← Назад
Решение #673186 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| чунки бу ИПК | 327 | — | law | |
| чунки ИПК | 68 | — | law | |
| ИПКнинг | 327 | — | law | |
| ИПКнинг | 281 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
ANDIJON
VILOYAT SUDI
АНДИЖАНСКИЙ
ОБЛАСТНОЙ СУД
170100, Andijon sh, Navoiy shoh k-si, 15
170100, г.Андижан, улица Навоий шох, 15
Тел: (0-374) 223-49-21, факс: 228-39-72, Веб-сайт: www.oliysud.uz, эл.почта: and.vis@umail.uz
ҚАРОР
Андижон шаҳри
2023 йил 16 январь
4-1701-2102/1978-сонли иш
Биринчи инстанцияда ишни
кўрган судья С.Умаралиев
Андижон вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати суд раиси
ўринбосари Ш.Мирзаев раислигида, судьялар Т.Атабоев ва Д.Убайдуллаевдан
иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Х.Азизовнинг котиблигида,
“BAHT TEXTILE ANDIJON” масъулияти чекланган жамияти вакили Ш.Хамраев
(адвокат, 2022
йил 1 ноябрдаги 213/22-сонли
ордер асосида),
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти Андижон газ таъминоти филиали
вакили И.Холматов (2023 йил 5 январдаги 29-01-10/1-сонли ишончнома
асосида) иштирокида, даъвогар – “BAHT TEXTILE ANDIJON” масъулияти
чекланган жамиятининг жавобгар – “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти
Андижон газ таъминоти филиали ҳамда Олтинкўл тумани газ таъминоти
корхоналаридан 119 000 000 сўм ундириш тўғрисидаги иқтисодий иш бўйича
Бўстон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 ноябрдаги ажримидан
норози бўлиб, “BAHT TEXTILE ANDIJON” масъулияти чекланган жамияти
томонидан киритилган апелляция шикоятини ва унга илова қилинган
ҳужжатларни Андижон вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида
видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқиб,
қуйидагиларни
аниқлади:
“BAHT TEXTILE ANDIJON” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён
матнларда – “даъвогар” деб юритилади) иқтисодий судга даъво ариза билан
мурожаат этиб, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти Андижон газ
таъминоти филиали ҳамда Олтинкўл тумани газ таъминоти корхоналаридан
(бундан буён матнларда – “жавобгар” деб юритилади) 119 000 000 сўм
ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 14 июлдаги ажрими билан
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ишга жавобгар сифатида жалб
этилган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 5 августдаги ҳал қилув қарори
билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогар иқтисодий судга қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги
очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб,
аризада Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси
Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг 2022 йил 20 сентябрдаги қарори
билан жавобгар томонидан 2021 йилнинг май ойида етказиб берилмаган
1 418 857 м3 табиий газ учун 936 445 619 сўм даъвогардан ортиқча олинганлиги
аниқланганлигини асос сифатида келтирган.
Биринчи инстанция судининг 2022 йил 2 ноябрдаги ажрими билан
даъвогарнинг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар
бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Мазкур ажримдан норози бўлиб, даъвогар томонидан киритилган
апелляция шикоятида ҳал қилув қарори гўёки жавобгар томонидан табиий газ
қиймати тўғри ундирилганлиги билан асослаганлиги, Ўзбекистон Республикаси
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий
бошқармасининг 2022 йил 20 сентябрдаги қарори билан жавобгар томонидан
2021 йилнинг май ойида етказиб берилмаган 1 418 857 м3 табиий газ учун
936 445 619 сўм даъвогардан ортиқча олинганлиги аниқланганлиги, яъни
жавобгар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари ҳал қилув қарори чиқариш
пайтида мавжуд бўлганлиги каби важлар баён этилиб, биринчи инстанция
судининг ажримини бекор қилишни ҳамда аризани қаноатлантириш тўғрисида
янги қарор қабул қилишни сўраган.
Даъвогар вакили шикоятда келтирган важларни такрорлаб, ҳал қилув
қарори гўёки жавобгар томонидан табиий газ қиймати тўғри ундирилганлиги
билан асослаганлигини, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши
курашиш қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг 2022 йил
20 сентябрдаги қарори билан жавобгар томонидан 2021 йилнинг май ойида
етказиб берилмаган 1 418 857 м3 табиий газ учун 936 445 619 сўм даъвогардан
ортиқча олинганлиги аниқланганлигини, жавобгар томонидан қонунбузилиш
ҳолатлари ҳал қилув қарори чиқариш пайтида мавжуд бўлганлигини, бу ҳолат
қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта
кўришга асос бўлишини билдириб, биринчи инстанция судининг ажримини
бекор қилишни ҳамда аризани қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул
қилишни сўради.
