Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1405-2202/1586 Дата решения 01.02.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Халмирзаев Олим Дустмухамматович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "YIRIK SOLIQ TO`LOVCHILAR BO`YICHA HUDUDLARARO DAVLAT SOLIQ INSPEKSIYASI Ответчик / Подсудимый "SIYOB SHAVKAT ORZU" фермер хўжалиги
Source ID 1013329 Claim ID 3097827 PDF Hash ca7548cfd95c9e30... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 5
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 124-моддаси ФКнинг 124 law
ФКнинг 382-моддаси ФКнинг 382 law
ИПКнинг 157-моддаси ИПКнинг 157 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1405-2202/1586-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда марузачи судья Ў.Муродов Апелляция инстанциясида маърузачи судья М.Дўсматова Кассация инстанциясида маърузачи судья О.Халмирзаев КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И Тошкент шаҳри 2023 йил 1 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Убайдуллаев ва О.Халмирзаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси вакили Ш.Мусурмонов (ишончнома асосида) иштирокида, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг “Siyob shavkat orzu” фермер хўжалигига нисбатан берилган даъво аризаси бўйича қабул қилинган Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 19 августдаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори устидан берилган Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясининг кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга Олий суд биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекциясининг (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) 2022 йил 31 майдаги 00269-кт-сонли буйруғига асосан «Сиёб Шавкат Орзу» фермер хўжалигининг (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 2020 йил июнь-сентябрь ойлари давомидаги фаолиятида қўшилган қиймат солиғи (бундан буён матнда ҚҚС деб юритилади) тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва бюджетга тўланиши камерал солиқ текширувидан ўтказилганлиги, текширув натижаларига кўра 2022 йил 14 июнда камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тўғрисида далолатнома ва хулоса расмийлаштирилганлиги, 2022 йил 15 июнда солиқ тўловчига 114,3 млн сўм ҚҚС фарқ суммасига солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш ҳақида талабнома юборилганлиги, бироқ солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботларига тузатиш киритилмаганлиги ва ушбу фарқ суммасини инкор қилувчи асословчи ҳужжатлар сифатида электрон фактура нусхаси ҳамда шартномалар тақдим этган ҳолда, аниқланган ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ва битим қалбакилиги ҳолати ва уни оқибатларини қўллашга (солиқ қарзига) эътироз билдирганлиги, ўтказилган камерал солиқ текширувида «Amin Xolod Building» масъулияти чекланган жамияти ва жавобгар ўртасида 2020 йил 23 мартда 22-сонли қурилиш маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилганлиги, шартнома асосида жавобгар томонидан 2020 йил 27 августда 79,3 млн сўмлик, 2020 йил 15 июнда 336,0 млн сўмлик товар-моддий заҳираларга нисбатан электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиб, товар-моддий заҳиралар кирим қилинганлиги, ўз ўрнида сотиб олинган товарлар қийматидан келиб чиқиб, 54,2 млн сўмлик ҚҚС ҳисобга олинганлиги, аммо жавобгар томонидан ҳисобга олинган ҚҚС суммасига оид ҳужжатлар таҳлил қилинганида «Amin Xolod Building» масъулияти чекланган жамиятиниг бухгалтерия ҳужжатларида юқорида қайд қилинган шартнома ва ҳисобварақфактуралар асосида реализация қилинган 415,2 млн сўмлик товарлар бухгалтерия ҳужжатларида акс эттирилмаганлиги (кирим қилинмаганлиги), шунингдек товарларни сотишдан тушган пул маблағлари нақдлаштириб юборилганлиги, шунга кўра «Amin Xolod Building» масъулияти чекланган жамияти солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 29,5 млрд сўм қарздорлик ҳосил қилиб бюджетга йирик миқдорда зарар келтирганлиги, «Sitora omad savdo» масъулияти чекланган жамияти ва жавобгар ўртасида 2020 йил 17 сентябрда 49-сонли шебень ва қум маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилганлиги, шартнома асосида жавобгар томонидан 2020 йил 17 сентябрда 460,9 млн сўмлик товар-моддий заҳираларга нисбатан электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиб, товар-моддий заҳиралар кирим