← Назад
Решение #674988 Экономические
Решение
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
13
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| Шу сабабли суд жавобгарга нисбатан ишни ИПК | 170 | — | law | |
| Шу сабабли суд учинчи шахсларга нисбатан ишни ИПК | 170 | — | law | |
| Ушбу кодекс | 646 | — | code_article | |
| оси ушбу Кодекс | 356 | — | code_article | |
| олларда ушбу Кодекс | 383 | — | code_article | |
| Ушбу кодекс | 671 | — | code_article | |
| пудратчи ушбу Кодекс | 382 | — | code_article | |
| ушбу кодекс | 234 | — | code_article | |
| ИПК | 68 | — | law | |
| онуннинг | 24 | — | law | |
| бандида ФК | 326 | — | law | |
| дори ФК | 327 | — | law | |
| ИПК | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI
TOSHKENT VILOYATI
OHANGARON TUMANLARARO
IQTISODIY SUDI
РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН
ТАШКЕНТСКАЯ ОБЛАСТЬ
АХАНГАРАНСКИЙ
МЕЖРАЙОННЫЙ
ЭКОНОМИЧЕСКИЙ СУД
Индекс:110300 Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри, Эзгулик кўчаси 100 уй. Тel: (0-370) 645-55-40
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН
ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
2023 йил 10 январь
4-1107-2202/708-сонли иш
Оҳангарон туманлараро иқтисодий судининг судьяси Х.Каримов судья ёрдамчиси
А.Ўктамов котиблигида даъвогар Оҳангарон туман йўллардан фойдаланиш унитар
корхонасининг жавобгар Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимига нисбатан 277.472.348 сўм
асосий қарз ва 55.494.469 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризасини даъвогар
вакили Ш.Абдуллаев (ишончнома асосида) иштирокида ўзининг биносида очиқ суд
мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Ишдаги ҳужжатларга кўра, Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими (қуйида - жавобгар
ёки буюртмачи) ва Оҳангарон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси (қуйида
- даъвогар ёки пудратчи) ўртасида 16.09.2021 йилда шартнома тузилган. Шартномага
кўра, пудратчи буюртмачи топшириғига кўра қурилиш майдонида смета асосида жорий
таъмирлаш ишларини бажаришни, буюртмачи эса ҚҚС билан 260.000.000 сўм маблағ
тўлаб беришни зиммасига олган.
Даъво аризага кўра, пудратчи томонидан 277.472.348 сўмлик пудрат ишлари
бажарилган. Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасининг 16.09.2021 йилдаги 25/10135-сонли кафолат хатига кўра, бажарилган пудрат ишлари учун барча тўловлар
01.11.2021 йилга қадар тўлаб берилиши маълум қилинган бироқ, пул маблағлари етарли
бўлмагани сабабли тўловлар амалга оширилмаган. Пудратчининг қарздорликни
сўндириш ҳақидаги талабномасини буюртмачи оқибатсиз қолдирган ва шундан сўнг
судда иқтисодий иш қўзғатилган.
Суд мажлисида иштирок этган даъвогар вакили бажарилган асфальтлаш ишлари
учун тўловлар умуман амалга оширилмаганини маълум қилди ва жавобгарга нисбатан
даъво талабларини тўлиқ қаноатлантириб беришни сўради.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида жавобгар тегишли тарзда хабардор
қилинган бироқ, унинг вакили ишда иштирок этмади. Шу сабабли суд жавобгарга
нисбатан ишни ИПК 170-моддаси 3-қисми тартибида унинг иштирокисиз кўриб чиқади.
Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида низонинг предметига нисбатан мустақил
талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс Ангрен шаҳар молия бўлими ва Ангрен
шаҳар ғазначилиги хабардор қилинган бироқ, уларнинг вакиллари ишда иштирок
этмади. Шу сабабли суд учинчи шахсларга нисбатан ишни ИПК 170-моддаси 3-қисми
тартибида унинг иштирокисиз кўриб чиқади.
Суд даъвогар вакилининг кўрсатмасини тинглаб, тўпланган ҳужжатларни ва
экспертиза натижаларини ўрганиб чиқиб, қуйидагилар асосида даъво аризани қисман
қаноатлантиришни лозим топади.
ФК 631-моддаси 1-қисмида пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи)
иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва
унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади,
буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш
мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача
тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади,
дейилган.
Ушбу кодекснинг 646-моддасига кўра, буюртмачи бажарилган ишни (унинг
натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи
иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши, иш натижасини ёмонлаштирадиган
даражада шартномадан чекиниш ёки бошқа камчиликлар аниқланган тақдирда эса, бу
тўғрида пудратчига дарҳол маълум қилиши шарт.
