Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1301-2111/4256 Дата решения 07.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Ҳайдаров Рустам Раҳмонович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение FARANGIZ-ASILBEK масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый ВИЛ.КУП ТАРМОК.ТИББИЕТ МАРКАЗИ
Source ID 1023018 Claim ID 3088691 PDF Hash 9010320e7242e415... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 9
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 234-моддаси нинг 234 law
нинг 66-моддаси нинг 66 law
аролик кодексининг 333-моддаси аролик кодекси 333 code_article
онуннинг 11-моддаси онуннинг 11 law
аролик кодексининг 108-моддаси аролик кодекси 108 code_article
ИПК 299-моддаси ИПК 299 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1301-2111/4256-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья –Н.Жўраев Апелляция инстанциясида маърузачи судья- Ж.Қаххоров Кассация инстанциясида маърузачи судья- Р.Хайдаров ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 7 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья Ш.Маҳмудов раислигида, судьялар В.Сатторова ва Р.Хайдаровдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “Фарангиз Асилбек” масъулияти чекланган жамияти вакили М.Искандаров (2023 йил 6 февралдаги 185-сонли ордер асосида) ва С.Эгамов (раҳбари), “Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази” вакили Ю.Камалов (2021 йил 9 ноябрдаги 277-сонли ишончномага асосан) ва О.Саттаров (2022 йил 5 январдаги 1-сонли ишончномага асосан)нинг иштирокида, даъвогар “Фарангиз Асилбек” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказидан жами 186 079 502 сўм асосий қарз ва 51 526 393 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қабул қилинган Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 4 ноябрдаги қарори устидан жавобгар “Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази” томонидан берилган кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суд биносида Жиззах вилоят суди кўмагида видеоконференцалоқа режимида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, куйидагиларни а н и қ л а д и: Ишдаги ҳужжатларга кўра, “Фарангиз Асилбек” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки МЧЖ деб юритилади), (аутсорсер) ва Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) (буюртмачи) ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш юзасидан 2020 йил 3 январда 1-сонли, 2020 йил 1 февралда 7-сонли, 2020 йил 2 мартда 9-сонли, 2020 йил 1 апрелда 11-сонли, 2020 йил 27 майда 16-сонли, 2020 йил 20 июнда 18-сонли, 2020 йил 14 июлда 20-сонли, 2020 йил 17 августда 23-сонли, 2020 йил 16 сентябрда 25-сонли, 2020 йил 27 октябрда 27-сонли, 2020 йил 23 ноябрда 31-сонли ва 2020 йил 14 декабрда 33-сонли шартномалар тузилган. Даъво аризасида қайд этилишича, мазкур шартномаларга асосан даъвогар томонидан жавобгарга бюджет маблағлари ҳисобидан даволанувчиларга жами 94 190 377 сўмлик, пулли асосда даволанувчиларга 33 731 421 сўмлик, жами 127 190 798 сўмлик овқат билан таъминлаш тарзидаги аутсорсинг хизматлари кўрсатилган. Жавобгар пулли даволанувчиларга кўрсатилган 33 731 421 сўмлик қарздорликдан 29 749 324 сўмини тўлаб бериб, 3 982 097 сўм қисмини тўлаб бермаган. Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан даволанувчиларга кўрсатилган аутсорсинг хизматидан жавобгарнинг 94 190 377 сўм қарздорлиги тўлаб берилмаган. Бундан ташқари, тарафлар ўртасида 2021 йил 1 июлда тузилган пулли асосда даъволанаётган беморларни пархез таомлар билан таъминлаш мақсадида аутсорсинг шартлари бўйича 27-сонли шартномага асосан 32 550 757 сўмлик, 2021 йил 1 августда тузилган бюджет ҳисобидан даволанаётган беморларни пархез таомлар билан таъминлаш мақсадида аутсорсинг шартлари бўйича 28-сонли шартномага асосан 31 160 962 сўмлик ва 2021 йил 1 августда тузилган пулли асосда даволанаётган беморларни пархез таомлар билан таъминлаш