Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1501-2102/2414 Дата решения 26.01.2023 Инстанция Кассация Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение АТБ “Invest Finance Bank” акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый "Amir Holding Stroy" хусусий корхонаси
Source ID 1009168 Claim ID 3088445 PDF Hash 3eeb37b564809197... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 14
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 5-моддаси нинг 5 law
онун 10-моддаси онун 10 law
ФКнинг 164-моддаси ФКнинг 164 law
ФКнинг 166-моддаси ФКнинг 166 law
ФКнинг 113-моддаси ФКнинг 113 law
ФКнинг 116-моддаси ФКнинг 116 law
ИПКнинг 73-моддаси ИПКнинг 73 law
ФКнинг 128-моддаси ФКнинг 128 law
ФКнинг 281-моддаси ФКнинг 281 law
га асосан ушбу Кодекснинг 280-моддаси га асосан ушбу Кодекс 280 code_article
онунининг 54-моддаси онуни 54 law
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-1501-2102/2414-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни судья Х.Жамолиддинов кўрган Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья Ф.Аманов Кассация инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 26 январь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Р.Сагатовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Ш.Мирзахакимов ва И.Таджиевдан иборат таркибда, З.Қодировнинг котиблигида, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашувчи Фарғона вилоят судининг ходими С.Каримов, даъвогар вакили – Банкнинг Фарғона вилоят филиали юриконсульти Б.Дадажонов (2023 йил 18 июлдаги 4384-сонли ишончнома асосида), “Malikaxon Azamatjon Istiqboli” МЧЖ вакили – адвокатлар Д.Хўжамбердиев (2022 йил 23 декабрдаги 92-сонли ордер асосида) ва З.Кушаков (2022 йил 23 декабрдаги ишончнома асосида), “Shuhrat Star” МЧЖ вакили – суд бошқарувчиси Р.Хайдаров “Great Amirxon Oil” вакили – юрисконсульт Б.Ғаниев (2023 йил 26 январдаги 8-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, “Турон” акциядорлик тижорат банки, “Shuhrat Star” масъулияти чекланган жамияти, “Great Amirxon Oil” масъулияти чекланган жамияти, Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими ва Кадастр агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган ҳолда, даъвогар “Invest Finance Bank” акциядорлик тижорат банкининг жавобгарлар “Amir Holding Stroy” хусусий корхонаси ва “Malikaxon Azamatjon Istiqboli” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 1 355 011 427,40 сўм қарздорликни ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси ҳамда “Malikaxon Azamatjon Istiqboli” масъулияти чекланган жамиятининг битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарши даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар томонидан берилган кассация шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а н д и: “Invest Finance Bank” акциядорлик тижорат банки (бундан буён матнда даъвогар ёки Банк деб юритилади) ва “Amir Holding Stroy” хусусий корхонаси (бундан буён матнда қарздор ёки жавобгар деб юритилади) ўртасида 2021 йил 4 мартда 2021-15-сонли кредит шартномаси тузилган. Унга кўра, Банк қарздорга 18 ой муддатга, муддатли кредит қарзи учун йиллик 22,99 фоиз, муддати ўтган кредит қарзи учун 34,485 фоиз тўлаш шарти Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, “Тожик” маҳалла фуқаролар йиғинида 5-қаватли уйни қуриш билан боғлиқ пудрат ишларини амалга ошириш учун 1 150 000 000 сўм кредит ажратган. Кредит шартномаси бўйича қарздорнинг мажбурияти ижросини таъминлаш мақсадида Банк, қарздор ва “Malikaxon Azamatjon Istiqboli” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда гаровга қўювчи деб юритилади) ўртасида 2021 йил 5 март куни ипотека шартномаси тузилган ва унга кўра гаровга қўювчига тегишли Фарғона шаҳар, “22-Мустақиллик” МФЙ, Ёруғлик (Комилов) кўчаси манзилида жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари, барча инфратузилмалари ва ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан, яъни умумий ер майдони 6 600 кв.м., умумий майдони 2 435,55 кв.