қилинганлиги, ўз ўрнида сотиб олинган товарлар қийматидан келиб чиқиб, 60,1 млн сўмлик ҚҚС ҳисобга олинганлиги, аммо жавобгар томонидан ҳисобга олинган ҚҚС суммасига оид ҳужжатлар таҳлил қилинганида «Sitora omad savdo» масъулияти чекланган жамиятиниг бухгалтерия ҳужжатларида юқорида қайд қилинган шартнома ва ҳисобварақ-фактуралар асосида реализация қилинган 460,9 млн сўмлик товарлар бухгалтерия ҳужжатларида акс эттирилмаганлиги (кирим қилинмаганлиги), шунингдек товарларни сотишдан тушган пул маблағлари нақдлаштириб юборилганлиги, шунга кўра «Sitora omad savdo» масъулияти чекланган жамияти солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 38,5 млрд сўм қарздорлик ҳосил қилиб бюджетга йирик миқдорда зарар келтирганлиги, қайд қилинган ҳолатларга кўра, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим ҳисобланиши баён қилиниб, жавобгар ва унинг контрагентлари билан тузилган 114 273 355 сўмлик шартномаларни бекор қилишни сўраган. Суднинг 2022 йил 15 августдаги ажрими билан ишга «Amin Xolod Building» масъулияти чекланган жамияти ва «Sitora omad savdo» масъулияти чекланган жамияти низонинг предметига мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Суднинг 2022 йил 15 августдаги ажрими билан даъвогарнинг даъво даъво талабини ўзгартириш тўғрисидаги аризасини қабул қилиш рад этилган. Суднинг 2022 йил 19 августдаги ажрими билан даъвогарнинг жавобгардан 114 273 355 сўм ҚҚС суммасини ундириш тўғрисидаги қўшимча даъво аризасини қабул қилиш рад этилган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 19 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд қарорларини бекор қилишни, даъво аризасини қаноатлантиришни сўраган. Суд мажлисида иштирок этган давъвогар вакили кассация шикоятини қувватлаб, ушбу низо камерал текширувдан келиб чиққанлигини, 114 273 355 сўмлик ҚҚС ҳисобланганлигини, шу сабабли ушбу контрагентлар билан тузилган шартномаларни бекор қилишни сўраганлигини маълум қилиб, кассация шикоятини қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилишни сўради. Жавобгар ва учинчи шахслар суд мажлисида вакилларининг иштирокини таъминламади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасига мувофиқ кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шу боис, судлов ҳайъати ишни кассация инстанцияси судида жавобгар ва учинчи шахслар вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг тушунтиришини тинглаб, даъвогарнинг кассация шикоятида келтирилган важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Иш ҳужжатлардан аниқланишича, даъвогарнинг 2022 йил 31 майдаги 00269-кт-сонли буйруғига асосан жавобгарнинг 2020 йил июнь-сентябрь ойлари давомидаги фаолиятида ҚҚС тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва бюджетга тўланиши камерал солиқ текширувидан ўтказилган. Текширув натижаларига кўра 2022 йил 14 июнда аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тўғрисида далолатнома ва хулоса расмийлаштирилиб, 2022 йил 15 июнда солиқ тўловчига 114,3 млн сўм ҚҚС фарқ суммасига солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш ҳақида талабнома юборилган. Бироқ, жавобгар томонидан талабномага эътироз билдирилган. Шундан сўнг, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар ва унинг контрагентлари билан тузилган қўшилган қиймат солиғи 114 273 355 сўмлик шартномаларни бекор қилишни сўраган. Даъвогар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларда ва даъво аризасида битимнинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги қоидалар асос қилиб олинган бўлса-да, бироқ даъвогар даъво аризасида битимни ҳақиқий эмас деб топишни эмас, балки битимни бекор қилишни сўраган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 113-моддасига кўра, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим). ФКнинг 124-моддасига кўра, юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. ФКнинг 382-моддаси иккинчи қисми қоидаларидан келиб чиқиб, шартнома суднинг ҳал қилув қарорига биноан фақат қуйидаги ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин: иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса; ФК, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда. ФКнинг 382-моддаси учинчи қисмига мувофиқ тарафлардан бирининг шартномани бузиши иккинчи тарафга у шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўладиган қилиб зарар етказиши шартномани жиддий