Жавобгар вакили шикоятда келтирилган важларга нисбатан эътироз
билдириб, аризада билдирилган ҳолатлар суд ҳужжатини янги очилган
ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлмаслигини, даъвогарнинг аризасида
ва шикоятида келтирган важлари асоссизлигини билдириб, шикоятни
қаноатлантиришни рад этишни ҳамда биринчи инстанция судининг ажримини
ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг кўргазмаларини тинглаб,
апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан
биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини
қаноатлантирмасликни лозим топди.
Аниқланишича, тарафлар ўртасида 2021 йил 4 январда 154-сонли табиий
газ етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилган бўлиб, шартноманинг
1.1-бандига кўра, таъминотчи ўз зиммасига газ тармоқлари орқали
буюртмачининг келишилган буюртмаси асосида газ тармоқлари орқали табиий
газни етказиб бериш, истеъмолчи ўз зиммасига, мазкур шартноманинг 1.4бандида кўрсатилган газ хажмини қабул қилишни ва белгиланган нархларда
тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 3.1,3.2,3.6-бандларига кўра, газни хисобга олмасдан уни
етказиб берилишига йўл қўйилмайди. Истеъмолчига етказиб берилаётган газ
хажми газ тармоқларини ажралиши чегараларида ўрнатилган газдан
фойдаланишни хисобга олиш ускунаси ёки ўлчаш мажмуалари кўрсаткичларига
асосан аниқланади ва иккала томонлар имзолайдиган ҳар ойлик газни етказиб
бериш-қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади. Ҳисоблагич
ускунаси ёки ўлчов мажмуасини улаш ва ундан фойдаланиш амалдаги меъёр ва
қоидаларга асосан амалга оширилади.
вакиллари иштирокида 2021 йил 17 майда ЭГХУ (электрон газ хисоблаш
ускунаси) носоз ҳолатга келганлиги юзасидан далолоатнома тузилган ва
истеъмолчи тармоқдан узилган.
Даъвогар (истеъмолчи) томонидан 37-сонли хат билан жавобгарга
мурожаат қилиниб, корхонанинг фаолиятини узлуксиз давом эттириш
мақсадида табиий газ таъминотини тўхтатмасликни, тўловларни шартнома
шартларида кўрсатилган тартибда тўлов амалга оширишга ўз розилигини
билдирган.
Жавобгар томонидан даъвогарнинг розилик хатига асосан газ етказиб
бериш давом эттирилиб, 2021 йилнинг май ойи учун 1 786 373,76 м3 газ
ҳисобланиб даъвогар томонидан жавобгарга 1 179 006 840 сўмлик 252-сонли
ҳисоб-фактура юборилган.
Даъвогар иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар
томонидан 2021 йилнинг май ойи учун асоссиз равишда ортиқча қарздорлик
ҳисобланганлиги асоси билан жавобгардан 119 000 000 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 5 августдаги ҳал қилув қарори
билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.
Даъвогарнинг мурожаати асосида 2022 йил 20 сентябрда Ўзбекистон
Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий
бошқармасининг 148/04-сонли иши бўйича қарори қабул қилинган бўлиб, унга
биноан жавобгар томонидан қонун талаблари бузилган деб топилиб, даъвогарга
етказиб берилган табиий газ ортиқча ҳисобланганлиги, 2021 йил май ойида
ҳақиқатда етказиб берилган 367 517 м3 табиий газ хажми учун 242 561 220 сўм
ҳисобланиши, етказиб берилмаган 1 418 857 м3 табиий газ хажми учун
936 445 619 сўм даъвогар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган.
Ушбу қарорга асосланган ҳолда даъвогар суднинг қонуний кучга кирган суд
ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан
судга мурожаат этган.
