Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1705-2202/8 Дата решения 26.01.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Самара савдо кўп тармоқли фермер хўжалиги Ответчик / Подсудимый Сохиб омад баракаси масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1009166 Claim ID 3090798 PDF Hash 178b9d629558d028... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 9
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
онуннинг 34-моддаси онуннинг 34 law
ФК 370-моддаси ФК 370 law
ини ушбу Кодекснинг 356-моддаси ини ушбу Кодекс 356 code_article
ФКнинг 363-моддаси ФКнинг 363 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
ИПКнинг 343-моддаси ИПКнинг 343 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1705-2202/8-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни судья И.Жўраев кўрган Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Т.Атабоев Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 26 январь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ш.Мирзахакимов ва И.Таджиевдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашувчи Избоскан туманлараро иқтисодий судининг ходими Ш.Орипов, даъвогар (фермер хўжалиги) вакиллари – бошқарувчи У.Абдурахимов (2022 йил 10 июндаги 22/31-сонли ишончнома асосида), адвокат Р.Тошматов (2022 йил 12 мартдаги 042-сонли ордер ва 2022 йил 16 мартдаги ишончнома асосида), жавобгар вакили – юрисконсульт О.Шахобов (2022 йил 1 февралдаги 08/09-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, Андижон вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (“Самара савдо кўп тармоқли” фермер хўжалиги манфаатида)нинг жавобгар “Sohib Omad Barakasi” масъулияти чекланган жамиятидан 835 248 760 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Кенгаш томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Sohib Omad Barakasi” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки кластер деб юритилади) ва “Самара савдо кўп тармоқли” фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) ўртасида 2021 йил 30 мартда 74-сонли “Пахта хом-ашёси харид қилиш бўйича фьючерс шартномаси” тузилган (шартнома фермер хўжалиги томонидан имзоланмаган). Шартнома шартларига кўра, даъвогар кластерга 39,4 гектар ер майдонида “Андижон-35” навли 130,02 тонна пахта хом ашёсини етказиб бериш, кластер эса махсулот қийматининг 100 фоизи ҳисобидан терим учун юборилган пуллар ва бошқа харажатлар чегирилганидан қолган қисмини 2021 йил 31 декабрга қадар тўлаб бериш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан кластерга товар-транспорт юк хатлари асосида 138 202 кг пахта хом-ашёси етказиб берилган. Шартноманинг 4.1 ва 4.2-бандларида пахта хом-ашёсининг харид нархи 1 (бир) тоннаси учун 6 020 006 сўм миқдорида белгиланган, 2021 йил пахта хом-ашёси учун харид нархлари ўзгарганда харидор янги нарх бўйича ҳисоб-китоб қилиши кўрсатилган. Шартноманинг мазкур шартларидан келиб чиқиб, жавобгар 2021 йил 27 сентябрдаги 09/11-сонли ва 2021 йил 4 октябрдаги 10/02-сонли кафолат хатларида пахта хом-ашёсини нархи ўзгарганида топширилган пахта харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш кафолатланган. Бироқ, кластерга фермер хўжалиги топширган пахтани ушбу янги нархда қайта ҳисоб-китоб қилиб, ҳисоб-фактура электрон шаклда юборилганда, кластер томонидан ушбу ҳисоб-фактура рад этилган. Шу сабабли, Андижон тумани Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 696 040 634 сўм пахта хом-ашёси ҳақи, шартноманинг 5.4-бандига мувофиқ пахта хақини тўлашдан асоссиз бўйин товлаганлик учун 20 фоиз миқдорида 139 208 126 сўм жарима ундиришни сўраган. Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 февралдаги ҳал қилув қарори билан Кенгашнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 696 040 634 сўм асосий қарз ва Кенгаш фойдасига 21 600 сўм почта ҳаражати ҳамда 13 920 812,68 сўм давлат божи республика бюджетига ундирилган. