Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1001-2204/14042 Дата решения 31.01.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Абдуллаев Абдумумин Абдуахатович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение «SOFT OSIYO PRICE» масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Тошкент шахар хокимияти хокимияти
Source ID 1009814 Claim ID 2992674 PDF Hash 093860f41cd02c39... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 2
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онуни 18-1-моддаси онуни 18-1 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1001-2204/14042-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья – Н.Хамидов Апелляция инстанциясида маърузачи судья – В.Ли Кассация инстанциясида маърузачи судья- А.Абдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 31 январь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Махмудовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов ва А.Абдуллаевдан иборат таркибда, А.Бахшуллоевнинг котиблигида, “Soft osiyo price” масъулияти чекланган жамияти вакили С.Мухамаджонов (2022 йил 26 майдаги 97/4-сонли ишончнома) иштирокида, “Soft osiyo price” масъулияти чекланган жамиятининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига 33 106 698 000 сўм миқдорида компенсация пул маблағларини тўлаб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 16 сентябрдаги қарори устидан “Soft osiyo price” масъулияти чекланган жамияти томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Soft osiyo price” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги (бундан буён матнда шаҳар ҳокимлиги деб юритилади) зиммасига 33 106 698 000 сўм миқдорида компенсация пул маблағларини тўлаб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар МЧЖ даъво талабини ўзгартириб, шаҳар ҳокимлигидан 33 106 698 000 сўм миқдоридаги компенсация пул маблағларини ундиришни сўраган. Суднинг 2022 йил 27 майдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги жалб қилинган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 22 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган. Шаҳар ҳокимлиги зиммасига 33 106 698 000 сўм миқдорида компенсация пул маблағларини тўлаб бериш мажбурияти юклатилган. Шаҳар ҳокимлигидан МЧЖ фойдасига 33 106 698 000 сўм компенсация тўлови, 2 700 000 сўм давлат божи, 21 600 сўм почта харажати, республика бюджетига 659 433 960 сўм давлат божи ундирилган. Апелляция инстанцияси судининг 2022 йил 16 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг - шаҳар хокимлиги зиммасига 33 106 698 000 сўм миқдорида компенсация пул маблағларини тўлаб бериш мажбуриятини юклаш қисми бекор қилинган, шаҳар ҳокимлигидан МЧЖ фойдасига 33 106 698 000 сўм компенсация ундириш қисми 27 108 266 000 сўмга, шаҳар ҳокимлигидан республика бюджетига 659 433 960 сўм давлат божи ундириш қисми - 542 165 320 сўмга ўзгартирилган, МЧЖдан ишни биринчи инстанция судида кўриш билан боғлиқ 117 268 640 сўм давлат божи республика бюджетига ундирилган, ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. Кассация шикоятида апелляция инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд ҳужжатларга етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги, “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖнинг 2022 йил 5 апрелдаги хулосасида бино ва иншоотлар юқори баҳоланган деган хулосага келиб, бино ва иншоотларнинг реал баҳосини 2021 йил 1 апрелдаги хулосадан олганлиги, бироқ 2021 йил 1 апрелдаги хулосада унинг амал қилиш муддати олти ой қилиб белгиланганлиги, шу билан бирга ушбу хулоса экспертизадан ўтказилмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш сўралган. Суд муҳокамасида шаҳар ҳокимлиги ва учинчи шахсдан вакил иштирок этмади, бироқ иш ҳужжатларида унинг суд мажлиси муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далил мавжуд, ундан вакилнинг суд мажлисида иштирок этмаслиги эса ишни кўришга тўсқинлик қилмайди. Суд муҳокамасида иштирок этган МЧЖ вакили ўз тушунтиришида кассация шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, 2022 йил 5 апрелдаги хулосада бино ва иншоотлар юқори баҳоланган деган хулосага келиб, бино ва иншоотларнинг реал баҳосини 2021 йил 1 апрелдаги хулосадан олганлиги, бироқ 2021 йил 1 апрелдаги