← Назад
Решение #748114 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
5
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 744 | — | law | |
| ФКнинг | 263 | — | law | |
| ФКнинг | 268 | — | law | |
| биринчи инстанция суди ФК | 326 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
ANDIJON
VILOYAT SUDI
АНДИЖАНСКИЙ
ОБЛАСТНОЙ СУД
170100, Andijon sh, Navoiy shoh k-si, 15
170100, г.Андижан, улица Навоий шох, 15
Тел: (0-374) 223-49-21, факс: 228-39-72, Веб-сайт: www.oliysud.uz, эл.почта: and.vis@umail.uz
ҚАРОР
Андижон шаҳри
2022 йил 2 ноябрь
4-1702-2202/356-сонли иш
Биринчи инстанцияда ишни
кўрган судья С.Юлдашев
Андижон вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, суд
раиси ўринбосари Ш.Мирзаев раислигида, судьялар А.Абдурахманов ва
Д.Убайдуллаевдан иборат таркибда, судья катта ёрдамчиси А.Далимовнинг
котиблигида, АТ “Халқ банки” акциядорлик жамияти вакили Д.Рахмонова
(2022 йил 28 июндаги 11/22-сонли ишончнома асосида), “ASALARICHILIK
KELAJAGI” масъулияти чекланган жамияти вакили У.Каримов (2022 йил
19 октябрдаги 3596-сонли ордер ва ишончнома асосида) иштирокида, Асака
туманлараро иқтисодий суди томонидан 4-1702-2202/356-сонли иқтисодий
иш бўйича 2022 йил 28 июлда қабул қилинган ҳал қилув қарорининг
қонунийлигини “ASALARICHILIK KELAJAGI” масъулияти чекланган жамияти
томонидан киритилган апелляция шикоятини ва унга илова қилинган
хужжатларни Андижон вилоят суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб
чиқиб, қуйидагиларни
аниқлади:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси
(бундан буён матнларда – “палата” деб юритилади) палата аъзоси “Халқ
банки” акциядорлик жамияти (бундан буён матнларда – “даъвогар” ёки “банк”
деб аталади) манфаатида иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат
қилиб, “ASALARICHILIK KELAJAGI” масъулияти чекланган жамиятидан (бундан
буён матнларда – “жавобгар” деб юритилади) 522 900 000 сўм кредит тани,
55 636 000 сўм фоиз, 1 889 000 сўм пеня ундириш, ундирувни “ASAКА
ASALARICHILIK” фермер хўжалигига (бундан буён матнларда – “қўшимча
жавобгар” деб юритилади) тегишли гаровга қўйилган мол-мулкларга
қаратишни сўраган.
Палата даъво аризасида ишни палата вакиллари иштирокисиз кўришни
сўраган.
Суднинг 2022 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари
қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 521 744 600 сўм
асосий қарз, 30 019 274 сўм муддати ўтган фоиз, 302 204 сўм пеня ва 24 000
сўм почта харажати ундирилган ва ундирув қўшимча жавобгарнинг гаровдаги
мулкларига қаратилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад
қилинган.
киритилган апелляция шикоятида, тарафлар ўртасида кредит шартномаси
тузилганлиги ва кредит шартномасининг ажралмас қисми бўлган кредитни
қайтариш жадвали имзоланганлиги, бироқ, кредит ажратилганидан сўнг банк
томонидан кредитни қайтариш жадвали хато эканлиги аниқланиб, кредит
суммаси ва фоизларини қайтаришни талаб қилиб, судга даъво аризаси
киритганлиги, даъво асоссиз қаноатлантирилганлиги, чунки, жавобгар
томонидан қарздорликни тўлашдан бўйин товлаш ҳолати бўлмаганлиги,
кредит шартномасида назарда тутилган 24 ойлик имтиёзли муддат эътиборга
олинмаганлиги, фоизларни ҳисоблашнинг оралиқ даври инобатга
олинмаганлиги, аслида фоизларни тўлаш муддати 2021 йилнинг июнь
ойидан юзага келиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси
ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси
ишга белгиланган тартибда жалб этилмаганлиги, ҳисобланган фоиз ва пеня
суммасининг ҳисобланиш манбаи ўрганилмаганлиги, суднинг ҳал қилув
қарори асослантирилмаганлиги ва бошқа важлар баён қилиб, биринчи
инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини
қаноатлантиришни рад этишни сўраган.
