Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2219/4682 Дата решения 09.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Сагатов Равшан Мирсидикович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "ERU ENTERPRISE" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Халқ таълими соҳасида Инжиниринг компанияси Давлат унитар корхонаси
Source ID 1019589 Claim ID 3001950 PDF Hash b5626bd85398c911... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 234-моддаси нинг 234 law
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ФКнинг 673-моддаси ФКнинг 673 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2219/4682-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья – Н.Хамидов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – Б.Кеунимжаева Кассация инстанциясида маърузачи судья - Р.М.Сагатов ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ ҚАРОРИ 2023 йил 9 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Сайфуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари И.Таджиев ва Р.Сагатовдан иборат таркибда, Б.Жураевнинг котиблигида, даъвогар вакиллари С.Жабборов (2022 йил 19 январдаги 07/999-сонли ишончнома асосида), Р.Эсанниязов (раҳбар), жавобгар вакили А.Убайдуллаев (2023 йил 4 январдаги ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар “ERU ENTERPRISE” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Халқ таълими соҳасидаги инжиниринг компанияси давлат унитар корхонасидан 240 276 927 сўм қарзни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан жавобгар томонидан берилган кассация асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “ERU ENTERPRISE” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ва Халқ таълими соҳасидаги инжиниринг компанияси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2021 йил 18 майда TV-23/2021-сонли пудрат шартномаси тузилган. Мазкур шартномага кўра, даъвогар Тошкент вилояти, Паркент туманида 464 ўринга мўлжалланган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш ишларини бажариш, жавобгар эса қурилиш ишларини бажариш учун зарур шароит яратиш, объектни қабул қилиш ва тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган. Шартноманинг 2.1-бандида бажариладиган ишларнинг умумий қиймати 3 232 974 473 сўмни ташкил этиши белгиланган. Даъво аризасида кўрсатилишича, даъвогар томонидан бажариладиган ишларнинг умумий қиймати 3 580 131 386 сўмни ташкил қилган бўлса-да, прокуратуранинг ўрганиши натижасида назорат ўлчови ўлказилиб, 106 879 986 сўмлик ишлар амалда бажарилмаган деб топилгани учун жавобгарга нисбатан тақдимнома киритилган. Даъвогар амалда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун жавобгар томонидан қисман тўлов амалга оширилганлиги, 240 276 927 сўмлик дебитор қарздорликка йўл қўйилганлиги тўғрисидаги асос билан иқтисодий судга даъво аризаси мурожаат қилиб, жавобгардан 240 276 927 сўм қарзни ундиришни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2020 йил 23 февралдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик бошқармаси жалб қилинган. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, жавобгар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда объектда мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёнида лойиҳа-смета ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжи пайдо бўлганлиги сабабли буюртмачи томонидан 2021 йил 25 июнда ўзгартирилган иш ҳажмлари турларини назарда тутувчи баённома расмийлаштирилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг 2021 йил 8 сентябрдаги 130-сон баёнининг 10-бандида Халқ таълими вазирининг 2021 йилги инвестиция дастурига киритилган Жиззах, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги халқ таълими объектларида қурилиш-таъмирлаш жараёнида юзага келадиган лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ишлар ҳажми бўйича архитектура ва шаҳарсозлик қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига белгиланган тартибда, шартнома қиймати доирасида, тегишли ўзгартиришлар киритишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифи мақулланганлиги, кейинчалик ўзгартирилган қўшимча иш ҳажмларини ҳам ҳисобга олган ҳолда солиштирма қайднома (сличительная ведомость) расмийлаштирилиб, у бўйича тақдим этилган экспертиза хулосасига мувофиқ бажарилиши лозим бўлган қурилиш-монтаж ишларининг қиймати 3 580 131 386 сўмни ташкил этганлиги, шундан сўнг объектда АТИБ “Ипотека банк” Шайхонтоҳур филиали мутахассиси У.