мақсадида аутсорсинг шартлари бўйича 29-сонли шартномага асосан 24 240 309 сўмлик, жами 87 952 028 сўмлик хизматлар кўрсатилган, бироқ ушбу хизматлар ҳақи тўлаб берилмаган. Шунга кўра, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ҳисобидан 2020 йилда тузилган шартномалар асосида кўрсатилган аутсорсинг хизматлари учун жами 98 127 474 сўм асосий қарз ва 49 063 737 сўм пеня, 2021 йил июль ва август ойларида кўрсатилган аутсорсинг хизматлар учун жами 87 952 028 сўм асосий қарз ва 2 462 656 сўм пеня, жами 186 079 502 сўм асосий қарз ва 51 526 393 сўм пеня ундиришни сўраган. Суднинг 2021 йил 12 октябрдаги ажрими билан Жиззах вилоят бўйича Ғазначилик бошқармаси ва Жиззах вилоят Молия бошқармаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар фойдасига жавобгар ҳисобидан 186 079 502 сўм асосий қарз ва 7 369 029 сўм пеня ҳамда олдиндан тўланган 2 376 058 сўм давлат божи ва 21 600 сўм почта ҳаражатлари ундирилган. Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 январдаги қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирилиб, биринчи инстанция судининг 2021 йил 11 июндаги ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 8 сентябрдаги қарори билан даъвогарнинг кассация шикояти қисман қаноатлантирилиб, Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 17 январдаги қарори бекор қилинган ҳамда иш апелляция инстанциясида янгидан кўриш учун Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 4 ноябраги қарори билан ҳал қилув қарорининг 186 079 502 сўм ассий қарз ундириш қисми 182 142 405,2 сўмга, 2 376 058 сўм давлат божи ундириш қисми 1 821 424,05 сўмга ўзгартирилиб, жавобгардан 7 369 029 сўм пеня ундириш қисми бекор қилинган. Мазкур қарордан норози бўлган жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини згаришсиз қолдиришни сўраган. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакиллари суд қарорлари асоссизлигини, кўрсатилган хизматлар учун тўлов тўлиқ амалга оширилганлигини, қарздорлик мавжуд эмаслигини, даъвогар томонидан кўрсатилган хизматлар учун устама ҳақ ҳисобварақ-фактурада кўрсатилмаганлиги, шартнома эса низом талаби бўйича бўлмаганлиги сабабли қайтарилганлигини, тарафлар ўртасида тузилган таққослаш далолатномасида бош ҳисобчининг имзоси йўқлиги боис ҳақиқий эмаслигини, 2021 йилнинг июль, август ойлари учун ҳисоб-фактура тақдим этилмаганлигини, шартнома эса низом талаби бўйича бўлмаганлиги сабабли қайтарилганлигини, 94 190 377,2 сўмлик аутсорсинг хизмати кўрсатилганлиги ҳақидаги таққослаш далолатномасини собиқ раҳбар М.Суннатиллаев имзолаганлигини, собиқ раҳбар таққослаш далолатномасини нима сабабдан имзолаганлигини билмаслигини, шартнома бир йиллик учун эмас балки ҳар ойда алоҳида тузилганлигини, даъвогар тақдим қилган шартнома собиқ раҳбар билан тил бириктириб ноқонуний тузилганлигини, даъво талабига аниқлик киритиш лозимлигини билдиришиб, суд қарорларини бекор қилишни ва даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўрашди. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакиллари кассация шикоятига эътироз билдириб, белгиланган лимитдан ошиб кетиши сабабли устамани ҳисобварақ-фактурага киритилмаганлиги, 2020 йил учун устама ҳақ тўланмаганлиги, 2021 йилда кўрсатилган хизматлар учун тўлов амалга оширилмаганлиги, шартнома ҳамда бажарилган ишлар бўйича ҳужжатларни жавобгар қабул қилишдан бош тортганлиги, жавобгар қарзини тан олиб таққослаш далолатномасини тасдиқлаганлиги, далолатномани шахсан бош ҳисобчининг ўзи собиқ раҳбарига тасдиқлатганлиги, жавобгарда ўтказилган текшириш далолатномасида ҳам устама фоиздан қарздорлик мавжудлиги қайд этилганлиги, қолаверса, суднинг хусусий ажрими прокуратура органлари томонидан кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги, даъво талабида 20 фоиз устама, 2021 йилнинг июль, август ойининг 26 кунида кўрсатилган хизмат учун тўлов ҳамда ортиқча тайёрланган овқат учун ҳақ борлигини