бузиш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 28 ноябрдаги «Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 269-сонли қарорининг 3-бандида, судлар битимни ҳақиқий эмас деб топиш тушунчасини шартномани бекор қилишдан фарқлашлари лозим. Битимнинг ҳақиқий эмаслигининг шартномани бекор қилишдан фарқи қуйидагилардан иборат: битимларни ҳақиқий эмас деб топишга ФКнинг 115-126 моддаларида назарда тутилган асослар бўйича йўл қўйилади, шартномани бекор қилиш асослари эса ФКнинг 382-383 моддаларида назарда тутилган; битимнинг ҳақиқий эмаслигига унинг ғайриқонунийлиги, бекор қилинишига эса шартномани бекор қилишга олиб келадиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади, бунда унинг қонунийлиги низолашилмайди; ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир, шартномани бекор қилиш эса, у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилади; шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабни билдиришга шартнома амал қилишининг муддати мобайнида йўл қўйилади, битим эса унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин деб тушунтириш берилган. Қолаверса, қонун ҳужжатларида битимни бекор қилиш талабини бевосита битим иштирокчиси бўлган тараф қўйиши мумкинлиги тушунилса, битимни ҳақиқий эмас деб топиш талабини бундай битим ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилувчи ҳар қандай манфаатдор шахс тақдим этиши мумкинлиги тушунилади. Шу боис, биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қонуний тўхтамга, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида асосли хулосага келган. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак. Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли, кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 13-сонли қарорининг 13-бандида тушунтириш берилган. Демак, даъвогар шартномани бекор қилиш талабидан ташқари қўшимча даъво аризасида қўшилган қиймат солиғи суммасини ундириш тўғрисида янги талаб билдирганлиги боис, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгардан 114 273 355 сўм ҚҚС суммасини ундириш тўғрисидаги қўшимча даъво аризасини асосли равишда қабул қилишни рад этган. ИПКнинг 157-моддасига кўра, даъвогар ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли. Суд даъвонинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди. Суд даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни ҳам, агар бу қонунчиликка зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради. Даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, даъво талаблари миқдорини кўпайтиришни ёки камайтиришни, даъвогарнинг даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Ушбу иш доирасида даъвогар томонидан даъво аризасида ФКнинг талаблари асосида битимни бекор қилиш сўралган бўлиб, даъво предмети ва асосини ўзгартирилиши, жавобгардан қўшилган қиймат солиғини ундириш талаби Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси талаблари асосида билдирилган. Бу эса, даъвогарнинг аризасида даъвонинг предмети билан биргаликда даъвонинг асосини ҳам ўзгартириш сўралганлигини англатади. Ушбу ҳолатда, биринчи инстанция суди асосли равишда даъвогарнинг даъво предметини ўзгартириш тўғрисидаги аризасини қабул қилишни рад этган. Бундан ташқари, биринчи инстанция суди даъвогарнинг жавобгардан 114 273 355 сўм ҚҚС суммасини ундириш тўғрисидаги аризасини қабул қилишни рад этганлиги даъвогарга алохида даъво тартибида судга жавобгардан 114 273 355 сўм ҚҚС тўловини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилишга тўсқинлиқ қилмайди ва ҳуқуқини чекламайди. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмига биноан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Шунингдек, ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Суд қарорларини ўзгартириш ва бекор қилиш учун асослар мавжуд эмаслиги боис, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2022 йил 19 августдаги ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 26 октябрдаги қарорини ўзгаришсиз, даъвогарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади. Юқорида баён қилинганларга асосланиб, ИПКнинг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 19 августдаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 октябрдаги қарори ўзгаришсиз, «Сиёб Шавкат Орзу» фермер хўжалигининг кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: С.Рахмонов Ҳайъат аъзолари: Б.Убайдуллаев О.Халмирзаев