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 апрелдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Ҳал қилув қарорининг жавобгардан даъвогар фойдасига 696 040 634 сўм асосий қарз, республика бюджетига 13 920 812,68 сўм давлат божи ундириш қисми бекор қилинган ва ушбу қисми бўйича жавобгардан даъвогар фойдасига 110 472 809 сўм асосий қарз, республика бюджетига 17 138 090,07 сўм давлат божи ундириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларидан норози бўлиб, Кенгаш кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини бекор қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 231 912 134 сўм асосий қарз ва 139 208 126 сўм жарима ундиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда фермер хўжалиги томонидан фючерс шартномаси имзоланмаган бўлса-да, туман ҳокимлигининг топшириғига ва кластернинг нарх ўзгарганда қайта ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги кафолат хати асосида фермер хўжалиги томонидан пахта хом-ашёси етказиб берилганлиги ва кластер томонидан қабул қилиб олинганлиги, пахта хом-ашёсининг харид нархида ўзгариш бўлганида белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиниши хусусидаги келишувлар тарафларда мавжуд ҳужжатларда ўз аксини топганлиги сабабли тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлигини англатиши, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 203-сонли қарори 8-бандининг етинчи хатбошисида, агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтириш берилганлиги, фючерс шартномасининг 1.1-бандига кўра, фермер хўжалиги 39,4 га ер майдонидан “Андижон-35” навли 130,02 тн, қўшимча келишувга кўра 7,88 тн, жами 137,9 тн пахта хом-ашёсини кластерга етказиб бериш, кластер эса маҳсулотларни қабул қилиш ва муайян нарх бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятини олганлиги, шартноманинг 4.1 ва 4.2-бандларида пахта хом-ашёсининг харид нархи 1 (бир) тоннаси учун 6 020 006 сўм миқдорида белгиланганлиги, 2021 йил пахта хом-ашёси учун харид нархлари ўзгарганда харидор янги нарх бўйича ҳисоб-китоб қилиши кўрсатилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли қарори 2-бандининг “а” кичик бандида 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом-ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилиши белгиланганлиги, ушбу қарорнинг 3-банди билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилинишини ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритилишини таъминлаш вазифаси юклатилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу қарорининг 3-банди ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 2 ноябрдаги 04/024-4454-сонли хати билан янги минимал нархлар маълум қилинганлиги ва ушбу хатнинг иловасига кўра, 1 кг пахта хом-ашёсининг “Андижон-35” тури 1 нави 1 синфи учун 7 030 сўм, 1 нави 2 синфи учун 6 850 сўм, 2 нави 1 синфи учун 6 420 сўм ва 3 нави 3 синфи учун 4 320 сўм миқдорида минимал нарх белгиланганлиги, фермер хўжалиги кластерга 2021 йил ҳосилидан 138 202 кг пахта хом-ашёси топширилганлиги, кластер қабул қилиб олинган маҳсулот учун 971 560 060 (138 202 х 7 030) сўм тўлаши лозим бўлса-да, 231 912 134 сўм асосий қарз тўламай қолганлиги, шунинг учун кластердан фермер хўжалиги фойдасига 231 912 134 сўм асосий қарз ва 139 208 126 сўм жарима, жами 371 126 260 сўм ундирилиши лозимлигини кўрсатган. Суд мажлисида даъвогар вакиллари шикоятда келтирилган важларни такрорлаб, фермер хўжалиги уч йилдан бери кластердан пул маблағларини фақат суд қарори асосида олаётганлиги, Андижон вилоятида фақат Избоскан туманида айнан шу кластер фермер хўжаликлар билан ихтиёрий ҳисоб-китоб қилмаслиги, бошқа туманларда эса бундай муаммо мавжуд эмаслиги, кластер фермер хўжалигига пахта ҳосилини териш учун 170 689 200 сўм, фермер хўжалигининг солиқ қарздорлиги учун 82 018 000 сўм ва банк кредити фоизи учун 2 301 049 сўм тўлаб берганлиги, шунингдек, уруғлик чигит учун 41 289 сўм, инвентарлар учун 1 082 880 сўм, олтингугурт учун 1 345 241,25 сўм, дизель ёқилғи учун 10 000 000 сўм ушлаб қолинганлиги, аммо, “Ишончли посбон текстил” МЧЖ томонидан 533 628 500 сўм эмас, балки 458 628 500 сўм фермер хўжалигига тўлаб берилганлиги, “Ишончли посбон текстил” МЧЖ томонидан М.Абдурахмоновнинг пластик картасига 55 000 000 сўм ва Р.