билдириб, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятини ишдаги ҳужжатлар билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2020 йилда тузилган (аутсорсинг) хизмат кўрсатиш шартномалари бўйича даъвогар умумий овқатланиш хизматини кўрсатиш, жавобгар ушбу хизматлар учун ҳақ тўлаш назарда тутилган. Мазкур шартномаларнинг 2.2.1-бандига мувофиқ, Буюртмачи кўрсатилаётган хизматлар учун шаратнома умумий қийматининг 15 фоиз миқдорида олдиндан аванс тўловини амалга ошириш, қолган 85 фоизини хизматларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланиб, Ижрочи томонидан Буюртмачига ҳисобварақ-фактура тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун ичида тўлаб берилиши белгиланган. Даъвогар даъво аризасида жавобгарга бюджет маблағлари ҳисобидан даволанувчиларга жами 94 190 377 сўмлик аутсорсинг хизмати кўрсатганлиги, жавобгар ушбу қарзни тўламаётганлиги сабабли ушбу қарздорлик ундириш сўралган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилад)нинг 234-моддасига кўра, мажбурият - фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Аниқланишича, Жиззах вилоят прокуратурасининг 2021 йил 3 февралдаги 10.1/11-21-сонли хати ҳамда Жиззах вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасининг 2021 йил 9 февралдаги 75-сонли буйруғига асосан бошқарма бошлиғи ўринбосари С.Мадатов томонидан Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан 2019 йил 1 ноябрдан 2021 йил 1 январга қадар, бюджетдан ташқари, яъни пуллик хизмат кўрсатиш ҳисобидан тушган маблағларнинг сарфланиши юзасидан 2020 йил 1 октябрдан 2021 йил 1 январга қадар текшириш ўтказилган. Текшириш якуни бўйича 2021 йил 4 мартда далолатнома расмийлаштирилган. Текширишда 2020 йил йилда Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида аутсорсинг хизмати бўйича хизмат кўрсатувчи даъвогардан бюджет маблағлари бўйича 94 190 377,2 сўм ҳамда пуллик хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан 33 535 100 сўм. Жами 127 725 500 сўмлик кредитор қарздорлик вужудга келганлиги аниқланиб, ушбу кредиторлик қарзини бартараф қилиш бўйича Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбариятига тегишли кўрсатмалар берилган. Текшириш далолатномаси Жиззах вилоят Давлат молиявий назорати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари С.Мадатов, Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи вазифасини бажарувчи М.Суннатуллаев ва бош ҳисобчи вазифасини бажарувчи Б.Ўралов томонидан имзоланган. Бундан ташқари, 2021 йил 1 январь ҳолатида бюджет маблағлари ҳисобидан аутсорсинг хизмати бўйича 94 190 377,2 сўм миқдорида жавобгарнинг даъвогар олдида қарзи мавжудлиги тўғрисида даъвогар раҳбари С.Эгамов, жавобгарнинг собиқ раҳбари М.Суннатуллаев ўртасида ўзаро таққослаш далолатномаси ҳам имзоланган. Жавобгарнинг даъвогар олдидаги 94 190 377,2 сўм миқдоридаги қарзи ўзаро таққослаш далолатномаси, Жиззах вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасининг 2021 йил 4 мартдаги далолатномаси билан ўз тасдиғини топган. Шунингдек, жавобгар 2021 йил февраль ойи учун пулли даволанувчиларга кўрсатилган 33 731 421 сўмлик қарздорликдан 29 749 324 сўмини тўлаб бериб, 3 982 097 сўм қисмини тўлаб бермаганлиги сабабли 3 982 097 сўм аутсорсинг хизмати ҳақини ҳам ундиришни сўраган. Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2021 йил 30 январда 2-сонли аутсорсинг шартлари асосида хизматиларни кўрсатиш ҳақида шартнома тузилган. Ушбу шартнома асосида даъвогар жавобгарга 29 749 325 сўмлик аутсорсинг хизматлари кўрсатилган. Ушбу ҳолат аутсорсинг хизматлари кўрсатилганлиги ҳақидаги далолатнома ва ҳисоб варақ фактура билан ўз тасдиғини топган. Ушбу кўрсатилган 29 749 325 сўмлик аутсорсинг хизмати ҳақини жавобгар томонидан 2021 йил 1 февралдаги тўлов топшириқномаси билан даъвогарга тўлаб берилган. Шу сабабли 2021 йил февраль ойи учун пулли даволанувчиларга кўрсатилган 33 731 421 сўмлик қарздорликдан 29 749 324 сўми тўлаб