хулосада унинг амал қилиш муддати олти ой қилиб белгиланганлиги, шу билан бирга ушбу хулоса экспертизадан ўтказилмаганлигини билдириб, “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖнинг фикрномасини тақдим этиб, “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖ ва МЧЖ ўртасида 2021 йил 15 апрелда баҳолаш хизматини кўрсатиш тўғрисида тузилган 04/019-2-сонли шартнома асосида берилган 2021 йил 1 апрелдаги баҳолаш ҳисоботининг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли 2022 йил 1 апрелдаги қўшимча келишувга асосан шартнома асосида берилган баҳолаш ҳисоботи бекор қилинганлигини маълум қилиб, суд қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Судлов ҳайъати МЧЖ вакилининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади. Аниқланишича, шаҳар ҳокимининг 2021 йил 9 апрелдаги 116-с-сонли қарори билан Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Байналминал кўчаси, 100 уй манзилида жойлашган МЧЖга тегишли бўлган маьмурий ва компрессор бино ва иншоотлари бузилишга тушган. Бузилиш ишлари 3 кун муддат ичида олиб борлиши тўғрисида тушунтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори асосида баҳолаш ҳисоботидан келиб чиқиб МЧЖга тегишли бузилишга тушган бино ва иншоотлар учун компесация пул маблағлари шаҳар ҳокимлиги томонидан коплаб берилиши белгиланган ва бу ҳақда МЧЖ 2021 йил 13 апрелда 1-4/02-209-сонли хат билан ҳабардор қилинган. МЧЖнинг мурожаатига асосан тақдим этилган “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖнинг 2021 йил 1 апрелдаги 04/019-2-сонли баҳолаш ҳисоботига кўра МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Байналминал кўчаси, 100 уй манзилида жойлашган компрессор станциси бино ва иншоотлари, ер майдони билан бирга умумий қиймати 27 108 266 000 сўмни ташкил қилган. Чилонзор туман ҳокимлигининг 2021 йил 13 апрелдаги 1-4/02-209-сонли огохлантириш хатида компенсация тўлови шаҳар ҳокимлиги томонидан қоплаб берилиши маълум қилинган. Шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУКнинг 2021 йил 2 июндаги 02-16/3999-солнли хатида билан 27 108 266 000 сўмни ундириш масаласида Чилонзор туман ҳокимлиги қошидаги комиссияга мурожаат қилиш тушунтирилган. МЧЖнинг компенсация тўлаш ҳақидаги мурожаати берилган Тошкент шаҳар Молия бош бошқармасининг 2021 йил 1 июлдаги 01-3/1160-сонли хатида тегишли туман ҳокимлиги томонидан асослантирилган ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда Тошкент шаҳар ҳудудий кузатув кенгаши томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқлиги маълум қилинган. МЧЖнинг мурожаатига асосан тақдим этилган “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖнинг 2022 йил 5 апрелдаги 04/024-сонли баҳолаш ҳисоботига кўра МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Байналминал кўчаси, 100 уй манзилида жойлашган компрессор станциси бино ва иншоотлари, ер майдони билан бирга умумий қиймати 33 106 698 000 сўмни ташкил қилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг (бундан буён матнда Низом деб юритилади) 3-бандига мувофиқ ер участкаси ёки унинг бир қисми (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари (кейинги ўринларда - тегишли халқ депутатлари Кенгашлари) қарорига биноан амалга оширилади. Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори асосида ташаббускор ҳамда мулкдор ўртасида Келишув тузилганидан ҳамда Келишувда назарда тутилган компенсация берилганидан сўнг қабул қилинади, қурилаётган кўчмас мулкни компенсация сифатида бериш ҳоллари бундан мустасно. Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши ва тегишли хулоса берилиши лозим. Низом 7-бандининг тўртинчи хатбошисига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари тегишли ҳулосалар ва бошқа маълумотлар олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида мулкдорларга бериладиган компенсациянинг дастлабки миқдорини аниқлайди. Низомнинг 9-бандига мувофиқ ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида тақдимот материаллари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сон қарори билан ташкил этилган тегишли Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма кузатув кенгаши (кейинги ўринларда Кузатув кенгаши деб аталади) билан келишилиши лозим. Кузатув кенгаши қабул қилинган