Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1104-2001/222 Дата решения 23.01.2023 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Юкоричирчикский межрайонный экономический суд Судья Машкуров Ғайрат Абдужалилович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Lucky Company масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый "BUKA MEGA LUX" масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1025651 Claim ID 2966289 PDF Hash d84c24d88f633a07... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
нинг 69-моддаси нинг 69 law
ИПКнинг 127-моддаси ИПКнинг 127 law
ИПКнинг 128-моддаси ИПКнинг 128 law
суд ИПКнинг 170-моддаси суд ИПК 170 law
олбуки ИПК 68-моддаси олбуки ИПК 68 law
ИПКнинг 72-моддаси ИПКнинг 72 law
ИПК 118-моддаси ИПК 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
YUQORICHIRCHIQ TUMANLARARO IQTISODIY SUDI Yuqorichirchiq tumani, Yangibozor sh., Mustaqillik ko’chasi, 77-uy ЮКОРИЧИРЧИКСКИЙ МЕЖРАЙОННЫЙ ЭКОНОМИЧЕСКИЙ СУД Юкоричирчикский район, г. Янгибазар, улица Мустакиллик, дом 77 Tel: 0370 983-30-14, www.sud.uz, эл.почта: i.yuqorichirchiq@sud.uz ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 2023 йил 23 январь 4-1104-2001/222-сонли иш Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг раиси Ғ.Машкуров, судья ёрдамчиси Б.Насировнинг суд мажлиси котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг “Lucky Company” масъулияти чекланган жамияти манфаатида “Buka Mega Lux” масъулияти чекланган жамияти ва қўшимча жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ижро этувчи дирекциясига нисбатан тақдим этган даъво аризасига мувофиқ жавобгар “Buka Mega Lux” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 750 316 506 сўм асосий қарз, 13 505 580 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни тарафлар вакилларининг иштирокисиз, суднинг маъмурий биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: “Lucky company” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки пудратчи деб юритилади) ва “Buka mega lux” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки буюртмачи деб юритилади) ўртасида 2019 йил 4 майда 1-сонли қурилиш шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра, даъвогар (пудратчи) жавобгарга тегишли бўлган бинонинг ички қисмини жорий таъмирлаш, жавобгар (буюртмачи) эса бажарилган ишлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (матнда Палата деб юритилади) даъвогар манфаатида киритган даъво аризасида, даъвогар шартнома шартларига мувофиқ жавобгарнинг объектида жами 750 316 506 сўмлик ишлар бажарилиб, тегишли далолатномалар расмийлаштирилганлиги, жавобгар томонидан олдиндан 15 фоиз аванс ҳам тўланмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ижро этувчи дирекцияси (бундан буён матнда қўшимча жавобгар деб юритилади) 2019 йил 4 майдаги хат билан даъвогарга бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун тўловларни амалга оширишга кафолат берганлиги, 495 739 013 сўм ҳамда 254 577 493 сўмлик ҳисобварақ-фактуралар тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлиги, бироқ жавобгар тўловларни амалга оширмаганлиги тўғрисидаги важларни асос сифатида келтириб, жавобгардан 750 316 506 сўм асосий қарз, 13 505 580 сўм пеня ундиришни сўраган. Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 6 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 254.577.493 сўм асосий қарз, 13.505.580 сўм пеня ва 17.840 сўм почта харажати ундирилган. Навоий вилоят иқтисодий судининг 2020 йил 2 октябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқиш учун Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судига юборилган. Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 5 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 254.577.493 сўм асосий қарз, 13.505.580 сўм пеня, 17.840 сўм почта харажати ундирилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 29 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, ҳал қилув қарорининг даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш қисми бекор қилиниб, даъвони рад этиш қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 14 июлдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судига юборилган. Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 30 августдаги ажрими билан “Бўка туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси, Бўка туман ҳокимияти, Бўка тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати бўлими ҳамда “Universal businesses” масъулияти чекланган жамияти низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган. Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 750 316 506 сўм асосий қарз, 13 505 580 сўм пеня, 21 600 сўм почта харажати, республика бюджетига 15 276 441,72 сўм давлат божи ундирилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 январдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2021 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган. Даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 30 июндаги қарори билан Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 январдаги қарори ўзгаришсиз, даъвогарнинг кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган. Даъвогарнинг аризаси асосида ушбу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида протест киритилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан биринчи инстанция 2 судининг 2021 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарори, Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 13 январдаги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 30 июндаги қарори бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судига юборилган. Суднинг 2022 йил 28 октябрдаги ажрими билан иқтисодий иш иш юритувига қабул қилиниб, 2022 йил 28 ноябрь куни иш бўйича суд қурилиш техникавий экспертизаси тайинланиб, иш юритиш тўхтатиб турилган ҳамда экспертизани ўтказиш “SQB Construction” масъулияти чекланган жамияти зиммасига юклатилган. Аммо “SQB Construction” масъулияти чекланган жамиятининг 2022 йил 22 декабрдаги 519-сонли хатида объектга тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларга берилган экспертиза хулосаси, бажарилган ишлар учун ҳисобварақфактура (форма 2, 3), ёпиқ ишлар далолатномаси ҳамда ижро ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли назорат ўлчови ишларини амалга ошириш имкони мавжуд эмаслиги маълум қилинган. Шунга кўра суднинг 2022 йил 21 декабрдаги ажрими билан иш юритиш тикланган ҳамда суднинг 2023 йил 5 январдаги ажрими билан ишда иштирок этувчи шахслар зиммасига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг 69-моддаси талабларига кўра, талаб ва эътирозларини асословчи қўшимча далилларни тақдим этиш мажбурияти юклатилган. Шундай бўлса-да, суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган тарафлар суд мажлисида вакилларининг иштирокини таъминламадилар. Гувоҳ О.Сайфуллаев бир неча бор аввалги суд муҳокамаларида қатнашганлиги ва кўрсатмалар берганлигини маълум қилиб, суд муҳокамасида иштирок этмаслигини телефон орқали билдирган. Иш ҳужжатларида палата, Бўка тумани ҳокимлиги, Давлат кадастрлар палатаси Тошкент вилояти бошқармаси, Давлат кадастрлар палатаси Тошкент вилояти бошқармаси Бўка тумани филиали вакилларининг суд муҳокамасини уларнинг иштирокисиз ўтказиш ҳақидаги аризалари мавжуд. ИПКнинг 127-моддаси мазмунига кўра, суд зарур ҳолларда телеграммалар, факслар, телетайплар ҳамда бошқа алоқа воситалари орқали ҳам суд мажлиси ҳақида хабардор қилиниши мумкин. ИПКнинг 128-моддасида эса ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса, ишда иштирок этувчи шахс тегишли тартибда хабардор қилинган деб ҳисобланиши белгиланган. Шунга кўра, даъвогар, жавобгар, қўшимча жавобгар ва барча учинчи шахслар суд муҳокамаси ҳақида тегишли тартибда (гибрид ва электрон почта орқали) хабардор этилганлигини инобатга олиб, суд ИПКнинг 170-моддаси талабига кўра, суд мажлисини уларнинг иштирокисиз ўтказиш мумкин деб ҳисоблайди. 3 Суд, ишдаги мавжуд барча ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра, Палатанинг даъвогар манфаатида киритган даъво талабини қаноатлантиришни рад этишни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини манфаати кўзланган даъвогар зиммасига юклашни лозим топади. Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида 2019 йил 4 майда 1-сонли қурилиш шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра даъвогар жавобгарга тегишли бўлган бинонинг ички қисмини жорий таъмирлаш, жавобгар эса, бажарилган ишлар ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 666-моддасининг биринчи, иккинчи қисмларига кўра, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини) иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади. Қурилиш пудрати шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Аввалги ўтказилган суд мажлисларида даъвогар томонидан бажарилган ишларни тасдиғи сифатида объектда бажарилган ишлар, хусусан ҳудудни ободонлаштириш бўйича бажарилган ишлар тўғрисидаги (акт выполненных работ) ҳамда бажарилган ишлар баҳоси тўғрисидаги маълумот (справка счетфактура о стоимости выполнненных работ) судга тақдим қилинган, ушбу ҳужжатларда бажарилган ишлар қиймати жами 750 316 506 сўмни ташкил этиши кўрсатилган. ФК 670-моддасининг биринчи қисмида пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шартлиги белгиланган. Бироқ даъвогар томонидан барча инстанцияларда ўтказилган суд муҳокамаларида ишлар параллель лойиҳалаштириш тартибида амалга оширилганлиги тўғрисида важ келтирган бўлса-да, аммо