берилиб, 3 982 097 сўм қисмини тўлаб берилмаганлиги сабабли 3 982 097 сўм аутсорсинг хизмати ҳақини жавобгардан ундириш ҳақидаги даъвогарнинг талаби асоссиз ҳисобланади. Биринчи инстанция суди даъвогар фойдасига жавобгардан 2020 йилда бюджет маблағлари бўйича 94 190 377,2 сўм миқдорида кўрсатилган аутсорсинг хизмати ҳақини ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келган бўлса-да, 2021 йил февраль ойи учун пулли даволанувчиларга кўрсатилган хизмат бўйича ундириш ҳақида нотўғри тўхтамга келган. Жиззах шаҳар прокуратурасининг 2022 йил 5 февралдаги топшириқ хатига асосан даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган аутсорсинг хизмати кўрсатиш шартномаларининг қонунийлиги, аутсорсинг хизмати ҳақи нархи белгиланишининг қонунийлиги, шартномаларга асосан ўзаро ҳисобкитобларнинг амалга оширилишининг қонунийлиги Жиззах шаҳар молия бўлими мутахассиси Ў.Маматов ҳамда Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекцияси мутахассиси Ф.Лутфуллаев томонидан ўрганилган. Ўрганиш натижаси юзасидан 2022 йил 11 февралда далолатнома расмийлаштирилган. Ўрганишда даъвогар хизмат кўрсатган вақти 58 (эллик саккиз) иш кунида 2193 нафар бемор бюджет ҳисобидан 2021 йил август ойи учун 31 160 962 сўмлик ва 2021 йил июль-август ойлари учун 2161 нафар бемор пуллик хизматлари ҳисобидан 56 791 065 сўмлик жами 87 952 028 сўмлик озиқ овқат маҳсулотлари етказиб берилгани аниқланганлиги, ҳақиқатан ҳам даъвогар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилганини диетолог ҳамшира Узоқова Моҳира ҳамда бўлим катта ҳамширалари Яхёева Муҳайё, Сатторова Феруза, Хусанова Шохиста, Эргашева Нозима, Жабборова Хуршида, Ахмеджанова Мохира ва ошпазлар Мадаминова Турсуной, Зиявуддинова Зухра, Ортиқова Мавлудалар ўз тушунтириш хатларида тасдиқлаб берганлиги, Жиззах вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасининг 2021 йил 4 мартдаги далолатномасига асосан аниқланган 94 190 377,2 сўм қарздорлик билан бирга жавобгарнинг даъвогардан жами 182 142 405 сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Ушбу ўрганиш далолатномаси асосида Жиззах шаҳар прокуратурасининг 2022 йил 14 февралдаги қарорида даъвогар жавобгарга 2021 йил июль ойидан 27 августга қадар жами 87 952 028 сўмлик аутсорсинг хизматлари кўрсатганлиги, даъвогар 2021 йил 14 сентябрда 2021 йил июль-август ойлари учун шартномалар, ҳисоб фактуралар ва ишларни қабул қилиш далолатномаларини икки нусхада жавобгарга тақдим этиб, хизмат ҳақини тўлаб бериш ҳақидаги 10-сонли талабнома юборган бўлса-да, лекин жавобгар тўловларни амалга оширишдан бош тортганлиги қайд этилиб, бирор-бир мансабдор шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилинган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 66-моддасига кўра, иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади. Даъвогар томонидан жавобгарга 2021 йил июль-август ойларида 87 952 028 сўмлик аутсорсинг хизматлари кўрсатилганлиги ҳолати апелляция инстанцияси суд мажлисида кўрсатма берган Жиззах шаҳар молия бўлими мутахассиси Ў.Маматов ҳамда Жиззах шаҳар Давлат солиқ инспекцияси мутахассиси Ф.Лутфуллаевнинг 2022 йил 11 февралдаги далолатномаси, Жиззах шаҳар прокуратурасининг 2022 йил 14 февралдаги қарори, таомномалар ва таом учун талабномалар ҳамда гувоҳ сифатида сўралган Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори С.Каримқулов, диетолог ҳамшираси М.Умрзоқова ҳамда ошпаз М.