Жавобгар вакили апелляция шикоятида келтирилган важларини
такрорлаб, тарафлар ўртасида кредит шартномаси тузилганлигини ва кредит
шартномасининг ажралмас қисми бўлган кредитни қайтариш жадвали
имзоланганлигини, бироқ, кредит ажратилганидан сўнг банк томонидан
кредитни қайтариш жадвали хато эканлиги аниқланиб, кредит суммаси ва
фоизларини қайтаришни талаб қилиб, судга даъво аризаси киритганлигини,
даъво асоссиз қаноатлантирилганлигини, чунки, шартномага ўзгартириш
киритилмаганлигини, жавобгар томонидан қарздорликни тўлашдан бўйин
товлаш ҳолати бўлмаганлигини, кредит шартномасида назарда тутилган
24 ойлик имтиёзли муддат эътиборга олинмаганлигини, фоизларни
ҳисоблашнинг оралиқ даври инобатга олинмаганлигини, аслида фоизларни
тўлаш муддати 2021 йилнинг июнь ойидан юзага келишини, Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини
қўллаб-қувватлаш жамғармаси ишга белгиланган тартибда жалб
этилмаганлигини, ҳисобланган фоиз ва пеня суммасининг ҳисобланиш
манбаи ўрганилмаганлигини билдириб, шикоятни қаноатлантиришни
сўради.
Даъвогар вакили шикоятга нисбатан эътироз билдириб, тарафлар
ўртасида тузилган кредит шартномасига асосан ҳужжатлар расмийлаштириб
кредит ажратилганлигини, шартномага илова сифатида расмийлаштирилган
тўлов графиги нотўғри кўрсатилган бўлса-да, кредит шартномасида фоизлар
аниқ белгиланганлигини, тўлов графиги нотўғри кўрсатилганлик ҳолати
бўйича тегишли айбдор шахслар бунга жавоб бериши лозимлигини, бироқ,
жавобгар томонидан кредит шартномасида назарда тутилган фоиз суммалари
тўланиши лозим бўлган ҳолда у томонидан тўловлар тўланмай
келинаётганлигини билдириб, шикоятни рад этишни сўради.
Палата ва қўшимча жавобгар суд мажлиси ўтказилиши ҳақида
белгиланган тартибда огоҳлантирилган бўлса-да, суд мажлисига улардан
вакиллар келмади.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг кўргазмаларини тинглаб,
апелляция шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга
муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, апелляция шикоятини
қаноатлантирмасликни ҳамда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни
лозим топди.
Аниқланишича, даъвогар билан жавобгар ўртасида 2020 йил 17 декабрда
350-сонли кредит шартномаси (бундан буён матнларда – “шартнома” деб
юритилади) тузилган. Шартноманинг шартларга кўра, даъвогар томонидан
жавобгарга “Асал ва асалари маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш
ускуналари сотиб олиш” учун 521 744 600 сўм миқдорида, 84 ой муддатга,
24 ойлик имтиёзли даври билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий
банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкаси + 5 фоиз миқдорида устама
тўлаш шарти билан кредит маблағлари ажратилган, жавобгар кредит тани ва
фоизларини тўлов жадвалига асосан ўз вақтида тўлаб бориш мажбуриятини
ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасининг таъминоти сифатида расмийлаштирилган
гаров шартномасига асосан қўшимча жавобгарга тегишли Асака туман,
“Зарбдор” ҚФЙ, Найман маҳалласида 8725,05 кв метр ер майдонида
жойлашган қурилиш майдони 1488,73 кв.метр, фойдаланиш майдони 778,89
кв.метр, “0001” ифода билан белгиланган “омборхона” бино ва иншоотлари
гаровга қўйилган.
Кредит шартномасида кредит маблағлари ва фоизларини тўлаб бориш
муддатлари ҳақида келишилган бўлса-да, жавобгар ушбу тўлов муддатларини
бузиб, кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятини бажармаганлиги
натижасида 2022 йил 1 апрель ҳолатига 55 636 000 сўм кредит фоиз
қарздорлиги, унга ҳисобланган 1 889 000 сўм пенядан жами 57 525 000 сўм
муддати ўтган кредит қарздорлиги вужудга келган.