буюртмачи (жавобгар) томонидан унга лойиҳа-смета ҳужжатлари топширилмаганлигини билдирган. Шу билан бирга, ишлар қайси лойиҳа-смета ҳужжатлари асосда амалга оширилганлигини мақбул далиллар билан исботлаб бера олмади, ҳолбуки ИПК 68-моддасининг биринчи қисми талабига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс, шу жумладан даъвогар ҳам ўз талаблари ва 4 эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаб бериши лозим эди. ФК 680-моддасининг биринчи, тўртинчи қисмларига кўра, пудратчидан қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар натижаси ёки, агар шартномада назарда тутилган бўлса, ишларнинг бажарилган босқичи топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабар олган буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга киришиши шарт. Ишлар натижасининг пудратчи томонидан топширилиши ва буюртмачи томонидан қабул қилиб олиниши иккала тараф имзолаган далолатнома билан расмийлаштирилади. Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди. Аммо даъвогар томонидан қонуннинг ушбу талаби ҳам бажарилмаган, яъни агар жавобгар ишлар натижаси бўйича тузилган далолатномани имзолашдан бош тортган бўлса, бу тўғрида ушбу далолатномага ёзиб қўймаган. Дастлаб ўтказилган суд муҳокамаларида даъвогар агар тарафларнинг шартномавий ҳуқуқий муносабатларга киришганлиги ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқланса, шартноманинг мавжуд эмаслиги даъвогарнинг етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар қийматини ундириш ҳақидаги талабларини қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида важларни билдириб ўтган. Бироқ ИПКнинг 72-моддасида қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмаслиги белгиланган. Мазкур ҳолатда қурилиш ишларининг бажарилганлиги қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилган далолатнома билан исботланиши керак. Бироқ даъвогар бундай далилларни судга тақдим қилмаган. Шунинг учун даъвогарнинг ишлар у (даъвогар) томонидан бажарилганлиги гувоҳларнинг кўрсатмалари билан исботланиши тўғрисидаги важини инобатга олиб бўлмайди. Шунингдек, бажарилган ишлар жавобгар томонидан қабул қилиб олинганлиги тўғрисидаги важи ҳам даъвони қаноатлантириш учун асос бўла олмайди. Чунки: биринчидан, даъвогарнинг жавобгар томонидан имзоланган деб тақдим қилинган далолатномаси жавобгарнинг вакили сифатида С.Самадов томонидан имзоланган. аммо С.Самадов бундай далолатномани имзолаш ваколатига эга эканлиги даъвогар томонидан исботлаб берилмади. Суд муҳокамаларида аниқланишича эса, С.Самадов жавобгарнинг таъсисчиларидан бири бўлган қўшимча жавобгарнинг раҳбари ҳисобланган. иккинчидан, мазкур далолатномада ишлар қайси шартнома асосида бажарилганлиги кўрсатилмаган ва у қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги исботлаб берилмаган. Яъни, мазкур далолатнома бажарилган қурилиш пудрат ишларини топшириш-қабул қилиш 5 далолатномаси эмас, балки қурилиш моллари ва хизматларни топширишқабул қилиш далолатномаси сифатида расмийлаштирилган. Булардан ташқари, даъвогарнинг важларида ушбу 750 316 506 сўмлик ишлар бажарилганлиги юзасидан даъвогар - пудратчи томонидан ҳисобфактура ва солиштирма далолатномалар тузилганлиги, бироқ, буюртмачи – жавобгар ушбу ҳужжатларни имзолашдан бош тортганлиги, ваҳоланки, пудратчи томонидан 2019 йил 4 майдаги 1-сонли шартнома бўйича ишларни бажариш мақсадида қўшимча пудратчи “Бўка туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси билан 2019 йил 1 июнда 6-сонли пудрат шартномаси тузилганлиги ҳамда ушбу шартнома асосида пудратчи ва ёрдамчи пудратчилар томонидан ишлар бажарилганлиги келтирилган. Лекин даъвогарнинг важларидаги ушбу 2019 йил 1 июнда 6-сонли пудрат шартномаси жавобгарнинг текстиль фабрикаси ҳудудида йўл қопламаси қуриш (асфальтобетон қоплама ётқизиш) бўйича тузилган. Ваҳоланки, даъвогарнинг даъво талаблари асоси ҳисобланган 2019 йил 4 майдаги 1-сонли қурилиш шартномасининг 2-бандига кўра, пудратчи мазкур шартнома шартларига асосан буюртмачига тегишли бўлган бинонинг ички қисмини жорий таъмирлаш смета лойиҳада кўзда тутилган объектни фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш бўйича жорий таъмирлаш ишларини бажариш мажбуриятини олган, буюртмачи эса пудратчига қурилиштаъмирлаш ишларини бажариш учун зарур шароитлар яратиш, уларни қабул қилиш ва тўловини амалга ошириш мажбуриятини олган. Шундан келиб чиқиб хулосага келиш мумкинки, даъво талаблари учун асос қилиб келтирилган ушбу 1-сонли шартномада (даъвогар ва жавобгар ўртасида тузилган) жавобгарга тегишли бўлган бинонинг ички қисмини жорий таъмирлашга келишилган, бироқ даъвогарнинг важларидаги юқоридаги ишлар ҳудуддаги йўл қопламаси қуришдан (асфальтобетон қоплама ётқизишдан) иборат. Ҳолбуки, ФК 234-моддасининг иккинчи