Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1404-2201/742 Дата решения 30.01.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси Ответчик / Подсудимый Puremilky Products фермер хўжалиги
Source ID 1013324 Claim ID 3080004 PDF Hash 5552601ef95f9754... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 1
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1404-2201/742-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанцияда ишни кўришда маърузачи судья Н.Турсунова Апелляция инстанциясида маърузачи судья У.Эшқобилов Кассация инстанциясида маърузачи судья Б.Убайдуллаев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 30 январь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати С.Рахмоновнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Т.Аннаева ва Б.Убайдуллаевдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси вакиллари З.Султанов, Ф.Музаффарова ва Ш.Зарифов (2023 йил 30 январдаги 20/1-12742-сонли ишончномага асосан) иштирокида, мазкур иш юзасидан қабул қилинган Жомбой туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори ва Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 сентябрдаги қарори устидан Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида видеоконференцалоқа режимидаги бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) “Puremilky Products” фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ва “PLUM FROST” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда қўшимча жавобгар деб юритилади) нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, унга кўра, жавобгар ва қўшимча жавобгар ўртасида 2021 йил 14 апрелдаги 14/04PS-сонли шартномани қалбаки битим деб ҳисоблаб уни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Суднинг 2022 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг жавобгар ва қўшимча жавобгар ўртасида 2021 йил 14 апрелда тузилган шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантириш рад этилган. Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган. Янги қарор қарор қабул қилиниб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилиб, биринчи ва апелляция инстанцияси судининг қарорларини бекор қилишни сўраган. Суд мажлисида иштирок қилган даъвогар вакиллари кассация шикоятини қаноатлантиришни сўрадилар. 2 Жавобгарлар суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, унинг вакили суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни жавобгар вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати даъвогар вакилларининг важларини эшитиб, шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Аниқланишча, жавобгар ва қўшимча жавобгар ўртасида 2021 йил 14 апрелда маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Шартнома шартларига кўра, қўшимча жавобгар жавобгарга 1 400 000 000 сўмлик товарни (электр асбоб-ускуналар) етказиб беришга, жавобгар эса маҳсулотни қабул қилиб олиш ва белгиланган муддатларда тўловни амалга оширишга келишган. Шартноманинг 1.2-бандига кўра, шартноманинг умумий суммаси 1 400 000 000 сўм (ҚҚС билан бирга)ни ташкил этган. Мазкур шартномага асосан шартномада кўрсатилган товарлар учун 1 353 270 889,22 сўмлик тўловлар жавобгар томонидан қўшимча жавобгарнинг ҳисоб рақамига 2021 йил 15 апрелда ўтказиб берилган. Қўшимча жавобгар эса 2021 йил 14 апрелдаги №Р14/04PS-сонли электрон ҳисобварақ-фактурага асосан 1 353 270 889,22 сўмлик (ҚҚС билан бирга) 8 турдаги товарларни жавобгарга етказиб берган. Шундан сўнг, даъвогарнинг тегишли буйруғи асосида жавобгарнинг 2021 йил январь-июль ойлари давомида фаолиятида қўшилган қиймат солиғи тўғри ҳисобланиши ва тўланиши юзасидан камерал солиқ текшируви ўтказилган. Камерал текшируви натижасида, жавобгарнинг солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган ҳамда ҚҚС тўловчиси махсус гувоҳномаси бекор қилинган шубҳали корхоналарни лозим даражада ўрганмай туриб, улар билан 2021 йил 14 апрель кунида қалбаки битим доирасида расмийлаштирилган электрон ҳисоб-фактуралар ҳисобга олиниши натижасида жавобгарга нисбатан 176 513,5 минг сўм қўшилган қиймат солиғига қўшимча ҳисобланмасдан қолганлиги аниқланган. Шу сабабли даъвогар жавобгар ва қўшимча жавобгарлар ўртасида 2021 йил 14 апрелда тузилган 14/04PS-сонли шартномани қалбаки битим деб ҳисоблаб, уни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судга даъво аризаси тақдим этилган. Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қонуний тўхтамга келган бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (бундан буён матнда СК деб юритилади)нинг нормаларини инобатга олмаган. Бундан ташқари даъвогар даъво талабида шартномани қалбаки битим деб ҳисоблаб, уни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган бўлса-да, лекин, биринчи инстанция суди даъвогар томонидан ушбу шартнома кўзбўямачилик учун тузилганлиги исботлаб берилмаганлиги асоси билан моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган. Чунки, СК 14-моддасининг биринчи-учинчи қисмларига кўра, солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак. Агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органлари солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартиришга ҳақли. Қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади. СК ушбу моддасининг бешинчи-саккинзинчи қисмига мувофиқ, агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ушбу Кодекс мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади. Солиқларнинг суммаларини камайтиришга оид схема ҳам ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади, бунда ушбу камайтириш бевосита ёки билвосита мақсад ёхуд оқибат бўлади ёки мақсадлардан ёхуд оқибатлардан бири бўлади ҳамда бу мақсад ёки оқибат иккинчи даражали бўлмайди. Солиқларнинг суммаларини камайтириш солиқ солиш қамровини бевосита ёки билвосита ўзгартиришни, солиқ имтиёзларидан фойдаланишни ёки тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бошқача тарзда камайтиришни ўз ичига олади. Ҳуқуқ суиистеъмол қилинган ҳолларда, солиқ органлари солиқ тўловчи тўлаши лозим бўлган солиқларнинг суммаларини аниқлашда ҳуқуқни суиистеъмол қилиш аломатларига эга бўлган айрим операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини эътиборга олмасликка ҳақли. Шунингдек солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли. Ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади. СК 266-моддасининг ўн тўртинчи қисмига кўра, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, даъвогарнинг важлари асоссиз ҳисобланади. Шунингдек, даъвогар шартнома муносабатлари тарафлари ҳисобланмайди. Шу сабабли даъвогар судга шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризаси билан эмас, балки, уларнинг оқибатларини қўллашга, агар солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини ундириш ҳақида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад қилиш тўғрисида асосли хулосага келган. Кассация шикоятида келтирилган важлар асоссиз бўлиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлмайди. ИПК 301-моддасининг 1-бандига биноан кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 сентябрдаги қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ тўланган 24 000 сўм почта харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни, даъвогарнинг давлат божидан озод қилинганлигини инобатга олиб, давлат божи ундирмасликни, даъвогардан Олий суд фойдасига ишни суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатларини ундиришни, ижро варақасини беришни лозим топади. Юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301, 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: Самарқанд вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 19 сентябрдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилсин. Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суд фойдасига 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: С.Рахмонов ҳайъат аъзолари: Т.Аннаева Б.Убайдуллаев