Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-10-2223/412 Дата решения 01.02.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Татарспиртпром акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый Легион Ко масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1013269 Claim ID 2996434 PDF Hash c60c49b64405e721... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 4-моддаси нинг 4 law
онуннинг 25-моддаси онуннинг 25 law
онуннинг 27-моддаси онуннинг 27 law
онуннинг 30-моддаси онуннинг 30 law
онун 25-моддаси онун 25 law
ФКнинг 1106-моддаси ФКнинг 1106 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-10-2223/412-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья А.Нарзуллаев Апелляция инстанциясида маърузачи судья Б.Убайдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 1 февраль Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судья С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар О.Халмирзаев ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, даъвогар вакили Р.Мардиев (2022 йил 8 сентябрдаги ишончнома ва 2022 йил 11 августдаги 00055-сонли ордерга асосан), жавобгар вакиллари Р.Удрас (2023 йил 9 январдаги 03-сонли ишончномага асосан) иштирокида, Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 4 ноябрдаги ҳал қилув қарори устидан “LEGION Со” хусусий корхонаси томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Татспиртпром” акциядорлик жамияти (Россия Федерацияси) Казан шаҳрида жойлашган бўлиб, спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, ўзи томонидан ишлаб чиқарилаётган спиртли ичимликларга Россия Федерациясида “ХАНСКАЯ” номи билан устуворлик санаси 2003 йил 20 октябрь билан товар белгисига гувоҳнома олган. “Татспиртпром” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам спиртли ичимликларга, яъни товарлар ва хизматлар халқаро таснифи синфларининг 33-синфига нисбатан “ХАНСКАЯ” товар белгисини рўйхатдан ўтказишни сўраб талабнома топширганда, “ХАНСКАЯ” товар белгиси “LEGION Со” хусусий корхонасига (Ўзбекистон Республикаси) 10.11.2008 йилда 32 пиво ва 33-синф (ароқ)ларга рўйхатдан ўтказилиб, MGU 17458-сонли гувоҳнома берилганлиги аниқланган. “Татспиртпром” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) “LEGION Со” хусусий корхонасига (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) нисбатан Тошкент шаҳар судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2008 йил 10 ноябрда 32 ва 33-синфларга рўйхатдан ўтказилган “ХАНСКАЯ” товар белгисига нисбатан берилган MGU 17458-сонли гувоҳномани ундан фойдаланилмаганлиги муносабати билан муддатидан олдин кисман 32-синфи бўйича Пиво ва 33-синфини тўлиқ тугатишни сўраган. Суднинг 2022 йил 26 сентябрдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси ҳамда 2022 йил 21 октябрдаги ажрими билан “KONVIN” акциядорлик жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида ишда иштирок этиш учун жалб этилган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 4 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилган. Жавобгар ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Шикоятда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилишни ёки биринчи инстанция судига юборишни сўраган. Суд мажлисида иштирок қилган жавобгар вакили шикоятни қаноатлантиришни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини қаноатлантиришни рад қилишни ёки ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўради. Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакили апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад қилишни сўради. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, даъвогар ўзи томонидан ишлаб чиқарилаётган спиртли ичимликларга Россия Федерациясида “ХАНСКАЯ” номи билан устуворлик санаси 2003 йил 20 октябрь билан товар белгисига гувоҳнома олган. Даъвогар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам спиртли ичимликларга, яъни товарлар ва хизматлар халқаро таснифи синфларининг 33-синфига нисбатан “ХАНСКАЯ” товар белгисини рўйхатдан ўтказишни сўраб талабнома топширганда, “ХАНСКАЯ” товар белгиси “LEGION Со” хусусий корхонасига 10.11.2008 йилда 32 пиво ва 33-синф (ароқ)ларга рўйхатдан ўтказилиб, MGU 17458-сонли гувоҳнома берилганлиги аниқланган. Шунинг учун, даъвогар жавобгарга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2008 йил 10 ноябрда 32 ва 33-синфларга рўйхатдан ўтказилган “ХАНСКАЯ” товар белгисига нисбатан берилган MGU 17458-сонли гувоҳномани ундан фойдаланилмаганлиги муносабати билан муддатидан олдин кисман 32-синфи бўйича пиво ва 33-синфини тўлиқ тугатишни сўраган. Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўғрисида асосли хулосага келган. Чунки, судга даъво аризаси тақдим этилгунга қадар охирги уч йил мобайнида жавобгар томонидан “ХАНСКАЯ” товар белгисидан фойдаланилмаганлиги ишдаги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган. Жумладан, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази давлат муассасасининг 2022 йил 11 августдаги 11-789-сонли жавоб хатида жавобгар номига “ХАНСКАЯ” номи остида алкоголли ичимликлар учун мувофиқлик сертификати берилмаганлиги маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан берилган 2022 йил 23 августдаги 27/1-2-6/16856-сонли хатида MGU 17458-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “ХАНСКАЯ” товар белгисидан фойдаланишга рухсат бериш бўйича лицензия шартномаси вазирлик томонидан рўйхатдан ўтказилмаганлиги кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2022 йил 19 августдаги 31-01356-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитарияэпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармасининг 2022 йил 13 августдаги 26-12б-4233-сонли хатларга кўра, “LEGION Со” хусусий корхонасига товар белгиси “ХАНСКАЯ” бўлган алкоголли маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса берилмаганлиги маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси “Давлат экологик сетификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази” МЧЖнинг 2022 йил 22 августдаги YN01/12-292-сонли хатида ҳам экологик сертификатларни рўйхатга олиш реестрига кўра “LEGION Со” хусусий корхонасига сертификат мавжуд эмаслиги кўрсатилган. “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (матнда Қонун деб юритилади)нинг 4-моддасига кўра, товар белгиси ҳуқуқий жиҳатдан уни ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ равишда муҳофаза қилинади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 1103-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларига кўра, товар белгисига бўлган ҳуқуқ эгаси ўзига тегишли белгидан фойдаланишда ва уни тасарруф этишда алоҳида ҳуқуққа эга. Товар белгисининг дахлсизлигига бўлган ҳуқуқ товар белгисига бўлган ҳуқуқ эгасига тегишлидир. ФК 1034-моддасининг иккинчи қисмига кўра, ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат ҳуқуқ эгасининг рухсати билан йўл қўйилади. Қонуннинг 25-моддасига кўра, товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилганлиги қуйидаги ҳолларда бекор қилинади: мазкур жўғрофий объект учун хос бўлган шароитлар йўқолганда ва реестрда кўрсатилган хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқаришнинг иложи бўлмаганда; чет эллик юридик ёки жисмоний шахслар товар келиб чиққан мамлакатда товар келиб чиққан шу жой номига доир ҳуқуқларини йўқотганда. Товар белгисига доир гувоҳноманинг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши унинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан тугатилади. Товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси амал қилган охирги уч йил мобайнида ундан узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин. Товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилишини ундан фойдаланилмаганлиги муносабати билан муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганда товар белгисининг эгаси томонидан тақдим этилган унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра товар белгисидан фойдаланилмаганлигини исботловчи далиллар эътиборга олиниши мумкин. Товар белгисининг мазкур Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган ҳолда ишлатилиши товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далил ҳисобланади. Товар белгисининг эгаси томонидан тақдим этиладиган, товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далиллар аризада кўрсатилган вақт даврига тааллуқли бўлиши керак. Товар белгисига доир гувоҳноманинг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши: Апелляция кенгашининг қарори асосида; товар белгиси эгасининг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома эгасининг Агентликка берган аризаси асосида; суд қарори асосида муддатидан илгари тугатилади. Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, товар белгиси уни ишлатиш учун рўйхатга олинган товарларда ва (ёки) уларнинг идиши ҳамда ўровида товар белгисининг эгаси томонидан ёки ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ лицензия шартномаси асосида бундай ҳуқуқ берилган шахс томонидан қўлланилиши товар белгисидан фойдаланиш деб ҳисобланади. Товар белгисининг: рекламада, босма нашрларда, расмий бланкаларда, пешлавҳаларда, кўргазмалар ва ярмаркаларда экспонатларни намойиш этиш вақтида, ишлаб чиқарилаётган, сотувга тақдим этилаётган, сотилаётган ёки бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритилаётган ёхуд шу мақсадда сақланаётган ва (ёки) ташилаётган ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг этикеткаларида, ўровларида; товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда; домен номида ишлатилиши ҳам товар белгисидан фойдаланиш деб эътироф этилиши мумкин. Товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда улар контрафакт ҳисобланади. Воситачилик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар товарларни тайёрловчининг товар белгиси билан бир қаторда шартнома асосида ўз товар белгисидан ҳам фойдаланиши мумкин. Қонун 25-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, товар белгисининг эгаси томонидан тақдим этиладиган, товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далиллар аризада кўрсатилган вақт даврига тааллуқли бўлиши керак. Жавобгар томонидан товар белгисидан фойдаланилганлигини тасдиқловчи барча далиллар даъво аризаси судга тақдим этилгандан кейин расмийлаштирилган далиллар ҳисобланади. Жумладан жавобгарнинг учинчи шахс “KONVIN” акциядорлик жамияти билан “ХАНСКАЯ” товар белгиси остида ароқ ишлаб чикариш бўйича 2022 йил 1 августда (даъво аризаси судга тақдим этилгунга қадар) лицензия шартномаси Адлия вазирлигидан 2022 йил 3 октябрда рўйхатдан ўтказилган. ФКнинг 1106-моддасида, товар белгисига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга бериш тўғрисидаги ёки лицензия бериш ҳақидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши ва ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги, ёзма шаклга ва рўйхатдан ўтказиш талабига риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлиши кўрсатилган. Жавобгарнинг апелляция шикоятидаги важлари асоссиз бўлиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 278-моддасининг 1-бандига биноан апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати иш юзасидан қабул қилинган биринчи инстанция судининг 2022 йил 4 ноябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ тўланган суд харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278, 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қарор қилади: Тошкент шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 4 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Қарор устидан тарафлар кассация шикояти беришга ҳақли. Раислик қилувчи С.Рахмонов ҳайъат аъзолари О.Халмирзаев Б.Убайдуллаев