← Назад
Решение #849831 Экономические
Постановление
Реквизиты
Стороны
Ссылки на нормативные акты
6
| Ссылка | Название акта | Статья | Часть | Тип |
|---|---|---|---|---|
| ФКнинг | 236 | — | law | |
| ФКнинг | 936 | — | law | |
| урта шартномасида ФК | 936 | — | law | |
| ИПК | 301 | — | law | |
| ИПКнинг | 118 | — | law | |
| ИПК | 343 | — | law |
Текст решения
Оригинал (узб.)
ҚАРОР
2022 йил 16 июнь
4-1501-2201/155-сонли иш
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъати судья К.Давлетованинг раислигида, ҳайъат аъзолари судьялар
А.Абдуллаев, Ш.Махмудовдан иборат таркибда, А.Файзиевнинг котиблигида,
“XALQ SUG’URTA” МЧЖ СК вакиллари Ж.Норбоев (2022 йил 7 мартдаги
61-сонли ишончнома асосида), С.Собирбоев (2022 йил 7 мартдаги 62-сонли
ишончнома асосида), “Rubber Gold” МЧЖ вакили Х.Мукаррамов (раҳбар),
“VODIL ECO FRUIT” МЧЖ вакили Н.Исаков (2022 йил 24 январда берилган
8-сонли ишончнома асосида)нинг иштирокида, низонинг предметига мустақил
талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида АТ “Халқ банки” ҳамда
“Rubber Gold” МЧЖ жалб қилинган даъвогар “VODIL ECO FRUIT” МЧЖнинг
жавобгар “XALQ SUG’URTA” МЧЖ СК ҳисобидан 308 231 453 сўм суғурта
пулини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича юритилган иш юзасидан
қабул қилинган Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов
ҳайъатининг 2022 йил 20 апрелдаги қарори устидан “XALQ SUG’URTA” МЧЖ
СК томонидан берилган кассация шикоятини Олий суднинг иқтисодий ишлар
бўйича судлов ҳайъати жойлашган бинода видеоконференцалоқа режимида
ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:
Аниқланишича, даъвогар “VODIL ECO FRUIT” МЧЖ (бундан буён
матнда даъвогар деб юритилади) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб,
жавобгар “XALQ SUG’URTA” МЧЖ СК (бундан буён матнда жавобгар деб
юритилади)дан 308 231 453 сўм суғурта пулини ундиришни сўраган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 14 январдаги ажрими
билан ишга низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган
учинчи шахс сифатида АТ “Халқ банки” ҳамда “Rubber Gold” МЧЖ жалб
қилинган.
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 26 январдаги ажрими
билан 4-1501-2201/155-сонли иш Тошкент туманлараро иқтисодий судига
ўтказилган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 4 мартдаги ҳал қилув
қарори билан даъво талабларининг “XALQ SUG’URTA” МЧЖ СК Фарғона
филиалига нисбатан қисми бўйича иш юритиш тугатилган. Даъвогарнинг даъво
талабини қаноатлантириш рад этилган.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 20 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилган. Ҳал қилув
қарорининг даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ва
суд харажатларини даъвогар зиммасига юклаш қисмлари бекор қилинган. Шу
қисмлари бўйича янги қарор қабул қилинган. Даъвогарнинг жавобгарлардан
308 231 453 сўм суғурта товонини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси
қаноатлантирилган. Жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 308 231 453 сўм
суғурта товони ва суд харажатлари ундирилган. Ҳал қилув қарорининг қолган
қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур суд қарори устидан жавобгар кассация шикояти билан мурожаат
қилган ва унда суд қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал
қилув қарорини ўз кучида қолдиришни сўраган.
Суд мажлисида жавобгар вакиллари кассация шикоятини қувватлаб, уни
қаноатлантиришни сўрашди
Даъвогар ва “Rubber Gold” МЧЖ вакиллари кассация шикоятида
келтирилган важларга эътироз билдириб, суд қарорини тўғри, асосли ва
адолатли бўлганлигини маълум қилиб, уни ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.
Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб
ва кассация шикоятини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги
асосларга кўра, кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда –
ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларига асосан, мажбуриятлар шартномадан,
зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан
келиб чиқади.
ФКнинг 236-моддаси талабига биноан мажбуриятлар мажбурият
шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва
талаблар бўлмаган тақдирда эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда
қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Мазкур ҳолатда, тарафларнинг мажбуриятлари мулкий суғурта
шартномасидан келиб чиққан.
ФК 915-моддасининг биринчи қисмига кўра, мулкий суғурта
шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган
ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта
ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома
қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу
ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд
суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни
шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта
товони тўлаш) мажбуриятини олади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, суғурта қилдирувчи (даъвогар) ва
суғурталовчи (жавобгар), гаровга қўювчи “Rubber Gold” МЧЖ ва наф олувчи
АТ “Халқ банки” Фарғона вилояти Водил филиали ўртасида 2021 йил 19 майда
тузилган 13-13/08-09/085-сонли гаровга қўйилаётган мол-мулкни суғурта қилиш
шартномасига асосан “Rubber Gold” МЧЖга тегишли бўлган, жами ер
участкасининг майдони 8 138,84 кв.м., қурилиш ости майдони 482,72 кв.м., дан
иборат бўлган “Резина гранулалари ва резина плиткалари ишлаб чиқариш”
бино-иншоатлари суғурталанган.
ФК 935-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суғурта шартномасини
тузиш пайтида тарафларнинг келишувига кўра аниқланадиган, суғурта
манфаати билан боғланадиган мол-мулк қиймати, агар қонун ҳужжатларида
бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қиймати (суғурта баҳоси)
деб ҳисобланади.
Тарафлар ўртасида тузилган суғурта шартномасида суғурта объектининг
қиймати (суғурта баҳоси) 1 507 372 000 сўм миқдорида белгиланган.
ФК 934-моддасининг биринчи қисмига кўра, мулкий суғурта шартномаси
бўйича суғурталовчи суғурта товонини тўлаш мажбуриятини оладиган ёки
шахсий суғурта шартномаси бўйича тўлаш мажбуриятини оладиган сумма
(суғурта пули) суғурта қилдирувчининг суғурталовчи билан келишувига кўра
ушбу модда қоидаларига мувофиқ белгиланади.
Мазкур ҳолатда тарафлар суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи
суғурта товонини тўлаш мажбуриятини оладиган сумма (суғурта пули)
суғурталанган объектнинг суғурта қийматидан 40 фоиз миқдорида белгиланган
ва 603 625 000 (1 507 372 000 х 40 %) сўмни ташкил қилган.
ФКнинг 936-моддасига кўра, агар мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини
суғурталаш шартномасида суғурта пули суғурта қийматидан кам қилиб
белгиланган бўлса, суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганида суғурта
қилдирувчига (наф олувчига) у кўрган зарарни суғурта пулининг суғурта
қийматига бўлган нисбатига мутаносиб равишда қоплаши шарт.
Тарафлар ўртасида тузилган 13-13/08-09/085-сонли суғурта шартномасида
суғурта пули суғурта қийматидан кам қилиб белгиланганлиги сабабли жавобгар
даъвогарга у кўрган зарарни суғурта пулининг суғурта қийматига бўлган
нисбатига мутаносиб равишда қоплаши шарт бўлган.
2021 йил 26 июль куни гаровга қўйилган бинода ёнғин содир бўлганлиги
натижасида бино-иншоатларга етказилган зарар миқдори ва уни тиклаш
харажатлари “Рашидхон Баходири” хусусий корхонаси томонидан ўтказилган
экспертиза хулосасига кўра 308 231 453 сўмни ташкил қилган.
