Реквизиты
Категория Экономические Номер дела 4-1101-1903/1063 Дата решения 17.06.2022 Инстанция Надзор Тип документа Постановление Суд Верховный суд Республики Узбекистан Судья Убайдуллаев Бахберген Сагидуллаевич Язык uz
Стороны
Истец / Обвинение Зангиота тумани Давлат солиқ инспекцияси Ответчик / Подсудимый Strong strike масъулияти чекланган жамияти
Source ID 829098 Claim ID 2759396 PDF Hash 718095e249bcdf20... Загружено 09.04.2026 08:53 PDF PDF решения на сайте ВС ↗
Ссылки на нормативные акты 6
Ссылка Название акта Статья Часть Тип
кодексининг 70-моддаси кодекси 70 code_article
аролик кодексининг 425-моддаси аролик кодекси 425 code_article
ИПК 301-моддаси ИПК 301 law
бандига асосан ушбу Кодекс 302-моддаси бандига асосан ушбу Кодекс 302 code_article
ИПК 302-моддаси ИПК 302 law
Ушбу Кодекс 3051-моддаси Ушбу Кодекс 3051 code_article
Текст решения Оригинал (узб.)
Қ А Р О Р 2022 йил 17 июнь 4-1101-1903/1063-сонли иш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати Б.Убайдуллаевнинг раислигида, ҳайъат аъзолари Б.Исрайлов, Ш.Мирзахакимов, Р.Сагатов ва С.Рахмоновдан иборат таркибда, М.Мирзалиевнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори М.Қурбонова иштирокида, Зангиота туман давлат солиқ инспекциясининг “Strong Strike” масъулияти чекланган жамиятидан 20 256 922 573 сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосари томонидан киритилган ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протести асосида ишни Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати жойлашган бинода бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлади: Тошкент вилояти Зангиота туман давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда даъвогар ёки ДСИ деб юритилади) Зангиота туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Strong Strike” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар ёки МЧЖ деб юритилади) ҳисобидан 2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади) 70-моддаси асосида ўтказилган камерал назорат натижасида қўшимча ҳисобланган 20 256 922 573 сўм солиқ тўловларини ундиришни сўраган. Ушбу даъво аризаси иш юритувга қабул қилиниб, судда кўрилиши давомида МЧЖ маъмурий судга шикоят билан мурожаат қилиб, нотўғри равишда камерал назорат ўтказилганлиги ва унинг якунига кўра асоссиз равишда қўшимча солиқ ҳисоблаган ҳолда талабнома берилганини билдирган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва ДСИ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топишни, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси зиммасига 2019 йил 14 майдаги 22-14321-сонли талабномани чақириб олиш мажбуриятини юклашни сўраган. Зангиота туман маъмурий судининг 2019 йил 12 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан МЧЖнинг шикояти қаноатлантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва ДСИ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилган. Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 14 августдаги ҳал қилув қарори билан ДСИнинг даъвосини қаноатлантириш рад этилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг назорат шикояти асосида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 3-1101-1901/1405-сонли маъмурий иш назорат тартибида кўриб чиқилган ва Зангиота туман маъмурий судининг 2019 йил 12 июлдаги ҳал қилув қарори ҳамда уни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида Тошкент вилоят маъмурий судининг 2019 йил 24 сентябрдаги қарори бекор қилинган ва янги қарор қабул қилиниб, МЧЖнинг шикоятини қаноатлантириш рад этилган. ДСИ иқтисодий судга янги очилган ҳолат бўйича ариза тақдим қилиб, иқтисодий иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига асос бўлган суд ҳужжати бекор қилинганлигини билдирган ва ишни янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришни сўраган. Суднинг 2020 йил 14 майдаги ажрими билан иш юзасидан қабул қилинган 2019 йил 14 августдаги ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган. Ишга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида иштирок этиш учун, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассис иш бўйича тушунтириш бериш учун жалб қилинган. Биринчи инстанция судининг 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори билан ДСИнинг даъвосини қаноатлантириш рад этилган. Тошкент вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 29 сентябрдаги қарори билан 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати 2021 йил 3 февралдаги қарори билан кассация инстанциясининг 2020 йил 29 сентябрдаги қарори бекор қилинган. Иш янгидан апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига юборилган. Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 ноябрдаги қарори билан 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Кассация инстанцияси судининг 2022 йил 4 февралдаги қарори билан Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 ноябрдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Суд қарорлари устидан ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосари томонидан протест киритилган. Протестда судлар иш учун муҳим ҳолатларни аниқламаганлиги, далиллар ва ҳужжатларга етарли ҳуқуқий баҳо бермаганлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк мутахассислари иштироки таъминланмаганлиги ва тушунтиришлари эшитилмаганлиги, эксперт олдига бир томонлама йўналтирувчи саволлар қўйилганлиги, экспертлар томонидан сифатсиз хулоса берилганлиги ҳақида важлар келтириб, суд қарорларини бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган. Суд мажлисида иштирок қилган прокурор протестни қаноатлантиришни, суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабларини қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни сўради. Суд мажлисида даъвогар ва жавобгар суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса-да, уларнинг вакиллари суд мажлисига келмади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 297-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, кассация инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун судлов ҳайъати ишни даъвогар ва жавобгар вакиллари иштирокисиз кўриб чиқишни лозим топади. Судлов ҳайъати прокурор фикрини ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қисман қаноатлантиришни лозим топади. Аниқланишича, жавобгар томонидан солиқ органига топширилган ҳисоботлар ва унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари айланмалари, тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўлов операциялари маълумотлари асосида Солиқ кодексининг 70-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (бундан буён матнда ДСҚ деб юритилади) камерал назорати ўтказган. Камерал назорат давомида МЧЖ томонидан соф тушумлари 2015 йилда жами 279 698 203 613 сўм, шундан 266 347 621 193 сўми чакана савдо фаолиятидан, 13 350 585 420 сўм улгуржи савдо фаолиятидан, 2016 йилда жами 373 721 153 925 сўм, барчаси чакана савдо фаолиятидан, 2017 йилда жами 522 351 856 155 сўм, барчаси чакана савдо фаолиятидан, 2018 йилда жами 641 015 115 612 сўм, барчаси чакана савдо фаолиятидан келиб чиққанлиги кўрсатилган ҳолда ҳисоботлар тақдим қилинганлиги аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли, 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2455-сонли, 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли қарорларига асосан улгуржи, шунингдек улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи савдо корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ 5 фоиз ставкада ҳисобланиши ва тўлаши белгиланганлигидан келиб чиқиб, МЧЖ улгуржи-чакана савдо фаолиятини амалга оширган деб ҳисоблаб, у томонидан тақдим қилинган солиқ ҳисоботларида тушум манбаи хато равишда чакана савдо деб кўрсатилганлиги натижасида 2015-2018 йиллар учун МЧЖ томонидан жами 20 256 922 573 сўм ягона солиқ тўлови кам ҳисобланганлиги қайд этилиб, ДСҚ томонидан МЧЖга 2019 йил 24 майгача тафовут чиққан солиқ тўловлари бўйича аниқлаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммасини тўлаш ёки ушбу масалада ўз муносабатини билдириш тўғрисида талабнома юборилган. МЧЖ томонидан ушбу талабномага жавоб хати юборилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2015 йил 3 мартдаги ММ/04-01-32/231/214-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 16/3-4061-сонли қўшма хатида берилган тушунтириш ва шартли мисол асосида солиқ ҳисобланганлиги ва тўланганлиги, талаб асоссиз эканлиги баён қилиниб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган. Шундан сўнг, ДСИ МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, камерал назорат натижасида аниқланган 20 256 922 573 сўмни МЧЖдан ундиришни сўраган. Судлар ДСИнинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад қилиш ҳақида асоссиз хулосага келган. Чунки, Солиқ кодекси 70-моддасининг тўртинчи, олтинчи – еттинчи қисмларига кўра, агар солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва давлат солиқ хизмати органларидаги мавжуд маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги камерал назорат жараёнида давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабар қилинади. Солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини тузатишлар киритиш ҳақидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, тасдиқловчи ҳужжатларни ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт. Солиқ тўловчи томонидан аниқланган тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Унга кўра 2019 йил 14 майда МЧЖга ДСҚ томонидан камерал назорат натижасида солиқ тўловлари бўйича аниқланган тафовут ва хатоликларни бартараф этиш тўғрисида талабнома юборилган бўлиб, 2019 йил 24 майгача аниқланган тафовутлардаги солиқ тўловлари бўйича аниқлаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиб, қўшимча ҳисобланган 20 256 922 573 сўм солиқ тўловларини тўлаш ёки ушбу масалада муносабат билдириш талаб этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270-сонли, 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2455-сонли, 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли, 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли қарорларига асосан улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи савдо корхоналарига ягона солиқ тўлови бўйича 5 фоизли ставкада солиқлар ҳисобланиши ва тўланиши белгиланган. Мазкур низоли ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида суднинг 2021 йил 4 мартдаги ажрими билан иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза марказига суд-бухгалтерия экспертизаси тайинланган. Суднинг 2021 йил 4 мартдаги ажримида эксперт олдига иш ҳолатларига аниқлик киритиш бўйича саволлар қўйилмаган. Ишга боғлиқ бўлмаган “Юнико Плюс” МЧЖнинг 2017-2018 