк қарздорнинг 23 та янги иш ўрин ва арзон балиқ етиштириш лойиҳасини барбод қилиб ташлаганлиги, кредит шартномасига асосан кредит 36 ойга, яъни 2020 йилнинг июнь ойигача берилган бўлиб, аммо қайтариш муддати келмаган бўлса-да, Банк 2018 – 2019 йилларда сохта ҳужжатлар билан судларни чалғитиб, жавобгарларнинг мол-мулкини олиб қўйишга эришганлигини баён қилиб, кассация шикоятларини қаноатлантиришни рад этишни ва суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Ипотекага кўювчи вакили қарздор вакилининг фикрига қўшилишини баён қилиб, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Палата суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, ундан вакил суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Палатанинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятларда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятларини қисман қаноатлантиришни лозим топади. ИПКнинг 327-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат: 1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар; 2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса; 3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари; 4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги. Иш ҳужжатлардан кўринишича, жавобгарларнинг мол-мулкларини гаровга қўйишда тарафлар томонидан 2017 йил 20 июнда келишув баҳолаш далолатномаси тузилган бўлиб, унга кўра қарздорга тегишли 12 та балиқчилик ҳовузи 750 000 000 сўмга ва ипотекага қўювчига тегишли 31 та балиқчилик ҳовузи 1 762 081 454 сўмга баҳоланган. Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ эксперт-криминалистика бўлимининг 2022 йил 11 январдаги эксперт хулосасида 2017 йил 20 июндаги гаровга қўйилаётган мол-мулкни баҳолаш бўйича 2 та келишув далолатномасидаги мавжуд уч дона юмалоқ шаклдаги муҳр излари фабрика технологиялари асосида тайёрланган рельефли клишеда бажарилганлиги, шунингдек компьютер техника ёрдамида ёзилган ёзувлар ҳамда кўк рангли шарикли ручкада қўйилган имзолар рельефли клишеда бажарилган муҳр изларидан кейин бажарилганлиги, яъни биринчи бўлиб рельефли клишеда бажарилган муҳр излари, иккинчи бўлиб компьютер техникаси ёрдамида ёзилган ёзувлар ҳамда кўк рангли шарикли ручкада қўйилган имзолар бежарилганлиги кўрсатилган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг 2022 йил 8 августдаги айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарорига кўра, 2017 йил 20 июндаги гаровга қўйилаётган мол-мулкни баҳолаш бўйича келишув далолатномаси соҳталаштирилганлиги, ушбу далолатномани расмийлаштириб, имзо қўйган банк ҳодимлари, жумладан АТБ “Ипотека банк” Самарқанд шаҳри Кўксарой филиали бошқарувчиси Т.Хасанов, кредитлаш, иқтисодий фаолият бўлими бошлиғи в.в.б. Т.Халиков ва кредит инспектори Р.Маматкабиловлар бир гуруҳ бўлиб ушбу далолатномани соҳталаштириб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б”-бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги аниқланиб, ушбу жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши, Жиноят кодексининг 64-моддасида шахс унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган кундан бошлаб, тўрт йил ўтган бўлса жавобгарликдан озод қилинади деб кўрсатилганлиги сабабли банк ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги туфайли мазкур шахслар жавобгарликдан озод қилиниб, жиноят иши ҳаракатдан тугатилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида” 2003 йил 25 июлдаги 111-сонли қарорининг 4 ва 5-бандларида янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниши, суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлаётган ҳолатлар жиддий бўлиши, яъни суд ҳужжатини қабул қилишда иқтисодий суд хулосасига таъсир кўрсатадиган даражада бўлиши, бу ҳолат иқтисодий суди томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далиллар эмас, балки айнан юридик фактларнинг ўзи бўлиши лозимлиги, суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган. Ишни кўриш пайтида амалда бўлган таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 281-моддасининг учинчи қисмида гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланиши кўрсатилган. Шу сабабли, Самарқанд вилоят иқтисодий суди томонидан иш бўйича даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишда, шу жумладан ундирувни гаровга қўйилган мулкларга қаратиш ва уларнинг бошланғич сотиш баҳосини белгилаб бериш тўғрисидаги хулосага келишга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида тарафлар ўртасида 2017 йил 22 июлда ипотека шартномаси тузилганлиги, тарафлар ўртасида тузилган баҳолаш далолатномасига асосан қарздорга тегишли 12 та балиқчилик ҳовузи 750 000 000 сўмга ҳамда ипотекага қўювчига тегишли 31 та балиқчилик ҳовузи 1 762 081 454 сўмга баҳоланганлиги асос сифатида олинган. Тарафлар ўртасида тузилган баҳолаш далолатномаси соҳталаштирилганлиги ҳолати аслида мавжуд бўлиб, бироқ суд томонидан ишни кўриш вақтида ҳисобга олиниши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди тарафлар ўртасида тузилган баҳолаш далолатномаси сохталаштирилганлиги ҳолатини суднинг хулосасига таъсир кўрсатадиган даражадаги янги очилган ҳолат деб эътироф этиб, суднинг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиш ҳақида асосли тўхтамга келган. ИПК 333-моддасининг тўртинчи қисмига биноан, суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни ИПКда белгиланган умумий тартибда кўради. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди янги очилган ҳолат бўйича суднинг 2019 йил 5 сентябрдаги қарорини бекор қилиб, Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 14 декабрдаги тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаш ва иш бўйича иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими устидан Тайлоқ тумани прокурори томонидан келтирилган протести асосида ишни кўриб чиққан. ИПК 132–моддасининг иккинчи – тўртинчи қисмларига кўра, келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак. Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас. Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорининг 11-бандида келишув битимининг мазмуни ИПКнинг 132-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши ва унинг шартлари аниқ, равшан баён қилиниши ва унинг ижро этилишида келишув битимининг мазмуни бўйича ҳар хил талқин қилинишига ва келгусида низоларнинг келиб чиқишига йўл қўймайдиган бўлиши кераклиги, келишув битими тарафларнинг бир-бири олдидаги ўзаро мажбуриятларининг шартлари, миқдори ва бажариш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган. Тарафлар ўртасида тузилган келишув битимида 1 911 463 867 сўм кредит қарздорлиги 2019 йилнинг январь ойидан 2020 йилнинг июнь ойига қадар тўлаб берилиши белгиланган. Бироқ, келишув битими тузилган вақтда қарздорнинг жами қарздорлиги 1 911 463 867 сўм эмас, балки 1 854 719 083 сўмни ташкил этган бўлса-да, келишув битимининг 4-бандида кўрсатилган 1 911 463 867 сўм кредит қарзи келгусида ҳисобланадиган кредит фоизларини ўз ичига олган. Яъни, келишув битими муддати ўтган кредит фоизи ундириш ҳақидаги арз қилинган талаб бўйича низони ҳал қилиш тўғрисида эмас, балки вужудга келмаган низо бўйича шартлар асосида тузилган. Бу эса келишув битимининг мазмуни бўйича ҳар хил талқин қилинишига ва келгусида низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, келишув битимида қарздор томонидан ушбу келишув битимининг шартлари бажарилмаганда банк қарздорлик суммасини (ижро варақасини бериш тўғрисида ариза берилган кунги ҳолатидаги барча қарздорлиги) тўлиқ равишда жавобгарлар ҳисобидан ундириш ва ундирувни гаров нарсаларига қаратиш ҳақида ижро варақаси беришни сўраб, судга мурожаат қилиши белгиланган. Яъни, келишув битими шарт асосида тузилган. ИПКнинг 134-моддасига мувофиқ, суд келишув битимини тасдиқлашни рад этади, агар унинг шартлари қонунчиликка зид ёки учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса ёхуд у шарт асосида тузилган бўлса. Шунинг учун апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими бекор қилиш ва тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлашни рад этиш ҳақида асосли тўхтамга келган. Бироқ, апелляция инстанцияси суди Палатанинг даъво аризасини мазумунан кўриб чиқиб, иш юзасидан даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилишда хатоликка йўл қўйган. ИПК 281-моддаси учинчи қисмининг 3-бандига биноан апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли. Мазкур ҳолатда биринчи инстанция судининг 2018 йил 14 декабрдаги ажрими билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланган ва иш бўйича иш юритиш тугатилган. Бундай ҳолатда апелляция инстанцияси суди ИПК 281-моддаси учинчи қисмининг 3-бандига асосан Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 14 декабрдаги келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритиш тугатиш тўғрисидаги ажрими бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юбориши лозим бўлса-да, суд биринчи инстанция судининг ажрими бекор қилган ва Палатанинг даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилган. Баён этилганлардан кўринадики, апелляция инстанцияси суди процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган, бу эса ноқонуний қарор қабул қилинишига сабаб бўлган. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. ИПК 301-моддасининг 4-бандида кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятларини қисман қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси судининг ажримини ўзгаришсиз қолдириш, қарорини эса ўзгартиришни, қарорнинг даъвони қисман қаноатлантириш ва қарздордан банк фойдасига 1 724 877 000 сўм кредит қарздорлиги ундириш ҳамда суд харажатларини тақсимлаш қисмини бекор қилиб, ишни кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. Шунингдек, ИПКнинг 343-моддасига асосан апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирув бекор қилинади. Юқоридагиларга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 - 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қ и л д и: “Ипотека-Банк” акциядорлик тижорат банкининг кассация шикоятлари қисман қаноатлантирилсин. Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 октябрдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилсин Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 октябрдаги қарори ўзгартирилсин. Қарорнинг даъвони қисман қаноатлантириш ва “Oxun” хусусий корхонасидан АТИБ “Ипотека банк” фойдасига 1 258 665 163 сўм муддати ўтмаган кредит қарзи ва 466 211 837 сўм муддати ўтган кредит қарзи, жами 1 724 877 000 сўм кредит қарздорлиги ундириш ҳамда суд харажатларини тақсимлаш қисми бекор қилинсин. Иш янгидан кўриш учун Самарқанд шаҳар иқтисодий судига юборилсин. Навоий вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 октябрдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: Р. Сагатов И. Таджиев