Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1702-2202/1404 Дата решения 05.01.2023 Инстанция Апелляция Тип документа Постановление Суд Асакинский межрайонный экономический суд Судья Убайдуллаев Дилшоджон Мухиддинович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение АТ Халк Банки Мархамат филиали давлат акционерлик жамияти Ответчик / Подсудимый Зарифжон Хамкор масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1002221 Claim ID 3018271 PDF Hash 04014216b8847896... Загружено 09.04.2026 08:09 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 7
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ИПКнинг 274-моддаси ИПКнинг 274 law
Биринчи инстанцияси суди ИПКнинг 107-моддаси Биринчи инстанцияси суди ИПК 107 law
илинмаганлиги асоси билан даъво аризасини ИПКнинг 107-моддаси илинмаганлиги асоси билан даъво аризасини ИПК 107 law
ИПКнинг 276-моддаси ИПКнинг 276 law
онуннинг 18-моддаси онуннинг 18 law
Суд томонидан ИПКнинг 177-моддаси Суд томонидан ИПК 177 law
ИПКнинг 281-моддаси ИПКнинг 281 law
Текст решения Оригинал (узб.)
ANDIJON VILOYAT SUDI АНДИЖАНСКИЙ ОБЛАСТНОЙ СУД 170100, Andijon sh, Navoiy shoh k-si, 15 170100, г.Андижан, улица Навоий шох, 15 Тел: (0-374) 223-49-21, факс: 228-39-72, Веб-сайт: www.oliysud.uz, эл.почта: and.vis@umail.uz ҚАРОР Андижон шаҳри 2023 йил 5 январь 4-1702-2202/1404-сонли иш Биринчи инстанцияда ишни кўрган судья С.Юлдашев Андижон вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, суд раиси ўринбосари Ш.Мирзаев раислигида, судьялар У.Холиков ва Д.Убайдуллаевдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси Х.Азизовнинг котиблигида, тарафлар вакиллари иштирокисиз, Асака туманлараро иқтисодий судининг 4-1702-2202/1404-сонли иқтисодий иш бўйича 2022 йил 11 ноябрда қабул қилинган ажримининг қонунийлигини Ўзбекистон Савдосаноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан киритилган апелляция шикояти асосида иш ҳужжатлари билан биргаликда, Андижон вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб қуйидагиларни аниқлади: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнларда – “палата” деб юритилади) палата аъзоси АТ “Халқ банки” (бундан буён матнларда – “даъвогар” ёки “банк” деб юритилади) манфаатида иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, “Зарифжон Хамкор” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан буён матнларда – “жавобгар” деб юритилади) 61 955 000 сўм асосий қарз, 11 159 000 сўм фоиз, 161 000 сўм пеня жами 283 275 000 сўм ундириш, ундирувни “NETAL KONDR” масъулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнларда – “қўшимча жавобгар” деб юритилади) тегишли гаровдаги мулкларига қаратишни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2022 йил 11 ноябрдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнларда – “ИПК” деб юритилади) 107-моддаси биринчи қисми 3-банди билан даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган. Мазкур ажримдан норози бўлиб, палата томонидан киритилган апелляция шикоятида биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўраган. Суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган даъвогар ва жавобгардан вакиллар суд мажлисида иштирок этмади. ИПКнинг 274-моддаси тўртинчи қисмига биноан, апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳақидаги ажрими тарафларга белгиланган тартибда юборилган, қолаверса, шикоят берган тараф, банк вакиллари суд мажлисининг бошқа кунга қолдирилганидан бевосита хабари бўлган. Шу сабабли судлов ҳайъати ишни тарафлар вакиллари иштирокисиз кўришни лозим топади. Судлов ҳайъати апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини қисман қаноатлантиришни ҳамда ажримни тўлиқ бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топди. Шунингдек, судлов ҳайъати АТ “Халқ банки” Марҳамат туман филиали бошқарувчиси М.Парпиевнинг судга электрон шаклда юборган апелляция шикоятидан воз кечиш ҳақидаги аризасини қабул қилмасликни лозим топади. Чунки, АТ “Халқ банки” Марҳамат туман филиали бошқарувчиси М.Парпиевга вилоят филиали бошлиғи томонидан берилган 2022 йил 15 мартдаги 11/10-сонли ишончномада унга апелляция шикоятидан воз кечиш ваколати берилмаган. Аниқланишича, даъвогар билан жавобгар ўртасида 2020 йил 9 октябрда 233-сонли кредит шартномаси (бундан буён матнларда – “шартнома” деб юритилади) тузилган. Шартнома шартларга кўра, даъвогар томонидан жавобгарга мед диагностика хизматини ташкил этиш ва жихозлаш учун 525 000 000 сўм миқдорида, 36 ой муддатга, йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан кредит маблағлари ажратилган, жавобгар кредит тани ва фоизларини тўлов жадвалига асосан ўз вақтида тўлаб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Кредит шартномасининг таъминоти сифатида гаров шартномаси асосида қўшимча жавобгарга тегишли Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Қушчи маҳалла фуқаролар йиғини, Шеробод кўчасида жойлашган гараж биноси ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан гаровга қўйилган. Кредит шартномасида кредит маблағлари ва фоизлари тўланиб борилиш муддатлари ҳақида келишилган бўлса-да, жавобгар ушбу тўлов муддатларини