Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-2101-2202/637 Дата решения 06.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Абдуллаев Абдумумин Абдуахатович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение UZSPECSTROYMONTAJ масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Gazgan Marble Group масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1014269 Claim ID 3018791 PDF Hash 4a16bb789ea12705... Загружено 09.04.2026 08:03 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
бандида ФК 670-моддаси бандида ФК 670 law
бандида ФК 670-моддаси бандида ФК 670 law
агар пудратчи томонидан ФК 670-моддаси агар пудратчи томонидан ФК 670 law
ИПК 68-моддаси ИПК 68 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-2101-2203/637-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья – Ш.Ғофуров Апелляция инстанциясида маърузачи судья – Л.Тошмуродов Кассация инстанциясида маърузачи судья- А.Абдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 6 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Махмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “UZSPECSTROYMONTAJ” масъулияти чекланган жамияти вакиллари – Ж.Келдиёров (раҳбар), Т.Эргашев (2023 йил 7 январдаги 2-сонли ишончнома асосида), “Gazgan Marble Group” масъулияти чекланган жамияти вакили – С.Сидакова (2023 йил 10 январдаги 03/01-сонли ишончнома асосида) иштирокида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармасининг “UZSPECSTROYMONTAJ” масъулияти чекланган жамияти манфаатида “Gazgan Marble Group” масъулияти чекланган жамиятидан 776 015 644 сўм бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 майдаги ҳал қилув қарори ва Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 июлдаги қарори устидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (“UZSPECSTROYMONTAJ” масъулияти чекланган жамияти манфаатида) томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси “UZSPECSTROYMONTAJ” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида Зарафшон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда “Gazgan Marble Group” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)дан 776 015 644 сўм бажарилган ишлар қийматини ундиришни сўраган. Суднинг 2022 йил 28 апрелдаги ажрими билан ишга “HAYOT HAMKOR TIMURBEK” масъулияти чекланган жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Суднинг 2022 йил 7 майдаги ҳал қилув қарори билан, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган, даъвогардан Республика бюджетига 15 520 313 сўм давлат божи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозит ҳисобрақамига 67 500 сўм видеоконференцалоқа харажати ундириш белгиланган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 18 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Кассация шикоятида судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарори 8-бандида шартноманинг мавжуд эмаслиги, бажарилган ишлар қийматини ундиришни рад этиш учун асос бўлмаслиги, бажарилган ишлар қиймати 4-1001-2128/4573-сонли иқтисодий иш доирасида тайинланган экспертиза хулосаси билан тасдиқланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги 306-сонли қарорининг 2.3-бандида қийматни ундириш тўғрисидаги талабни қондириш лозимлиги кўрсатилганлиги, бироқ ушбу ҳолатлар инобатга олинмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд муҳокамасида палата ва учинчи шахсдан вакил иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатларида уларнинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил мавжуд, улардан вакилнинг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни кўришга тўсқинлик қилмайди. Суд муҳокамасида иштирок этган даъвогар вакиллари ўз тушунтиришларида кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўрадилар. Суд муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакили ўз тушунтиришида кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати даъвогар ва жавобгар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида қурилиш-монтаж ишларини бажариш тўғрисида 2019 йил 22 июлда 445 671 207 сўмга 22/07-1-сонли ва 2019 йил 26 августда 1 190 391 966 сўмга 26/08-01-сонли пудрат шартномалари тузилган бўлиб, уларга кўра даъвогар “Навоий эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ишлаб чиқариш заводи”да қурилиш ишларини бажариш, жавобгар эса ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 631-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. ФК 666-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. ФК 670-моддасининг биринчи ва олтинчи қисмларига мувофиқ пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳасмета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шарт. Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида белгиланган мажбуриятларни бажармаган пудратчи, агар буюртмачининг манфаатини кўзлаб, хусусан ишнинг тўхтатилиши қурилиш объектининг нобуд бўлишига ёки шикастланишига олиб келиши мумкин бўлганлиги муносабати билан дарҳол ҳаракат қилиш зарур бўлганлигини исботлай олмаса, у бажарган қўшимча иши учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2016 йил 23 декабрдаги 306-сонли қарорининг 6-бандида ФК 670-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқласа, бу тўғрисида буюртмачига хабар бериши шартлиги, 6.2-бандида, агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи бундай ишларни бажаришга рози бўлса, лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш келишувга кўра амалга оширилиши ва бу ҳақда тарафлар томонидан келишув расмийлаштирилиши, 6.4-бандида ФК 670-моддасининг олтинчи қисмига кўра, агар пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган аниқланган ишлар тўғрисида буюртмачини хабардор қилмаса ёки тегишли ишлар бажарилишини тўхтатмаса, у бажарган қўшимча ишлар учун буюртмачидан ҳақ тўлашни ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши, агар пудратчи томонидан ФК 670-моддасининг олтинчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмаганлиги аниқланса, пудратчининг бажарган қўшимча ишлар учун ҳақ тўлаш ва шу туфайли кўрилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилиши ҳақида тушунтириш берилган. Даъво аризасида, 2019 йил 22 июлдаги 22/07-1-сонли ва 2019 йил 26 августдаги 26/08-01-сонли пудрат шартномалари бўйича бажарилган жами 2 692 915 269 сўмлик ишдан ихтиёрий тўланган 490 818 952 сўм чегириб ташланган ҳолда 2 202 096 317 сўмни ундириш тўғрисида Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилинганлиги ва мазкур даъво аризаси асосида Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 4-1001-2128/4573-сонли иқтисодий иш бўйича қабул қилган 2021 йил 30 августдаги қарори билан бажарилган ишлар қиймати доирасида 1 025 033 148,65 сўм ва Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 4-1001-2107/27832-сонли иқтисодий иш бўйича қабул қилинган 2021 йил 18 ноябрдаги қарори билан бажарилган ишлар қиймати доирасида 211 581 592,70 сўм, жами 1 236 614 741,35 сўм ундирилганлиги, жами 965 481 575,65 сўмлик қисмини қаноатлантириш рад қилинганлиги, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 4-1001-2128/4573-сонли иши бўйича тайинланган 2021 йил 23 апрелдаги экспертиза хулосасида 22/07-1-сонли шартнома бўйича бажарилган ишларнинг жами суммаси 914 836 092 сўмни ташкил этиши ва ушбу сумманинг 133 701 362 сўм қисми тўлаб берилганлиги, қолдиқ сумма 781 134 730 сўмни ташкил этиши, 26/08-01-сонли шартнома бўйича бажарилган ишларнинг жами суммаси 1 372 680 048 сўмни ташкил этиши ва ушбу сумманинг 357 117 589 сўм қисми тўлаб берилганлиги, қолдиқ сумма 1 015 562 459 сўмни ташкил этиши, ушбу суммаларнинг жами бўлган 1 796 697 189 сўмдан суд қарорлари асосида ундирилган 1 236 614 741,35 сўм чегириб ташланганда, жавобгар томонидан тўланиши лозим бўлган сумма 560 082 149 сўмни ташкил этиши, бундан ташқари, вақтинча бинолар, сыпучих материаллар сақлаш омбори, кабелни кўчириш, электр энергия билан таъминлаш ишлари ва сув тармоғи билан боғлиқ умумий 215 933 495 сўмлик харажатлар, жами 776 015 644 сўм (560 082 149+215 933 495)ни ташкил этиши кўрсатилган. Мазкур ҳолатда, даъвогарнинг ўзи томонидан бажарилган деб ҳисоблаган жами 2 692 915 269 сўмлик ишлар қийматидан келиб чиқиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига жами 2 202 096 317 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган, ва ушбу даъво аризасига асосан юритилган 4-1001-2128/4573-сонли иш бўйича назорат ўлчови ўтказилган. “Ипотекабанк” АТИБ Навоий филиали мутахассиси томонидан мазкур иш доирасида тақдим этилган маълумотномада 2018 йил 22 июндаги 22/07-1-сонли шартномага асосан 914 836 092 сўмлик, 2019 йил 26 августдаги 26/08-01-сонли шартнома бўйича 1 372 680 048 сўмлик, жами 2 287 516 140 сўмлик ишлар