Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1107-2202/2832 Дата решения 02.02.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Ахангаранский межрайонный экономический суд Судья Суяров Жасур Мансурович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Аммафос максам акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый Фаровон хаётга интил масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1012328 Claim ID 3106353 PDF Hash 74dd2b0eb4489625... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 11
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 337-моддаси ФКнинг 337 law
ФКнинг 238-моддаси ФКнинг 238 law
ФКнинг 237-моддаси ФКнинг 237 law
ФКнинг 333-моддаси ФКнинг 333 law
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
Ушбу кодекс 366-моддасининг 5-қисми Ушбу кодекс 366 5 code_article
идаги ёзма таклиф ушбу кодекс 370-моддасининг 4-қисми идаги ёзма таклиф ушбу кодекс 370 4 code_article
ФКнинг 311-моддаси ФКнинг 311 law
ФКнинг 14-моддаси ФКнинг 14 law
онуннинг 24-моддаси онуннинг 24 law
ИПКнинг 279-моддаси ИПКнинг 279 law
Текст решения Оригинал (узб.)
TOSHKENT VILOYAT SUDI ТАШКЕНТСКИЙ ОБЛАСТНОЙ СУД 100059, Toshkent sh, Sh.Rustaveli ko`chasi, 93 100059, г.Ташкент, ул.Ш.Руставели, 93 Tel: 0 (371) 253-26-02 Fax: 0 (371) 253-26-02 e.mail: i.toshkent.v@sud.uz ҚАРОР (апелляция инстанцияси суди) 2023 йил 02 февраль Тошкент шаҳри 4-1107-2202/2832-сонли иш Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья Х.Каримов Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, судья Ж.Суяровнинг раислигида, ҳайъат аъзолари, судьялар А.Арипов ва А.Ибрагимовадан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси С.Кенжаевнинг котиблигида, даъвогар вакили В.Войникова (2022 йил 05 августдаги 1/04-1524сонли ишончнома асосида) ва жавобгар вакили адвокат И.У.Хаджимуратов (ордер асосида) иштирокида, даъвогар “Ammofos maxam” АЖнинг жавобгар “Farovon hayotga intil” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 11.025.000 сўм закалат ҳамда воситачилик ҳақи шаклида етказилган 10.000 сўм зарарни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган мазкур иқтисодий иш юзасидан Оҳангарон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2022 йил 05 декабрда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан жавобгар “Farovon hayotga intil” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Тошкент вилоят суди биносида, очиқ видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси муҳокамасида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Ammofos maxam” АЖ (бундан буён матнда – даъвогар деб юритилади) Оҳангарон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Farovon hayotga intil” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда – жавобгар деб юритилади) ҳисобидан 11.025.000 сўм закалат ҳамда воситачилик ҳақи шаклида етказилган 10.000 сўм зарар ва суд харажатларини ундиришни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 05 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилиб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 11.025.000 сўм закалат ҳамда воситачилик ҳақи шаклида етказилган 10.000 сўм зарар ва 24.000 сўм почта харажати, шунингдек республика бюджетига 300.000 сўм миқдорида давлат божи ундирилган. Ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган жавобгар апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъвони тўлиқ рад этиш бўйича янги қарор қабул қилишни сўраган. Суд мажлисида жавобгар вакили иштирок этиб, апелляция шикоятини қўллаб-қувватлаб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўради. Даъвогар вакили қабул қилинган ҳал қилув қарори қонуний ва асосли эканлигини таъкидлаб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати, ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, иш ҳужжатларини ҳамда жавобгар томонидан берилган апелляция шикоятини ўрганиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 05 декабрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. Ишдаги ҳужжатларга кўра, буюртмачи 30 дона “солнечный светодиодный прожектор” товарларини 31.500.000 сўм қийматда сотиб олиш учун давлат харидлари тизимидан фойдаланган (лот № 22121007085709). Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 майдаги 276-сонли қарори билан тасдқиланган Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) 14-бандида корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар ҲККПдаги шахсий ҳисобварақларига: электрон дўконда иштирок этишдан олдин иштирокчининг офертаси қийматининг 3 фоизи миқдорида; аукционда иштирок этишдан олдин аукционнинг бошланғич нархидан 3 фоиз миқдорида закалат ўтказадилар, деб белгиланган. Шу сабабли, буюртмачи ва иштирокчининг ҳар бири 945.000 сўм закалатни ҲККПдаги ўзларининг шахсий ҳисобрақамида шакллантирган (31.500.000 х 3 %). 