бузиб, кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятини бажармаганлиги натижасида 2022 йил 17 октябрь ҳолатига 61 955 000 сўм муддати ўтган кредит қарздорлиги, 11 159 000 сўм кредит фоиз қарздорлиги, унга ҳисобланган 161 000 сўм пенядан қарздорлик вужудга келган. Даъвогар томонидан жавобгарга юборилган талабнома оқибатсиз қолдирилгандан сўнг палата даъвогар манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан кредит қарздорликларини ундириш ҳамда ундирувни қўшимча жавобгарга тегишли бўлган гаровдаги мулкларга қаратишни сўраган. Биринчи инстанцияси суди ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисми 3-банди билан даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақида барвақт тўхтамга келган. Биринчи инстанция суди палата томонидан киритилган даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва даъвогар ўртасида тузилган аъзолик шартномаси ҳамда гувоҳномаси илова қилинмаганлиги асоси билан даъво аризасини ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисми 3-банди билан кўрмасдан қолдириш ҳақида тўхтамга келган. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва банк ўртасида 2022 йил 19 августда 240-2022-сонли Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига аъзолик тўғрисида шартнома тузилган бўлиб, бу тўғрисида палатага аъзо бўлганлиги ҳақидаги тегишли гувоҳнома тақдим этилган. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва банк ўртасида аслида аъзолик шартномаси мавжуд бўлиб, шартнома нусхаси ҳамда гувоҳнома апелляция шикоятига қўшиб судга тақдим этилган. Даъвогар даъво талабида жавобгардан 61 955 000 сўм асосий қарз, 11 159 000 сўм фоиз, 161 000 сўм пеня жами 283 275 000 сўм ундиришни ҳамда ундирувни қўшимча жавобгарга тегишли гаровдаги мулкларига қаратишни сўраган. Биринчи инстанция суди давлат божини ҳисоблашда ва ундиришда ҳам хатоликка йўл қўйиб, иш якуни бўйича тарафдан бюджетга 4 200 000 сўм кам давлат божи ундирган. ИПКнинг 276-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига биноан, суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин. Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 36-сон қарорининг 17-бандида “Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатида киритган даъво аризалари (аризалар) кўрмасдан қолдирилганда ёки иш юритиш тугатилганда давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган даъвогарлардан ундирилади, бунда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, даъво кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилган ҳоллар мустасно” деб тушунтириш берилган. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги “Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида”ги 161-сон қарорининг 1-2-бандларида “Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ИПКнинг 279 ва 302-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин. Суд томонидан ИПКнинг 177-моддасида назарда тутилган барча масалаларни ҳал этмайдиган, юзаки, асослантирилмаган қарорларнинг қабул қилиниши мумкин эмас. Қарор процессуал ҳуқуқ нормаларига аниқ риоя этилган ва низоли ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос ҳолда қабул қилинган тақдирда қонуний ҳисобланади.” деб тушунтириш берилган. ИПКнинг 281-моддаси учинчи қисми 2 ва 3-бандларига биноан, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорни, ажримни ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга; даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш, иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини, ишни биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун юборишга ҳақли. Юқоридагиларни инобатга олиб, биринчи инстанция судининг даъво аризасини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни, ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди даъво аризаси палата бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Ш.Ғаниев томонидан имзоланганлигига, Ш.Ғаниевда даъво аризасини имзолаш ваколати мавжуд ёки мавжуд эмаслигига, даъвогарнинг даъво талабларига, хусусан, асосий кредит қарздорлиги, фоизлар, унга ҳисобланган пеня суммаси қанчани ташкил этишига аниқлик киритиши, ишда тарафлар вакилининг иштирокини тўлиқ таъминлаб, уларнинг тушунтиришини олган ҳолда ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва важларига баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб ҳамда келгусида айбдор тарафдан биринчи ва апелляция инстанцияси учун суд харажатларини ундириш масаласини ҳал этган ҳолда қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим бўлади. Бинобарин, ИПКнинг 278-281-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати қ а р о р қ и л а д и: АТ “Халқ банки” Марҳамат туман филиали бошқарувчиси М.Парпиевнинг апелляция шикоятидан воз кечиш ҳақидаги аризаси қабул қилинмасин. Апелляция шикояти қисман қаноатлантирилсин. Асака туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 11 ноябрдаги ажрими бекор қилинсин. Иш янгидан биринчи инстанциясида кўриш учун Асака туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Қарордан норози тараф қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) бериши мумкин. Раислик этувчи Ш.Мирзаев Ҳайъат аъзолари У.Холиков Д.Убайдуллаев