бажарилганлиги, шунингдек, вақтинча бинолар, сыпучих материаллар сақлаш омбори, кабелни кўчириш, электр энергия билан таъминлаш ишлари ва сув тармоғи билан боғлиқ умумий 215 933 495 сўмлик харажатлар қилинганлиги қайд этилган бўлиб, суд томонидан низони ҳал этишда қайд этилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилиб, бажарилган ишлардан тўланган бўнак маблағлари, 5 фоизлик кафолат суммаси чегирилган ҳолда даъво талаби қисман қаноатлантирилган, шунингдек, сметадан ошиқча бажарилган юқорида қайд этилган ФК ва Пленум қарори талабларидан келиб чиқиб, қаноатлантириш рад этилган. Шунингдек, 2019 йил 26 августдаги 26/08-01-сонли шартнома бўйича назорат ўлчови натижасида аниқланган 1 372 680 048 сўмдан 1 149 962 583 сўм орасидаги фарқ, яъни 222 717 466 сўмни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган 4-1001-2107/27832-сонли иш бўйича қабул қилинган 2021 йил 18 ноябрдаги қарор билан бажарилган ишлар қиймати 222 717 466 сўмдан 5 фоизлик кафолат суммаси чегирилган ҳолда 211 581 592,70 сўм ундирилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 73-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ иқтисодий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди. Қолаверса, даъвогар томонидан даъво аризасида бажарилган ишлар қийматини ундириш сўралган бўлиб, ушбу суммани юқорида қайд этилган иқтисодий ишларда асосий қарз сифатида ундириш сўралган. Шунингдек, даъвогар томонидан қўшимча ишларни бажариш зарурати мавжудлиги тўғрисида белгиланган тартибда жавобгарни огоҳлантирганлиги, лойиҳа-смета ҳужжатлари миқдорини тегишли тартибда ошириш чоралари кўрилганлиги, вақтинча бинолар, сыпучих материаллар сақлаш омбори, кабелни кўчириш, электр энергия билан таъминлаш ишлари ва сув тармоғи билан боғлиқ умумий 215 933 495 сўмлик харажатлар лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилганлиги ва мазкур ишларни бажариш юзасидан тегишли тартибда шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги исботланмаган. Ваҳоланки, ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Биринчи инстанция суди қайд этилганларни инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш, апелляция инстанцияси суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида, қонуний хулосага келган. Шунингдек, кассация шикоятида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарорининг 8-бандига асосан шартноманинг мавжуд эмаслиги, бажарилган ишлар қийматини ундиришни рад этиш учун асос бўлмаслиги, 306-сонли Пленум қарорининг 2.3-бандида қийматни ундириш тўғрисидаги талаб қондирилиши кераклиги ҳақидаги важ билан келишиб бўлмайди. Чунки, 203-сонли Пленум қарори 8-бандининг еттинчи хатбошисида, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтириш берилган. 306-сонли Пленум қарорининг 2.3-бандида қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилиши, бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилиши ҳақида тушунтириш берилган. Мазкур ҳолатда далил сифатида келтирилган назорат ўлчови маълумотномаси 4-1001-2128/4573-сонли иқтисодий иш доирасида суд ажримига асосан тайинланган ва назорат ўлчови маълумотномаси ушбу ишни кўришда муҳокама қилинган. Бундан ташқари, қурилиш пудрат шартномалари мавжуд ва улар тузилмаган деб ҳисобланмаган. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. ИПК 118-моддасининг биринчи, еттинчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун даъвогардан республика бюджетига 7 7 760 156,44 сўм давлат божи ундиришни, 24 000 сўм почта харажатини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топади. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 283, 301, 303моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ и л а д и: Ушбу иш бўйича қабул қилинган Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 7 майдаги ҳал қилув қарори ва Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 июлдаги қарори ўзгаришсиз, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси (“UZSPECSTROYMONTAJ” масъулияти чекланган жамияти манфаатида)нинг кассация шикояти эса қаноатлантирмасдан қолдирилсин. “UZSPECSTROYMONTAJ” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига (Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси) 7 760 156,44 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Махмудов ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов А.Абдуллаев