← Назад
Решение #655780 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
7
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| пудратчи ФК | 636 | — | law | |
| олатда пудратчи ФК | 670 | — | law | |
| ФКнинг | 326 | — | law | |
| ам ФК | 670 | — | law | |
| ИПК | 302 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
4-1107-2101/2061-сонли иқтисодий иш
Биринчи инстанцияда ишни кўрган
судья – Б.Тўраев
Апелляция инстанциясида маърузачи
судья – Н.Худояров
Кассация инстанциясида маърузачи
судья – Ш.Маҳмудов
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ
ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ
Қ А Р О Р И
2023 йил 13 февраль
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати Ш.Маҳмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари А.Абдуллаев ва
Б.Исрайловдан иборат таркибда, А.Бахшуллаевнинг котиблигида, даъвогарнинг
вакиллари О.Фармонов (раҳбар), Д.Фармонов (2023 йил 13 февралдаги
13/02-сонли ишончнома), жавобгарнинг вакили О.Карабаев (ишончнома)нинг
иштирокида, даъвогар “Steel special construction” масъулияти чекланган
жамиятининг жавобгар “Angren pack” хорижий сармояли акциядорлик
жамиятидан 444 943 851 сўм асосий қарз, 222 471 926 сўм пеня ҳамда
шартномадан ташқари қўшимча бажарилган ишлар учун 469 365 517 сўм
ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан қабул қилинган Тошкент вилоят
суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 20 декабрдаги
қарори устидан жавобгар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни
Олий суднинг биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
“Steel special construction” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади) ва “Angren pack” хорижий сармояли
акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида
2021 йил 12 апрелда 04-сонли пудрат шартномаси тузилган бўлиб, ушбу
шартномага кўра даъвогар (пудратчи) жавобгарнинг РПО цехида
зангламайдиган (нержавейка) қувурларни ва металл конструкцияларни монтаж
қилиш ишларини бажариш, жавобгар (буюртмачи) эса ишларни бажариши учун
даъвогарга шароит яратиш ва бажарилган ишлар учун тўловни амалга ошириш
мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.2-бандида бажариладиган таъмирлаш
ишлари қиймати 741 573 085 сўмни ташкил қилиши белгиланган.
Даъвогар томонидан ушбу шартнома бўйича 741 573 085 сўмлик ишлар,
бундан ташқари шартномадан ташқари қўшимча ишлар бажарилган.
Жавобгар томонидан даъвогарнинг шартнома бўйича бажариладиган
ишлари учун фақатгина 296 629 234 сўм тўлаб берилган, шартнома бўйича
бажарилган қолган ишлар учун ҳамда шартнома баҳосидан ортиқча қўшимча
бажарилган ишлар учун тўловлар амалга оширилмаган.
Даъвогар шартнома бўйича ишлар тўлиқ бажарилганлигини, шунингдек
жавобгарнинг талаби ва хабардорлигида объектда шартномадан ташқари
қўшимча ишлар бажарилганлигини, бу ҳақда тарафлар иштирокида
далолатномалар расмийлаштирилганлиги, бироқ жавобгар томонидан вужудга
келган ушбу қарздорлик тўлиқ тўланмаганлиги ҳамда жавобгарга йўлланган
талабнома оқибатсиз қолдирилганлигини асос қилиб, судга даъво аризаси
билан мурожаат қилиб, жавобгардан 444 943 851 сўм асосий қарз, 222 471 926
сўм пеня ҳамда қўшимча бажарилган ишлар учун 469 365 517 сўмни
ундиришни сўраган.
Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 ноябрдаги ҳал
қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан
даъвогарга 222 471 926 сўм пеня, 74 157 308 сўм қўшимча бажарилган ишлар
қиймати ундириш белгиланган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш
рад этилган.
Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 20 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш
бўйича янги қарор қабул қилинган. Даъво қисман қаноатлантирилиб,
жавобгардан даъвогар фойдасига 100 000 000 сўм пеня, 406 943 693 сўм
қўшимча бажарилган ишлар қийматини ундириш белгиланган. Даъвонинг
қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.