Абдурахмоновнинг пластик картасига 20 000 000 сўм пул маблағлари ўтказиб берилган ҳолати даъвогарга алоқаси йўқлиги, чунки улар бошқа фермер ҳужалигининг аъзоси ҳисобланиши ва уларнинг кластер билан ўзаро ҳисоб-китоблари учун пул маблағлари ўтказиб берилганлиги, бу масала бўйича бошқа иқтисодий иш мавжудлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни сўрашди. Жавобгар вакили кассация шикоятида келтирилган важларга эътироз билдириб, шартномада нарх белгиланганлиги ва у қатъий ҳисобланиши, фермер хўжалиги ҳисоб-фактуралар тақдим қилганлиги ва улар асосида тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас деб белгиланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли қарори билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом-ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилганлиги ва давлат буюртмаси бекор қилинганлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хати тавсиявий характерга эга эканлиги, фермер хўжалигига пахта ҳосилини териш учун 170 689 200 сўм, фермер хўжалигининг солиқ қарздорлиги учун 82 018 000 сўм ва банк кредити фоизи учун 2 301 049 сўм тўлаб берилганлиги, “Ишончли посбон текстил” МЧЖ томонидан 533 628 500 сўм тўлаб берилганлиги, шунингдек, уруғлик чигит учун 41 289 сўм, инвентарлар (палатка ва этак) учун 1 082 880 сўм, олтингугурт учун 1 345 241,25 сўм, дизель ёқилғи учун 10 000 000 сўм ушлаб қолинганлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўради. Кенгаш суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, унинг вакили суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни Кенгашнинг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (матнда ФК деб юритилади) 234-моддасига биноан мажбурият шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари контрактация (фьючерс) шартномасидан келиб чиққан. Чунки, фермер хўжалиги шартномани имзоламаган бўлса-да, у кластердан уруғлик олиб, пахта хом-ашёсини етиштирган ва кластерга топширган, кластер эса пахта хом-ашёсини етиштириш ва уни йиғиб олиш учун қилинган харажатларни ҳамда қабул қилиб олинган пахта хом-ашёси учун тўловларни амалга оширган. ФК 370-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмиларига кўра, оферта юборилган шахснинг уни қабул қилганлиги ҳақидаги жавоби акцепт ҳисобланади. Офертани акцептлаш учун белгиланган муддатда олган шахснинг унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш юзасидан қилган ҳаракатлари (товарларни жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳ.к.), агар қонунчиликда ёки офертада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёки кўрсатилмаган бўлса, акцепт ҳисобланади. Қолаверса, тарафлар ҳам улар ўртасида фьючерс шартномаси тузилганлиги ва уни шартларини бажаришга киришганлигини инкор филмайди. ФК 465-моддасининг биринчи қисмига кўра, контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга - тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда белгиланган баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади. Ишдаги ҳужжатларга кўра, тарафлар ўртасида тузилган шартномага асосан фермер хўжалиги жавобгарга 2021 йил ҳосилидан 78 191 кг 1 нав 1 синф, 46 190 кг 1 нав 2 синф, 9 608 кг 2 нав 1 синф ва 4 213 кг 3 нав 3 синф “Андижон-35” навли, жами 138 202 кг пахта хом-ашёсини топширган. Жавобгар томонидан пахта ҳосилини териш учун 2021 йилнинг сентябрь – октябрь ойларида жами 170 689 200 сўм, фермер хўжалигининг солиқ қарздорлиги учун 82 018 000 сўм, банк кредити фоизи учун 2 301 049 сўм тўланган, “Ишончли посбон текстил” МЧЖ томонидан 458 628 500 сўм тўлаб берилган, уруғлик чигит учун 41 289 сўм, инвентарлар (палатка ва этак) учун 1 082 880 сўм ва олтингугурт учун 1 345 241,25 сўм, дизель ёқилғи учун 10 000 000 сўм ушлаб қолинган. Жами тўловлар ва етказиб берилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) суммаси 726 106 159,25 сўмни ташкил қилган. Шартноманинг 4.1 ва 4.2-бандларида пахта хом-ашёсининг харид нархи 1 (бир) тоннаси учун 6 020 006 сўм миқдорида белгиланган, 2021 йил пахта хом-ашёси учун харид нархлари ўзгарганда харидор янги нарх бўйича ҳисоб китоб қилиши кўрсатилган. Шартноманинг мазкур шартларидан келиб чиқиб, Кенгаш судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар қабул қилиб олинган маҳсулот учун 971 560 060 (138 202 х 7 030) сўм тўлаши лозим бўлса-да, 696 040 634 сўм пахта хом-ашёси ҳақи тўланмаганлиги, шартноманинг 5.4-бандига мувофиқ пахта хақини тўлашдан асоссиз бўйин товлаганлик учун 20 фоиз миқдорида 139 208 126 сўм жарима ҳисобланганлигини кўрсатиб, ушбу қарз ва жаримани ундиришни сўраган. Биринчи инстанция суди ишдаги далилларга тўғри баҳо