Ишни қабул қилиш вақтида унинг камчиликларини аниқлаган буюртмачи бу
камчиликлар ёхуд уларни тузатиш тўғрисида кейинчалик талаб қўйиш мумкинлиги
далолатнома ёки қабул қилишни тасдиқловчи бошқа ҳужжатда кўрсатилган
ҳоллардагина уларни важ қилиб келтиришга ҳақли.
Буюртмачи ишни текширмасдан қабул қилган бўлса, уни қабул қилишнинг оддий
усулида аниқланиши мумкин бўлган камчиликлар (очиқ кўриниб турган
камчиликлар)ни далил қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Буюртмачи иш қабул қилиб олинганидан сўнг унда пудрат шартномасидан
чекинишлар ёки ишни қабул қилишнинг оддий усулида аниқланиши мумкин бўлмаган
бошқа хил камчиликлар (яширин камчиликлар)ни, шу жумладан, пудратчи қасддан
яширган камчиликларни аниқласа, улар аниқланганидан сўнг ўн кунлик муддат ичида
бу тўғрида пудратчига хабар қилиши шарт.
Буюртмачи билан пудратчи ўртасида бажарилган ишнинг камчиликлари ёки
уларнинг сабаблари юзасидан низо келиб чиққан тақдирда, истаган тарафнинг талаби
бўйича экспертиза тайинланиши керак. Экспертиза ўтказиш харажатлари пудратчи
зиммасида бўлади, экспертиза пудрат шартномаси бузилмаганлигини ёки пудратчининг
ҳаракатлари билан аниқланган камчиликлар ўртасида сабабий боғланиш йўқлигини
аниқлаган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда экспертиза харажатларини
экспертиза ўтказишни талаб қилган тараф, агар экспертиза тарафларнинг ўзаро
келишуви билан тайинланган бўлса, иккала тараф тенг миқдорда тўлайди.
Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи
бажарилган ишни қабул қилишдан бош тортганида, пудратчи шартномага биноан иш
натижаси буюртмачига топширилиши керак бўлган кундан бошлаб бир ой ўтгач ва
шундан кейин буюртмачини икки марта огоҳлантирган ҳолда иш натижасини сотиб
юборишга, тушган пулни эса, пудратчига тегишли ҳамма тўловларни чегириб ташлаб,
нотариал идоранинг депозитига буюртмачининг номига киритиб қўйишга ҳақли.
Пудратчи пудрат нарсасини сотиш ўрнига уни ушлаб туриш ёки келтирилган зарарни
буюртмачидан ундириб олиш ҳуқуқидан фойдаланишга ҳақли.
Агар буюртмачининг бажарилган ишни қабул қилишдан бош тортиши ишни
топшириш кечикиб кетишига сабаб бўлган бўлса, тайёрланган (қайта ишланган)
ашёнинг тасодифан нобуд бўлиш хавфи ашё топширилиши лозим бўлган пайтда
буюртмачига ўтган деб ҳисобланади.
Олий хўжалик суди Пленумининг 23.12.2006 йилдаги “Иқтисодий судлар
томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда
қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 306-сонли қарорининг
9-бандида, ФКнинг 646 ва 680-моддаларига кўра, буюртмачи бажарилган ишни (унинг
натижасини) пудрат шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда пудратчи
иштирокида кўриб чиқиши ва қабул қилиши шарт бўлиб, бу ҳақда иккала тараф
томонидан имзоланадиган далолатнома расмийлаштирилади.
Тарафлардан бири далолатномани имзолашдан бош тортса, бу тўғрида ушбу
далолатномага ёзиб қўйилади ва далолатномани иккинчи тараф имзолайди. Суд
далолатномани имзолашдан бош тортиш сабабларини асосли деб топсагина, ишлар
натижасини топшириш ёки қабул қилишнинг бир тарафлама далолатномасини ҳақиқий
эмас деб топиши мумкин. Далолатномани имзолашдан бош тортиш асосли ҳисобланади,
агар бош тортишга қуйидагилар сабаб бўлган бўлса:
бажарилган ишдан қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилган мақсадда
фойдаланиш имкониятини бермайдиган камчиликлар борлиги буюртмачи томонидан
аниқланган ва уларни пудратчи, буюртмачи ёки учинчи шахс бартараф этиши мумкин
бўлмаган тақдирда;
қонунда ёки қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ёки шартнома
юзасидан бажариладиган ишнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолларда пудратчи
дастлабки синовдан бош тортган тақдирда, деб тушунтириш берилган.