Даъвогар томонидан жавобгарга юборилган талабномалар оқибатсиз
қолдирилгандан сўнг палата банк манфаатида даъво аризаси билан судга
мурожаат қилиб, жавобгардан кредит қарздорликларини ундириш ҳамда
ундирувни қўшимча жавобгарга тегишли бўлган гаровдаги мулкларга
қаратишни сўраган.
Биринчи инстанцияси суди даъво талабларини қисман қаноатлантириб,
даъвогар фойдасига жавобгардан 521 744 600 сўм асосий қарз, 30 019 274 сўм
муддати ўтган фоиз, 302 204 сўм пеня ундириш, ундирувни қўшимча
жавобгарнинг гаровдаги мулкларига қаратиш, даъвонинг қолган қисмини рад
этиш ҳақида асосли ва қонуний тўхтамга келган.
Судлов ҳайъати жавобгарнинг апелляция шикоятида ҳамда суд
мажлисида келтирган важлари билан келиша олмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён
матнларда – “ФК” деб юритилади) 236-моддасига биноан, мажбуриятлар
мажбурият шартларига ва қонун хужжатлари талабларига мувофиқ лозим
даражада бажарилиши керак.
ФКнинг 744-моддасига биноан, кредит шартномаси бўйича бир тараф банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз
олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул
маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини
қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Пленумининг
2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сонли “Кредит шартномаларидан келиб
чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик
қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарорида ҳам
бу хусусида тегишли тушунтиришлар берилган.
Шартнома шартларига биноан, жавобгар 24 ойлик имтиёзли давр
мобайнида фоизларини тўлов жадвалига асосан ўз вақтида тўлаб бориш
мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Кредит шартномасига илова сифатида расмийлаштирилган тўлов
жадвали бўйича 2020 йилнинг декабрь ойидан 2022 йилнинг июнь ойига
қадар ҳар 6 ойда 6 536 250 сўмдан фоизларни тўлаши лозим бўлган.
Мазкур ҳолатда, тўлов жадвали шартнома шартларига мувофиқ бўлмаган
ҳолда расмийлаштирилган.
ФКнинг 263-моддасига биноан, суд шартнома шартларини шарҳлашда
ундаги сўз ва ибораларнинг асл маъносини эътиборга олади. Шартноманинг
шарти аниқ бўлмаса, унинг асл маъноси уни бошқа шартларга ва бутун
шартноманинг маъносига таққослаш йўли билан аниқланади.
Тарафлар ўртасида тузилган кредит шартномасининг 2.4-бандига
биноан, кредит бўйича фоиз ставкаси (йиллик): Ўзбекистон Республикаси
Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси +5,0 фоиз
миқдорида ҳар куни йиллик базавий давр – 365 кундан келиб чиққан ҳолда
ҳисоблаб ёзилишига келишилган.
Бундан кўринадики, жавобгар кредит тўловларини шартномасининг
2.4-бандидан келиб чиқиб, кредит бўйича фоиз ставкаси (йиллик):
Ўзбекистон
Республикаси
Марказий
банкининг
амалдаги
қайта
молиялаштириш ставкаси +5,0 фоиз миқдорида ҳар куни йиллик базавий
давр – 365 кундан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб тўлаб бориши лозим бўлади.
Банк томонидан жавобгарга тўлов топшириқномалари орқали 2021 йил
3 февралда 210 000 000 сўм, 2021 йил 5 февралда 1 155 400 сўм ва 2021 йил
3 мартда 310 589 200 сўм жами 521 744 600 сўм кредит маблағлари
ажратилган.
Демак, шартноманинг 2.4-бандига биноан, Ўзбекистон Республикаси
Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаштириш ставкаси + 5,0 фоиз
миқдорида қўшиб ҳисобланганда, (521 744 600 х (14 % + 5 %)) банк
томонидан кредит маблағлари 2021 йилнинг февраль-март ойларида
ажратилганлиги, фоизларни тўлаш эса 2021 йилнинг июнь ойидан бошлаб
тўлаши лозимлиги инобатга олинса ва жамғарма томонидан қоплаб
бериладиган қисми чегириб ташланганда, 2021 йилнинг 3 июнь санасида
24 014 545,97 сўм, 2021 йилнинг 3 декабрь санасида 36 021 818,96 сўм ва 2022
йилнинг 3 июнь санасида 36 021 818,96 сўм миқдорида фоиз ҳисобланиши
ҳамда тўланиши лозим бўлади.
