Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-10-2212/458 Дата решения 19.01.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Таджиев Ибрагим Исакович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение CANSA TARIM MAKINALARI IMAL PAZ.VE TIC.LTD.STI Ответчик / Подсудимый "AGREGAT ZAVODI" давлат акционерлик бирлашмаси
Source ID 1007643 Claim ID 3096227 PDF Hash a5c8e6962fb6a842... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 11
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
шикоятда ИПК 171-моддаси шикоятда ИПК 171 law
нинг 234-моддаси нинг 234 law
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ФКнинг 326-моддаси ФКнинг 326 law
ФКнинг 14-моддаси ФКнинг 14 law
Жавобгарнинг шикоятда келтирган ИПК 171-моддаси Жавобгарнинг шикоятда келтирган ИПК 171 law
ИПК 171-моддаси ИПК 171 law
ИПК 279-моддаси ИПК 279 law
олатда биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддаси олатда биринчи инстанция суди ФК 326 law
ИПК 278-моддаси ИПК 278 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
4-10-2212/458-сонли иқтисодий иш Биринчи инстанция судида ишни судья Ф.Ёдгоров кўрган Апелляция инстанцияси судида маърузачи судья И.Таджиев ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ Қ А Р О Р И 2023 йил 19 январь Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Ш.Мирзахакимовнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Р.Сагатов ва И.Таджиевдан иборат таркибда, Б.Жўраевнинг котиблигида, даъвогар вакиллари – адвокатлар Н.Ортиқов ва Б.Миршарипов (2022 йил 17 ноябрдаги 103 ва 104-сонли ордерлар ҳамда 2022 йил 4 октябрдаги 0010702-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакиллари – юрисконсульт О.Умаров (2022 йил 29 октябрдаги 650-01/09-сонли ишончнома асосида) ва юрисконсульт ёрдамчиси Р.Камалов (2023 йил 18 январдаги 7-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, даъвогар “Cansa Tarim Makinalari Imal Paz.Ve Tic.Ltd.Sti” компаниясининг жавобгар “Agregat Zavodi” акциядорлик жамиятидан 187 618,80 АҚШ доллари ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори устидан жавобгар томонидан берилган апелляция шикояти асосида ишни Олий суднинг биносида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни а н и қ л а д и: “Cansa Tarim Makinalari Imal Paz.Ve Tic.Ltd.Sti” компанияси (бундан буён матнда даъвогар ёки сотувчи деб юритилади) ва “Agregat Zavodi” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда даъвогар ёки сотиб олувчи деб юритилади) ўртасида 2021 йил 19 февралда 20200058-сонли олди-сотди шартномаси тузилган. Унга кўра, даъвогар шартноманинг иловаси бўлган спецификацияда кўрсатилган қиймати 407 700 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни сотиш, жавобгар эса маҳсулотларни ўз вақтида қабул қилиб олиш ҳамда ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 4.1-бандида сотиб олувчи сотувчига шартноманинг умумий қийматининг 20 фоиз миқдорида, яъни 81 540 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов аванс тариқасида олдиндан тўлаб берилиши, қолган тўловлар маҳсулот етказиб берилгандан сўнг 90 кун ичида амалга оширилиши белгиланган. Шартнома талабларига асосан жавобгар томонидан 46 420 АҚШ доллари миқдорида олдиндан тўлов даъвогарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Шартноманинг 8.1-бандига асосан аванс тўловлари ўтказиб берилгандан сўнг даъвогар томонидан “Инкотермс 2010” қоидалари асосида маҳсулотларни “Арк-булоқ” Божхона постига етказиб берилиши белгиланган. Даъвогар томонидан 2021 йил 9 июнь ва 2021 йил 2 июлда қиймати 203 850 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни жавобгарга етказиб берилган. Бироқ, жавобгар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун қисман тўловлар амалга оширилганлиги натижасида даъвогар олдида 157 430 АҚШ доллари миқдорида қарздорлик вужудга келган. Даъвогарнинг қарздорликни тўлаш тўғрисидаги жавобгарга юборган 2022 йил 5 октябрдаги талабномаси оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 157 430 АҚШ доллари миқдоридаги қарздорликни, 25 188,80 АҚШ доллари миқдорида пеня ва бузилган ҳуқуқни тиклаш учун адвокатга тўланган 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини зарар сифатида ундиришни сўраган. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 157 430 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз ва 15 000 АҚШ доллари миқдорида пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган. Иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатидан норози бўлиб, жавобгар апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва унда суд ҳужжатини ўзгартириб, пеня миқдорини камайтиришни сўраган. Бунга асос қилиб, шикоятда ИПК 171-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдириш учун асос бўлиши белгиланганлиги, жавобгарнинг ҳуқуқшуноси 2022 йил 24 ноябрдан ишга лаёқатсизлик таътилига чиққанлиги ва суд жараёнини бошқа кунга қолдиришни сўраб, судга илтимоснома билан мурожаат қилганлиги, аммо суд илтимосномани инобатга олмаганлиги, жавобгар даъвогар билан тузилган шартнома бўйича кўзда тутилмаган харажатлар юзасидан далолатнома тузганлиги, импорт қилинган маҳсулотлар иккита юк машинасида Ўзбекистонга келиши керак бўлганлиги, биринчи юк машинаси 2021 йил 30 март куни йўлга чиқиб, 2021 йил 27 апрель куни етиб келганлиги, иккинчи юк машинаси 21 кунга кеч қолиб, 2021 йил 18 май куни етиб келганлиги, АЖ ходимига юкларни вақтида олиб чиқиб кетмаганиги учун 735 000 сўм маъмурий жарима солинганлиги, иккита юк машинасига битта умумий инвойс асосида расмийлаштириб, машиналар бир вақтда келмаганлиги сабабли эксперт фирмасига 1 470 000 сўм ортиқча харажат қилишга мажбур бўлганлиги, юкларни ИМ-70 божхона режимига расмийлаштирилиб, омборхонада сақлаш учун 12 745 952,53 сўм ортиқча харажат қилинганлиги, юкларни етишмайдиган қисми самолётда жўнатилганлиги ва улар учун 34 700 000 сўм божхона тўлови ва 4 233 197,15 сўм юкни омборхонада сақланганлиги учун харажат қилинганлиги, жами кўзда тутилмаган 55 354 150 сўм харажатлар даъвогарнинг айби билан келиб чиққанлигини кўрсатган. Суд мажлисида жавобгар вакиллари шикоятда келтирган важларни такрорлаб, шикоятни қаноатлантиришни сўрашди. Даъвогар вакиллари шикоятда келтирган важларга эътироз билдириб, шикоятда пеняга эътироз билдирилганлиги ва кўзда тутилмаган харажатлар ҳақида сўз юритганлиги, қўшимча харажатлар ҳақида Туркия тарафи хабардор қилинмаганлиги, ўзаро ҳисоб-китоблар ҳақидаги далолатномада жавобгар қарзни 3 тан олганлиги ва харажатларни айриб ташлашни талаб қилмаганлиги, даъвогар томонидан талабнома юборганда ҳам жавобгар қўшимча харажатлар ҳақида сўз юритмаганлиги ва бу масалани кўтармаганлиги, шартнома бўйича Ўзбекистон ҳудудида барча харажатлар, шу жумладан божхона тўловлари харидор зиммасига юклатилганлигини баён қилиб, шикоятни қаноатлантиришни рад этишни сўрашди. Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб ва шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра жавобгарнинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади)нинг 234-моддасига кўра, мажбурият шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда тарафларнинг мажбуриятлари олди-сотди шартномасидан келиб чиққан. ФК 386-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 19 февралда тузилган 20200058-сонли олди-сотди шартномасига асосан жавобгар томонидан 46 420 АҚШ доллари миқдорида олдиндан тўлов даъвогарнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Даъвогар томонидан 2021 йил 9 июнь ва 2021 йил 2 июлда қиймати 203 850 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни жавобгарга етказиб берилган. Шартноманинг 4.1-бандига асосан сотиб олувчи сотувчига шартноманинг умумий қийматининг 20 фоиз миқдорида, яъни 81 540 АҚШ доллари миқдоридаги тўлов аванс тариқасида олдиндан тўлаб берилиши, қолган тўловлар маҳсулот етказиб берилгандан сўнг 90 кун ичида амалга оширилиши белгиланган. Бироқ, жавобгар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар учун қисман тўловлар амалга оширилганлиги натижасида даъвогар олдида 157 430 АҚШ доллари миқдорида қарздорлик вужудга келган. Ушбу қарздорлик тарафлар ўртасида 2022 йил 1 май ҳолатига имзоланган ўзаро ҳисоб-китоб солиштирма далолатномаси билан ҳам тасдиқланган. ФК 419-моддасининг учунчи қисмига кўра, агар сотиб олувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ топширилган товар ҳақини ўз вақтида тўламаса, сотувчи товар ҳақини ва ўзганинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар тўлашни талаб қилишга ҳақли. Шунинг учун биринчи инстанция суди даъвогарнинг 157 430 АҚШ доллари миқдоридаги товар ҳақини ундириш тўғрисидаги талабини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган. Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 6.4-бандида тўлов мажбуриятлар бузилган учун жавобгар даъвогарга кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлаши, бунда пенянинг умумий суммаси 16 фоиздан ошиб кетмаслиги белгиланган. Шунинг учун даъвогар тўловлар кечиктирилган 420 кун учун жавобгардан 25 188,80 АҚШ миқдорида пеня ундиришни сўраган. ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга. Биринчи инстанция суди ФКнинг ушбу моддасидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 4-бандида берилган тушунтиришларни инобатга олиб, ундирилиши сўралган неустойка миқдорини 15 000 АҚШ долларигача камайтирган. Шунингдек, даъвогар жавобгардан бузилган ҳуқуқни тиклаш учун адвокатга тўланган 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини зарар сифатида ундиришни сўраган. ФКнинг 14-моддасига мувофиқ, агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Даъвогар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун 2022 йил 19 сентябрда “Bulut Legal Service” адвокатлик фирмаси билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида 28/С1-7-сонли шартнома тузган ва даъвогар томонидан 2022 йил 19 сентябрда адвокатлик фирмасига 5 000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи ўтказиб берилган. ФК 325-моддасининг биринчи қисмига биноан агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарори 19-бандининг тўртинчи хатбошисида агар мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка белгиланган бўлса, зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган. Мазкур ҳолатда, жавобгар ҳисобидан ундирилган 15 000 АҚШ доллари миқдорида пеня суммаси 5 000 АҚШ доллари миқдоридаги зарар суммасини қоплайди ва шунинг учун биринчи инстанция суди асосли равишда даъвогарнинг зарар ундириш талабини қаноатлантиришни рад этган. Бундан кўринадики, биринчи инстанция суди қарор қабул қилишда иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаган ва моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган. Жавобгарнинг шикоятда келтирган ИПК 171-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисида ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдириш учун асос бўлиши белгиланганлиги, жавобгарнинг ҳуқуқшуноси 2022 йил 24 ноябрдан ишга лаёқатсизлик таътилига чиққанлиги ва суд жараёнини бошқа кунга қолдиришни сўраб, судга илтимоснома билан мурожаат қилганлиги, аммо суд илтимосномани инобатга олмаганлиги ҳақидаги важи билан судлов ҳайъати келишмайди. Чунки, ИПК 171-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошисида суд, агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса, суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли. Мазкур ҳолатда жавобгарнинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлган ва шунинг учун биринчи инстанция суди жавобгар вакилининг илтимосномасини қаноатлантиришни рад қилиб, ишни жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиққан. Жавобгарнинг даъвогарнинг айби билан жавобгар кўзда тутилмаган 55 354 150 сўм харажатлар қилганлиги ва ушбу харажатлар суммаси асосий қарз суммасидан чегириши лозимлиги ҳақидаги важи ҳам суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўла олмайди. Чунки, агар жавобгар даъвогар айби билан зарар кўрган деб ҳисобласа, бундай зарар суммасини ундириш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилиниши лозим. Шунингдек, жавобгар апелляция шикоятида ҳал қилув қарори билан ундирилган пеня миқдорини камайтиришни сўраган. Бироқ, ИПК 279-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига мувофиқ моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддасида белгиланган ҳуқуқидан фойдаланиб, ундирилиши сўралган неустойка миқдорини 15 000 АҚШ долларигача камайтирган. Яъни, суд моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларини бузмаган. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 279-моддасининг биринчи қисмида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар келтирилган бўлиб, мазкур ҳолатда бундай асослар мавжуд эмас. ИПК 278-моддасининг 1-бандига кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли. Баён этилганлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати жавобгарнинг апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этишни ва иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади. ИПКнинг 118-моддасига асосан суд харажатлари жавобгар зиммасига юклатилади ва жавобгар томонидан апелляция шикояти билан мурожаат қилишда тўланган давлат божи ва почта харажатлари унинг зиммасида қолдирилади. Шунингдек, жавобгар шикоятда ҳал қилув қарорининг пеня унириш қисмидан норози бўлиб, пеня миқдорини камайтиришни сўраган бўлса-да, давлат божини даъво аризасида ундирилиши сўралган суммадан келиб чиқиб 21 068 100 (187 618,80 х 11 229,20 х 2% х 50%) сўм 6 тўланган. Ваҳоланки, давлат божи низолашаётган сумма, яъни 15 000 АҚШ долларидан тўланиши лозим бўлган. Бунда, давлат божи 1 684 380 (15 000 х 11 229,20 х 2% х 50%) сўмни ташкил қилади. Шунинг учун жавобгарга республика бюджетидан ортиқча тўланган 19 383 720 (21 068 100 - 1 684 380) сўм давлат божи қайтарилиши лозим. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 278 ва 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л д и: “Agregat Zavodi” акциядорлик жамиятининг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилсин. Тошкент шаҳар суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилсин. “Agregat Zavodi” акциядорлик жамиятига республика бюджетидан ортиқча тўланган 19 383 720 сўм давлат божи қайтарилсин ва бу ҳақда маълумотнома берилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Ш. Мирзахакимов ҳайъат аъзолари: Р. Сагатов И. Таджиев