м., фойдали майдони 975,28 кв.м.дан иборат бино-иншоотлар гаровга қўйилган. Жавобгар кредит маблағини қайтариш жадвалидаги муддатларини бузганлиги сабабли Банк судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 1 237 667 948,20 сўм қарздорликни ундириш, ундирувни гаровга қўювчига тегишли гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратишни сўраган (4-1501-2102/2414-сонли иш). Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилган. Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 январдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Фарғона туманлараро иқтисодий судига юборилган. Ишни янгидан кўриш жараёнида суднинг 2022 йил 2 февралдаги ажрими билан “Турон” акциядорлик тижорат банки ва “Shuhrat Star” МЧЖ, 17 февралдаги ажрими билан эса “Great Amirxon Oil” масъулияти чекланган жамияти, Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими (бундан буён матнда МИБ бўлими деб юритилади) ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган. Шунингдек, суднинг 2021 йил 17 декабрдаги ажрими билан Банкнинг жавобгардан 117 343 479,20 сўм кредит фоиз қарздорлигини ундириш, ундирувни гаровга қўювчига тегишли гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги даъво аризаси юзасидан юритилган 4-1501-2102/5672-сонли иқтисодий иш бўйича Кадастр агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси, “Shuhrat Star” масъулияти чекланган жамияти, “Great Amirxon Oil” масъулияти чекланган жамияти, МИБ бўлими ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган бўлган. Суднинг 2022 йил 17 февралдаги ажрими билан 4-1501-2102/5672-сонли иқтисодий иши 4-1501-2102/2414-сонли иқтисодий иш билан бирлаштирилиб, ишга 4-1501-2102/2414-сонли рақам берилган. Иш кўриш жараёнида гаровга қўювчи судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2021 йил 5 мартдаги ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Суднинг 2022 йил 24 февралдаги ажрими билан қарши даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар (Банк)нинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 117 343 479,41 сўм кредит фоиз қарздорлиги ундирилган. Даслабки даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинган. Гаровга қўювчининг қарши даъвоси қисман қаноатлантирилиб, 2021 йил 5 март куни реестр 202101621000759-рақам билан қайд этилган ипотека шартномасининг 2-бандида кўрсатилган гаровга қўювчига тегишли бўлган Фарғона шаҳар, “22-Мустақиллик” МФЙ, Ёруғлик (Комилов) кўчаси, 275-уй манзилида жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотларининг умумий майдони 2435,55 кв.м.дан 224,64 кв.м.дан иборат қисми, фойдали майдони 975,28 кв.м.дан 200 кв.м.дан иборат 0007-литердаги бино-иншоотларнинг ипотекага қўйиш қисми ҳақиқий эмас деб топилган. Қарши даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад қилинган. Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 10 июндаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Ҳал қилув қарорининг дастлабки даъвони қисман қаноатлантириш қисми бекор қилинган ва дастлабки даъво аризасини қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиниб, жавобгардан даъвогар фойдасига 1 355 011 427,60 сўм кредит қарздорлиги ундирилган ва ундирув гаровга қўювчига тегишли Фарғона шаҳар, “22-Мустақиллик” МФЙ, Ёруғлик (Комилов) кўчаси, 275-уй манзилида жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари, барча инфратузилмалари ва ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан, яъни умумий ер майдони 6375,36 кв.м., умумий майдони 2210,91 кв.м, фойдали майдони 775,28 кв.м.дан иборат мол-мулкларга қаратилган. Гаров мулки сотилганлиги ва унинг ҳисобидан 1 213 750 000 сўмлик қарздорлик қопланганлиги инобатга олиниб, 1 213 750 000 сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувни гаров мулкига қаратиш бўйича ижро варақаси бермаслик белгиланган. Даъвогар фойдасига жавобгардан 23 917 948,20 сўм кредит қарздорлиги ва 117 343 479,41 сўм фоиз қарздорлиги, жами 141 261 427,60 сўм ундириш бўйича ижро варақаси бериш белгиланган. Ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан даъвогар кассация шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатларини ўзгартириб, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш қисми ва апелляция инстанция суди қарорининг ундирувни гаров нарсасига қаратиш қисмини бекор қилишни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда қарши даъво аризасида ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун ФКнинг 9-бобида қайд этилган асослардан бирортаси ҳам келтирилмаганлиги, ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун ФКнинг 113 – 125-моддаларида кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд эмаслиги, қарши даъво аризасида низолашаётган ипотека шартномасида гаровга олинаётган мол-мулкнинг тавсифи, гаров билан таъминланадиган мажбуриятни идентификация қилиш учун етарли бўлган маълумотлар акс эттирилмаганлиги баён этилганлиги, лекин ипотека шартномасининг 2.1-бандида гаровга олинаётган мол-мулкнинг аниқ тавсифи, хусусан кадастр ҳужжатининг рақами, унинг жойлашган манзили, умумий ер майдони, умумий қурилиш ости майдони, фойдали майдони, инвентарь қиймати ва бошқа маълумотлар аниқ кўрсаттилганлиги, ипотека шартномасининг 1-бандида гаров билан таъминланадиган мажбуриятлар, яъни 2021 йил 4 мартдаги 2021-15-сонли кредит шартномаси кўрсатилганлиги, қарши даъво аризасида низолашаётган ипотека шартномаси билан гаровга қўювчига тегишли бўлмаган, яъни “Shuhrat Star” МЧЖга тегишли бўлган 0007-литердаги, майдони 224,64 кв.м.дан иборат бино ва иншоотлар гаровга олинганлиги кўрсатилганлиги, лекин Давлат хизматлари марказидан олинган маълумотларга кўра гаровга қўювчи ва “Shuhrat Star” МЧЖнинг ҳам раҳбари, ҳам таъсисчиси (мулкдори) бир шахс, яъни Ю.Рахматиллаев эканлиги маълум бўлганлиги, айнан Ю.Рахматиллаев гаровга қўювчининг раҳбари ва таъсисчиси (мулкдори) сифатида бино ва иншоотларни гаровга олиш учун Банкка тақдим этилган кадастр ҳужжатларида 0007-литердаги бино-иншоот ҳам гаровга қўювчига тегишли эканлиги аниқ кўрсатиб ўтилганлиги, Банк, қарздор ва гаровга қўювчи ўртасида 2021 йил 4 март куни тузилган келишув далолатномасида ҳам 0007-литердаги бино-иншоот гаровга қўювчига тегишли эканлиги қайд этилганлиги, мазкур далолатнома Ю.Рахматиллаев томонидан имзоланганлиги, кадастр агентлиги томонидан нотариусга тақдим этилган маълумотномада 15:20:04:03:02:0001-сонли кадастр ҳужжатидаги бино ва иншоотлар айнан гаровга қўювчига тегишли эканлиги, таъқиқ мавжуд эмаслиги, кадастр идорасидаги маълумотлар ва кадастр ҳужжатидаги маълумотномалар мутаносиблиги ва бошқа маълумотлар акс эттирилганлиги, кадастр ҳужжатларида 0007-литердаги бино-иншоот ҳам гаровга қўювчига тегишли эканлиги кўрсатиб ўтилганлиги, қарши даъво аризасига “Shuhrat Star” МЧЖ номига расмийлаштирилган 15:20:04:03:02:0005-сонли кадастр ҳужжатлари илова қилинганлиги, ушбу кадастр ҳужжати Фарғона шаҳар, Ёруғлик (Комилова) кўчаси, 276-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар учун расмийлаштирилганлиги аниқланганлиги, Банк томонидан эса Фарғона шаҳар, Ёруғлик (Комилова) кўчаси, 275-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар гаровга олинганлиги, Банк томонидан гаровга олинган 0007-литердаги бино-иншоотнинг ҳақиқий майдони 267,84 кв.м.ни, “Shuhrat Star” МЧЖ номига расмийлаштирилган 15:20:04:03:02:0005-сонли кадастр ҳужжатидаги 0007-литердаги бино-иншоотнинг ҳақиқий майдони 224,64 кв.м.ни ташкил қилиши, яъни ушбу бино-иншоотлар бир-бирига даҳли бўлмаган алоҳида объектлар ҳисобланишини кўрсатган. Суд мажлисида даъвогар вакили кассация шикоятида келтирилган важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни сўради. Гаровга қўювчи, “Shuhrat Star” МЧЖ ва “Great Amirxon Oil” МЧЖ вакиллари шикоятда келтирилган важларга эътироз билдириб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни ва суд ҳужжатларини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди. “Турон” АКБ, Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими, Кадастр агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси ва “Amir Holding Stroy” хусусий корхонаси суд муҳокамаси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлса-да, улардан вакил суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни “Турон” АКБ, Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими, Кадастр агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси ва “Amir Holding Stroy” хусусий корхонасининг иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати ишда иштирок этувчи шахслар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (матнда ФК деб юритилади) 234-моддасига биноан мажбурият шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари кредит ва ипотека шартномаларидан келиб чиққан. ФК 744-моддасининг биринчи қисмига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. ФК 264-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади. Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда назарда тутилган тартибда, ҳақли бўлади. Ишдаги ҳужжатларга кўра, Банк тарафлар ўртасида 2021 йил 4 март куни тузилган 2021-15-сонли кредит шартномасига асосан қарздорга 1 150 000 000 сўм кредит ажратган. Кредит шартномаси бўйича қарздорнинг мажбурияти ижросини таъминлаш мақсадида Банк, қарздор ва гаровга қўювчи ўртасида 2021 йил 5 мартда тузилган ипотека шартномасига асосан гаровга қўювчига тегишли Фарғона шаҳар, “22-Мустақиллик” МФЙ, Ёруғлик (Комилов) кўчаси манзилида жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари гаровга қўйилган. ФК 736-моддасининг иккинчи қисмига биноан, агар қарз шартномасида қарзни қисимлаб (бўлиб бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Қарздор кредит маблағини қайтариш жадвалидаги муддатларини бузганлиги сабабли Банк судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 1 237 667 948,20 сўм қарздорликни ундириш, ундирувни гаровга қўювчига тегишли гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратишни сўраган. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Шунингдек, суд қароридан кейинги 2021 йил 9 июлдан 2021 йил 25 ноябрь кунига қадар бўлган давр учун Банк 117 343 479,41 сўм кредит фоизи ҳисобланган ва уни ундириш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 январдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Фарғона туманлараро иқтисодий судига юборилган. Иш янгидан кўриш жараёнида гаровга қўювчи судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2021 йил 5 мартдаги ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Ишни янгидан кўриш натижаси бўйича биринчи инстанция суди Банкнинг даъво талабларини қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2021 йил 9 июлдан 2021 йил 25 ноябрь кунига қадар даврда вужудга келган 117 343 479,41 сўм кредит фоиз қарздорлигини ундирган ҳамда 2021 йил 5 мартдаги ипотека шартномасининг гаровга қўйган умумий майдони 2 435,55 кв.м.дан иборат бино ва иншоотларининг 224,64 кв.м.дан иборат 0007-литердаги бино-иншоотни ипотекага қўйиш қисмини ҳақиқий эмас деб топган. Даслабки даъво ва қарши даъвонинг қолган қисмларини қаноатлантиришни рад қилган. Бироқ, қарздорнинг даъвогар олдида 2021 йил 4 июнь ҳолатига 1 237 667 948,20 сўм кредит қарздорлиги вужудга келган бўлса-да, биринчи инстанция суди томонидан даъвогарнинг жавобгардан 1 237 667 948,20 сўм кредит қарздорликни ундириш қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида нотўғри тўҳтамга келган. Чунки ,ушбу қарздорлик мавжуд бўлиб, бекор қилинган суднинг 2021 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарори ижроси натижаси бўйича қарздорлик қопланган. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди жавобгарнинг 2021 йил 4 июнь ҳолатига даъвогар олдида мавжуд бўлган 1 237 667 948,20 сўм кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаровга қўювчига тегишли умумий ер майдони 6375,36 кв.м., умумий майдони 2210,91 кв.м, фойдали майдони 775,28 кв.м.