йиллардаги давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган ягона солиқ тўлови миқдори қанчани ташкил қилиши ҳақидаги, шунингдек, корхона чакана савдо билан бир вақтда улгиржи савдо билан шуғулланса, қанча фоиз ставкада солиққа тортилиши ҳақидаги ҳуқуқий мазмундаги саволлар қўйилган. Шу сабабли мазкур эксперт хулосасида иш учун аҳамиятли ҳолатларга аниқлик киритилмаган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 425-моддасига асосан чакана олди-сотди шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган сотувчи сотиб олувчига шахсий мақсадларда, рўзғорда ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиладиган товарни топшириш мажбуриятини олади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сонли қарори билан тасдиқланган “Улгиржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида” Низомнинг 2-бандига кўра, улгиржи савдо-тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш. Мазкур Низомнинг 19-бандига асосан товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш чакана савдо корхоналари томонидан ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизи доирасида амалга оширилиши мумкин. Бунда товарлар сотилишини ҳисоблаб чиқиш ҳар бир ой бўйича алоҳида амалга оширилади. Товарларни олдинги ойлар ҳисобига сотишга йўл қўйилмайди. Судлар томонидан МЧЖнинг товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизидан ошганлиги ёки ошмаганлиги ва унинг ҳар бир ой бўйича алоҳида амалга оширилганлиги ҳолатларига аниқлик киритилмаган. Ушбу масалалар юзасидан молия, банк ва солиқ хизмати органлари мутахассисларининг тушунтиришлари олиб ўрганилмаган. Апелляция инстанцияси судининг экспертиза тайинлаш ва иш юритишни тўхтатиш тўғрисида 2021 йил 4 мартдаги ажримида эксперт олдига ушбу ҳолатларга ҳамда МЧЖ томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализацияси қонунчиликда назарда тутилган чеклашлар доирасида амалга оширилганлиги ёки мазкур чеклашлар доирасидан четга чиққанлиги ҳолатларига аниқлик киритиш юзасидан саволлар қўйилмаган. Мазкур ҳолатларга аниқлик киритмасдан МЧЖ томонидан амалга оширилган нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализацияси чакана савдо фаолияти ёки улгиржи савдо фаолияти ҳисобланишига ҳуқуқий баҳо бериб бўлмайди. Апелляция инстанцияси суди Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 4 мартдаги қарорида барча турдаги пластик карточкалар орқали ўтказилган пуллар солиқ солиш мақсадида чакана савдо ҳисобланиши лозимлиги ҳолати аниқланганлиги ҳақида нотўғри хулосага келган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 4 мартдаги қарорида МЧЖ томонидан амалга оширилган нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича товарлар реализацияси чакана савдо фаолияти ёки улгиржи савдо фаолияти ҳисобланиши қайд этилмаган. Шу сабабли суд қарорлари бекор қилиниши, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция юборилиши лозим. Судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган ҳамда моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилган. ИПК 301-моддасининг 3-бандига асосан ушбу Кодекс 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида ва тўртинчи қисмининг 4 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган суд инстанциясига юборишга ҳақлилиги белгиланган. ИПК 302-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ, иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади. Ушбу Кодекс 3051-моддасининг бешинчи қисмига асосан ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларга кўра амалга оширилади. Шунинг учун, судлов ҳайъати прокурор протестини қисман қаноатлантиришни, иш юзасидан қабул қилинган Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 ноябрдаги қарори ҳамда кассация инстанцияси судининг 2022 йил 4 февралдаги қарорини бекор қилишни ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади. 7 Ишни янгидан кўришда биринчи инстанцияси МЧЖнинг 2015, 2016, 2017 ва 2018 йилларда товарларни нақд пулсиз шаклда реализация қилиш ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10 фоизидан ошганлиги ёки ошмаганлиги, шунингдек, унинг ҳар бир ой бўйича алоҳида амалга оширилганлиги ҳолатларига аниқлик киритиши, ушбу масалалар юзасидан молия, банк ва солиқ хизмати органлари мутахассисларининг тушунтиришлари олиб ўрганиши, зарурат бўлса экспертиза тайинлаш масаласини ҳал қилиши, тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо берган ҳолда асосли ва қонуний суд ҳужжатини қабул қилиш ва суд харажатларни ишни кўриш натижалари бўйича ундириш масалаларини ҳал қилиши лозим. Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 301, 303, 3051-моддаларини қўллаб, судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурор ўринбосарининг протести қисман қаноатлантирилсин. Зангиота туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 16 июндаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 26 ноябрдаги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 4 февралдаги қарори бекор қилинсин. Иш янгидан кўриш учун Зангиота туманлараро иқтисодий судига юборилсин. Зангиота туман давлат солиқ инспекциясининг кассация шикояти қисман қаноатлантирилсин. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради. Раислик қилувчи: Б. Убайдуллаев ҳайъат аъзолари: Б.Исрайлов С.Рахмонов Ш.Мирзахакимов Р.Сагатов