Биринчи инстанция суди қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги
очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантиришни
рад этиш ҳақида асосли ва қонуний тўхтамга келган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил
25 июлдаги “Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар
бўйича қайта кўришда иқтисодий процессуал қонун ҳужжатларини қўллаш
бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 111-сонли Қарорининг 4-бандида, “Янги
очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб,
бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига
ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд
ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш
лозим. Агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга
келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта
кўриш учун асос бўла олмайди, чунки бу ИПК 327-моддасининг 1-банди
мазмунига зид бўлади. Янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлмасдан, ишни
апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳолатда
ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш мумкин эмас. Бундай
ҳолларда иқтисодий суд кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд эмаслигига
асосланиб, ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни рад этиши
лозим. Суд ҳужжати қабул қилингандан кейин вужудга келган янги ҳолатлар
ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун эмас, балки янги
даъво билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкин” деб тушунтириш
берилган.
Ушбу қарорнинг 5-банди иккинчи хатбошида, суд томонидан ишни кўриб
чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум
бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги
далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкин. Агар ишни янги
очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш давомида суд келтирилган далиллар
аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлганлигини аниқласа,
янги очилган ҳолатлар бўйича келтирилган аризани қаноатлантириш рад
этилиши лозим, чунки ИПКнинг 68-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи
ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни
исботлаши керак (тортишув принципи) деб тушунтиришлар берилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён
матнларда – “ИПК” деб юритилади) 327-моддаси 1-бандига биноан, суд ҳужжати
қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган
ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар қонуний кучга
кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос
бўлади.
Мазкур ҳолатда, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш
қўмитаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг 2022 йил 20 сентябрдаги
148/04-сонли иши бўйича қарори билан аниқланган ҳолатлар қонуний кучга
кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос
бўла олмайди.
Даъвогар дастлаб даъво аризасида жавобгар томонидан 2021 йилнинг май
ойи учун асоссиз равишда ортиқча қарздорлик ҳисобланганлиги асоси билан
жавобгардан 119 000 000 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанцияда 2021 йил 17 майда даъвогарга тегишли ЭГХУ носоз
ҳолатга келганлиги, ЭГХУ носоз бўлган даври учун сарфланиши лозим бўлган
табиий газ хажмининг бир суткалик тўлиқ қуввати билан 1 786 373,76 м3 газ
ҳисобланиб, даъвогар томонидан жавобгарга 1 179 006 840 сўмлик 252-сонли
ҳисоб-фактура юборилганлиги, ЭГХУ носоз бўлган даври учун жавобгар
томонидан ортиқча тўлов ҳисобланганлиги ҳақидаги важлар ишни кўриб
чиқишда текшириш предмети бўлган.
Яъни, юқоридаги ҳолатлар суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш
предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум
бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар эмас.
Даъвогар томонидан билдирилган важлар биринчи инстанция суди
томонидан муҳокама этилган бўлиб, ушбу важларга ишни кўриш жараёнида
тегишли баҳо берилган. Шунингдек, билдирилган важлар суд қарорини янги
очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун эмас, балки қарорга нисбатан
апелляция тартибида шикоят (протест) киритишга асос бўлади.
ИПКнинг 327-моддасида кўрсатилган тўртта асоснинг бирортаси мазкур
аризада мавжуд эмас ва уни кенгайтириб талқин қилинишига йўл қўйилмайди.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати апелляция шикоятида билдирилган
важлар асосида биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиш ёки
ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
ИПКнинг 281-моддасига биноан, апелляция инстанцияси суди апелляция
шикояти (протести)ни кўриш натижалари бўйича қарорни, ажримни
ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
ИПКнинг 118-моддаси биринчи қисмига биноан, суд харажатлари ишда
иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига
мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати, апелляция шикоятини
қаноатлантирмасдан, ажримни ўзгаришсиз қолдиришни ҳамда ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 75 000 сўм суд
харажатини даъвогар зиммасига юклашни лозим топди.
Бинобарин, ИПКнинг 118, 327, 278, 281-моддаларини қўллаб, судлов
ҳайъати
Бўстон туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 2 ноябрдаги ажрими
ўзгаришсиз қолдирилсин.
“BAHT TEXTILE ANDIJON” масъулияти чекланган жамиятидан Олий суднинг
депозит ҳисоб-рақамига 75 000 сўм суд харажати ундирилсин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарордан норози тараф қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир йил
ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) бериши мумкин.
Раислик этувчи
Ш.Мирзаев
Ҳайъат аъзолари
Т.Атабоев
Д.Убайдуллаев