Шартноманинг 4.3.3-бандида, қарздор томонидан 30 кундан ортиқ
муддатда кредит бўйича асосий қарз ва фоизлар тўланмаганда, кредитлашни
тўхтатиш ва фоизларни ҳамда кредит бўйича асосий қарзни муддатидан
олдин ундиришга келишилган.
Шартномага асосан 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига ҳисобланган фоиз
тўловларидан жами 46 120 696,01 сўм қисми тўланган бўлиб, 31 819 273,41
сўм муддати ўтган фоиз қарздорлиги тўланмасдан қолган, биринчи
инстанцияда ишни кўриш жараёнида жавобгар томонидан 1 800 000 сўм фоиз
тўловлари банкка тўлаб берилган.
Шу боис биринчи инстанция суди даъво талабининг 521 744 600 сўм
асосий кредит қарздорлигини ва 30 019 274 сўм муддати ўтган фоиз
қарздорлигини ундириш ҳақида асосли хулосага келган.
Шунингдек, ФКнинг 268-моддасига биноан, агар шартномада бошқача
тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаров талабнинг уни қондириш пайтидаги
ҳажмини таъминлайди, хусусан фоизлар, неустойка, ижрони кечиктириб
юбориш натижасида етказилган зарар тўланишини, шунингдек гаровга
олувчининг гаровга қўйилган ашёни сақлашга қилган зарур харажатлари ва
ундирув харажатлари тўланишини таъминлайди.
Мазкур ҳолатда жавобгар томонидан мажбуриятлар лозим даражада
бажарилмасдан муддати ўтган кредит қарздорликка йўл қўйганлиги сабабли
асосли равишда кредит қарздорлиги ундирилган ҳамда ўз навбатида ундирув
гаров шартномаси шартларига ҳамда қонун талабларига биноан гаровдаги
мулкларга қаратилган.
Бундан ташқари, биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддаси ҳамда
Ўзбекистон
Республикаси
Олий
хўжалик
суди
Пленумининг
“Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун
мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини
қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 163-сонли Қарорининг
тушунтиришларидан келиб чиқиб, жавобгардан 302 204 сўм пеня ундириш,
қолган қисмига рад этиш ҳақида асосли тўхтамга келган.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати апелляция шикоятида билдирилган
важлар асосида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор
қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан
буён матнларда – “ИПК” деб юритилади) 278-моддаси мувофиқ, апелляция
инстанцияси суди апелляция шикояти (протести)ни кўриш натижалари
бўйича, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.
ИПКнинг 118-моддаси биринчи ва тўққинчи қисмларига биноан, суд
харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган даъво
талаблари миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти бериш
билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган
қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати, апелляция шикоятини
қаноатлантирмасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни
ва жавобгар ишни апелляция инстанциясида кўриш билан боғлиқ 5 554 528
сўм давлат божини Республика бюджетига ундиришни, жавобгар томонидан
тўланган 24 000 сўм почта харажатини унинг зиммасида қолдиришни лозим
топди.
Бинобарин, ИПКнинг 118, 278, 280-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати
қ а р о р қ и л а д и:
Асака туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 28 июлдаги ҳал қилув
қарори ўзгаришсиз қолдирилсин.
“ASALARICHILIK KELAJAGI”
масъулияти чекланган
жамиятидан
Республика бюджетига 5 554 528 сўм давлат божи ундирилсин.
Жавобгар томонидан тўланган 24 000 сўм почта харажати унинг
зиммасида қолдирилсин.
Ижро варақаси берилсин. Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб
қонуний кучга киради.
Қарордан норози тараф қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир йил
ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) бериши мумкин.
Раислик этувчи
Ш.Мирзаев
Ҳайъат аъзолари
А.Абдурахманов
Д.Убайдуллаев