қарор ҳақида уч иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларини ёзма равишда хабардор қилади. Низомнинг 10-бандига мувофиқ кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари икки иш кунида тақдимот материалларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан фойда ва харажатларни баҳолаш масаласини кўриб чиқиш учун юборади. Кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинмасдан туриб тақдимот материалларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш тақиқланади. Низомнинг 41-бандига кўра, олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати компенсация қилиб берилади. Апелляция инстанцияси суди МЧЖнинг мурожаатига асосан тақдим этилган “XOLIS BAHOLASH XIZMATI” МЧЖнинг 2021 йил 1 апрелдаги 04/019-2-сонли баҳолаш ҳисоботига кўра МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Байналминал кўчаси, 100 уй манзилида жойлашган компрессор станциси бино ва иншоотлари, ер майдони билан бирга объект бузилган вақтда умумий қиймати 27 108 266 000 сўмни ташкил қилганлигини, 2022 йил 5 апрелдаги 04/024-сонли баҳолаш ҳисоботида бузилган объектнинг қиймати юқори баҳоланганлигини, низо компенсация тўлови амалга оширилмаганлигидан келиб чиққанлигини, кўчмас мулк Чилонзор туман ҳокимлиги қарори билан эмас, балки шаҳар ҳокимининг қарори билан бузилганлигини, дастлаб даъво талабида компенсация пул маблағларини тўлаб бериш мажбуриятини юклаш сўралганлиги ва кейинчалик ушбу талабни ўзгартириб, компенсация пул маблағларини ундириб бериш сўралганлигини инобатга олиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ҳал қилув қарорининг - шаҳар хокимлиги зиммасига 33 106 698 000 сўм миқдорида компенсация пул маблағларини тўлаб бериш мажбуриятини юклаш қисмини бекор қилиб, шаҳар ҳокимлигидан МЧЖ фойдасига 33 106 698 000 сўм компенсация ундириш қисмини - 27 108 266 000 сўмга ўзгартириш, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида, тўғри хулосага келган. Шунингдек, МЧЖнинг 2021 йил 1 апрелдаги 04/019-2-сонли баҳолаш ҳисоботида унинг амал қилиш муддати олти ой қилиб белгиланганлиги, бироқ амал қилиш муддати тугаганлиги, экспертизадан ўтказилмаганлиги, 2022 йил 1 апрелдаги қўшимча келишувга асосан шартнома асосида берилган 2021 йил 1 апрелдаги баҳолаш ҳисоботи амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли бекор қилинганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 18-1-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ баҳоловчи ташкилотни илгари ўзи бажарган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказишга жалб этишга йўл қўйилмайди. Буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончлилиги тўғрисида олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда, низо судда кўриб чиқилиши керак. Мазкур ҳолатда Қонун талабига кўра 2021 йил 1 апрелдаги баҳолаш ҳисоботининг ишончлилиги тўғрисида эксперт хулосаси олиниши, олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда, судда низолашиши мумкин бўлгани ҳолда, айнан ушбу баҳолаш ҳисоботини тақдим этган баҳоловчи ташкилотдан 2022 йил 5 апрелдаги 04/024-сонли баҳолаш ҳисоботини олган ва у асосда судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 301-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. ИПК 118-моддасининг биринчи ва тўққизинчи қисмларига мувофиқ суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган 6 даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, суд қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун МЧЖ бюджетга 271 082 660 сўм давлат божи ундиришни, 24 000 сўм почта харажатини МЧЖ зиммасида қолдиришни лозим топади. Баён этилганларга асосан, ИПКнинг 118, 283, 301, 303моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ и л а д и: Ушбу иш бўйича қабул қилинган Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 16 сентябрдаги қарори ўзгаришсиз, “Soft osiyo price” масъулияти чекланган жамиятининг кассация шикояти эса қаноатлантирмасдан қолдирилсин. “Soft osiyo price” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига (Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси) 271 082 660 сўм давлат божи ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Раислик қилувчи Ш.Махмудов ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов А.Абдуллаев