Жавобгар мазкур суд қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан
мурожаат қилган ва унда Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 20 декабрдаги қарорини бекор қилиб, даъвони
қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.
Суд мажлисида иштирок этган жавобгарнинг вакили кассация шикояти
важларини қувватлаб, суд томонидан қарор қабул қилишда даъвогарнинг
манфаатлари кўзланиб қарор қабул қилинганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ
нормалари бузилганлиги, хусусан суд томонидан пеня суммаси нотўғри
ундирилганлиги, бунда тарафларнинг тенглиги принципи бузилганлиги,
пудратчи ФК 636-моддасининг талабига биноан қўшимча ишлар юзасидан
буюртмачини белгиланган муддатда огоҳлантирмаганлиги, бундай ҳолатда
пудратчи ФКнинг 670-моддасига мувофиқ қўшимча бажарилган ишлар учун
буюртмачидан ҳақ талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши, қўшимча ишлар
ҳақида тарафлар ўртасида келишув тузилмаганлиги, ваҳоланки даъвогарнинг
қўшимча ишлари ҳажми шартнома умумий суммасининг 10 фоизидан
ошганлиги, сифатсиз бажарилган ишлар бўйича далолатнома расмийлаштирилмаганлигини қайд этиб, суд қарорини бекор қилишни ва даъво аризасини
қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради.
Даъвогарнинг вакиллари жавобгарнинг шикояти асоссиз эканлиги,
объектда айнан жавобгарнинг талаби билан ва унинг розилиги бўйича қўшимча
ишлар бажарилганлиги, бироқ кейинчалик жавобгар ушбу қўшимча ишлар учун
келишув тузишни пайсалга солиб келганлиги, қўшимча ишлар бажарилгач эса,
келишув тузишдан бош тортганлигини таъкидлаб, кассация шикоятини
қаноатлантиришни рад этишни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини
ўзгаришсиз қолдиришни сўрадилар.
Судлов ҳайъати, тарафлар вакилининг тушунтиришларини тинглаб,
кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз
қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда
ФК деб юритилади) 631-моддасининг биринчи қисмига кўра, пудрат
шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг
топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини
буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади,
буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш
мажбуриятини олади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар томонидан пудрат шартномаси
бўйича жами 741 573 085 сўмлик ишлар тўлиқ бажарилган ва жавобгарга
топширилган. Бироқ, жавобгар томонидан қабул қилиб олинган 2021 йил
22 апрелда 148 314 617 сўм ҳамда 2021 йил 4 июнда 148 314 617 сўм, жами
296 629 234 сўм тўланиб, қолган 444 943 851 сўм қарздорлик тўлаб берилмаган.
Шунга кўра, даъвогар судга мурожаат қилиб, жавобгардан мазкур
қарздорликни ундиришни сўраган. Аммо, низо судда кўриб чиқилиши
жараёнида, яъни 2022 йил 6 январда жавобгар 444 943 851 сўм асосий қарзни
тўлаб берган.
Биринчи инстанция суди буни инобатга олиб, даъвонинг 444 943 851 сўм
асосий қарз ундириш талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида асосли
хулосага келган.
Даъво аризасида шунингдек, жавобгардан 222 471 926 сўм пеня ундириш
сўралган.
Биринчи инстанция суди даъвонинг пеня ундириш талабини тўлиқ
қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган. Чунки, Ўзбекистон
Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни
бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик
тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари
ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 2-бандига биноан судлар
неустойкани ундириш тўғрисидаги даъволарни ҳал қилишда неустойка
миқдорининг қонун талабларига мувофиқ ҳисобланганлиги, унинг асослилиги,
мажбурият бузилиши оқибатларига мутаносиблиги каби ҳолатларни ҳар
томонлама ва чуқур муҳокама қилиб, талаб қилинган неустойканинг адолатли
миқдорини белгилашлари шарт.
