Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1706-2201/2298 Дата решения 27.12.2022 Инстанция Первая инстанция Тип документа Решение Суд Ходжиабадский межрайонный экономический суд Судья Абидов Жасурбек Косимович Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение KELAJAK MAGISTRALI масъулияти чекланган жамияти Ответчик / Подсудимый BINOKOR MADAD QURILISH масъулияти чекланган жамияти
Source ID 1008873 Claim ID 3079325 PDF Hash 5d04e658be2c39a6... Загружено 09.04.2026 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 4
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
ФКнинг 236-моддаси ФКнинг 236 law
ФКнинг 437-моддаси ФКнинг 437 law
ФКнинг 449-моддаси ФКнинг 449 law
ИПКнинг 118-моддаси ИПКнинг 118 law
Текст решения Оригинал (узб.)
XO‘JAOBOD TUMANLARARO IQTISODIY SUDI KHODJAOBOD INTER-DISTRICT ECONOMIC COURT 171400, Andijon viloyati, Xo‘jaobod shahar, Pok niyat ko‘chasi, 2-uy 171400, Andijan region, Khodjaobod city, Pok niyat street, 2. Тel., Ғах: (+998-74) 741-12-82, veb-sayt: www.oliysud.uz, е-mail: i.xujaobod@sud.uz ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ 2022 йил 27 декабрь 4-1706-2201/2298-сонли иш Хўжаобод туманлараро иқтисодий суди, судья Ж.К.Абидовнинг раислигида, судья ёрдамчиси А.Т.Алиқуловнинг суд мажлиси котиблигида, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармасининг даъвогар - “***************” масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, жавобгар - “***************” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 60 283 813 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъв аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий ишни даъвогар вакили ********** (2022 йил 27 декабрь кунги 305-сонли ишончнома асосида), жавобгар вакили ************* (ишончнома асосида) иштирокида, Хўжаобод туманлараро иқтисодий суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни А Н И Қ Л А Д И: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда “Палата” деб юритилади) “***************” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда “Даъвогар” деб юритилади) манфаатида, Хўжаобод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “***************” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда “Жавобгар” деб юритилади)га нисбатан тарафлар ўртасида тузилган махсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан вужудга келган 60 283 813 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган палатадан вакил суд мажлисида иштирок этмади. Палата даъво аризасида иктисодий ишни ўз вакили иштирокисиз кўриб чиқишни сўраган. Суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан кейин матнда “ИПК” деб юритилади)нинг 128, 170-моддасига асосан ишни палата вакили иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топди. Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабларини қўллаб-қувватлаб, даъво аризасида билдирилган важларни такрорлаб, судга даъво ариза киритилгандан сўнг жавобгар томонидан қисман, яъни 25 000 000 сўм тўловлар амалга оширилганлигини билдириб, тўланган суммани чегирган ҳолда қолган қарздорликни ундириб беришни сўради. Суд мажлисида жавобгар вакили даъво талабини қисман тан олиб, ҳақиқатан ҳам даъвогар билан махсулот етказиб бериш шартномаси тузилганлигини, даъвогар томонидан махсулотлар етказиб берилганлигини, молиявий қийнчиликлар туфайли қарздорликни тўлашни имкони бўлмаганлигини билидириб, судга ариза киритилганидан сўнг 25 000 000 сўм қисман тўловлар амалга оширилганлигини, қолган қарздорликни тез кунларда бартараф қилишини маълум қилиб, қонуний қарор қабул қилишни суд ҳукмига ҳавола қилди. Суд ишда иштирок этган тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қисман қаноатлантиришни, ишни кўриш билан боғлиқ барча суд харажатларини жавобгар зиммасига юклашни лозим топади. Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар (Сотувчи) ва жавобгар (Харидор) ўртасида 2022 йил 25 май куни 50-сонли маҳсулот етказиб бериш тўғрисида шартнома (бундан буён матнда “Шартнома”деб юритилади) тузилган. Мазкур шартноманинг 1.1-бандига кўра даъвогар (Сотувчи) жавобгарга (Сотиб олувчи)га шартномада белгиланган миқдор ва нархларда “тайёр бетон аралашмаси” махсулотларини етказиб бериш, жавобгар эса маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва тўловни амалга ошириш мажбуриятини олган. Шартноманинг 3.1-бандига кўра товарлар ва уларни етказиб беришлиги учун тўловларни жавобгар олдиндан 100 фоиз тўлаши белгиланган. Шартноманинг 5.1-бандига асосан тарафлар томонларнинг бири шартнома талабларини бажармаган тақдирда ўртада келиб чиққан низолар ўзаро келишув ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ Хўжаобод туманлараро иқтисодий суди орқали ҳал қилинишига келишилган. Шартномага асосан даъвогар жавобгарга 2022 йил 31 май кунги 102-сонли электрон ҳисобварақ-фактураси орқали 20 745 000 сўмлик, 2022 йил 30 июнь кунги 130-сонли электрон ҳисобварақ-фактураси орқали 245 267 813 сўмлик, 2022 йил 31 июль кунги 170-сонли электрон ҳисобварақфактураси орқали 182 415 400 сўмлик, 2022 йил 31 август кунги 205-сонли электрон ҳисобварақ-фактураси орқали 71 855 600 сўмлик, жами 520 283 813 сўмлик тайёр бетон қоришма махсулотларини етказиб берган. Бироқ, жавобгар томонидан шартнома шартларини лозим даражада бажармасдан, олинган маҳсулотлар учун 460 000 000 сўм тўловларни амалга оширган ҳолда, даъвогар олдида 60 283 813 сўм қарздорлиги юзага келган. Етказиб берилган маҳсулот ҳақини ихтиёрий тўлаш ҳақида даъвогар томонидан жавобгарга 2022 йил 18 октябрь куни юборилган талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган. Натижада палата даъвогар манфаатида жавобгардан 60 283 813 сўм асосий қарздорликни ундириш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 234-моддасига кўра мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда Фуқаролик кодексида кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади. ФКнинг 236-моддасига мувофиқ мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. ФКнинг 437-моддасига кўра маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи — сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади. ФКнинг 449-моддасининг учинчи қисмига асосан агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли. Суд даъво талабини асосли деб ҳисоблайди, чунки жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарздорлиги тарафларнинг тушунтиришлари, даъво аризасига илова қилинган иш ҳужжатлари, шартнома ва ҳисобварақ-фактуралар билан ўз тасдиғини топади. Бироқ, тарафлар вакилларининг суд мажлисида берган тушунтиришлари ва даъвогар томонидан тақдим этилган 2022 йил 27 декабрь кунги маълумотномага асосан жавобгар томонидан даъвогар олдидаги қарзи бўйича судга даъво ариза топширилганидан сўнг 25 000 000 сўм тўловлар амалга оширилган. Юқоридагиларга кўра, суд жавобгар томонидан даъво ариза судга тақдим қилинганидан сўнг қисман тўловлар амалга оширилганлигини инобатга олиб, даъво талабини қисман қаноатлантиршни ва жавобгардан тўланган маблағларни чегирган ҳолда даъвогар фойдасига 35 283 813 сўм асосий қарзни ундиришни лозим топди. ИПКнинг 118-моддасига кўра суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади. Даъвогарнинг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилса, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади. Юқоридагиларга кўра, суд даъво талабини қисман қаноатлантиришни ва ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини жавобгар зиммасига юклашни лозим топди. Бинобарин, ИПКнинг 118, 128, 170, 176-180-моддаларини қўллаб, суд ҚАРОР Қ И Л А Д И: Даъво талаби қисман қаноатлантирилсин. “***************” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан “***************” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 35 283 813 сўм асосий қарз, 24 000 сўм почта харажати ундирилсин. Даъво талабининг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилсин. “***************” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан республика бюджетига 1 205 676,26 сўм давлат божи ундирилсин. Ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ижро варақалари берилсин. Мазкур ҳал қилув қарори устидан бир ойлик муддат ичида Хўжаобод туманлараро иқтисодий суди орқали Андижон вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов хайъатига апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Раислик қилувчи, судья Ж.К.Абидов