дан иборат мол-мулкларга қаратиш, гаров мулки сотилганлиги ва унинг ҳисобидан 1 213 750 000 сўмлик қарздорлик қопланганлиги инобатга олиниб, 1 213 750 000 сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувни гаров мулкига қаратиш бўйича ижро варақаси бермаслик ҳақидаги тўғри хулосага келган. “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 5-моддасига кўра, ипотека, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, кредит шартномаси, қарз шартномаси ёки бошқа шартнома бўйича мажбуриятни, шу жумладан олди-сотди, ижара, пудрат шартномаларига асосланган мажбуриятни, шунингдек зарар етказилиши оқибатида вужудга келадиган мажбуриятни бажарилишини таъминлаш учун белгиланиши мумкин. Қонун 10-моддасининг иккинчи қисмида ипотека тўғрисидаги шартномада номи, турган жойи ва идентификация қилиш учун етарлича тавсифи кўрсатилган ҳолда ипотека нарсаси, унинг баҳоси, моҳияти, миқдори, ипотека билан таъминланадиган мажбуриятни бажариш муддати ва гаровга қўйилган мол-мулк тарафларнинг қайси бирида турганлиги, шунингдек тарафлар келишувга эришган бошқа маълумотлар; учинчи қисмида эса ипотека нарсаси бўлган мол-мулк ипотекага қўювчига қайси ҳуқуққа кўра тегишли эканлиги ва ипотекага қўювчининг бу ҳуқуқини рўйхатдан ўтказган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг номи кўрсатилган бўлиши кераклиги белгиланган. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, “Турон” АТБ ва “Shuhrat Star” МЧЖ (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) ўртасида 2018 йил 26 апрелда 121-сонли кредит шартномаси тузилган ва унга кўра, “Турон” АТБ МЧЖга 225 000 000 сўм кредит ажратган. Ушбу кредит шартномаси бўйича МЧЖ мажбарияти ижросини таъминлаш мақсадида МЧЖга тегишли бўлган Фарғона шаҳар, Ёруғлик кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш бино-иншоотлари умумий майдони 224,64 кв.м., фойдали майдони 200 кв.м. бўлган 0007-литердаги кўчмас мулкини гаровга қўйган ва бу ҳақда 2018 йил 27 апрель куни ипотека шартномаси расмийлаштирилган ҳамда шартнома нотариус томонидан тасдиқланиб, расмий рўйхат китобига Г-29-сон билан қайд қилинган. МЧЖ кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширмаганлиги оқибатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси даъвогар “Турон” АТБ манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖдан 132 346 027 сўм ундириш ва ундирувни гаров нарсасига қаратиб, гаров мулкининг бошланғич сотув баҳосини белгилашни сўраган (4-1501-1903/6030-сонли иш). Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 13 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, МЧЖдан 123 000 000 сўм асосий қарздорлик, 78 235 сўм фоиз ва 17 840 сўм почта харажати ундирилган ва ундирув МЧЖга тегишли умумий (қурилиш эгаллаган) майдони 224,64 кв.м., фойдали майдони 200 кв.м., 0007 литер остидаги ишлаб чиқариш биносидан иборат бўлган Фарғона шаҳар, Ёруғлик кўчасида жойлашган маъмурий бино ва иншоотга билан қаратилган. ФКнинг 164-моддасига асосан мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир. ФКнинг 166-моддасига асосан мулкнинг дахлсизлиги мулкдорга қарши турган барча субъектларнинг мулк ҳуқуқини бузишдан ўзларини сақлашларидан иборатдир. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. ФКнинг 113-моддасига асосан битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъий назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим). ФКнинг 116-моддасига кўра қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2014 йил 28 ноябрдаги 269-сонли қарори12-бандининг иккинчи хатбошисида агар битимнинг бир ёки бир неча шартлари қонун ҳужжатларининг талабларига зид бўлса, битимнинг мазмуни ушбу талабларга мувофиқ келмаслиги сабабли, ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган. Банк, қарздор ва гаровга қўювчи ўртасида тузилган 2021 йил 5 мартдаги ипотека шартномасининг 2-бандида ипотека нарсаси “Malikaxon Azamatjon Istiqboli” МЧЖга тегишлилиги кўрсатилган Фарғона шаҳар, “22-Мустақиллик” МФЙ, Ёруғлик (Комилов) кўчаси, 275-уй манзилида жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотларининг умумий майдони 2435,55 кв.м.дан 224,64 кв.м.