Игамбердиев томонидан назорат ўлчови ўтказилиб, у томонидан тақдим этилган 2021 йил 22 ноябрдаги далолатномага мувофиқ даъвогар томонидан Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби объектида солиштирма далолатнома (сличительная ведомость)га асосан буюртмачи томонидан тасдиқланган 3 580 131 386 сўмлик амалда бажарилган иш ҳажмларида 106 879 986 сўмлик ошириб кўрсатилган ишлар мавжудлиги тўғрисида хулоса берилганлиги, биринчи инстанция суди жавобгарнинг қўшимча бажарилган ишлар қийматини тўлаб бериш юзасидан тарафлар ўртасида пудрат шартномасига ишлар умумий қийматини ошириш бўйича қўшимча келишув имзоланмаганлигига оид важига нисбатан даъвогар томонидан ортиқча бажарилган ишлар қиймати 348 696 183 сўм эмас, балки 240 276 927 сўм эканлигини (106 879 986 сўмлик ошириб кўрсатилган ишлар қиймати чиқариб ташланган) инобатга олган ҳолда, бу қиймат шартнома умумий суммасининг 10 фоиздан ортиқроғини ташкил этмаслигидан келиб чиқиб, алоҳида қўшимча келишув тузилиши мажбурий бўлмаганлигини асос қилиб келтирганлиги, бироқ биринчи инстанция суди бу ҳолатда назорат ўлчови далолатномаси билан тўлиқ танишмаганлиги, далолатномада ошириб кўрсатилган 106 879 986 сўмлик иш ҳажмлари қиймати қўшимча бажарилган (аслида бажарилиши лозим бўлган қўшимча ишлар дейилса тўғрироқ бўлиши) 348 696 183 сўмлик ишлар таркибида эмас, балки 2021 йил август ойида тақдим қилинган 851 346 883 сўмлик иш ҳажмлари таркибида тўловга тақдим қилинганлиги ва буюртмачи томонидан тўлаб берилганлиги келтирилганлиги, суд бу ҳолатда асоссиз равишда ошириб кўрсатилган 106 879 986 сўмлик иш ҳажмлари қийматини қўшимча бажарилган 348 696 183 сўмлик ишлар қийматидан айириб ташлаб, қўшимча бажарилган ишлар қиймати шартнома умумий суммасининг 10 фоиздан ошмаганлиги ҳақида нотўғри фикрга келганлиги, шартнома умумий қийматининг 3 232 974 473 сўмни ташкил этганлигини инобатга оладиган бўлсак, унинг 10 фоизи 323 297 447 сўмни ташкил этишини ва қўшимча бажарилган ишлар қиймати (348 696 183 сўм) шартнома умумий қийматининг 10 фоиздан ошиб кетганлигини кўриш мумкинлиги, пудрат шартномасига қўшимча келишув асосида ишлар умумий қийматини ошириш тўғрисида келишув мавжуд бўлмасдан туриб, буюртмачи ҳисобидан шартномада келишилган суммадан ортиқроқ суммани ундириш қонунга зид ҳисобланиши, суд қарорига асос сифатида келтирилган назорат ўлчови далолатномасида келтирилган баъзи хулосалар билан умуман келишиб бўлмаслиги, жумладан, далолатномада солиштирма далолатнома (сличительная ведомость)га асосан 3 580 131 386 сўмлик амалда бажарилган иш ҳажмлари буюртмачи томонидан тасдиқланганлиги келтирилган бўлиб, бу иш ҳолатларига зидлиги, солиштирма далолатнома (сличительная ведомость) бу амалда бажарилган иш ҳажмларини тасдиқлайдиган эмас, балки лойиҳа-смета ҳужжатларида олдин кўзда тутилган ва ўзгартирилган, қўшимча бажарилиши лозим бўлган иш ҳажмларини назарда тутувчи ҳужжат ҳисобланиши, оддийроқ қилиб айтганда, қўшимча смета ҳисобланиши, ҳатто ҳужжатнинг номида ҳам локал ресурс смета деб кўрсатиб кетилганлиги, қурилишда амалда бажарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат бўлиб бажарилган ишлар далолатномаси (Ф-2) ҳисобланиши, иш ҳужжатларида солиштирма далолатномада кўзда тутилган 348 696 183 сўмлик қўшимча иш ҳажмларини амалда бажарилганлигини тасдиқловчи бажарилган ишлар далолатномаси (Ф-2) мавжуд эмаслиги ва у даъвогар томонидан жавобгарга тақдим қилинмаганлиги, амалда қўшимча ишлар бажарилган бўлиши мумкинлиги, бироқ у жавобгарга тақдим қилинмаганлиги ва жавобгар томонидан қабул қилиб олинмаганлиги, яъни қўшимча бажарилган ишлар жавобгарга тақдим қилинган ҳолатда ундаги камчиликлар туфайли уларни қабул қилиш рад этилиши эҳтимоли