Абдуназароваларнинг кўрсатмаси билан ўз тасдиғини топган. Шу сабабли биринчи инстанция суди жавобгардан даъвогар фойдасига 2021 йил июль-август ойларида 87 952 028 сўмлик аутсорсинг хизматлари ҳақини ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Даъвогар даъво аризасида жавобгардан тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли жавобгардан жами 51 526 393 сўм пеня ундиришни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Даъвогар жавобгар билан 2021 йилнинг июль-август ойлари учун шартнома тузмасдан хизмат кўрсатганлиги сабабли даъвогарнинг жавобгардан пеня ундириш ҳақидаги талабини қаноатлантиришни рад қилиш лозим. Бироқ, биринчи инстанция суди даъвогар фойдасига жавобгардан 7 369 029 сўм пеня ундириш ҳақида нотўғри тўхтамга келган. Судлов ҳайъати жавобгар вакилининг даъвогар 2021 йил июль-август ойлари учун шартнома тузмасдан фаолият кўрсатганлиги сабабли тўловлар амалга оширилмаганлиги, даъвогарнинг 94 190 377,2 сўм аутсорсинг хизмати ҳақи бўйича ҳақдорлиги мавжудлиги ҳақидаги 2021 йил 4 мартда далолатнома юзасидан қайта текшириш ўтказилганлиги ва кейинги текшириш далолатномасида қарздорлик кўрсатилмаганлиги, 94 190 377,2 сўмлик аутсорсинг хизмати кўрсатилганлиги ҳақидаги таққослаш далолатномасини собиқ раҳбар М.Суннатуллаев имзолаган бўлсада, имзо уники эканлигини тасдиқлай олмаслиги сабабли даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги важлари билан келиша олмайди. Юқорида қайд этилганидек, даъвогар томонидан 94 190 377,2 сўм аутсорсинг хизмати кўрсатилганлиги ўзаро таққослаш далолатномаси ҳамда Жиззах вилоят Давлат молиявий назорати бошқармасининг 2021 йил 4 мартдаги далолатномаси билан ўз тасдиғини топган. Кейинги текширишда 94 190 377,2 сўм аутсорсинг хизмати кўрсатилганлиги инкор этилмаган. Шунингдек, даъвогарнинг 2021 йил июль-август ойларида 87 952 028 сўмлик аутсорсинг хизматлари кўрсатганлиги ҳам ишдаги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли қарорининг 3-бандида Қонуннинг 11-моддаси ва Фуқаролик кодексининг 108-моддасига кўра, хўжалик шартномалари ёзма шаклда тузилиши, шартноманинг ёзма шаклига риоя этмаслик (оғзаки келишув) унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмаслиги, бироқ, судлар шартноманинг ёзма шаклига риоя этмаслик оқибатида низо келиб чиққан тақдирда, тарафларни битимнинг тузилганлиги, мазмуни ва бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум этса-да, ёзма ва бошқа далиллар билан тасдиқлаш ҳуқуқини сақлаб қолишига эътибор бермоқлари лозимлиги, судлар шартноманинг тузилганлиги, мазмуни ва бажарилганлигини тасдиқлаш учун тақдим этилган далиллар (юк хати, товар-транспорт ҳужжати, ишончнома, далолатнома ва ҳоказолар)га ҳар томонлама баҳо бериб, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинмасдан (оғзаки келишув асосида) бажарилган мажбуриятлар бўйича келиб чиққан низоларни Қонунда белгиланган тартибда ҳал этмоқлари кераклиги ҳақида тушунтириш берилган. Ушбу низо бўйича ҳам шартнома тузилмаган бўса-да, даъвогарнинг 2021 йил 26 августга қадар жавобгарга аутсорсинг хизмати кўрсатилганлиги ишдаги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Шу сабабли апелляция инстанция суди биринчи инстанция суди ҳал қилув қароринининг даъвогар фойдасига жавобгар ҳисобидан 186 079 502 сўм асосий қарз ундириш қисмини 182 142 405,2 сўмга, даъвогар фойдасига жавобгар ҳисобидан олдиндан тўланган 2 376 058 сўм давлат божи ундириш қисмини 1 821 424,05 сўмга ўзгартириб, ҳамда ҳал қилув қарори хулоса қисмининг даъвогар фойдасига жавобгардан 7 369 029 сўм пеня ундириш ҳақидаги қисмини бекор қилиб асосли хулосага келган. Мазкур ҳолатда даъвогарнинг кассация шикоятида билдирган важлари асоссиз бўлиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгартириб асосли хулосага келган. ИПК 299-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ишни кассация тартибида кўриш чоғида биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён қилинганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини 9 ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан кассация шикояти тақдим этишда тўланган суд харажатлари жавобгар зиммасида қолдирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 11 ноябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм видеоконференцалоқа харажатлари ундирилсин. Ижро варақа берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик этувчи: Ш.Маҳмудов ҳайъат аъзолари: В.Сатторова Р.Хайдаров