Даъво аризага илова қилинган актларга кўра, буюртмачига тегишли объектда
пудратчи томонидан 277.472.348 сўмлик асфальтлаш ишлари бажарилган. Бироқ, ушбу
актлар буюртмачи томонидан имзоланмаган ва шу сабабли суднинг ажрими билан
пудратчи томонидан бажарилган ишларнинг ҳажми ва суммасини аниқлаш учун назорат
ўлчови тарзида экспертиза тайинланиб, уни ўтказиш “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ
қошидаги “SQB Construction” МЧЖ зиммасига юклатилди ва қуйидаги саволлар
қўйилди:
1. Тошкент вилоят Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳудудида пудратчи
Оҳангарон туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан бажарилган
пудрат (асфальтлаш) ишларининг ҳажми аниқлансин ?
2. Тошкент вилоят Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳудудида пудратчи
Оҳангарон туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан бажарилган
пудрат (асфальтлаш) ишларининг қиймати аниқлансин ?
Назорат ўлчови натижаси бўйича тузилган хулосада пудратчи томонидан объектда
2.486 м2 асфальт ётқизиш ишлари бажарилгани, бажарилган ишларнинг қиймати ҚҚС
билан 277.472.348 сўмни ташкил этиши қайд этилган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартномада объектда бажарилиши керак бўлган
ишларнинг қиймати ҚҚС билан 260.000.000 сўм этиб белгиланган, даъво аризада эса
272.472.348 сўмни ундириб олиш талаби баён этилган.
ФК 636-моддасида пудрат шартномасида бажариладиган ишнинг баҳоси ёки уни
аниқлаш усуллари кўрсатилади. Улар шартномада кўрсатилган бўлмаса, ишнинг баҳоси
ушбу Кодекс 356-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланади.
Пудрат шартномасидаги ишнинг баҳоси пудратчининг чиқимларини ва унга
тўланадиган ҳақни ўз ичига олади.
Ишнинг баҳоси смета тузиш йўли билан аниқланиши мумкин.
Иш пудратчи томонидан тузилган смета бўйича бажарилган тақдирда, смета
буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат
шартномасининг бир қисми бўлиб қолади.
Ишнинг баҳоси (смета) тахминий ёки қатъий бўлиши мумкин. Пудрат
шартномасида бундай кўрсатма бўлмаса, ишнинг баҳоси (смета) қатъий ҳисобланади.
Агар қўшимча ишларни бажариш зарур бўлиб қолса ва шу сабабли ишнинг
тахминан белгиланган баҳосини (тахминий сметани) анча оширишга тўғри келса,
пудратчи бу ҳақда буюртмачини вақтида огоҳлантириши шарт. Буюртмачи пудрат
шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани) оширишга рози бўлмаган
тақдирда, шартномадан воз кечишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи буюртмачидан
ишнинг бажарилган қисмининг баҳосини тўлашни талаб қилиши мумкин.
Буюртмачини пудрат шартномасида кўрсатилган ишнинг баҳосини (сметани)
ошириш зарурлиги тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирмаган пудратчи иш учун
шартномада кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда
шартномани бажариши шарт.
Пудратчи, қоида тариқасида, қатъий баҳо (қатъий смета)ни оширишни, буюртмачи
эса уни камайтиришни талаб қилишга, шу жумладан бажарилиши керак бўлган ишнинг
тўла ҳажмини ёки бунинг учун зарур харажатларни пудрат шартномаси тузилаётган
пайтда назарда тутиш имконияти бўлмаган ҳолларда ҳам, ҳақли эмас.
Пудратчи томонидан тақдим қилиниши керак бўлган материаллар ва ускуналар,
шунингдек учинчи шахслар томонидан унга кўрсатиладиган хизматлар баҳоси анча
ошган ва буни шартнома тузиш вақтида назарда тутиш мумкин бўлмаган ҳолларда ушбу
Кодекснинг 383-моддасига биноан пудратчи белгиланган иш баҳосини (сметани)
оширишни талаб қилишга, буюртмачи бу талабни бажаришдан бош тортган тақдирда
эса, шартномани бекор қилишни талаб қилишга ҳақли, деб белгиланган.
Ушбу кодекснинг 671-моддаси 1-3-қисмларига кўра, агар техник ҳужжатларга
ўзгартишлар киритиш туфайли бажарилиши керак бўладиган қўшимча ишлар қиймати
жиҳатидан сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошиб
кетмаса ва қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини
ўзгартирмаса, буюртмачи техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритишга ҳақли.
Техник ҳужжатларга ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилганига нисбатан
каттароқ ҳажмда ўзгартишлар киритиш тарафлар келишган қўшимча смета асосида
амалга оширилади.
Агар ишнинг қиймати пудратчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра сметадан
камида ўн фоиз ошган бўлса, пудратчи ушбу Кодекснинг 382-моддасига мувофиқ
сметани қайта кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли.
