Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1802-2201/1479 Дата решения 26.01.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Шахрисабзский межрайонный экономический суд Судья Астанов Мумин Каримович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение "KESH AGROMASHLIZING" масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый Шаҳрисабз шаҳар хокимияти
Source ID 1009198 Claim ID 3086233 PDF Hash fe6ccb7255b2b0d9... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онуннинг 41-моддаси онуннинг 41 law
ФКнинг 153-моддаси ФКнинг 153 law
ИПКнинг 68-моддаси ИПКнинг 68 law
онунининг 9-моддаси онуни 9 law
ИПКнинг 278-моддаси ИПКнинг 278 law
Мазкур Кодекснинг 279-моддаси Мазкур Кодекс 279 code_article
Текст решения Оригинал (узб.)
O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI QASHQADARYO VILOYAT SUDI КАШКАДАРЬИНСКИЙ ОБЛАСТНОЙ СУД РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН Qarshi sh, Bunyodkorlik ko’chasi 10 A uy город Карши, улица Бунёдкорлик, дом 10 А Тел: (75) 221 13 20, Факс: (75) 221 13 55, Почта: i.qashqadaryo@sud.uz Қ А Р О Р (апелляция инстанцияси суди) Биринчи инстанция судида ишни кўрган судья О.Қурбонов Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья М.Астанов 2023 йил 26 январь 4-1802-2201/1479-сонли иш Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида раислик қилувчи М.Астанов, ҳайъат аъзолари судьялар А.Арзиев ва Ҳ.Турсуновдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Т.Усмоновнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича девони вакили Ш.Шодиев (2023 йил 12 январдаги И-01-150-4-сонли ишончнома асосида), “KESH AGROMASHLIZING” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Б.Ахмедовнинг иштирокида, Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 ноябрдаги ҳал қилув қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан берилган апелляция шикоятини вилоят суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони даъвогар “KESH AGROMASHLIZING” масъулияти чекланган жамияти (кейинчалик матнда даъвогар деб юритилади) манфаатида, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигига (кейинчалик матнда жавобгар деб юритилади) нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, жавобгардан 582 521 000 сўм зарар ундиришни сўраган. Суднинг 2022 йил 23 сентябрдаги ажрими билан низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга Қашқадарё вилоят Молия бош бошқармаси, “MARKET VALUTION” МЧЖ мустақил баҳолаш компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси жалб қилинган. Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилиб, даъвогардан республика бюджетига 11 650 420 сўм давлат божи ва Олий суд депозит ҳисобрақамига 75 000 сўм видеоконференция алоқа харажати ундирилган. Мазкур ҳал қилув қарорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан даъвогар манфаатида апелляция шикояти келтирилиб, унда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор этилган бўлса-да, жавобгар Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ва учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган Қашқадарё вилоят Молия бош бошқармаси, “MARKET VALUTION” МЧЖ мустақил баҳолаш компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси вакиллари суд мажлисида иштирок этмади, апелляция шикояти юзасидан фикр билдирмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинчалик матнда ИПК деб юритилади) 274-моддаси учинчи қисмига асосан судлов ҳайъати ишни уларнинг иштирокисиз кўришни лозим топади. Суд мажлисида иштирок этган бизнес омбудсман ва даъвогар раҳбари апелляция шикоятида келтирилган важларни қувватлаб, уни қаноатлантиришни ҳамда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўрадилар. Судлов ҳайъати ишда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришларини тинглаб, апелляция шикоятида келтирилган важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни ва ҳал қилув қарорини ўзгартиришни лозим топади. Ишдаги ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги 31-сонли қарори билан тасдиқланган “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури” ҳамда шу ҳақдаги вилоят ҳокимининг 2014 йил 25 февралдаги Х-64/02-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Шаҳрисабз туман ҳокимининг 2014 йил 30 июндаги Х-1815/6-сонли қарорига асосан Ўрда МФЙ, Ипак йўли кўчаси манзилида даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотлар бузиб олиниши, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қуйилиши белгиланган. Бузилишга тушган нотурар бино-иншоотлар 2-иловага кўра Шаҳрисабз шаҳар, Ўрда МФЙ, Ипак йўли кўчасида фаолият юритаётган даъвогарга тегишли 1733 кв.