2022 йил 14 июлда ўтказилган савдо натижасида иштирокчи товарларни 21.420.000 сўм қийматда етказиб бериш бўйича ғолиб деб топилиб, буюртмачи билан шу куни 57642-сонли шартнома тузган. Низомнинг 43-бандида “агар нарх сўрови мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган сумма давлат буюртмачиси томонидан танланган суммадан 20 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи давлат буюртмачиси томонидан танланган офертанинг суммаси ва ўзи томонидан таклиф этилган сумманинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни олдиндан киритиши шарт. Бунда офертанинг суммаси: базавий ҳисоблаш миқдорининг 2.500 бараваридан ошмайдиган ҳолларда қўшимча закалат суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан; базавий ҳисоблаш миқдорининг 2.500 бараваридан ошган ҳолларда қўшимча закалат суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 1.000 бараваридан ошмаслиги керак. Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу таклифлар давлат харидларининг электрон тизими томонидан автоматик равишда рад этилади, деб белгиланган. Шу сабабли, иштирокчи 10.080.000 сўм қўшимча закалатни ҲККПдаги шахсий ҳисобрақамида шакллантирган (яъни, бошланғич нарх 31.500.000 сўмни ташкил этади ва иштирокчи томонидан таклиф этилган 21.420.000 сўм давлат буюртмачиси томонидан танланган суммадан 20 ва ундан ортиқ фоизга пастлиги учун иштирокчи давлат буюртмачиси томонидан танланган офертанинг суммаси ва ўзи томонидан таклиф этилган сумманинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни олдиндан киритган (31.500.000 - 21.420.000). 2018 йил 25 майдаги “Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисида”ги 3015-сонли Низомнинг 42-банди 1-хатбошисига кўра, корпоратив буюртмачилар электрон дўкон ёки аукцион натижасида тузилган шартнома бўйича тўловларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун ушбу шартнома порталда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб, 5 иш куни мобайнида ўзларининг ҲККПдаги ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказадилар. Бунда закалат, шартнома бўйича тўлаш суммасига қўшиб ҳисобланади. Шу сабабли, ушбу лот бўйича буюртмачининг 21.420.000 сўм (100%) ҲККПдаги маблағи 2022 йил 16 июлда банд қилиб қўйилган (блокировка қилинган). 3015-сонли Низом 38-бандининг 3-хатбошисига кўра, аукцион ва электрон дўкон ўтказишда корпоратив буюртмачиси ва ижрочининг киритган закалатлари шартнома бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилган ёки белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар банд қилиб қўйилади. Шу сабабли, даъвогарнинг 21.420.000 сўм маблағи ҳамда жавобгарнинг 11.025.000 сўм (945.000+10.080.000) закалат ва қўшимча закалат маблағлари оператор томонидан хатланган. Биржада тузилган 57642-сонли шартноманинг 2.2-бандига кўра, ижрочи тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида ҲККПдан хабарнома олганидан бошлаб 7 иш куни ичида товарларни етказиб беришни зиммасига олган (яъни, 2022 йил 26 июлгача). Бироқ, ижрочи 57642-сонли шартноманинг техник параметрига мос келувчи товарларни етказиб бермаган. Хусусан, 57642-сонли шартномада 100 Вт қувватли техник параметрга эга товарларни етказиб бериш назарда тутилган бўлса-да, ижрочи томонидан 90 Вт қувватли бошқа кўрсаткичларга эга товарлардан намуна олиб бориб берилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда – ФК деб юритилади) 401-моддасининг 1-қисмида сотувчи олди-сотди шартномасида назарда тутилган товарларни шартномага мос келмайдиган ассортиментда топширган тақдирда сотиб олувчи уларни қабул қилишдан ва ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю уларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли. Шу сабабли ижрочи томонидан техник топшириқ шартлари бажарилмаган деб топилиб, 2022 йил 26 августдаги акт билан ижрочининг товарлари (намуна) қабул қилинмаган. Бундан ташқари, ижрочи 2022 йил 18 ноябрда буюртмачи номига ёзма хат юбориб, 57642-сонли шартнома бўйича товарларни етказиб бериш имкони йўқлигини билдирган. Буюртмачи томонидан ушбу хатга 2022 йил 24 ноябрда жавоб хати юборилган ва жавобгарнинг хатларидаги бошқа масалалар қаноатлантирилмасдан қолдирилган. ФКнинг 337-моддасига кўра, ижрони кечиктириб юборган қарздор кечиктириб юбориш туфайли етказилган зарар учун ва кечиктириб юбориш даврида тасодифан ижрони бажариш мумкин бўлмаслиги вужудга келганлиги учун кредитор олдида жавоб беради. Агар қарздор ижрони кечиктириб юборганлиги туфайли кредитор учун унинг аҳамияти қолмаган бўлса, у ижрони қабул қилишдан бош тортиши ва зарарни тўлашни талаб қилиши мумкин. Агар кредитор қарздор томонидан таклиф қилинган лозим даражадаги ижрони қабул қилишдан бош тортган бўлса ёки ўзи амалга ошириши керак бўлган ва амалга оширилгунича қарздор ўз мажбуриятини бажара олмаган ҳаракатларни қилган бўлмаса, кредитор муддатни кечиктириб юборган ҳисобланади. ФКнинг 238-моддасида мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт. Мажбуриятни бажариш усули, агар бу усул мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса ва қонун билан белгилаб қўйилган бўлмаса, шартномада кўрсатилган бўлиши керак. ФКнинг 237-моддасига кўра, мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ва шартнома шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади. Айбнинг йўқлиги мажбуриятни бузган шахс томонидан исботланади. Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади. Қарздорнинг шартлашувчи шериклари томонидан мажбуриятларнинг бузилиши, мажбуриятни бажариш учун зарур товарларнинг бозорда йўқлиги, қарздорда зарур пул маблағларининг бўлмаганлиги бундай вазиятлар жумласига кирмайди. Низомнинг 34-бандига кўра, давлат буюртмачиси томонидан электрон дўкон ёки аукцион орқали тузилган шартнома бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги маълумот тақдим қилинмаганда, ҲККП ушбу шартнома бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб бериш муддати тугагач уч иш кунидан сўнг: бюджет буюртмачиларнинг шартнома бўйича маблағларига суд ёки Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингунига ёки шартнома бекор қилингунга қадар банд қўяди; корпоратив буюртмачи томонидан ушбу шартнома бўйича киритилган маблағлардан бандни бекор қилади, бундан закалат суммаси мустасно; корпоратив буюртмачи ва ижрочининг закалатига суд ёки Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингунига ёки шартнома бекор қилингунга қадар банд қўяди; бажарилмаган шартномалар бўйича маълумотларни Молия вазирлигига юборади. ФКнинг 437-моддасига кўра, маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. ФК 370-моддасининг 4-қисмига кўра, офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳ.к.), агар қонун ҳужжатларида ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади. Ушбу кодекс 366-моддасининг 5-қисми бўйича агар шартномани тузиш ҳақидаги ёзма таклиф ушбу кодекс 370-моддасининг 4-қисмида назарда тутилган тартибда олинган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади. ФКнинг 311-моддасида шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланиши, 312-моддасининг 2-қисмида агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолиши, агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шартлиги белгиланган. Буюртмачи ва ижрочи томонидан шартномавий мажбуриятлар ижросини таъминлаш учун закалат қўйилиши уларнинг оферта шартларини тўлиқ акцептлаганини билдиради ва тарафлар шартноманинг ёзма шаклига риоя қилган ҳисобланади. Даъвогар 2022 йил 12 октябрда жавобгарга талабнома юбориб, закалат маблағларни ва зарарни ихтиёрий тўлаб беришни сўраган. Бироқ, ушбу талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, биринчи инстанция суди шартнома шартлари жавобгар томонидан белгиланган муддатларда бажарилмагани (товарлар ушбу муддат ичида етказиб берилмагани) ҳамда жавобгарнинг дастлаб ва қўшимча шакллантирган маблағлари ҲККПда закалат сифатида қабул қилингани учун ҲККПдаги жавобгарнинг 11.025.000 сўм закалат пулини даъвогарга ундириб бериб, асосли тўхтамга келган. Низомнинг 36-бандига кўра, операторнинг воситачилик йиғими давлат харидларининг якунларига кўра, битимнинг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб давлат буюртмачиси ва иштирокчининг аванс тўловларидан давлат харидларининг электрон тизими томонидан ушлаб қолинади. Томонлар ўртасида шартнома тузилиб, рўйхатга олингани учун оператор даъвогар ва жавобгарнинг ҳар биридан 10.000 сўм воситачилик йиғими ундирган. ФКнинг 14-моддасига кўра, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, тарафлардан бири шартнома мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, бу тараф: бошқа тарафга етказилган зарарни тўлайди; Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида, ушбу Қонунда, ўзга қонун ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган тартибда бошқача тарзда жавобгар бўлади. Товар етказиб бериш мажбурияти жавобгар томонидан бажарилмагани сабабли биринчи инстанция суди даъвогар томонидан савдо ташкилотчиси учун тўлаб берилган 10.000 сўмни даъвогарга етказилган зарар деб, уни жавобгардан даъвогарга ундириш ҳақида тўғри хулосага келган. ИПКнинг 279-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади, яъни иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги. Мазкур ҳолатда, судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарорини қабул қилинишида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилмаган ва ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, биринчи инстанция судининг 2022 йил 05 декабрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз ва тўланган суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни ҳамда видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси билан боғлиқ 75.000 сўм миқдоридаги суд харажатини жавобгар зиммасига юклашни лозим деб топади. Бинобарин, ИПКнинг 274, 278-280-моддаларига асосан, судлов ҳайъати қарор қилди: Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 05 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, жавобгар “Farovon hayotga intil” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Тўланган суд харажатлари жавобгар зиммасида қолдирилсин. Жавобгар “Farovon hayotga intil” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг депозит ҳисоб рақамига мазкур ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ бўлган 75.000 сўм харажат ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб кучга киради. Қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш (протест келтириш) мумкин. Раислик қилувчи /имзо/ Ж.Суяров ҳайъат аъзолари /имзо/ А.Арипов /имзо/ А.Ибрагимова Қарорнинг кўчирма нусхаси аслига тўғри_______________судья Ж.Суяров