бермасдан хамда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан жавобгардан даъвогар фойдасига 696 040 634 сўм асосий қарз ундириш ҳамда даъво талабининг жарима ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгартириш ва даъвони қисман қаноатлантириш ҳақидаги хулосасини шартноманинг 4.1-бандида пахта хом-ашёсининг харид нархи 1 (бир) тоннаси учун 6 020 006 сўм миқдорида белгиланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига йўллаган 2021 йил 2 ноябрдаги 04/024-4454-сонли хатида етиштирилган тўртинчи тип иккинчи нав биринчи синф 1 тонна пахта хом-ашёсининг минимал нархи қўшилган қиймат солиғи билан бирга 6 512 000 сўмни (бешинчи тип биринчи нав биринчи синф 1 тонна пахта хом-ашёсининг минимал нархи 7 030 000 сўм) ташкил этганлигини маълум қилинганлиги, аммо, мазкур хат тавсиявий характерга эга хужжат ҳисобланиши, пахта хом-ашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида бошқа юқори ёки паст навли ва синфли пахта хомашёсининг нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилашлари мумкинлиги, аммо нарх бўйича келишмовчиликлар юзасидан шартномага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги ҳамда қўшимча келишувлар тузилмаганлиги билан асослаган. Бироқ, ФК 356-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларига кўра, шартномани бажарганлик учун тарафларнинг келишуви билан белгиланган баҳода ҳақ тўланади, шартнома тузилганидан кейин баҳони ўзгартиришга қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда ва шартларда йўл қўйилади. ФК 418-моддасининг биринчи қисмига биноан, сотиб олувчи товар ҳақини ушбу Кодекснинг 356-моддасига мувофиқ белгиланадиган баҳода тўлаши, шунингдек қонунчилик, олди-сотди шартномаси ёки одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатларни ўз ҳисобидан бажариши лозим. Мазкур ҳолатда, шартноманинг 4.1-бандида пахта хом-ашёсининг харид нархи 1 (бир) тоннаси учун 6 020 006 сўм этиб белгиланган бўлса-да, 4.2-бандида 2021 йил пахта хом-ашёси учун харид нархлари ўзгарганда харидор янги нарх бўйича ҳисоб китоб қилиши белгиланган. Яъни, шартнома тузилганидан кейин топширилаётган пахта хом-ашёси баҳоси ўзгартирилишини тарафлар шартномада белгилаб қўйган ва шунинг учун шартномага тегишли ўзгартириш киритиш ҳақида қўшимча келишув тузиш талаб қилинмайди. Қолаверса, ФКнинг 363-моддасига биноан суд шартнома шартларини шарҳлашда ундаги сўз ва ибораларнинг асл маъносини эътиборга олади. Шартноманинг шарти аниқ бўлмаса, унинг асл маъноси уни бошқа шартларга ва бутун шартноманинг маъносига таққослаш йўли билан аниқланади. Агар ушбу модданинг биринчи қисмида баён этилган қоидалар шартноманинг мазмунини аниқлаш имконини бермаса, тарафларнинг ҳақиқий умумий хоҳиш-иродаси шартноманинг мақсадини ҳисобга олган ҳолда аниқланиши керак. Бунда барча тегишли ҳолатлар, шу жумладан шартнома тузиш олдидан олиб борилган музокаралар ва ёзишмалар, тарафларнинг ўзаро муносабатларида қарор топган амалиёт, иш муомаласи одатлари, тарафларнинг кейинчалик ўзларини қандай тутганлиги эътиборга олинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сонли қарори 2-бандининг “а” кичик бандида 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом-ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилиши белгиланган. Ушбу қарорнинг 3-банди билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилинишини ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу қарорининг 3-банди ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 2 ноябрдаги 04/024-4454-сонли хати билан янги минимал нархлар эълон қилинганлиги маълум қилинган ва ушбу хатнинг иловасига кўра, 1 кг пахта хом-ашёсининг “Андижон-35” тури 1 нави 1 синфи учун 7 030 сўм, 1 нави 2 синфи учун 6 850 сўм, 2 нави 1 синфи учун 6 420 сўм ва 3 нави 3 синфи учун 4 320 сўм миқдорида минимал нарх белгиланган. Фермер хўжалиги жавобгарга 2021 йил ҳосилидан 78 191 кг 1 нав 1 синф, 46 190 кг 1 нав 2 синф, 9 608 кг 2 нав 1 синф ва 4 213 кг 3 нав 3 синф “Андижон-35” навли пахта хом-ашёсини топширган. Бунда, топширилган пахта хом-ашёсининг 1 нав 1 синфли 78 191 кг.нинг нархи 549 682 730 (78 191 х 7 030) сўм, 1 нав 2 синфли 46 190 кг.нинг нархи 316 401 500 (46 190 х 6 850) сўм, 2 нав 1 синфли 9 608 кг.нинг нархи 61 683 360 (9 608 х 6 420) сўм ва 3 нав 3 синфли 4 213 кг.