м ер майдонига эга бўлган маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари рўйхатда қайд этилган. Ушбу қарорнинг 3-бандида даъвогарга турар жой бинолари ва иморатларининг мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланган қиймати 213 677 430 сўмни белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳузуридаги йўл жамғармасидан тўланиши белгиланган. Мазкур қарорнинг 4-бандига кўра компенсация тўловлари амалга оширилиши учун белгиланган тартибда ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳузуридаги йўл жамғармасига тақдим этиш вазифаси “Бузиладиган уй-жойларни аниқлаш, тўлов миқдори ва компенсация турини белгилаш туман махсус комиссия”си зиммасига юклатилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори (2020 йил 1 январгача амалда бўлган) билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига кўра, ер участкаси ёки унинг бир қисмини (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича - тегишли равишда туман, шаҳар ҳокимининг қарорига кўра амалга оширилади. Низомнинг 8-бандида ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ва давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни қоплаш ва ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш шарти билан амалга оширилади. Низомнинг 26-бандига кўра, юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобидан тегишли равишда маблағ келиб тушган туман ва шаҳарларга ажратилади. Даъвогарга тегишли бўлган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун шаҳар ҳокимининг қарори билан 2014 йилда олинган бўлса-да, даъвогар томонидан 2020 йил 1 январгача амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сон қарори қабул қилингунга қадар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори доирасида ҳал этиш чоралари кўрилмаган. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 41-моддаси биринчи қисмига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади. Даъво аризаси даъво қўзғатиш мумкин бўлган даъво муддати ўтказиб берилган бўлиб, даъво муддатини қўллаш тўғрисида жавобгар томонидан судга арз қилинган. Шу боис биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни рад қилиб, тўғри хулосага келган. Бундай ҳолатда судлов ҳайъати апеллянтнинг низо бўйича биринчи инстанция суди томонидан даъво муддатини қўллаш татбиқ этилмаслиги ҳақидаги важи билан келишмайди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинчалик матнда ФК деб юритилади) 149, 150-моддаларига кўра, даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати - уч йил. Даъво муддатини қўллаш тўғрисидаги жавобгарнинг аризаси суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқаришига асос бўлади. ФКнинг 153-моддаси иккинчи қисмида, даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади, учинчи қисмида қўллаш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2015 йил 19 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 282-сон қарорининг 4-бандида ФКнинг кўрсатилган уч йиллик даъво муддати, қонун ҳужжатларида ушбу муддатга қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган, шунингдек даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблардан ташқари фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча талабларга нисбатан татбиқ этилиши тўғрисида тушунтириш берилган. ИПКнинг 68-моддаси биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Биринчи инстанция суди Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божи тўлашдан озод этилганлигига эътибор бермасдан, даъвогар ҳисобидан 11 650 420 сўм давлат божи ундириш тўғрисида нотўғри хулосага келган. “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги Қонунининг 9-моддаси 25-бандида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божи тўлашдан озод эканлиги белгиланган. Шу боис судлов ҳайъати ҳал қилув қарорининг давлат божи ундириш қисмини ўзгартиришни лозим топди. ИПКнинг 278-моддаси 3-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ҳақли. Мазкур Кодекснинг 279-моддаси биринчи қисмига кўра, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги; суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги асос бўлади. Юқоридагиларга кўра, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни ҳамда ҳал қилув қарорини ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг асословчи ва хулоса қисмидаги “Даъвогардан республика бюджетига 11 650 420 сўм давлат божи ундирилсин” қисмини “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони давлат божи тўловидан озод эканлиги сабабли даъвогардан давлат божи ундирилмасдан қолдирилсин” деб ўзгартиришни, ҳал қилув қарорининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни, апелляция шикояти учун олдиндан тўланган почта харажатини инобатга олиб, унинг зиммасида қолдиришни ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони давлат божи тўловидан озод эканлиги учун апелляция инстанциясида давлат божи ундирмасликни лозим топади. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278-280-моддаларига асосланиб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: Апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин. Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 23 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилсин. Ҳал қилув қарорининг асословчи ва хулоса қисмидаги “Даъвогар “KESH AGROMASHLIZING” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 11 650 420 сўм давлат божи ундирилсин” қисми “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони давлат божи тўловидан озод эканлиги сабабли даъвогардан давлат божи ундирилмасдан қолдирилсин” деб ўзгартирилсин. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин. 6 Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони апелляция шикояти бўйича давлат божи тўловидан озод эканлиги инобатга олинсин ва олдиндан тўланган почта харажати инобатга олиниб, унинг зиммасида қолдирилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради. Унинг устидан норози тарафлар Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация тартибида шикоят (протест) бериши мумкин. Раислик қилувчи М.Астанов Судьялар А.Арзиев