Бироқ ушбу сумма ичида тарафлар ўртасида тузилган шартномада
кўрсатилмаган объектни суғурта баҳоси 840 590 сўм ва 39 528 749 сўм
қўшилган қиймат солиғи харажатлари ҳам киритилган.
Бундан кўринадики, даъвогар даъво аризасида тарафлар ўртасида
тузилган суғурта шартномасида назарда тутилмаган харажатларни ҳам суғурта
товони суммасига ичига киритиб, ушбу суммаларни ҳам жавобгардан ундириб
беришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида
барвақт хулосага келган, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди
ҳал қилув қарорини ўзгартириб, даъвогарнинг даъво талабини тўлиқ
қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилган. Бироқ, тарафлар ўртасида
тузилган суғурта шартномасида ФКнинг 936-моддасига асосан суғурта пули
суғурта қийматидан кам қилиб белгиланганлигига судлар эътибор бермаган.
Баён этилганлардан кўринадики, апелляция инстанцияси суди иш
юзасидан қарор қабул қилишда моддий ҳуқуқ нормасини нотўғри қўлланган ва
бу эса ноқонуний қарор қабул қилишга сабаб бўлган.
Судлов ҳайъати жавобгарнинг кассация шикоятида келтирилган ёнғин
электр симларидаги қисқа туташув орқали келиб чиққанлиги, тарафлар ўртасида
тузилган шартномага кўра қисқа туташув суғурта ҳодисаси сифатида
баҳоланмаслиги ҳақидаги важлари билан келишмайди. Сабаби, Фарғона
вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ёнғин-техник экспертиза
бўлинмасининг хулосасида ёнғинни келиб чиқишига электр сим ва кабелларда
вужудга келган авария ҳолатлари (электр симларининг қисқа туташуви, юқори
ўтувчи қаршилик) сабаб бўлиши мумкинлиги кўрсатилган ва қатъий равишда
жавоб беришнинг имконияти йўқлигини кўрсатган. Тарафлар ўртасида тузилган
шартноманинг
3.1-бандида ёнғин – назорат қилиб бўлмайдиган ва ёниш ўчиғидан ташқарига
тарқалган очиқ олов суғурта ҳодисаси сифатида баҳоланиши кўрсатилган.
2021 йил 26 июлда Фарғона тумани, Оқтом МФЙ, Янги қишлоқ кўчаси, 30-уйда
жойлашган “Rubber Gold” МЧЖга тегишли бўлган резина гранулалари ва
резина плиткалари ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлган ва ёнғиннинг
умумий майдони 120 м.квни ташкил қилган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида жавобгар манфаатдор бўлмаган,
моддий зарар кўрмаган ҳамда ҳеч қандай ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари
бузилмаган шахс томонидан судга даъво аризаси киритилган деган важлари
билан ҳам келишмайди. Сабаби тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг
2.10-бандида, суғурта қопламаси - суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчи
ва (ёки) наф олувчи ва (ёки) гаровга қўювчи суғурта ҳодисаси натижасида
кўрган зарарларни шартсиз франшиза миқдорини чегириб қолган ҳолда қоплаш
учун суғурта пули чегарасида тўланадиган пул маблағи деб кўрсатилган.