нинг нархи 18 200 160 (4 213 х 4 320) сўмни, жами топширилган маҳсулотнинг нархи 945 967 750 (549 682 730 + 316 401 500 + 61 683 360 + 18 200 160) сўмни ташкил қилади. Ушбу суммадан жавобгар томонидан тўлаб берилган ва қоплаб берилган харажатлар суммаси, яъни 267 477 659,25 сўм ҳамда “Ишончли посбон текстил” МЧЖ томонидан тўлаб берилган 458 628 500 сўм, жами 726 106 159,25 сўм айрилганда қарз суммаси 219 861 590,75 (945 967 750 - 726 106 159,25) сўмни ташкил қилади. Кенгашнинг даъво аризасида ундирилиши сўралган 20 фоиз жарима суммаси 696 040 634 сўм асосий қарзнинг суммасидан келиб чиқиб ҳисобланган. Бироқ, даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш пайтида жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 458 628 500 сўмни ташкил қилган ва 20 фоиз жариманинг суммаси 91 725 700 (458 628 500 х 20 %) сўмни ташкил қилади. ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳолатда ундирилиши сўралган жарима суммасини судлов ҳайъати жавобгарнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиб деб ҳисоблайди ва шунинг учун унинг миқдорини 10 фоизга, яъни 9 172 570 сўмга қадар камайтиришни лозим топади. Бундан кўринадики, судлар қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламаган, бу эса ноқонуний қарор қабул қилишга сабаб бўлган. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, унга кўра иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли. Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, қуйи инстанция судларининг қарорларни бекор қилишни ва даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 219 861 590,75 сўм асосий қарз ва 9 172 570 сўм жарима ундиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли қарори 3-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра Кенгаш фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқига эгалиги, даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати кўзлаб даъво аризаси киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмаслиги белгиланганлиги сабабли, даъвони қаноатлантиришни рад этилган қисми бўйича даъвогардан давлат божи ундирилмайди. Судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш пайтида жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 458 628 500 сўмни ташкил қилганлиги ва ундириши сўралган жарима суммасининг 91 725 700 сўмлик қисми асосли бўлганлиги, аммо, суд томонидан неустойка камайтирилганлиги сабабли, ишни биринчи инстанция судида кўриш учун жавобгардан республика бюджетига 11 007 084 (458 628 500 + 91 725 700 = 550 354 200 х 2%) сўм давлат божи ундирилади. Ишни апелляция ва кассация инстанция судларида кўриш учун жавобгардан ҳар бир инстанция учун республика бюджетига 5 503 542 (11 007 084 х 50%) сўм давлат божи ундирилади. Жавобгардан жами 22 014 168 сўм давлат божи ундирилади. Шунингдек, жавобгардан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилиши лозим. 9 Тарафлар томонидан тўланган почта харажатлари уларнинг зиммасида қолдирилади. Шунингдек, ИПКнинг 343-моддасига асосан апелляция инстанцияси судининг қарори бўйича ундирув бекор қилинади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 – 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати Андижон вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг кассация шикояти қисман қаноатлантирисин. Қўрғонтепа туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 февралдаги ҳал қилув қарори ва Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 апрелдаги қарори бекор қилинсин. Янги қарор қабул қилинсин. Андижон вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг даъво аризаси қисман қаноатлантирилсин. “Sohib Omad Barakasi” масъулияти чекланган жамиятидан “Самара савдо кўп тармоқли” фермер хўжалиги фойдасига 219 861 590,75 сўм асосий қарз ва 9 172 570 сўм жарима ундирилсин. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. “Sohib Omad Barakasi” масъулияти чекланган жамиятидан: - республика бюджетига 22 014 168 сўм давлат божи; - Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари унддирилсин. Ижро варақалари берилсин. Андижон вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 апрелдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Р. Сагатов ҳайъат аъзолари: Ш. Мирзахакимов И. Таджиев