дан иборат бўлган 0007-литердаги бино-иншоот аслида “Shuhrat Star” МЧЖга тегишли бўлган. Бу ҳолат ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҒА0072188-сонли, бино иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҒА0143947-сонли гувоҳномаси, 2018 йил 17 апрелдаги “Qubbo” МЧЖ ва “Shuhrat Star” МЧЖ ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси ва кадастр ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топади. ИПКнинг 73-моддасига асосан ишнинг иқтисодий суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлари исботлашга муҳтож эмас. Иқтисодий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд худди шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди. ФКнинг 128-моддасига кўра, битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмайди. Шунинг учун, биринчи инстанция суди асосли равишда 2021 йил 5 мартдаги ипотека шартномасининг гаровга қўйган умумий майдони 2 435,55 кв.м.дан иборат бино ва иншоотларининг 224,64 кв.м.дан иборат 0007-литердаги бино-иншоотни ипотекага қўйиш қисми ҳақиқий эмас деб топган. Бироқ, биринчи инстанция суди Банкнинг ундирувни гаров нарсасига қаратиш қисмини қаноатлантиришни рад этиб, хатоликка йўл қўйган. Чунки, ФК 279-моддасининг биринчи қисмига биноан гаровга олувчининг талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиши мумкин. ФК 280-моддасининг биринчи қисмига кўра, гаровга олувчининг талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади. Шунингдек, ФКнинг 281-моддасига асосан ушбу Кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган, гаровга қўйилган мол-мулкни мажбурий равишда реализация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда электрон онлайнаукцион шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилади. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 54-моддасига асосан кредит бўйича қарздорликни сўндириш ҳисобига ундирув қаратилаётган гаровга қўйилган мол-мулк қўшимча баҳоланмайди ҳамда тижорат банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган гаров (ипотека) тўғрисидаги шартномада кўрсатилган нарх бўйича реализация қилинади. Шунинг учун, апелляция инстанцияси суди ундирувни гаровга қўювчи томонидан гаровга қўйилган Фарғона шаҳар, “22-Мустақиллик” МФЙ, Ёруғлик (Комилов) кўчаси, 275-уйда жойлашган ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари, барча инфратузилмалари ва ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан, яъни умумий ер майдони 6 375,36 кв.м., умумий майдони 2 210,91 кв.м, фойдали майдони 775,28 кв.м. дан иборат мол-мулкларга қаратиш, гаровга қўйилган мол-мулклар аукцион савдоларида сотилганлиги сабабли 1 213 750 000 сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувни гаров мулкига қаратиш бўйича ижро варақаси бермаслик ҳақида асосли тўхтамга келган. Бундан кўринадики, Банкнинг кассация шикоятида келтирилган важлар асоссиздир. ИПК 302-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 301-моддасининг 1-бандига кўра, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини (протестини) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли. Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати Банкнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига асосан суд харажатлари Банк зиммасига юклатилади ва кассация шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ҳамда почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Шунингдек, Банкдан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилади. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 301 ва 303-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Invest Finance Bank” акциядорлик тижорат банкининг кассация шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Фарғона вилоят суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 10 июндаги қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Invest Finance Bank” акциядорлик тижорат банкидан Олий суднинг депозит рақамига ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин. Ижро варақаси берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Р. Сагатов ҳайъат аъзолари: Ш. Мирзахакимов И. Таджиев