Тарафлар ўртасида тузилган суғурта шартномасида содир бўлган суғурта
ҳодисаси бўйича ҳам суғурта қилдирувчига, ҳам гаровга қўювчига суғурта
ҳодисаси натижасида кўрган зарарларни тўлаши белгиланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён
матнда ИПК деб юритилади) 302-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра,
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри
қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, апелляция
инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
ИПК 301-моддасининг 2-бандига кўра, кассация инстанцияси суди
кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича ҳал қилув
қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва ишни янгидан кўриб
чиқиш учун юбормасдан янги қарор қабул қилишга ҳақли.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман
қаноатлантиришни, иш юзасидан қабул қилинган апелляция инстанцияси
қарорини ўзгартиришни, қарорининг жавобгардан даъвогар фойдасига
308 231 453 сўм ундириш қисмини 107 144 846 сўмга ўзгартиришни, даъво
талабининг қолган қисми, яъни 201 086 607 сўм ундириш талабини
қаноатлантиришни рад этишни, ИПКнинг 118-моддасига асосан суд
харажатлари даъво талабининг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда
ундиришни, қарорнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ишни биринчи, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ
8 043 464 сўм давлат божи даъвогардан республика бюджетига ундирилиши
лозим, бироқ ишни биринчи ва апелляция инстанцияси судларида кўриш учун
даъвогар томонидан олиндан тўланган 7 714 630 сўм даъвогар зиммасида
қолдирилиб, қолган 328 834 сўм республика бюджетига ундирилади, шунингдек
ишни биринчи, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ
4 285 794 сўм давлат божи жавобгардан республика бюджетига ундирилиши
лозим, бироқ кассация инстанцияси судида кўриш учун жавобгар томонидан
олиндан тўланган 3 082 400 сўм жавобгар зиммасида қолдирилиб, қолган
1 203 394 сўм республика бюджетига ундирилади. Ишни биринчи ва апелляция
инстанцияси судларида кўриш билан боғлиқ 43 200 сўм почта харажатлари
жавобгардан даъвогарга, кассация инстанцияси учун тўланган 21 600 сўм почта
харажати эса даъвогардан жавобгар фойдасига ундирилади, ушбу суд
харажатларии олдиндан тўланганлиги инобатга ўзаро ҳисоб-китоб қилиб,
21 600 сўм почта харажати жавобгардан даъвогар фойдасига ундирилади. Ишни
видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 135 000 сўм суд харажати
жавобгардан, 75 000 сўм суд харажати эса даъвогардан Олий суднинг депозит
ҳисоб рақамига ундирилади.
Шунингдек, ИПК 343-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар ижро
этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, даъвони тўлиқ ёки
қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш
тугатилса ёки даъво кўрмасдан қолдирилса, суд бекор қилинган ёки тегишли
қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундиришни тўлиқ ёхуд қисман бекор
қилиш ҳақида суд ҳужжатини қабул қилади.
Шунинг учун, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил
4 мартдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича
судлов ҳайъатининг 2022 йил 20 апрелдаги қарори бўйича ундирув бекор
қилинади.
Юқоридагиларга асосан ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 118, 301 – 303 ва 343-моддаларини қўллаб, судлов
ҳайъати
қ а р о р қ и л д и:
“XALQ SUG’URTA” МЧЖ суғурта компаниясининг кассация шикояти
қисман қаноатлантирилсин.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 20 апрелдаги қарори ўзгартирилсин.
Қарорининг “XALQ SUG’URTA” МЧЖ СК ҳисобидан “VODIL ECO
FRUIT” МЧЖ фойдасига 308 231 453 сўм суғурта товони ундириш қисми,
107 144 846 сўмга ўзгартирилсин, даъво талабининг қолган қисмини
қаноатлантириш рад қилинсин.
“XALQ SUG’URTA” МЧЖ СК ҳисобидан Республика бюджетига
1 203 394 сўм давлат божи харажати, “VODIL ECO FRUIT” масъулияти
чекланган жамияти фойдасига 21 600 сўм почта харажати, Ўзбекистон
Республикаси Олий суднинг депозит ҳисоб рақамига 135 000 сўм суд
харажатлари ундирилсин.
“VODIL ECO FRUIT” МЧЖ ҳисобидан Республика бюджетига
328 834 сўм давлат божи харажати, Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг
депозит ҳисоб рақамига 75 000 сўм суд харажатлари ундирилсин.
Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 20 апрелдаги қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин.
Ижро варақаси берилсин.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 4 мартдаги ҳал қилув
қарори ва Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг
2022 йил 20 апрелдаги қарори бўйича ундирув бекор қилинсин.
Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Раислик қилувчи:
К.Давлетова
ҳайъат аъзолари:
А.Абдуллаев
Ш.Махмудов