Шартноманинг 5.1-бандига кўра, буюртмачи шартнома имзоланган
кундан эътиборан 3 кунлик муддатда пудратчига шартнома қийматининг
50 фоизи миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
ФК 680-моддасининг биринчи қисмига кўра, пудратчидан қурилиш
пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар натижаси ёки, агар шартномада
назарда тутилган бўлса, ишларнинг бажарилган босқичи топширишга тайёр
эканлиги тўғрисида хабар олган буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга
киришиши шарт.
Шартноманинг 5.1-бандига кўра, буюртмачи пудратчининг бажарилган
ишларни топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабарини олган вақтдан
эътиборан, 72 соат ичида уни қабул қилиб олиш ҳамда бажарилган ишлар
ҳажми ва қиймати ҳақида маълумотномалар ҳамда далолатномаларни имзолаш
мажбуриятини олган.
Даъвогар 2021 йил 31 августда жавобгарга 08/21-сонли хат билан
мурожаат қилиб, хатга бажарилган ишлар далолатномаси ва ҳисобварақфактурани илова қилиб, шартнома бўйича бажарилган 741 573 085 сўмлик
ишлар далолатномаси ҳамда ҳисобварақ-фактурани имзолаб беришни сўраган.
Мазкур хат жавобгарнинг вакили томонидан қабул қилиб олинган бўлса-да,
бироқ оқибатсиз қолдирилган.
Қолаверса, жавобгар бажарилган ушбу ишларга нисбатан ўзининг
эътирозини билдирганлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган.
Шунингдек, даъвогарнинг шартномага мувофиқ ва шартномадан ташқари
бажарилган ишлар бўйича далолатнома ва ҳисобварақ-фактураларни имзолаш
ҳақида 2021 йил 25 октябрда ва 11 ноябрда жавобгарга юборган талабномалари
ҳам оқибатсиз қолдирилган.
Жавобгарнинг юқорида қайд этилган ҳаракатлари 741 573 085 сўмлик
ишларга нисбатан эътирози бўлмаганлигидан, шундай бўлса-да, бажарилган
ишларни тасдиқловчи ҳужжатларни имзолашни асоссиз чўзиб келганлигидан
далолат беради.
Бундан ташқари, жавобгар томонидан 2021 йил 22 апрелда 148 314 617
сўм ҳамда 2021 йил 4 июнда 148 314 617 сўм, яъни шартнома қийматининг
40 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилиб, шартноманинг олдиндан тўлов
муддатлари ва миқдорига оид шартлари бузилган.
Аванс тўловининг 10 фоизлик (74 157 308,5 сўм) қисми жавобгар
томонидан 2021 йил 15 апрель кунига қадар тўланиши лозим
бўлса-да, 2022 йил 6 январда тўланиб, ушбу тўлов белгиланган муддатдан
246 кунга кечиктирилган. Даъвогарнинг пеня суммаси ҳисоб-китобига кўра,
кечиктирилган 444 943 851 сўм асосий қарзнинг ичида аванс тўловининг
белгиланган муддатда тўланмай қолган қисми (74 157 308,5 сўм) ҳам мавжуд.
Шунга кўра, жавобгарнинг даъвогар пеня ундиришга асос сифатида
жавобгар томонидан дастлабки тўлов кечиктирилганлигини важ қилиб
кўрсатмаганлиги, шунга қарамасдан пеня суммаси суд томонидан нотўғри
ундирилганлиги ҳақидаги важлари асоссиздир.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 6.2-бандида бажарилган
ишлар ҳақини тўлаш кечиктирилган тақдирда, буюртмачи пудратчига
кечиктирилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўловнинг 2 фоизи миқдорида,
аммо кечиктирилган сумманинг 50 фоизидан ошмаган миқдорида пеня тўлаши
белгиланган.
ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка
кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб
турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай
даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий
аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга
олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига
эга.