мавжудлиги, даъвогарнинг 2022 йил 6 январдаги 22/01-сонли хатига жавобан 2022 йил 25 февралдаги 1/27-сонли хат тақдим қилинганлиги, унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 740-сонли қарори билан тасдиқланган “Ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган 4 қурилиш объектларини молиялаштиришга рухсат этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 4-бандида назарда тутилган Низомнинг 1-илова ва 2-иловаларида назарда тутилган жадвалларни ўрнатилган тартибда расмийлаштириб тақдим этгандан сўнг, улар асосида тендер комиссиясининг киритилаётган ўзгаришлар бўйича баённомаси расмийлаштирилиб, барча ҳужжатлар жамланган ҳолда 3 нусхада бир вақтнинг ўзида Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликларига тақдим этилиши тушунтирилганлиги, бироқ даъвогар томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги, бундан ташқари, даъвогарнинг 2021 йил 2 ноябрдаги 21-38-сонли хатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 740-сонли қарорига асосан ортиқча бажарилган ишлар суммаси тегишли ташкилот-вазирликлар билан келишиб талаб этиладиган маблағ ажратилмагунча жавобгардан маблағ талаб қилинмаслигини билдирганлиги, қўшимча бажарилган иш ҳажмлари қиймати ҳаққонийлиги юзасидан охирги хулоса Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан тақдим этилиши ва у асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори чиқарилишини кўрсатган. Суд мажлисида жавобгар вакили кассация шикоятини қаноатлантиришни, суд ҳужжатларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлисида даъвогар вакиллари кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 234-моддасига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ФКда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда мажбуриятлар пудрат шартномасидан келиб чиққан. ФКнинг 236-моддасига асосан мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг 673-моддасига кўра, буюртмачи пудратчининг бажарган иши учун сметада назарда тутилган миқдорда, қонун ёки қурилиш пудрати шартномасида белгиланган муддатда ва тартибда ҳақ тўлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сонли ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5048-сонли қарорлари асосида тарафлар ўртасида 2021 йил 18 майда Тошкент вилояти, Паркент тумани, 1-сонли умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳада кўзда тутилган демонтаж, қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан TV-23/2021-сонли пудрат шартномаси тузилган. Мазкур шартномага кўра, пудратчи томонидан бажариладиган ишлар қиймати ҚҚС билан 3 232 974 473 сўм деб белгиланган. Давлат қабул ҳайъатининг мукаммал таъмирланиши тугалланган объектни ишлатишга қабули бўйича 2021 йил 30 сентябрдаги далолатномасида фойдаланишга қабул қилинган асосий фондларнинг нархи 3 232 974 400 сўм этиб белгиланган. Жумладан, қурилиш-монтаж ишлари, ускуна, асбоблар, жиҳозлар 91 198 100 сўм, буюртмачининг бошқа харажатлари 358 198 100 сўмни ташкил этиши кўрсатилган. Шу билан бирга, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” Давлат унитар корхонаси томонидан 2021 йил 18 ноябрда тасдиқланган 22/11-21-сонли Йиғма эксперт хулосасида қурилиш ҳужжатларига ўзгартириш киритилган. Яъни, элемент ресурслари нормаларининг нормативи, асосий қурилиш материаллари қиймати, ишчи-қурувчиларнинг меҳнати, машина ва механизмларнинг эксплуатация харажати корректировка қилинган ва аниқлик киритилган. Бунда даъвогар томонидан бажарилган ишлар қиймати 3 580 131 386 сўм деб кўрсатилган. Шунингдек, буюртмачига мазкур ҳужжатларни тасдиқлашга қадар белгиланган тартибда барча манфаатдор ташкилотлар билан келишилиши қайд этилган. Мазкур объект Давлат қабул ҳайъати томонидан қабул қилиб олингандан сўнг, Тошкент вилояти Паркент тумани прокуратурасининг 2021 йил 16 октябрдаги 10/21-623-сонли хатига асосан “Ипотека банк” акциядорлик тижорат банки Шайхонтоҳур филиали томонидан 2021 йил 22 ноябрда назорат ўлчови ўтказилган. Ўтказилган назорат ўлчови натижалари бўйича бажарилган 3 580 131 386 сўмлик пудрат ишларидан 106 879 986 сўмлик бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилганлиги ҳақида далолатнома тузилган. Назорат ўлчовида аниқланган 106 879 986 сўмлик ишлар бажарилмасдан қўшиб ёзилишига йўл қўйган жавобгарнинг масъул шахсларига нисбатан интизомий жавобгарликка тортиш бўйича Тошкент вилояти Паркент тумани прокуратураси томонидан 2021 йил 13 декабрда тақдимнома киритилган. Демак, даъвогар шартнома шартларида кўрсатилган (3 580 131 386 106 879 986=) умумий суммадан 3 473 251 400 сўмлик ишлар бажарилганлиги аниқланган. Шундан сўнг, даъвогар далолатномани ҳисобга олиб, жавобгарга (3 473 251 400 - 3 232 974 400 =) 240 276 927 сўм ортиқча бажарилган ишлар учун тўловларни амалга ошириш тўғрисида талабнома юборган. Даъвогар томонидан 2022 йил 1 мартда жавобгарга юборилган 240 276 927 сўмлик ҳисобварақ-фактурани қабул қилиш рад этилган. Мазкур ҳолатда даъвогар томонидан 3 580 131 386 сўм бажарилган ишлар қиймати жавобгар томонидан имзоланган бажарилган ишларни тасдиқловчи (сличительная ведомость) ҳужжат орқали ўз тасдиғини топган. Яъни, даъвогар ва жавобгар ўртасида қўшимча ишларни бажарилганлигини тасдиқловчи Ф-2 далолатномаси мавжуд бўлмаса-да, қўшимча пудрат ишлари бажарилганлигини тасдиқловчи (сличительная ведомость) ҳужжат расмийлаштирилган. Ишлар бажарилганлиги жавобгар томонидан инкор этилмаган. Демак, судлар даъвогар томонидан қўшиб ёзилган ишлар (106 879 986 сўм) суммаси смета қийматидан эмас, балки бажарилган ишлар қийматидан айрилиши лозимлиги ҳақида асосли тўхтамга келган. Жавобгарнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 740-сонли қарори билан тасдиқланган Низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади)нинг 4-банди талаблари бузилганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, жавобгар томонидан 2021 йил 25 июндаги йиғилишда қарор қабул қилиниб, лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ва ўрнатилган тартибда Давлат экспертиза хулосаси олиниши, объектда бажарилган қурилиш таъмирлаш ишлари иш ҳажмларини қайта кўриб чиқилган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларига ва танлов комиссиясида тасдиқланган қўшимча мажлис баённомасига асосан ҳисоботга қабул қилиниши белгиланган. Яъни, жавобгар қурилиш объектида қўшимча ишлар бажарилиши мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилган. Бундан ташқари, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” давлат унитар корхонаси Тошкент вилояти филиали томонидан 2021 йил 18 ноябрда тасдиқланган 22/11-21-сонли Йиғма эксперт хулосасининг 5.4-бандида буюртмачига лойиҳа-смет ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар барча манфаатдор ташкилотлар билан келишиши лозимлиги кўрсатилган. Демак, пудрат қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни Низом талабларига асосан манфаатдор ташкилотлар билан айнан жавобгар келишиши лозим бўлса-да, у (жавобгар) мазкур мажбуриятларни бажармаган. Яъни Низом талаблари бўйича жавобгар ташаббускор сифатида буюртмачи ҳисобланади. Мазкур ҳолатда, жавобгарнинг лойиҳа-смет ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни бошқа ташкилотлар билан келишмаганлиги даъвогар томонидан ишлар бажарилганлиги учун тўлов амалга оширилмаслигини келтириб чиқармайди. Баён этилганлардан кўринадики, биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида асосли тўхтамга келган. Апелляция инстанцияси суди эса биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қонуний қарор қабул қилган. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. ИПК 301-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантиримасдан қолдиришга ҳақли. 7 Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасига мувофиқ суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади. Жавобгар томонидан ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ тўланган суд харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 – 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: корхонасининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 майдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Сайфуллаев ҳайъат аъзолари: И. Таджиев Р. Сагатов