қисмига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқиши белгиланган. Ушбу ҳолатда даъвогар томонидан жавобгарнинг ҳудудида асфальт бетон қоплама ётқизиш ишлари бажарилганлиги бўйича ҳужжатлар тақдим қилинган бўлсада, бироқ ушбу ишлар даъвогарнинг даъво талаблари учун асос сифатида келтирилган – 2019 йил 4 майдаги 1-сонли қурилиш шартномасининг объекти эмаслиги сабабли, суд ишни кўришда даъвогарнинг даъво талаблари асоси ва предмети доирасидан чиқмаслиги лозим. Хусусан, ФК 666-моддасининг биринчи қисмига кўра, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. Шунингдек, суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 14 октябрдаги қарорида назарда 6 тутилган ишда иштирок этувчи шахслардан қўшимча далилларни талаб қилиб олиш ҳақида берган кўрсатмасига асосан 2023 йил 5 январдаги суд муҳокамасида тарафлар зиммасига ИПКнинг 68, 69-моддаларига асосан судга қўшимча далиллар тақдим этиш мажбурияти юклатилган бўлсада, ишдаги мавжуд далиллардан бошқа янги далиллар тақдим этилмади. Шунингдек, суд муҳокамаларида даъвогар ҳамда жавобгар томонидан билдирилган фикрларга кўра, бинони қуриш жараёнида объектга қурилиш маҳсулотларини етказиб берган шахслар (корхона ва ташкилот вакиллари) ҳамда фойдаланилган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналарнинг шартнома шартларига мувофиқлигини текширадиган техник назоратчи ходимларни чақириб иш ҳолатларига аниқлик киритишнинг имкони бўлмади. Юқоридагилар билан бирга, аввалги суд муҳокамаларида низоли объект ҳақиқатдан ҳам жавобгарнинг буюртмаси асосида лойиҳачи “Atlant Quality” МЧЖ томонидан тузилган, лойиҳа билан келишиш тўғрисида Тошкент вилоят Қурилиш Бош бошқармаси кенгаши томонидан 2019 йил 8 июлда хулосаси олиниб, даъвогарга тақдим этилмаганлиги, қурилиши тугалланган нотурар бино ва иншоотлар 2019 йил 27 сентябрдаги 54-сонли далолатнома ва Тошкент вилоят қурилиш назорат инспекциясининг 2019 йил 30 сентябрдаги хулосасига асосан фойдаланишга қабул қилинганлиги ҳамда 2019 йил 8 ноябрда ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри томонидан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги аниқланди. Бундан ташқари, суд томонидан объектда ҳақиқатда ишлар бажарилганлиги ва унинг ҳажми ва қийматини тегишли назорат ўлчови ўтказиш орқали аниқлаш масаласида тайинланган экспертизаси ҳам “SQB Construction” масъулияти чекланган жамиятининг 2022 йил 22 декабрдаги 519-сонли хати билан объектга тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари, уларга берилган экспертиза хулосаси, бажарилган ишлар учун ҳисобварақ-фактура (форма 2,3), ёпиқ ишлар далолатномаси ҳамда ижро ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли назорат ўлчови ишларини амалга ошириш имкони мавжуд эмаслиги маълум қилинган. Мазкур ҳолатда суд тарафлар ўртасида тузилган шартнома доирасида даъвогар томонидан бажарилган ишлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли даъвогарнинг асосий қарз ундириш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Суд даъвогарнинг асосий талаби қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги сабабли ушбу талабдан келиб чиққан пеня ундириш тўғрисидаги талабини ҳам қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. ИПК 118-моддасига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Мазкур иқтисодий иш бўйича ушбу ҳал қилув қарорига қадар қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, қарорларга асосан даъвогар ҳамда жавобгардан республика бюджетига ундирилиши белгиланган ижро варақаларининг бирортаси ҳам суд ҳужжатлари бекор бўлганлиги сабабли ижро бўлмаганлиги “E-SUD” ахборот тизими орқали аниқланди. 7 қаноатлантиришни рад этишни, суд харажатларини даъвогар зиммасига юклашни, даъвогардан республика бюджетига 15 276 441,72 сўм давлат божи ундиришни, олдиндан тўлаб чиқилган почта харажатини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим деб топди. Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 68, 118, 128, 170, 176-180, 186-моддаларини қўллаб, суд қ а р о р қ и л д и: Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг “Lucky Company” масъулияти чекланган жамияти манфаатида “Buka Mega Lux” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 750 316 506 сўм асосий қарз, 13 505 580 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантириш рад этилсин. “Lucky Company” масъулияти чекланган жамиятидан республика бюджетига 15 276 441,72 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг ижро варақаси берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ой муддат ичида Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий суди орқали Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти (протести) берилиши мумкин. Раислик қилувчи, судья Ғ.Машкуров 8