Апелляция инстанцияси суди баён этилганларни инобатга олиб,
мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини ҳамда қарздор ва кредиторнинг
манфаатларини инобатга олиб, моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, даъво
аризасида ундириш сўралган пеняни 100 000 000 сўмга қаноатлантириб, қолган
қисмини қаноатлантиришни рад этиб, асосли қарор қабул қилган.
Жавобгарнинг кассация шикоятидаги даъво аризасида даъвогар гўёки
пудрат ишларини октябрь ойига қадар тамомлаганлиги, бироқ жавобгар
томонидан ишлар қабул қилинмаганлигини сабаб қилиб, пеня ундиришни
сўраганлиги, аслида эса, ишлар 2021 йилнинг декабрь ойида якунига етказилиб,
топширилганлиги суднинг эътиборидан четда қолганлиги, суд ўзининг
ташаббуси билан даъвогарга пеняни даъводан ташқари асосларда
ҳисоблаганлиги, жавобгар фойдасига шу тарзда пеня ҳисоблаши лозимлиги
ҳақидаги важларини асосли деб бўлмайди. Чунки, судлар томонидан
даъвогарнинг даъво талабларидан келиб чиқиб иш кўриб чиқилган. Жавобгар
томонидан эса, ушбу важлар асос қилиниб, судга қарши даъво аризаси тақдим
этилмаган.
Даъво аризасида шунингдек, шартномадан ташқари қўшимча бажарилган
ишлар учун 469 365 517 сўм ундириш сўралган.
Жавобгар томонидан қўшимча ишлар юзасидан билдирилган
эътирозларда мазкур ишлар шартнома умумий қийматининг 10 фоизидан ошиб
кетганлиги, шу сабабли қонунчиликка кўра мазкур қўшимча ишларни бажариш
бўйича даъвогар жавобгарни хабардор қилиши ва тарафлар ўртасида келишув
расмийлаштирилиши лозим бўлса-да, бироқ ёзма келишув тузилмаганлиги
сабабли пудратчи мазкур қўшимча ишлар учун ҳақ талаб қилишга ҳақли
эмаслиги ҳақида важлар келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий
судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган
низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари
тўғрисида” 2016 йил 23 декабрдаги 306-сонли қарорининг 6.2-бандида агар
қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг
ўн фоизидан ошса ва буюртмачи бундай ишларни бажаришга рози бўлса,
лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш келишувга кўра амалга
оширилиши ва бу ҳақда тарафлар томонидан келишув расмийлаштирилиши
ҳақида тушунтириш берилган.
Шу билан бирга, ФК 670-моддасининг тўртинчи-олтинчи қисмларига
кўра, пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга
олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва
қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрида
буюртмачига хабар бериши шарт.
Пудратчи буюртмачидан ўн кун ичида ўз хабарига жавоб олмаган
тақдирда, агар қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида бунинг учун бошқа
муддат назарда тутилган бўлмаса, тегишли ишларни тўхтатиб, бекор туриб
қолиш натижасида кўрилган зарарни буюртмачининг зиммасига юклаши шарт.
Агар буюртмачи қўшимча иш бажариш зарурати йўқлигини исботласа,
бу зарарни қоплашдан озод этилади.
Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида белгиланган
мажбуриятларни бажармаган пудратчи, агар буюртмачининг манфаатини
кўзлаб, хусусан ишнинг тўхтатилиши қурилиш объектининг нобуд бўлишига
ёки шикастланишига олиб келиши мумкин бўлганлиги муносабати билан
дарҳол ҳаракат қилиш зарур бўлганлигини исботлай олмаса, у бажарган
қўшимча иши учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган
зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Бундан ташқари, юқорида қайд этилган Пленум қарорининг 6.4-бандида
ҳам ФК 670-моддасининг олтинчи қисмига кўра агар пудратчи қурилиш
давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган аниқланган ишлар
тўғрисида буюртмачини хабардор қилмаса ёки тегишли ишлар бажарилишини
тўхтатмаса, у бажарган қўшимча ишлар учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу
туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши
тўғрисида тушунтириш берилган.