ФК 638-моддасида агар пудрат шартномасида бажарилган ишга ёки унинг айрим
босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи пудратчига
шартлашилган ҳақни иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда ёхуд буюртмачининг
розилиги билан муддатидан олдин бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил
топширилганидан кейин тўлаши шарт.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 234-моддаси 2-қисмига кўра, мажбуриятлар
шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа
асослардан келиб чиқади. Мазкур ҳолатда даъвогар ва жавобгарнинг ҳуқуқ ва
мажбурияти шартномадан келиб чиққан.
Қолаверса, ФК 256-моддаси 4-қисмида агар бир тараф шартномада белгилаб
қўйилган ўз мажбуриятини бажармаган бўлишига қарамай, иккинчи тараф
мажбуриятнинг муқобил ижросини амалга оширган бўлса, биринчи тараф ўз
мажбуриятини бажариши шарт, дейилган.
ИПК 68-моддаси 1-қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари
ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шартнома бўйича объектда бажариладиган
ишларнинг қиймати 260.000.000 сўм, бироқ суд ажрими асосида ўтказилган назорат
ўлчови натижасида объектда 277.472.348 сўмлик ишлар бажарилгани аниқлангани,
17.472.348 сўм (277.472.348-260.000.000) шартномада кўрсатилган қурилиш умумий
қийматининг ўн фоизидан ошиб кетмагани, шунингдек бажарилган бутун ишларнинг
ҳажми, қийматига нисбатан тарафлар ўртасида низо бўлмагани учун суд жавобгар
ҳисобидан даъвогар фойдасига 277.472.348 сўм ундириб беришни лозим топади.
Даъво аризада жавобгар ҳисобидан 55.494.469 сўм пеня ундирииш талаби баён
этилган.
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси
тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддаси 2-қисмига кўра, агар қонун ҳужжатларида ёки
шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини
бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун ушбу Қонуннинг 25-32моддаларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Тарафлар ўртасидаги шартноманинг 14.2-бандида буюртмачи ушбу шартнома
бўйича ўз мажбуриятини бажармаса жумладан, тўловларни тўламаса, кечиктирилган ҳар
бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,1 фоизи миқдорида бироқ, 20 фоиздан
ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши кўрсатилган.
Шу сабабли даъвогар тўлов кечиктирилган барча кунлар учун 55.494.469 сўм пеня
ҳисоблаган. Гарчи, даъвогарнинг пеня ҳисоблашга оид талаби асосли бўлсада, бироқ
ундириш талаб этилаётган пенянинг миқдорини суд қисман камайтиришни лозим
топади.
Хусусан, ФК 326-моддасида агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг
мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани
камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги,
мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг
манфаатлари эътиборга олиниши керак.
Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб,
кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эгалиги
белгиланган.
Шунингдек, Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 163-сонли
“Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий
жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим
масалалари ҳақида”ги қарорининг 4-бандида ФК 326-моддасига мувофиқ суд қарздор
томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи
тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга
олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Шу билан бирга судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, неустойканинг энг кам
миқдори ФК 327-моддасида кўрсатилган фоизлар миқдоридан кам бўлмаслиги лозим,
деб тушунтириш берилган.
Бундай ҳолда суд 277.472.348 сўм тўловлар жавобгар томонидан 8 ойдан бери
тўланмай келганини инобатга олиб, ФК 327-моддаси асосида жавобгардан даъвогар
фойдасига 27.747.240 сўм пеня ундиришни лозим топади (277.472.348 х 15 % =
41.620.853 / 12ой=3.468.405х8 ой).
ИПК 118-моддаси 3-қисмида даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод
қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса,
қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан
республика бюджети даромадига ундирилади, дейилган.
Шу сабабли суд ушбу иш бўйича ҳисобланган 6.659.336,34 сўм давлат божини
шунингдек, олдиндан тўланган 24.000 сўм почта харажатини жавобгар зиммасига
юклайди ва ИПК 68, 118, 170, 176-177-моддалари асосида
қ а р о р қ и л д и:
Даъво талаби қисман қаноатлантирилсин.
Жавобгар Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳисобидан :
-даъвогар Оҳангарон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси фойдасига
277.472.348 сўм асосий қарз, 27.747.240 сўм пеня ва 21.600 сўм почта харажати ;
-республика бюджетига 6.659.336,34 сўм давлат божи ундирилсин.
Даъво талабининг қолган қисми рад этилсин.
Ҳал қилув қарорининг нусхаси тарафларга юборилсин.
Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин ижро варақаси берилсин.
Ҳал қилув қарори устидан ИПКда белгиланган тартибда ва муддатда шикоят
бериш (протест келтириш) мумкин.
Судья
Х.Каримов