Мазкур ҳолатда эса, даъвогар жавобгарни шартномадан ташқари
қўшимча ишлар: қувурларни монтаж қилиш (таъмирлаш) ишларини бажариш
тўғрисида хабардор қилган ва бу ҳақда тарафлар ўртасида жами бешта
далолатнома тузилган. Ушбу далолатномалар жавобгар (буюртмачи)нинг
техник директори ва бошқа масъул ходимлари томонидан имзоланган бўлиб,
уларда мазкур далолатномалар смета ҳужжатларини тузиш ва тўловларни
амалга ошириш мақсадида расмийлаштирилганлиги баён қилинган.
Шунингдек, мазкур қўшимча ишлар учун тарафлар ўртасида ёзма
келишув расмийлаштирилмаганлиги ҳолатининг ўзи пудратчининг ушбу
қўшимча ишлар қийматини ундириш талабини қаноатлантиришни рад этиш
учун асос бўла олмайди. Чунки, юқорида келтирилган Пленум қарорининг
5-бандида агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса,
тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма
ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкинлиги, шунга кўра, қурилиш
ишларини бажариш билан боғлиқ низони ҳал этишда тарафлар қурилиш
пудрати шартномасини оддий ёзма шаклда тузмаган ҳолда ҳуқуқий
муносабатга киришганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида
белгиланган қоидаларни қўллашлари лозимлиги, 2.3-бандида қурилиш пудрати
шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра
шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг
бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса,
бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос
бўлмаслиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Пудратчи томонидан бажарилган ишлар ҳажмини аниқлаш мақсадида суд
томонидан экспертиза тайинланган. Унинг натижасига кўра, “SQB
Construction” МЧЖ томонидан тузилган назорат ўлчови далолатномасида
даъвогар томонидан объектда шартномадан ташқари қиймати 406 943 693
сўмлик қўшимча ишлар бажарганлиги қайд этилган.
Мазкур ҳолатда объектда қўшимча бажариладиган ишлар юзасидан ёзма
келишув расмийлаштирилмаган бўлса-да, ушбу ишлар бажарилганлиги ҳамда
улар айнан жавобгарни хабардор қилган ҳолда амалга оширилганлиги ишдаги
далиллар ва тарафлар вакилларининг кўрсатмалари билан тўлиқ ўз тасдиғини
топган.
Шунга кўра, апелляция инстанцияси суди ФКнинг юқорида қайд этилган
моддаси ва Пленум қарорида берилган тушунтиришларни, буюртмачининг
масъул ходимлари иштирокида қўшимча ишлар бўйича смета ҳужжатлари
тайёрлаш учун далолатномалар расмийлаштирилганлиги даъвогар қўшимча
бажариладиган ишлар юзасидан буюртмачини хабардор қилганлигидан далолат
беришини инобатга олиб, даъвонинг жавобгардан қўшимча бажарилган ишлар
учун 469 365 517 сўм ундириш талабини қисман қаноатлантириб, жавобгардан
даъвогар фойдасига қўшимча бажарилган ишлар учун 406 943 693 сўм
ундириш, даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этиш ҳақида
асосли хулосага келган.
ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра, моддий ва (ёки)
процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги
биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси
судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини
тўғри қўллаб, иш ҳолатларига мувофиқ қонуний ва асослантирилган қарор
қабул қилган. Шу сабабли суд қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун
асослар мавжуд эмас.
ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса
қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорини ўзгаришсиз,
кассация шикоятини эса, қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
ИПКнинг 118-моддасига биноан, кассация шикояти учун олдиндан
тўланган суд харажатларини жавобгарнинг зиммасида қолдириш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва
303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л а д и:
Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 20 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, “Angren pack” хорижий сармояли
акциядорлик жамиятининг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан
қолдирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи
Ш.Маҳмудов
ҳайъат аъзолари
А.Абдуллаев
Б.Исрайлов